Устрицалар сувдан ташқарида яшай оладими?

Агар ўз чиғаноғида ётган, очилиб қолган устрицага қарасангиз, бу жониворнинг жуда кўп функцияларни бажаришига ишонишингиз қийин. Келинг, устрицани диққат билан ўрганайлик ва унинг ҳаётига разм солайлик.

Атроф муҳитга боғлиқ равишда шакли, катта-кичиклиги ва чиғаноғи билан фарқланадиган устрицаларнинг 100 дан ошиқ тури бор. Америка устрицасининг танаси чиғаноқнинг эгилган ярмида, чап томонида жойлашган; ўнг ёки уст томони, одатда, силлиқ бўлади. Чиғаноқнинг учли қисми устрицанинг олд томонида, орқасида кенг, айлана қисми ўрнашган.

Чиғаноқнинг икки палласи ёки табақаси бир-бирига эгилувчан пай билан боғланган. Табақанинг ички томонида «мантия» дейиладиган юпқа пардаси мавжуд. Устрицанинг мантиядан ўсиб чиққан ва ҳимояланишда ишлатадиган икки қатор мўйловсимон пайпаслагичлари бор. Бу мўйловсимон пайпаслагичлар ҳар қандай шовқинни, ёруғлик ўзгаришини ёки бошқа бир таъсирни сезади. Улар мантиядаги асаблар орқали мушакларга сигнал беради, мушаклар эса, ўз навбатида, чиғаноқларни ёпади.

Устрица бошқа жониворларга ҳужум қилолмайди, шунинг учун ҳам у чиғаноғини маҳкам ёпиб ва уни жипс ушлаб туриб ҳимояланади. Бу махсус мушаклар орқали амалга оширилади. Мана шу мушаклар туфайли еса бўладиган барча устрицалар сувдан ташқарида яшай оладилар. Уларнинг айрим турлари ҳарорат нолдан сал юқори даражада сақланса, тўрт ойгача бузилмаслиги мумкин. Бордию улар иситилса, силкитилса ёки эҳтиёткорлик қилинмаса, мушаклар ҳолсизланиб, табақалар очилиб, ичкаридаги сувлар чиқиб кетади ва устрица нобуд бўлади.

Устрица ойқулоғи ёрдамида сувдан кислород олади. Устрица сувдаги микроорганизмлар билан овқатланади. Уларни фақат микроскоп орқали кўриш мумкин. Устига устак, устрицалар керакли ўлчам ва шаклдаги ҳамда бошқа талабларга жавоб берадиган микроорганизмларни танлашда етарлича сезгига эга.

Устрицанинг ошқозон ва ичагига туташган кичкина «ҳалқумча»си бор. Бу ерда овқат фермент ёрдамида ушатилади ва ҳазм қилинади. Айни шу ерда қон ҳужайралари бўлиб, у овқатни ўраб туради ва сингдиради. Устрицанинг юраги, қон томирлари, кўк томири ва қорни, шунингдек, бутун бошли қон айланиш системаси бор. Юраги ҳар дақиқада 15 — 24 марта уради. Устрицанинг қони туссиздир.

Юзаки таснифларимиз сизда устрица шунчаки бир ҳайвон деган таассурот уйғотмайди, деб ўйлаймиз.