Модомики, сиз ғарам ичига тушиб кетган игнани топишни мушкул юмуш дер экансиз, чексиз Коинотдан миттигина Плутон сайёрасини қандай «топиш» мумкинлигини ҳам бир ўйлаб кўрсангиз зиён қилмайди. У Қуёш системасининг энг олисда жойлашган сайёрасидир. У билан Қуёш ўртасидаги масофа Ер билан Қуёш ўртасидаги масофадан қирқ марта олисдир. Плутонни кўриш учун жуда катта телескоп керак бўлади. Лекин қандайдир йўл билан у кашф этилган. Қандай қилиб?
Сайёраларнинг ўлчами ва уларгача бўлган масофани аниқлайдиган иккита қонунлар мажмуи бор. Кеплернинг сайёралар ҳаракатига оид қонунларига кўра, сайёраларнинг Қуёш атрофидаги орбитаси тўғри айлана шаклида эмас. Ньютоннинг гравитация қонуни мунажжимларга сайёраларнинг вазни, ўлчамлари ва массасини аниқлаш имконини беради. Қонунга асосан, икки жисмнинг бир-бирига тортилиш кучи ҳар бир жисмдаги материал миқдори (унинг массаси) ҳамда улар ўртасидаги масофага боғлиқ. Масса қанча катта бўлса, тортиш кучи шунча кучли бўлади; жисмлар бир-бирига қанча яқин бўлса, ўзаро тортиш ҳам шунча кучли бўлади.
Бу қонунлардан бохабар икки киши 1846 йили ўша вақтлар Қуёш системасининг энг четида жойлашган деб ҳисобланган Уран сайёраси хатти-ҳаракатида қизиқ бир ҳолатни кузатишди. Унинг ўз орбитаси бўйлаб қилаётган ҳаракатида тахмин қилинганидан (барча маълум сайёраларнинг тортиш кучини ҳисобга олганда) оғиш юз бераётгани аниқланди. Ураннинг ҳаракатини кузатиш натижасида, траекториясига бошқа бир сайёра таъсир кўрсатяпти, деган хулосага келинди. Уша кишиларнинг бири Берлин расадхонасидан янги сайёрани осмоннинг маълум бир қисмидан излашни илтимос қилди. Ҳақиқатан ҳам ўша ердан янги бир сайёра топилди ва унга Нептун деб ном берилди.
Америкалик мунажжим Персиваль Лоуэлл, Ураннинг ҳаракатига Нептундан ҳам нарида жойлашган яна бир сайёра таъсир кўрсатади, деб ҳисоблар эди. Бу 1915 йилда бўлган гап. Бошқа мунажжимлар Нептуннинг ўзига ҳам ундан нарида бўлган бошқа бир сайёра таъсир кўрсатаётганини билиб қолишди. Шундай қилиб, яна бир сайёрани телескоплар ёрдамида ва суратларни ўрганиш орқали изчил қидириш бошланди.
1930 йилнинг 18 февраль куни мунажжим Томбо янги сайёрани қидириш жараёнида суратларни ўрганаётиб, уни Лоуэлл башорат қилган ердан топди! Бу Плутон эди.