Нега сайёралар ҳар хил?

Сайёраларнинг бизга ҳар хил бўлиб кўриниши сабаби уларнинг ҳар бири турлича моддалардан ташкил топгани билан боғлиқ. Уларнинг ҳар бири Қуёш атрофида айланиши ва Қуёш системасининг қисмлари бўлишига қарамасдан, таркиби бир-биридан фарқ қилади.

Сайёралар нимадан таркиб топгани тўғрисида маълумотлар жуда кам ва бу инсон ўтказилган ва ўтказилажак космик тадқиқотлар ёрдамида жавоб олишга интилаётган муаммолардан биридир.

Келинг, яхшиси, ҳар бир сайёранинг таркиби ҳақидаги мавжуд маълумотларни бир-бир кўздан кечирайлик.

Меркурий — кичик тоғли дунё. Унда бир қанча қорамтир жойлар ва кўплаб кратерлар мавжуд, аммо на атмосфера ва на сув йўқ.

Венера — Чўлпон туманли доғлардан иборат оқ шар. У деярли бутунлай оқ булутлар қатлами билан қопланган. У ердаги оқ булутлар сув буғларидан эмас, туз кислотаси буғларидан иборат. Булутлар остида эса таркиби нафас олиш учун яроқсиз карбонат ангидрид газларидан иборат атмосфера мавжуд. Бу атмосфера кўрпа сингари Қуёш нурини ютади, натижада сайёра юзасидаги температура Цельсий шкаласи бўйича 500 даражагача кўтарилади. Шунинг учун ҳам Чўлпонда сув йўқ.

Марс — Миррих ундаги саҳролар рангига қараб қизил сайёра деб аталади. У Ердан икки марта кичик, унинг юпқа атмосфераси карбонат ангидрид газидан таркиб топган. Бу газда булут ҳосил бўлади. Миррихда бирор-бир ҳаёт нишонаси йўқ. Бунинг сабаби ундаги температура жуда совуқлиги билан боғлиқ бўлса керак.

Сатурн — Зуҳал, асосан, суюқ водороддан таркиб топган. Унинг атрофида бир қанча ёрқин ҳалқалар бор. Бу ҳалқалар сон-саноқсиз зарралардан иборатдир. Зарралар сайёра атрофидаги ўз орбитаси бўйлаб кичик ойлар сингари ҳаракат қилади. Ураннинг ҳам Зуҳалникига нисбатан қорамтир ҳалқалари бор. Нептун — хира яшил сайёра. Плутон эса — Қуёш системасининг энг митти сайёраси. Унинг орбитаси чўзинчоқ кўринишда бўлгани учун ҳам баъзан Нептунга нисбатан Қуёшга яқинроқ келади.

Олимларнинг космосни сунъий йўлдошлар ва автоматик станциялар орқали тадқиқ қилиши Қуёш системасининг ҳар бир элементи — унсури ҳақида кўпроқ билиб олишларига ёрдам беради.

Биз то шу кунгача бошқа сайёраларда у ёки бу шаклда ҳаёт бор-йўқлиги тўғрисида аниқ маълумотга эга эмасмиз. Мутахассислар космик тадқиқотлар ўтказиш орқали бу саволга жавоб излашмоқда. Лекин шуни аниқ биламизки, ҳаёт мавжуд бўлиши учун маълум шарт-шароитлар талаб этилади.

Бунинг учун, аввало, зарур температура керак. Барча тирик организмлар фақат маълум, қулай температура мавжуд бўлгандагина яшай олади. Жазирама иссиқ ёки қаттиқ совуқда ҳаёт пайдо бўлмайди. Тирикликнинг яна бир зарур шарти сувдир. Барча тирик мавжудотлар учун сув керак. Ўсимликларга ёруғлик билан бир қаторда минерал моддалар ҳам зарур. Ҳайвонларга озуқа манбаи талаб этилади. Улар ўзлари озуқа тополмайдиган жойларда яшай олмайди.

Ердан бошқа ҳеч бир сайёрада бундай зарур шароитларнинг барчаси мавжудми? Бошқа сайёралар тўғрисидаги билимларимизга таяниб, йўқ, деб жавоб беришимиз мумкин. Энди мисолларга мурожаат қилайлик.

Чўлпон Ерга энг яқин сайёрадир, унинг ўлчамлари ҳам Ерникига ўхшаш. Узоқ вақтлар бу икки сайёра эгизаклар деб аталган. Шунга қарамасдан, Чўлпон қалин олтингугурт кислотаси булутлари билан қопланган. Унинг атмосфераси бўғувчи карбонат ангидрид газидан таркиб топган. Атмосфера босими жуда юқори. Температура сайёра юзасида Цельсий шкаласи бўйича 460 даражагача етади. Бу ҳаёт пайдо бўлиши учун жуда иссиқлик қилади.

Миррих атмосфераси, асосан, карбонат ангидриддан иборат. Шунга қарамасдан, унинг юзасидаги температура Цельсий шкаласи бўйича 29 даражадан юқори кўтарилмайди. Аммо — 85 даражагача тушиб кетиши мумкин. Сайёрадаги озгина миқдордаги сув ҳам доимо муз ҳолида.

Демак, зикр этилган сайёраларнинг бирортасида ҳам ҳаёт учун мақбул шарт-шароит йўқ. Ерга яқин сайёраларда ҳеч бир шаклда ҳаёт йўқлиги шу тарзда исбот қилинган.