Адолф Гитлeр ҳокимият тeпасига қачон кeлган?

Ғарб дунёсини 20—30 йилларда ларзага солган ҳар томонлама парокандалик, айниқса, Германиянинг қисматида янада аянчлироқ қиёфа касб этди. Зеро у 1919 йилда тузилган Версал тинчлик сулҳига биноан жуда катта миқдордаги репарацияларни, яъни уруш қилганлиги учун товон пулини ёки қарзларини тўлаши керак эди. Нарх-навонинг ҳаддан зиёд ошиб кетиши оқибатида пуллар мутлақо ўз қийматини йўқотди.

Адолф Гитлер раҳнамолигидаги национал-социалистлар партияси ёки нацистлар партияси бу пайтда тез суръатлар билан куч тўплар эди. Германияда иш ҳақининг кам эканлиги учун ҳам, ишсизликнинг ўсиб бориши учун ҳам Гитлер яҳудийларни айбдор деб топди. У шахсан ўзига бўйсунувчи қуролланган отрядларни (СА) ташкил қилди, унинг аъзоларини штурмчилар деб аташарди. Улар нацистларнинг митингларини қўриқлашар, коммунистлар ва яҳудийларни тутиб дўппослар эдилар.

1925 йилда Гитлер СА ёрдамида Баварияда ҳокимиятни қўлга олишга уриниб кўрди. Унинг бу уриниши чиппакка чиқди, оқибатда Гитлерни уч йиллик муддат билан қамоқ жазосига ҳукм қилдилар. У қамоқхонада ўз сиёсий қарашларини баён қилувчи машҳур китобини ёзди. Унинг «Менинг курашим» («Майн кампф») деб номланган мазкур китоби тез орада энг машҳур асарга айланди. Гитлер ўзининг антикоммунистик қарашлари туфайли марказлашган католиклар партиясининг кўмагига сазовор бўлди. 1932 йилнинг ноябридаги сайловлардан кейин нацистлар ва сентристлар (марказлашган католиклар) партияси ҳокимиятни ташкил этди. 1933 йил 30 январ куни Гитлер Германиянинг канцлери (Бош Вазири) бўлди.