Салим Бобулло ўғли (1972)

Салим Бобулло ўғли (Səlim Babullaoğlu Səlimov) ҳозирги Озарбайжон модерн шеъриятининг ёрқин вакилларидан бири, шоир, таржимон ва эссенавис. У 1972 йил 10 декабрда Ширвон шаҳрида туғилган. Кўплаб шеър ва ҳикоялар муаллифи.
«Танҳо» (Баку, 1996), «Июнда куйланган қўшиқлар» (Истанбул, 2006), «Юракка бағишлов» (Вроцлав, 2007), «Шамолга қарши юрган аёл» (Табриз, 2009), «Илёснинг расм дафтари» (Баку, 2009), «Маскали кишиларнинг гимни» (Киев, 2009), «Қорин шарҳи» (Тбилиси, 2010), «Полковникка ҳеч ким ёзмайди» (2010) каби шеърий китоблари чоп этилган.
Салим Бобулло ўғли ўзбек (Абдулла Орипов, Азиз Саид, Хуршид Даврон шеърлари), рус, турк, фин, испан, итальян, француз, швед, форс, поляк, инглиз, португал, япон, грек, қирғиз адабиёти вакилларининг асарларини таржима қилган. Ўрхон Вали, Иосиф Бродский, Чеслав Милош, Фозил Ҳусни Доғларжа, Василь Стус каби шоирларнинг китоблари унинг таржимасида чоп этилган. Ўзининг шеърлари дунёнинг ўндан ортиқ тилларига таржима қилинган.
Бир қанча халқаро (Туркия, Сербия, Қирғизистон) ва миллий («Анор бутоғи», «Китоб–2003», «Китоб–2004») мукофотлар совриндори. Европа Озодлик шоири (The European Poet of Freedom) халқаро адабий танловининг номинанти (2018).
Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси идора ҳайъатининг аъзоси, Бадиий таржима ва адабий алоқалар марказининг раҳбари.

ДЎСТЛАРИМГА

Бир оз олислардан ахтаринг мени,
Суҳбатлар қурайлик бу ердан узоқ.
Бир оз хаёллардан ахтаринг мени,
Бу лойқа сувлардан кетайлик йироқ.

Ойдин сабоқлардан ахтаринг мени,
Унда қуёш бошқа, сезим бошқадир.
Тангри гуноҳларни афв этган ер,
Хаёлим у ерда кезинмоқдадир.

Умр вафо қилса, ёзгайман, билинг,
Бугуннинг, эртанинг қўшиқларин мен.
Мени ўз ичимдан ахтаринг фақат,
Бир кун ўз ичимдан озгайман, билинг.

Сўник сатрлардан сўрамангиз мени,
Ёнурман Карамдек* ўтда тобора.
Далли фикрлардан ахтаринг мени,
Бир кун ақлим кирса менинг ҳам зора.
_______________
* Карам — «Асли ва Карам» халқ достони қаҳрамони.

ОТАМГА

Сен мендан анча кўркамсан,
Мен сендан анча асабий…
Сен — ҳассос,
Мен бир оз улфаткаш,
бир оз исрофгар,
ўзидан рози.
Бир оз бахтсизман —
Ки, сен мендан норози.
Менинг умидсиз хун оҳларим кўп…
сендан узоққа,
бу маъносиз — улкан шаҳарда
Тентирайман — юрагим қийма-қийма,
гуноҳларим кўп…
Тонгда суратингга,
оқшомлар кўзгуга боқурман.
бормоқдаман кундан-кун қариб.
кўпаймоқда сочларимда оқ…
Кўп нарсага эришолдинг сен —
Йўқотмоққа ҳеч бир нарсанг йўқ.
Мен ҳеч нарса қозонолмадим,
бир оз ўзимни йўқотдим,
Қўридим сенинг яхши номингни,
тўрт хонали уйни қўридим,
китобларингни…
Сен жуда ҳам яхши отасан,
мен — ёмон ўғил.
Бўларкан-да шунақаси ҳам…
Аммо вақтдан ўзиб, айта олурман:
сен жуда зўр бобо бўласан,
жумладан, мен ҳам…

БАЪЗИ КЎРИНИШЛАР

Қўлларни кўряпман, қўлларни
дўст қўли бўш қолмас ҳавода
йиғлаётган юзларни тўсар
Қўлларни кўряпман, билакларни
билаклардаги кишанларни парчаламоқда
Қулларни кўряпман, кафтларни
бахтларни, бахтсизликларни
тақдир чизиқлари, умр битикларини
хиромантия билан машғул бўлмасанг ҳамки
қадоқларнинг бахтдан хабар бериши аён
Қўлларни кўряпман, муштларни
кўнгилни синдирувчи бош суягига урилаётир.
Қўлларни кўряпман, бармоқларни
уста пианиночиникига ўхшаб кетса-да
бсзбетларча кимнингдир чўнтагига тушаётир
Қўлларни кўряпман, силашларни
шўрлик бир кимсанинг сочларига қўниб
бир лаҳза бўлса-да фонийликни унут айлаган
Қўлларни кўряпман, ажинзорларни
кексалар кулбасига боргувчи унутилган, тўзонли
йўлларни ёдга солувчи
Қўлларни кўряпман, бармоқларни
тирноқ-ла эт битган жойи ёрилиб кетган
авитаминоз ташхиси қўйилган ҳаёт тарзидан сўзлар
титроқ дудоқларни қимтибон қаттиқ
фавқулодда ҳодисаларни абадий бекитган
Қўлларни кўряпман, нозик белларни қучиб
севги ҳақдаги энг ширин сўзларнинг
ҳақиқий маъноси англатмоқдадир
Қўлларни кўряпман, қўлларни
ияклар остита қадалиб
одамларни ўз асл шаклидан рози қилмоқда
Қўлларни кўряпман, оёқлар остида топталган
Катларнинг* устидан осилиб тушган
ушбу кун бола-чақасидан узоқда
бир она тушида босинмоқдадир
Қўлларни кўряпман, қўлларни
кесилган бармоқлар тушларида ўз эгаси томон учмоқда
Қўлларни кўряпман, амалларни
ҳар илинжга узанган
севги мактубларини ёзган
эшикларни зарб билан қоққан
кўчат экиш учун ясалган белкурак сопидан тутганча
жасадни кўммоққа ер қазиётир
Қўлларни кўряпман, бармоқларни
умидсиз орзуларга қаршилик каби
уч бармоқ қовушган нуқтада энг қўпол рад жавоби
берилаётган
Қўлларни кўряпман, қўлларни
қиммат курсиларнинг кимхоб жилдига
маҳлиё бўлганча фароғатли турмуш тарзин яратаркан
катта пуллардан —
демакки жиноятлардан
қалтироқ ва қўрқувлардан сўзлаётир
Қўлларни кўряпман, бармоқларни
энг арзон фотоаппарат тугмасини босаркан
энг қимматли онларни — абадият элчиларини
суратга олаётир
Қўлларни кўряпман, кўкларга узанган, очиқ
дуо қилаётир
қўлларни кўряпман, бу дуодан туғилажак дўмбоқ
қўлчаларни
бир кўринг, ҳаво хилъатини тутгани каби
малакларнинг этагидан тутмоқда улар
Қўлларни кўряпман, қўнғир сочларни тароқлаб
қора кўзлардан уйқуни қуваётир
чаккасини чангаллаб турган қўлларни кўраётирман
сўнгги сигарета қолган қути узра
Тинчиб қолур тонг насимида
Воз кечади нуқта қўймоқдан…
_________
Кат — сўри, каравот (маҳбуслар ётадиган нард)

Усмон Қўчқор таржималари

НЎНОҚ НИГОҲЛАР

* * *

Қайга шошмоқдасиз, унут одамлар?
Сизни эндигина эсга олувдим…

* * *

Ҳайдалган қора тупроққа
тўкилган сариқ япроқ
рассом илинжида
матбуотга беради эълон,
бизнинг нўноқ нигоҳларимиз
ёпишиб олмаганда
биринчи саҳифанинг сарлавҳасига
чириндига айланмасди ул

* * *

Қани, менга айтинг
бир инсон умрининг чакана нархин
сизга айтиб бергум бутун оламнинг
улгуржи баҳоси бўлади қанча
мабодо ўзингизга маълум алжабр билан
солиштирсангиз гар натижаларни
у ҳолда кўзга чалинадиган номувофиқлик
айтиб берар изланаётган
муҳаббатнинг бўлмаганини

* * *

Қисқа шеърлар билан ўралашмасдан
шоҳ асарлар ёзмоқликни истаганим он
бир қуш қўнди деразамга
лек на ашъор, на рўмонга
сиғмайин учди-ю кетди у

Русчадан Аъзам Обидов таржимаси.

ЎҒЛИМ БИЛАН СУҲБАТ

— Cен кимсан?
— Отангман.
— Фариданинг отаси ким?
— Унинг отаси йўқ.
— Нега?
— …

— Нима қилаяпсан?
— Шеър ёзаяпман.
— Шеър нима дегани?
— Онангнинг алласига менгзайди у, масалан.
— Онам ҳам шеър ёзадими?
— Йўқ.
— Нега ёзасан — сен ҳам куйламайсанми!
— …

— Қаерга кетаяпсан?
— Ишга.
— Иш нима дегани?
— Иш кийимларимиз, нону ошимиз ва шунга
менгзар ташвишлардир.
— Шошма. Бироз мен билан қол.
— …

— Ота, Парвардигор ким?
— Сени, онангни, момонгни, бобонгни —
барчани яратган парвардигордир.
— Сени ҳамми?..
— …

— Улар нима қилишаяпти?
— Тош тераяптилар.
— Нега?
— Бир-бирларига отадилар.
— Нега?
— Улар душмандир бир-бирларига.
— Нега?
— Ёмон кўрадилар бир-бирларини.
— Нега?
— …

— Ота, ишдан қайтаётганингизда бешта музқаймоқ олиб келинг.
— Нега бешта?.. Сенга, онангга, Фаридага, менга… Яна кимга?
— Бешинчисини… қушларга берамиз.

Русчадан Усмон Азим таржимаси.