Салим Бобулло ўғли (Səlim Babullaoğlu Səlimov) ҳозирги Озарбайжон модерн шеъриятининг ёрқин вакилларидан бири, шоир, таржимон ва эссенавис. У 1972 йил 10 декабрда Ширвон шаҳрида туғилган. Кўплаб шеър ва ҳикоялар муаллифи.
«Танҳо» (Баку, 1996), «Июнда куйланган қўшиқлар» (Истанбул, 2006), «Юракка бағишлов» (Вроцлав, 2007), «Шамолга қарши юрган аёл» (Табриз, 2009), «Илёснинг расм дафтари» (Баку, 2009), «Маскали кишиларнинг гимни» (Киев, 2009), «Қорин шарҳи» (Тбилиси, 2010), «Полковникка ҳеч ким ёзмайди» (2010) каби шеърий китоблари чоп этилган.
Салим Бобулло ўғли ўзбек (Абдулла Орипов, Азиз Саид, Хуршид Даврон шеърлари), рус, турк, фин, испан, итальян, француз, швед, форс, поляк, инглиз, португал, япон, грек, қирғиз адабиёти вакилларининг асарларини таржима қилган. Ўрхон Вали, Иосиф Бродский, Чеслав Милош, Фозил Ҳусни Доғларжа, Василь Стус каби шоирларнинг китоблари унинг таржимасида чоп этилган. Ўзининг шеърлари дунёнинг ўндан ортиқ тилларига таржима қилинган.
Бир қанча халқаро (Туркия, Сербия, Қирғизистон) ва миллий («Анор бутоғи», «Китоб–2003», «Китоб–2004») мукофотлар совриндори. Европа Озодлик шоири (The European Poet of Freedom) халқаро адабий танловининг номинанти (2018).
Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси идора ҳайъатининг аъзоси, Бадиий таржима ва адабий алоқалар марказининг раҳбари.
ДЎСТЛАРИМГА
Бир оз олислардан ахтаринг мени,
Суҳбатлар қурайлик бу ердан узоқ.
Бир оз хаёллардан ахтаринг мени,
Бу лойқа сувлардан кетайлик йироқ.
Ойдин сабоқлардан ахтаринг мени,
Унда қуёш бошқа, сезим бошқадир.
Тангри гуноҳларни афв этган ер,
Хаёлим у ерда кезинмоқдадир.
Умр вафо қилса, ёзгайман, билинг,
Бугуннинг, эртанинг қўшиқларин мен.
Мени ўз ичимдан ахтаринг фақат,
Бир кун ўз ичимдан озгайман, билинг.
Сўник сатрлардан сўрамангиз мени,
Ёнурман Карамдек* ўтда тобора.
Далли фикрлардан ахтаринг мени,
Бир кун ақлим кирса менинг ҳам зора.
_______________
* Карам — «Асли ва Карам» халқ достони қаҳрамони.
ОТАМГА
Сен мендан анча кўркамсан,
Мен сендан анча асабий…
Сен — ҳассос,
Мен бир оз улфаткаш,
бир оз исрофгар,
ўзидан рози.
Бир оз бахтсизман —
Ки, сен мендан норози.
Менинг умидсиз хун оҳларим кўп…
сендан узоққа,
бу маъносиз — улкан шаҳарда
Тентирайман — юрагим қийма-қийма,
гуноҳларим кўп…
Тонгда суратингга,
оқшомлар кўзгуга боқурман.
бормоқдаман кундан-кун қариб.
кўпаймоқда сочларимда оқ…
Кўп нарсага эришолдинг сен —
Йўқотмоққа ҳеч бир нарсанг йўқ.
Мен ҳеч нарса қозонолмадим,
бир оз ўзимни йўқотдим,
Қўридим сенинг яхши номингни,
тўрт хонали уйни қўридим,
китобларингни…
Сен жуда ҳам яхши отасан,
мен — ёмон ўғил.
Бўларкан-да шунақаси ҳам…
Аммо вақтдан ўзиб, айта олурман:
сен жуда зўр бобо бўласан,
жумладан, мен ҳам…
БАЪЗИ КЎРИНИШЛАР
Қўлларни кўряпман, қўлларни
дўст қўли бўш қолмас ҳавода
йиғлаётган юзларни тўсар
Қўлларни кўряпман, билакларни
билаклардаги кишанларни парчаламоқда
Қулларни кўряпман, кафтларни
бахтларни, бахтсизликларни
тақдир чизиқлари, умр битикларини
хиромантия билан машғул бўлмасанг ҳамки
қадоқларнинг бахтдан хабар бериши аён
Қўлларни кўряпман, муштларни
кўнгилни синдирувчи бош суягига урилаётир.
Қўлларни кўряпман, бармоқларни
уста пианиночиникига ўхшаб кетса-да
бсзбетларча кимнингдир чўнтагига тушаётир
Қўлларни кўряпман, силашларни
шўрлик бир кимсанинг сочларига қўниб
бир лаҳза бўлса-да фонийликни унут айлаган
Қўлларни кўряпман, ажинзорларни
кексалар кулбасига боргувчи унутилган, тўзонли
йўлларни ёдга солувчи
Қўлларни кўряпман, бармоқларни
тирноқ-ла эт битган жойи ёрилиб кетган
авитаминоз ташхиси қўйилган ҳаёт тарзидан сўзлар
титроқ дудоқларни қимтибон қаттиқ
фавқулодда ҳодисаларни абадий бекитган
Қўлларни кўряпман, нозик белларни қучиб
севги ҳақдаги энг ширин сўзларнинг
ҳақиқий маъноси англатмоқдадир
Қўлларни кўряпман, қўлларни
ияклар остита қадалиб
одамларни ўз асл шаклидан рози қилмоқда
Қўлларни кўряпман, оёқлар остида топталган
Катларнинг* устидан осилиб тушган
ушбу кун бола-чақасидан узоқда
бир она тушида босинмоқдадир
Қўлларни кўряпман, қўлларни
кесилган бармоқлар тушларида ўз эгаси томон учмоқда
Қўлларни кўряпман, амалларни
ҳар илинжга узанган
севги мактубларини ёзган
эшикларни зарб билан қоққан
кўчат экиш учун ясалган белкурак сопидан тутганча
жасадни кўммоққа ер қазиётир
Қўлларни кўряпман, бармоқларни
умидсиз орзуларга қаршилик каби
уч бармоқ қовушган нуқтада энг қўпол рад жавоби
берилаётган
Қўлларни кўряпман, қўлларни
қиммат курсиларнинг кимхоб жилдига
маҳлиё бўлганча фароғатли турмуш тарзин яратаркан
катта пуллардан —
демакки жиноятлардан
қалтироқ ва қўрқувлардан сўзлаётир
Қўлларни кўряпман, бармоқларни
энг арзон фотоаппарат тугмасини босаркан
энг қимматли онларни — абадият элчиларини
суратга олаётир
Қўлларни кўряпман, кўкларга узанган, очиқ
дуо қилаётир
қўлларни кўряпман, бу дуодан туғилажак дўмбоқ
қўлчаларни
бир кўринг, ҳаво хилъатини тутгани каби
малакларнинг этагидан тутмоқда улар
Қўлларни кўряпман, қўнғир сочларни тароқлаб
қора кўзлардан уйқуни қуваётир
чаккасини чангаллаб турган қўлларни кўраётирман
сўнгги сигарета қолган қути узра
Тинчиб қолур тонг насимида
Воз кечади нуқта қўймоқдан…
_________
Кат — сўри, каравот (маҳбуслар ётадиган нард)
Усмон Қўчқор таржимаси
НЎНОҚ НИГОҲЛАР
* * *
Қайга шошмоқдасиз, унут одамлар?
Сизни эндигина эсга олувдим…
* * *
Ҳайдалган қора тупроққа
тўкилган сариқ япроқ
рассом илинжида
матбуотга беради эълон,
бизнинг нўноқ нигоҳларимиз
ёпишиб олмаганда
биринчи саҳифанинг сарлавҳасига
чириндига айланмасди ул
* * *
Қани, менга айтинг
бир инсон умрининг чакана нархин
сизга айтиб бергум бутун оламнинг
улгуржи баҳоси бўлади қанча
мабодо ўзингизга маълум алжабр билан
солиштирсангиз гар натижаларни
у ҳолда кўзга чалинадиган номувофиқлик
айтиб берар изланаётган
муҳаббатнинг бўлмаганини
* * *
Қисқа шеърлар билан ўралашмасдан
шоҳ асарлар ёзмоқликни истаганим он
бир қуш қўнди деразамга
лек на ашъор, на рўмонга
сиғмайин учди-ю кетди у
Русчадан Аъзам Обидов таржимаси.
ЎҒЛИМ БИЛАН СУҲБАТ
— Cен кимсан?
— Отангман.
— Фариданинг отаси ким?
— Унинг отаси йўқ.
— Нега?
— …
— Нима қилаяпсан?
— Шеър ёзаяпман.
— Шеър нима дегани?
— Онангнинг алласига менгзайди у, масалан.
— Онам ҳам шеър ёзадими?
— Йўқ.
— Нега ёзасан — сен ҳам куйламайсанми!
— …
— Қаерга кетаяпсан?
— Ишга.
— Иш нима дегани?
— Иш кийимларимиз, нону ошимиз ва шунга
менгзар ташвишлардир.
— Шошма. Бироз мен билан қол.
— …
— Ота, Парвардигор ким?
— Сени, онангни, момонгни, бобонгни —
барчани яратган парвардигордир.
— Сени ҳамми?..
— …
— Улар нима қилишаяпти?
— Тош тераяптилар.
— Нега?
— Бир-бирларига отадилар.
— Нега?
— Улар душмандир бир-бирларига.
— Нега?
— Ёмон кўрадилар бир-бирларини.
— Нега?
— …
— Ота, ишдан қайтаётганингизда бешта музқаймоқ олиб келинг.
— Нега бешта?.. Сенга, онангга, Фаридага, менга… Яна кимга?
— Бешинчисини… қушларга берамиз.
Русчадан Усмон Азим таржимаси
ИЮНДА ЎҚИЛГАН ҚЎШИҚЛАР
Деразам олдидан машиналар ўтар,
қушлар живирлашар деразам оғзида,
машиналарнинг ичида одамлар,
одамларнинг ичида қўшиқлар,
қўшиқларнинг сўнггида сукунат –
англашилмасдир абадият қадар.
Оналар болаларини ухлатар – алла айтар,
бувилар чой ичар – бу саҳнага ғурурла боқар,
тушлари таланган бўйдоқ ва техноман амакилар
ненидир ўрганар, чамалар,
ҳаммасининг ичида қўшиқлар –
англашилмасдир абадият қадар.
Эфирда энг кўҳна филмлар энг янги дубляжда –
сўзлар ўша-ўша, овозлар тамомила бошқа овозда
гўё нимадир ўзгарар,
қаҳрамонлар яна болакай,
лабларидаги титроққа ўхшар гўзал қўшиқлар –
англашилмасдир абадият қадар.
Бу оқшом режиссёр дўстимнинг
Расколниковнинг уйига менгзаган уйида
янги шеърни қандай ёзиш ҳақда ўйладик –
ҳаётни кадрга, сўзга, образга ва яна неларга бўлдик,
энг оргинал шакллар ҳақда мулоҳазалар
айтилса, ҳаётнинг ўзи қадар гўзал,
демак, бу маънисиз мусобақа сукунатда ўтиши керак эди – ўтди,
бу на ғалаба, на мағлубият,
бу бор-йўғи ҳаётнинг оддий бир кўриниши…
Хулласкалом, бу жимликнинг сеҳрида
бир йўловчи бораётир –
бу менман, ичимда англашилмас қўшиқлар –
гўзалдир абадият қадар.
Деразам олдидан машиналар ўтар,
миямда аввалги қўшиқ айланар,
қушлар чивирлашиб япроқлар орасида учар
ва ёзнинг тўртинчи оқшоми
бир яшил япроқ шоҳидан қўпар –
на тинар,
на битар,
на қўлларидан чормихга тортилгани билинар,
на яшаш ҳаваси,
на ўлим ҳавфи,
нада қотил қушлар ҳақда гапирар –
ёҳуд булар барин жим қолгайдир шаън,
мен эса абадият қадар
англашилмас қўшиқлар ўқигайдирман.
НОЯБР КУНДАЛИГИ
Онамга
I (04.XI.2016)
Ёзган тили ўлик ҳисобланган
қадим шоирларнинг шеърларини ўқийман таржимада,
ўзимдан иложи борича олисга қочишнинг
яна бир йўлини тажрибадан ўтказаман ҳар жумлада,
уларнинг нағмалари, севинчи ва кадари менинг ботиқ овоз
ҳорғин нутқим билан бу жума тирилганда ҳам
мени ҳеч ким ва ҳеч нарса овута олмайди энди ҳеч қачон.
Чунки, сен йўқсан, она,
ва ўша болакай ортиқ бош қўймайди тиззанг парқусига.
Демак, инсон яшай-яшай шундай ўларкан, тириклайин…
VII (11.XI.2016)
Дейишади, граматика тилнинг асосий қисми.
Ким билар, буни айтганлар ҳақдир, эҳтимол.
Бироқ, ёзув қоидаларидан узоқ ва хабарсиз
тўрт мисралик битта алланг
“Илоҳий комедия”дан ҳам қадимийроқ, теъран ва тирик эса
сен тилнинг жони, асоси ва руҳисан, она.
X (16.XI.2016)
Бироз аввал ҳамкасбинг Сурайё ҳола билан юзлашдим.
– Онангиз яхшими? – дея сўради.
– Вафот этди… Ўлганига икки йил бўлди, – дедим оҳиста ва ўз беҳис овозимдан сесканиб кетдим.
XII (20.XI.2016)
Менинг умрим ва ёзганларим икки қисмга бўлинган энди:
сен бор бўлган кунлар ва ўша кунлари ёзилганлар,
сен йўқ кунлар, ўша кунлари ёзилганлар ва жим қолинганлар…
* * *
“Қисматинг бошқа қандай бўларди?” саволига
жавобинг йўқ эса бу – қисматдир,
бор эса – топишмоқ.
* * *
Ҳавони алмаштириш учун
деразани очаман.
Ичкари тўлади азон сасига.
ЎША АЁЛГА МАКТУБ
Менга сурат жўнатдинг
узоқ йиллардан кейин,
Мактубнинг ҳасрати не,
боқдим, не хат бўзлари?
Ҳа, шундайдир, сукутда
беркиниб барча сўзлар,
Гўзал сочларингда оқ –
изтиробнинг излари.
Менинг эса кўксимда
хиёнат парчалари,
Таассуф кўйлагини
кулгу шамоли йиртган.
Биргаликда сўнгги кун
яъни, у сурат, ўша
Ўтмишнинг хотирига
сарғайиб тушмиш кўпдан.
Энди ёшим бир жойда,
сен ҳам ҳеч ёш эмассан,
Рўмолинг яширолмас
бўйнингдаги доғларинг.
Ёлғизсан, овқатингни
ҳамон ёлғиз еяпсан,
Тананг сайр қилганда
толиқар оёқларинг.
У одамлар эмасмиз
ҳамда қисмат аҳди не,
Эҳтироснинг кулида
қораяди юзу-кўз.
Кўзгуда таскин берган
гўзаллигинг эмас, йўқ,
Ҳеч бўлмаса додингга
етсин “тирик” деган сўз.
Кичкина шаҳарларнинг
сокин бир дунёси бор:
Учта дўкон, майдонча,
клуб ҳамда қабристон.
Бироқ, гап бу ҳақдамас,
унда барча суҳбатлар
Дунёнинг ўзи қадар
одамни қийнар ёмон.
Умр қайда яшалса,
қисмат унда меҳмондир,
Меҳмонни ҳайдамаслар
бор ахир шундай одат.
Оқшомлар барча ғам-ла,
деразадан ойга боқ,
Лайлининг Мажнунида
сўнг ҳарф-чун ўксин фақат.
Умидлар билан яма
тонгларнинг ҳирқасини,
Дуолардан айрилма
ўзинг учун, мен йўқман.
Хотира чангин сўнгра
артиб ташла кўксингдан,
Энди кетишим лозим,
мактабдан чиқар ўғлим…
ҲАМИДАГА ИККИ ШЕЪР
1
Йўлларингда ёлғиз дарахтдек битсам,
айт, соямда оларсанми ором?
Ёки қўл-бутоқларим кесиб оловларимда
исинасанми?
Ёмғир каби ёғсам бир оқшом
айни ёзнинг қучоғидаги
бу ғалаёнли, бу тиним билмас шаҳар кўчаларига –
таратганда тупроқ атрини
атримни тупроқдан кўтариб қоларсанми лол?
Ёҳуд ёмғир ғариб атаса-ю
кирганингда уйга ичкари,
устинг шалоббо,
пушаймонлар еб,
осмонга лаънатлар ёғдирасанми?
Жанубда қор
топмоқ мушкул,
бир қиш кечасида лайлак қордек тўкилсам,
болаларни йиғиб даврангга ўйнайсанми қорбўрон, айтгин?
Ёки болалардан йиқилса бири
ва ё бармоқлари қотганида муз,
айтчи, ёнармисан жаҳл ўтида?
Бир оқшом дарахт бўлмоқ, ёмғир бўлмоқ, қор бўлмоқ истасам,
ўлим ёқасидан тутиб чеккага отармисан ё?
Ёки йўл олганим он
ҳамроҳ бўлмоқ учун сен менга
оёқланасанми?
Ва бир кеча
ундан-бундан шеърларни битиб,
уйқунг ҳаром бўлиб,
сени уйғотиб,
ўқисам агар
тўғрисин айт, гулим, қувонасанми?
2
Энди сукут мудом кесар менинг сўзимни,
Аввалгидек қон қайнамас энди томирда.
Кўзгулардан қочираман тез-тез кўзимни,
Исмимни ҳам ёзмайман ҳеч бирор деворга.
Қирқи ўтди бу умрнинг жоним, севгилим,
Ҳеч ўксинма, чарҳи ҳали, шукр, ейилмас.
Бир сабоҳни савол қилсанг: қани севгилим?
Кўрарсанки, бир ел эсар, учар ҳар ён ҳас.
Бир куш уни тумшуғида олиб улгурар,
Аста-секин қанот қоқиб учар юқори.
У қуш уни инидаги деворга урар,
Асрамоқ-чун кичкина у қуш болаларин.
Даврангга ол набирангни, азиз дея тут,
Юзларидан кўзимни топ, исмимни чақир.
Кадарни қув, яшир гулим, сен бир мени кут,
Сафаридан қайтар хўжанг шу оқшом чоғи.
ТУҒИЛГАН КУНИМДАГИ ДЎСТЛАРИМГА
Бироз узоқлардан ахтаринг мени,
Бироз суҳбат этсак бу ердан узоқ.
Бироз хаёллардан ахтаринг мени,
Қутулайлик бундан, кетайлик бироқ.
Ойдин сабоҳлардан ахтаринг мени,
Унда қуёш бошқа, кулиш бошқадир.
Тангри гуноҳларни кечиргувчи ер,
Ўйларим у ерда тўлишмоқдадир.
Умр вафо қилса ёзарман, билинг,
Олис тонгларимнинг куйларини мен –
Мени ўз ичимдан ахтаринг бир оз,
Бир кун ўз ичимда озарман билинг.
Ғамгин сатрлардан сўраманг мени,
У омон, Карамдек оловлашаман.
Телба фикрлардан ахтаринг мени,
Яқин кун ичида донолшаман.
Озарбойжончадан Раҳмат Бобожон таржимаси
ҲАМИН ХОТИНГА МАКТУБ
Манга расм юбординг
олис йиллардан кейин,
Бу расмни кўрганлар
энди нима ҳам дерди?
Не қиларди,сукутда
гизланиб бутун сўзлар.
Гўзалдир сочингда оқ —
изтиробинг санчиғи.
Менинг ҳам эсимдадир
хиёнат зарбалари.
Шаҳватнинг кўйлагини
Таассуф ели қурит.
Бирликда сўнгги кунни,
яъни у расм,адо
ўтмишин ёддошингда
энди кўпдан сўлит.
Энди мен кўп тушаман,
сен ҳам ёшсиз деюрсан.
Қарашларинг шоширмас
бўйнингнинг нозиклиги.
Танҳосан,емагингни
яқин билан ейсан сен.
Гавдангни тик тутганда
бутлайди оёқларинг.
Одамлар доялик
бунда не лозим ахир?
Эҳтироснинг кулида
қорадир юз- кўзимиз.
Кўзгуда таскинлигинг
гўзаллигинг дейилса,
ҳеч бўлмаса додингга
етишсин тириклигинг.
Балоча шаҳарларнинг
кўп роҳат дунёси бор.
уч-дўкон,майдонча,
клуб ва қабристонлик.
Аммо асос бу эмас,
унда бутун суҳбатлар.
дунёнинг ўзи қадар
ёмон эзар одамни.
Умр қайда яшаса
толе унда меҳмондир.
Меҳмонларни қўймаслар,
бир хил одат бор ахир.
Оқшомлари тим қора,
Панжарадан ойга боқ,
Лайлининг Мажнунида
сўнгги ҳарфга бошинг қўй.
Умидлар ичра яма
Сабоҳнинг жуббасини.
Дуолар барқирасин
аммо ўзинг учун йўқ.
Хотира гувоҳини
тозала уст- бошингдан.
шошилиб кетаяпман
ўғлим мактабдан чиқар.
ОЗАРБАЙЖОН
Озарбайжон! Она тупроқ, сен тарихинг ёшидасан!
Турк элининг бош тожисан, қўша Шарқнинг эшигисан!
Юрагисан Кавказларнинг, отинг бордир дунё тўлиқ,
Ҳазор узра қанот керган бургутсан сен: мағрур, улуғ.
Нақорат
Байроғингнинг кўк рангида, миллатимнинг от-шони бор,
Ой-юлдузли ол рангида шаҳидларнинг қони порлар,
Яшилида боболарнинг ҳақ инъоми жўшар шони,
Озарбайжон!
Ёлғиз зафар, ёлғиз зафар саслар сани!
Гўзал Ватан! Сенинг учун неча йигит кечди жондан,
Енгилдилар душманларинг, омон қолдинг сен ҳар замон.
Озарбайжон — онам менинг!
Озарбайжон ўтлар юрти!
Кечувингда айиқ-сайиқ туриб яна қодир ўрду!
Нақорат
Байроғингнинг кўк рангида, миллатимнинг от-шони бор,
Ой-юлдузли ол рангида шаҳидларнинг қони порлар,
Яшилида боболарнинг ҳақ инъоми жўшар шони,
Озарбайжон!
Ёлғиз зафар, ёлғиз зафар саслар сани!
Қанча халқнинг гумон ери, омон ери, қадим диёр,
Қучоқ очдинг мазлумларга, доим яша сен бахтиёр!
Шон-шуҳратли ўтмишисан ҳар кешнинг, бу дунёсан,
Сен ҳар кечинг ёруғ, хушбахт тонгларисан, гўзал Ватан!
Нақорат
Байроғингнинг кўк рангида, миллатимнинг от-шони бор,
Ой-юлдузли ол рангида шаҳидларнинг қони порлар,
Яшилида боболарнинг ҳақ инъоми жўшар шони,
Озарбайжон!
Ёлғиз зафар, ёлғиз зафар саслар сани!
САЛАМГА
Ёзмоқ ҳам ёзмагандек
Дўстим, шундай толедир.
Толе дейилса демак
Не йўқдир, ё зоедир.
Тушсанг энгашди тоғлар,
Қалқсанг — дўстим,суяшди.
Ёпилганда эшиклар —
Билгил ким уни очди.
Ун эласа уч учим,
Биридаги ўзингсан.
Ҳар кас ўзин кучи,
қўнар кийимларига.
Вақт йиқар ҳар ҳайкални,
Бағрига олар тупроқ.
Усти ялтироқларни
еллар очиб қочар, оҳ.
Шукур,ҳали яшармиз,
Ҳаётнинг ой,йилини.
Ошимизни ошармиз,
Йўлларда апил- тапил.
Салом бўлсин бу сабоҳ,
Қўй,Салимдан Сарбонга.
Бандани севган оллоҳ,
Бош этар ҳар карвонга.
Дилбар Ҳайдарова таржимаси