Азизахон Зайнитдинова. Ибн Сино фалсафаси

Юртбошимиз истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ маънавиятни юксалтиришда тарихий хотира, аждодлар тарихини билишнинг, миллий ва ахлоқий қадриятлар ҳамда анъаналарнинг, муқаддас динимизнинг ўрни ва аҳамияти катта эканини такрор-такрор эслатиб ўтган. Шу боис кўплаб Шарқ алломаларининг юзлаб нодир ва ноёб асарлари ўзбек, инглиз, франтсуз, немис, япон ва бош­қа хорижий тилларда нашр этилди. ЮНEСКО ҳомийлигида Шарқ маданияти, санъати ва тарихига бағишланган диск­лар чиқарилди.

Ўз асарлари билан Мовароуннаҳр диёрини дунёга танитган қомусий олим Абу Али ибн Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Сино (980-1037) Шарқ халқлари орасида “Шарафул-мулк“ ва “Шайх ур-раис“ каби мартабали унвонга сазовор бўлган буюк шахс ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, бизгача алломанинг 242 та асари етиб келган. Улардан 80 таси фалсафа, илоҳиёт соҳаси ва тасаввуф таълимоти, 40 таси тиббиёт, 19 таси мантиқ, 26 таси психология (руҳшунослик), 23 таси табиатшунослик, 7 таси астрономия, 1 таси математика, 2 таси алхимия, 9 таси ахлоқ-одоб, 4 таси адабиёт ва 8 таси эса олимлар билан илм-фаннинг турли муаммоларига тааллуқли ёзишмалардир.

Аллома яратган асарлар жаҳон халқларининг мулкига айланди. Унинг “Тиб қонунлари”, ўн саккиз жилддан иборат “Китоб аш-шифо”, “Китоб ан-нажот”, “Руҳ ҳақида китоб”, “Ишорат ва Танбиҳат”, “Курозаи табиат”, “(Табиат дурдонаси)”, “Рисолаи тадбири Манзин” (“Оилавий бахт-саодатга эришиш тадбири ҳақида рисола”) ва қатор бошқа асарлари асрлар давомида турли соҳа мутахассисларининг диққат-еътиборини ўзига жалб қилиб келаётгани ҳам фикримизнинг далилидир.

Илм билан хулқ-атвор, саъй-ҳаракатларнинг ўзаро бирлиги инсоний донишмандлик, комил инсон даражасига элтади.

Олимнинг “Тадбири манзил” рисоласида инсон табиати азалдан ахлоқли ёки ахлоқсиз бўлмайди, деган ғоя мавжуд. Кишидаги хусусиятлар ижтимоий ҳаётда секин-аста шахсий ва ўзгалар тажрибаси, аждодлар анъаналари, урф-одатлар, расм-русумлар, таълим-тарбия, ўзгаларнинг маънавий-ахлоқий таъсирида ўзида ижобий ахлоқий фазилатлар, хислатларни шакллантиради ёки ўзида мавжуд салбий майллар сабабли худбин кайфиятларга берилади.

“Тадбири манзил” рисоласи бугунги кунда ҳам ўз қимматини йўқотмаган. Оммавий ахборот воситалари Шарқ алломаларининг такрорланмас нодир асарларидан намуналарни, таълим-тарбия бобидаги яхши хулқ, маънавий баркамоллик сирлари каби мавзуларни мунтазам ёритиб берсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Қомусий олимимиз ўзининг “Қуш ҳикояти”да “Eй ҳақиқий биродарлар! Одамларнинг ботири келажакдаги мушкулотдан қўрқмайди. Камолга етишдан четланган киши одамларнинг энг қўрқоғидир”, — деб ёзади. (Фалсафий қиссалар 1980. 72-бет). Шунингдек, аллома инсон ахлоқий камолотининг чексиз имкониятларига комил ишонч билан қарайди. Лекин унинг рўёбга чиқиши инсон ва жамиятнинг реал имкониятларига боғлиқдир, дейди. Кимки ўз камчиликларини ислоҳ қилишни, комил инсон (инсон ул-комил) даражасига етишни дилдан истаса, ўз характерига хос салбий сифатларни яхши билиб олиши зарур, деган фикр­ни билдиради.

Ибн Синонинг дурдона асарларида инсоний ахлоқий қиёфанинг шаклланишида кўп маъно, ҳикматлар, дидактик ҳи­коялар, доно маслаҳатлар, ўгитларидаги саховатпешалик, олижаноблик, ватанпарварлик ҳисси ҳақидаги маслаҳатлар бугунги кунда ҳам ўз қимматини йўқотган эмас.

Яна бир фикрни айтишни лозим, деб ҳисоблаймиз. Абу Али ибн Сино ижтимоий-фалсафий жиҳатдан биринчилардан бўлиб аёлларнинг бола тарбиясидаги ўрнига эътибор берган. У оилада эр-хотин ўртасидаги ўзаро ҳурмат-иззат, бамаслаҳат иш тутиш, самимий оилавий муносабатлар таълим-тарбия самарадорлигининг асосий негизидир, деган хулосага келади.

Шу билан бирга, аллома ўн етти хислат-фазилатлар соҳибаси бўлган аёлни идеал мураббий деб ҳисоблайди. Уларга аёлнинг оқила ва иймон-еътиқодли, шарм-ҳаёли, ор-номусли, зийрак ва фаросатли, ёқимтой, эрга меҳру муҳаббатли, итоаткорлиги, дилининг поклиги, эрининг орқасидан ғийбат қилмаслиги, покизалиги, вазминлиги, жиддий ва улуғворлиги, оғир дамларда турмуш ўртоғига дардкаш бўла олиши, меҳрибонлиги, сабр-қаноатлилиги каби фазилатларни киритади.

Абу Али ибн Сино дунёқарашидаги баъзи ижтимоий ахлоқий муаммоларнинг таҳлилидан қуйидаги хулосаларга келиш мумкин: қомусий олим ўзи яшаб, ижод этган тарихий давр ша­роитида Арасту ижтимоий-фалсафий анъаналарини араб мутафаккири Ишоқ ал-Киндий ва Абу Наср Фаробийдан кейин собитқадам давом эттирган тадқиқотчидир.

Ибн Синонинг ижтимоий-ахлоқий қарашларида Абу Наср Фаробийнинг маънавий таъсири сезилиб турса-да, муайян тарихий-сиёсий шароитларга ўз фикрини билдирди, дейиш мумкин. Мутафаккир олим шароитдан келиб чиқиб, ахлоқ-одоб соҳасининг жиҳатларига эътиборини жалб қилди. Масалан, ўз асарларида олдиндан шаклланган илм ва ахлоқ-одоб уйғунлиги масаласини етакчи мавзуга айлантирди.

Қадимги мутафаккирлар, Афлотун ва Арасту ўсиб келаётган авлод таълим-тарбиясини давлат зиммасига юклаган бўлса, Ибн Сино бу вазифа биринчи галда оилага тааллуқли эканини асослаб беришга уринади. У жаҳон педагогикаси тарихида биринчилардан бўлиб фарзанд тарбиясида оқила аёл кишининг салоҳиятини кўтариш зарур эканига алоҳида эътибор қаратган эди.

Азизахон Зайнитдинова,

шарқшунос олима

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).