Жумағали Саин (1912-1961)

Жумағали Саин (Жұмағали Сайын) Кўкчатов вилояти (ҳозирги Оқмўла)нинг Ариқбалиқ туманида туғилган. Педагогика институтини битириб, ўқитувчилик қилган. Журналистлик фаолияти билан шуғулланган. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. Урушдан кейин “Қозоқ адабиёти” газетасига муҳаррирлик қилган.
Биринчи шеърлар тўплами — “Бахт қўшиғи” 1936 йилда чоп этилган. Қозоқ қизининг ҳаёт йўлига багишланган “Куланда” достони (1939 — 1940) йирик адабий ҳодиса сифатида баҳоланган. Шеърлари ўзининг майин лиризми, самимийлиги билан дилга яқин.
“Айғоқ”, “Олтой”, “Тонгги шабнам” достонларининг муаллифи. “Йўл устида” қиссаси 1961 йилда чоп этилган. Жаҳон адабиёти намуналарини қозоқтилигатаржима қилган.

* * *

Қарама-чи, қадама-чи кўзингни!
(Ахир, юрак темир эмас тўзимли!)
Мен оловман, қар учқуни куйдирар,
Ая, мени, ая, гулим, ўзингни!

Ўйла, ахир, ўйла, ахир, ақллим!
Унсизгина мени қайга чақирдинг?
Теран сирли кўзларингнинг тубига
Аста-аста чўкиб бормоқдадирман…

Ғуссаларга йўғирмагин сўзингни!
Ая, мени, ая, гулим, ўзингни!
Уйғотмагин қалбимдаги туғённи,
Жавдиратиб чақноқ қора кўзингни!

Ўйла, ахир, ўйла, ахир, ақллим!
Унсизгина мени қайга чақирдинг?
Сокин эдим, нега солдинг туғёнлар,
Нега ғамлар уммонига ботирдинг?!

* * *

Мен уйқуга айни чўмган дам эди.
Бир пайт ўлан туртди мени,
тур, деди!
Учиб турдим,
чарх урарди сатрлар,
Олди мени ўй-хаёллар сехрлаб…
Гоҳи хира,
гоҳи нурли товланиб,
Кўз олдимда турди ҳислар мавжланиб.
Шунда бирдан,
“эвоҳ!” дея ўкиндим,
Илҳомимга “сабр қил!” деб ўтиндим.
Ўз жойида кўринмасди тўрт қалам,
Кундуз уни олган, албат, тўрт болам.
Ўлан кетди…
Ўлтирдим мен жим, хомуш.
Ярим кеча,
эшитилмас сас-товуш.
Қайда экан тарашланган тўрт қалам?
Ётар ширин уйқу ичра тўрт болам.
Қарайман-да, қувонаман, тошаман.
Оёғимни мен авайлаб босаман.
Кўрпаларни,
ёстиқларни тузатгум,
Уйғоқман-у,
уйқуларни кузаггум.
Киприк, қоши,
лабларига боқгум жим,
(Бари менинг қуйиб қўйган ёшлигим!)
Ўйлар чулғаб,
чорлар мени шу они —
Иқболимнинг ёзилмаган достони!
Уйқусида
ана бири кулмоқда,
Балки ҳозир ширин бир туш кўрмоқца.
Балки қайта кўрар кечган байрамни,
Дейман,
нурли юзлар,
кўрманг ҳеч ғамни!
Зурёдларим,
менинг пойдор умримсиз,
Қалбда ёлқин,
жонимдаги қумримсиз!
Турфа,
ажиб хаёлларга тўлдим мен,
Сизга боқиб,
қайта гўдак бўлдим мен!
Ва қалбимда ажиб илҳом чалди соз,
Битилмаган мисраларда айтиб роз.
Мен шеърларни гарчи шошиб тўқирдим,
Тўрт боламнинг юзларидан ўқирдим.

Ёзилганми шундоқ китоб — ярқироқ!
Насиб этмас ҳеч оқинга у бироқ!
Айтинглар-чи, бу дунёда нима бор,
Шу тўрт юрак уришидан азизроқ!

Мирпўлат Мирзо таржималари