Тошкентда олмон тили ўқитувчилари жам бўлди

Бугун, 9 ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида олмон тили ўқитувчиларининг ХVI анжумани бошланди. Анъанавий тадбир Хориждаги мактаблар марказий офиси (ZfA), Германия академик алмашинув хизмати (DAAD) ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Гёте институти матбуот хизмати хабарига кўра, олмон тили ўқитувчилари анжумани давомида Германиядан келган мутахассислар иштирокида маърузалар ва қизиқарли интерактив маҳорат дарслари ўтказилади.

Икки кун давомида педагоглар ўз билимларини янгилаш ва кенгайтириш, хорижий тилларни ўқитишнинг замонавий услубларини яқиндан ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш, йирик олмон нашриётларининг янги дарслик ва ўқув қўлланмалари билан танишиш имкониятига эга бўлади.

Анжуманда олинган маълумотлар ва янги ғоялар олмон тили ўқитувчиларига янада савияли ва самарали дарс беришда асқотади.

Таҳлилларга қараганда, кейинги йилларда Ўзбекистонда олмон тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. Мамлакатимизда 300 мингдан ортиқ мактаб ўқувчилари, 19 минг нафар талаба мазкур тилни ўрганмоқда. 24 та мактабда олмон тили чуқурлаштирилган  тарзда ўргатиляпти. Улардан 6 таси, яъни Тошкент, Самарқанд, Марғилон, Фарғона, Андижон ва Бухоро шаҳарларидаги мактаблар олмон тили дипломини (DSD) бериш ҳуқуқига эга. Ҳозирда ушбу хорижий тилни боғча, мактаб ва университет босқичларида, узлуксиз равишда ўқитишга эътибор қаратилмоқда.

Мавзуга доир мақолалар:

Ўзбекистонлик ёш билимдонларга олмон тили дипломи топширилди. 22.05.2023

Олмон тили бўйича миллий олимпиада ғолиблари Ҳамбургга боради. 13.04.2022