Олмон тили бўйича миллий олимпиада ғолиблари Ҳамбургга боради

Фото: Гёте институти

12 апрель куни Тошкентдаги Гёте институтида Халқаро олмон тили олимпиадаси иштирокчиларини аниқлаш бўйича миллий саралаш мусобақаси ўтказилди. Бу ҳақда мазкур институт матбуот хизмати хабар берди.

Республика босқичига вилоят олимпиадаларида 1- ва 2-ўринни эгаллаган 29 нафар билимдон (9-10 синф ўқувчилари) таклиф этилди.

Биринчи босқичда иштирокчилар тил билиш даражасини аниқлаш тестини топширишди ва натижаларга қараб А2 ва B2 гуруҳларига бўлинишди. Кичик танаффусдан сўнг билимдонлар ёзма имтиҳон топширдилар. Якуний босқичда иштирокчилар олдиндан берилган мавзу бўйича олмон тилида тақдимот қилдилар.

Гёте институти, Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, DAAD ташкилоти ҳамда Тошкент давлат педагогика университети вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати натижаларни ўрганиб чиқиб, ғолибларни аниқлади. Олимпиада ғолиблари турли совғалар билан тақдирланди.

Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизматига кўра, миллий босқич ғолиблари Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро олмон тили олимпиадасида иштирок этади.

“А2 ва B2 гуруҳидаги энг яхшилар Ҳамбург сафарини интизорлик билан кутмоқдалар. Биз уларга кейинги босқичда ҳам омад тилаймиз. Барча қатнашчиларга эса олмон тилига, маданиятига ҳамда мамлакатшунослигига билдирган қизиқишлари учун ташаккур деймиз. Сизлар зўрсизлар! Охирида ҳатто бир кишининг астагина йиғлашини эшитдик. Бу эса шундан далолат берадики, у ўқувчи ғолиб бўлишни мақсад қилган. Шу мақсаднинг ўзи ҳам аслида Сизнинг ютуғингиз. Келажакда ҳам шундай бўлсин доим!” – дейилади элчихонанинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида чоп этилган постда.

Қайд этилишича, иштирокчиларни вилоятлардан кузатиб келган ўқитувчилар учун Гёте институтининг тажрибали ўқитувчиси Фарида Габдулхакова маҳорат дарси, Pasch “Мактаблар: келажак ҳамкорлари” ташаббусининг Ўзбекистон ва Тожикистондаги масъули Simon Kretschmer имтиҳонларга доир семинар ўтказди.

Маълумотларга қараганда, ҳозирда Ўзбекистондаги 1600 мактабнинг 300 мингдан зиёд ўқувчиси олмон тилини ўрганмоқда. 10 та мактабда мазкур тил чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. 6 та ўрта таълим мактаби эса олмон тили бўйича диплом (DSD) бериш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 4 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган анъанавий олмон тили ўқитувчиларининг 14-анжуманида Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, ҳуқуқшунослик фанлари доктори Тило Клиннер Ўзбекистон олмон тилини ўрганувчилар сони бўйича Осиёда 1-ўринда эканини мамнуният билан қайд этган эди.

Шу мавзудаги мақола:

Тошкентда олмон тилининг ёш билимдонлари беллашди. 16.11.2021