Малай тили нотиқлик санъати танлови: энг зўр билимдонлар Малайзияга боради

Малайзия элчиси Ҳенди Ассан ва ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева

20 апрель куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида (ТДШУ) Малай тили нотиқлик санъати халқаро танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Малайзиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган танловда ТДШУ ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида (ЎзДЖТУ) таҳсил олаётган 15 нафар билимдон талаба ғолиблик учун беллашди.

Тадбирда иштирок этган ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева Малайзия олий таълим муассасалари билан алоқалар изчил ривожланаётганини қайд этди.

Малайзиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳенди Ассан барча талабаларга ўз миннатдорлигини билдирар экан, мусобақада энг яхши натижани қайд этган икки талаба танловнинг шу йил Малайзияда бўлиб ўтадиган халқаро босқичида қатнашишини маълум қилди.

Мусобақа якунига кўра, Раҳбарой Тошматова – биринчи, Сарвиноз Акрамова – иккинчи,  Гулзода Ўткурова – учинчи, Рухшона Салимбоева – тўртинчи (барчаси ТШДУ вакиллари) ҳамда Мадина Нормаҳматова (ЎзДЖТУ) бешинчи ўринни олди. Ғолиблар қимматбаҳо соврин ва пул ютуқлари билан тақдирланди.

Малайзия элчиси танлов ғолиблари билан

Охирги йилларда Малай тили нотиқлик санъати халқаро танловининг аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Бу эса талабалар ўртасида ижодий рақобатнинг кучайиши ҳамда малай тили бўйича билимдонлар сафининг кенгайишига хизмат қилмоқда.

Малайзия Султон Идрис педагогика университети мутахассислари талабаларнинг чиқишини онлайн режимида кузатиб-баҳолаб борди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, австронез тиллари оиласига мансуб малай лисони дунё бўйича миллионлаб аҳолининг она тили саналади. У Малайзиянинг расмий тилидир. Шунингдек, Индонезия, Бруней, Сингапур, Шарқий Тимор каби ўлкаларда малай тилида сўзлашувчилар салмоқли ўринга эга. Ўзбекистонда ҳам бу тилни ўрганишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. ТДШУ ҳамда ЎзДЖТУда малай тили чуқур ўргатилади.

Охирги йилларда ўзбекистонлик талабалар Малай тили нотиқлик санъати халқаро танловида муносиб иштирок этиб келмоқда. Хусусан, 2021 йили ноябрь ойида Малайзия бош вазири кубоги учун халқаро танловда ЎзДЖТУ талабаси Наргиза Ортиқова биринчи ўринни эгаллаганди.

Умуман, кейинги йилларда икки давлат ўртасида таълим жабҳасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.

2019 йил октябрь ойида Тошкент молия институти базасида Малайзия менежмент ва тадбиркорлик “Binary” университети билан Ўзбекистон–Малайзия қўшма факультети очилган.

2020 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва “Binary” менежмент ва тадбиркорлик университети ўртасида Урганчда университетнинг халқаро филиалини ташкил этиш тўғрисида уч томонлама шартнома имзоланган.

Малайзия ислом илмий университети (Universiti Sains Islam Malaysia – USIM) эса мамлакатимиздаги кўплаб илмий-академик муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва  USIM ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Бундан ташқари, USIM билан Урганч давлат университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўртасида тадқиқотларни биргаликда ўтказиш, мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, талабалар алмашуви бўйича ҳамкорлик битими имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, Малайзия техник ҳамкорлик дастури (МTCP) доирасида ташкил этилаётган қисқа муддатли ўқув курсларида ҳам мамлакатимиз вазирлик ва ташкилотлари вакиллари доимий тарзда иштирок этиб келмоқда. 2020 йил сентябрь ойига қадар Ўзбекистондан 630дан зиёд вакил МTCP семинарларида таълим олган.

Аввал хабар берганимиздек, 2021 йил 15 декабрь куни ТДШУда “Малайзия куни” тадбири ташкил этилган ва унда элчи Ҳенди Ассан меҳмон сифатида иштирок этган эди.