“Яшил чегара”ни қўриқлаш учун. АҚШ Ўзбекистонга 2,25 миллион долларли транспорт воситалари тақдим этди

Бугун, 20 апрель куни АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Дэниэл Розенблюм Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қиймати 2,25 миллион долларга тенг 50 та “Toyota Hilux” ва “Fortuner” русумли автомашина топширди. Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати хабар берди.

Чегара қўшинлари номидан автомашиналарни қўмондон ўринбосари, полковник Бахтиёр Мансуров қабул қилиб олди. Тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этди.

Ушбу транспорт воситалари АҚШ давлат департаменти молиялаштирувчи Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси доирасида совға қилинди. Бу – АҚШнинг хавфсизлик соҳасида Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдамининг бир қисми ҳисобланади.

“2001 йилда АҚШ ва Ўзбекистон илк бор мудофаа соҳаси ва қуроллар тарқалишининг олдини олиш тўғрисидаги битимни имзолагандан буён мамлакатларимиз ядровий, биологик, кимёвий ва радиологик материаллар тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича тўла ҳуқуқли шерик бўлиб келмоқда. Бугун биз ҳамкорлигимизнинг навбатдаги босқичини нишонлашдан мамнунмиз ва умид қиламизки, топширилаётган автомашиналар Ўзбекистон давлат чегараси ва “яшил чегара”ни қўриқлашда чегара қўшинларининг имкониятларини оширади ҳамда чегарадаги воқеа-ҳодисаларга тезкор жавоб қайтириш имконини беради”, – деди элчи Д.Розенблюм ўз нутқида.

1994 йили ташкил этилган Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси АҚШ ҳукуматига зудлик билан қарор қабул қилишни талаб этувчи қурол тарқалишининг олдини олиш ва қуролсизланиш соҳасидаги кутилмаган ва мураккаб вазиятларда оператив жавоб қайтаришга имкон яратади. Ушбу жамғарма вазифаларни ишончли, хавфсиз ва тежамкорлик билан амалга оширишда стратегия ишлаб чиқиш, музокаралар олиб бориш, дастурларни бошқариш, молиявий операциялар ва шартномаларни бажариш бўйича катта тажрибага эга.

Шу мавзудаги мақолалар:

АҚШ Махфий хизмати ва Ўзбекистон Бош прокуратураси жиноятларга қарши ҳамкорликда курашади. 16.03.2018

АҚШ Ўзбекистон божхона идорасига замонавий жиҳозлар тақдим этди. 27.02.2018

Фарғона водийсидаги фуқаролик судлари замонавий мультимедиа ускуналари билан таъминланди. 17.10.2017