Гуманитар фожиа: ноқонуний муҳожирларга кўмак кўрсатиладими?

Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги Соҳил хавфсизлик қўмондонлиги сўнгги 10 кун давомида денгизда оғир аҳволда қолган 500 га яқин ноқонуний муҳожирни қутқарди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари уруш ва беқарорлик ўчоқларидан бахт излаб йўлга чиққан мигрантларнинг тақдири хусусида бонг уриб келмоқда.

АА агентлиги хабарига кўра, ҳаёти сақлаб қолинган 500 га яқин муҳожирлар Греция кучлари томонидан Туркия сув ҳудудларига сиқиб чиқарилган. ОАВ муҳожирларни қабул қилмаслик билан боғлиқ бу каби ҳолатлар ҳақида бот-бот хабар бермоқда.

Соҳил хавфсизлик қўмондонлиги маълумотига кўра, биргина 1 июль куни Чаноққалъа қирғоқларида 84 нафар, Измирда 11 нафар ноқонуний муҳожирлар ҳаёти сақлаб қолинган. Омонат резина қайиқларда кетаётган муҳожирлар асосан Эгей денгизида қутқарилган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, ўз мамлакатларидаги уруш ва ихтилофлардан қочиб Европа сари денгиз орқали йўлга чиққан айрим муҳожирлар қайиқ ағдарилиши туфайли ҳалок бўлмоқда, яна айримлари ноинсоний муносабатга дуч келмоқда.

Халқаро ташкилотлар ноқонуний миграция оқибатида муқаррар гуманитар фожиа юзага келишидан огоҳлантирмоқда. Таъкидланишича, сиёсий бошпана сўраётган муҳожирлар, аёллар ва болалар сўровини рад этиш ва улар ҳаётини хавфга қўйиб яна денгизга қайтариш халқаро ҳуқуқ ва инсонийлик тамойилларига зиддир.

Расмий Анқара ўз сув ҳудудларида, хусусан, Эгей ва Ўрта ер денгизида тақдир ҳукмига ҳавола этилган муҳожирларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатишда давом этишини маълум қилган.

Маълумотларга қараганда, жорий йил 1 январдан 31 майгача юнон кучлари томонидан Туркия ҳудудий сувларига қайтарилган 8678 ноқонуний муҳожир қуруқликка чиқарилган.