Сабоҳаддин Али. Ғозлар (ҳикоя)

Дуду қўлида мактуб билан шошилганча муаллимининг уйига борди.
– Шуни ўқиб кўринг, олинг, – деди ҳовлиқиб, – Сайид жўнатибди!
Қишлоқда бекорчиликдан зериккан муаллим Дудунинг ияги остидан тўғри очиқ кўксига кўз ташлади. Аёлнинг оппоқ баданига кийими енгилгина соя солган тасвир муаллимни бир-икки марта ютоқтирди. Кейин қўлини узатиб:
– Майли, бер-чи, – деди.
Дудунинг эри уч йилча аввал тўйда биттасини ўлдириб қўйган, ўн йилга қамалганди. Гарчи ўлим ўқини узганлар саккиз киши бўлса-да, ўша ўқ кимнинг қуролидан чиққани аниқ эмас, фақат Сайид ва дўсти Дурмуштан бошқаси ҳалокат вақтида судга пора бериб беайб деган ҳукм олишганди. Вилоят жазолаш суди эса бу иккаласига қайта тарбияланиш йилларини қамоқда ўтказишни белгилаганди.
Муаллим мактубни ўқий бошлади. У хатида аввало аёлининг исми-шарифига салом-алик қилгач ўзининг яхши инсон эмаслиги, бўлмадаги жойи ёмонлиги ва бит босганидан шикоятланган, Дуду бу сафар келганида бир-икки ғоз келтирса уни мудирга туҳфа қилиб жойини ўзгартиришини, бўлманинг бошроғига, биту сиркадан ҳоли, тозароқ жойга кўчиши ҳақида ёзганди.
Дуду бирдан муаллимнинг қўлидан мактубни тортиб олди. Қўйнига жойлаштирди. Шу пайт муаллим Дудунинг кўкракларини яна бир марта кўриш имкониятига эга бўлди. Дуду мактаб ташқарисидаги қумда умбалоқ ошаётган ўғли Ҳуснини олиб хаёллар оғушида уйига қайтди, нима қилишни ўйлаб боши қотди.
Унинг бор-йўғи битта ғози бор эди, тухумини ҳар кун Илёс афандига олиб бориб пулларди. Ғоз ҳар кун туғса икки ой олдин Ҳуснининг ич кетиш пайтида олган ёғнинг пулини бир ойда тўлай оларди. Ҳозир ғозни шаҳарга олиб чиқса Илёс афанди уйида кўрпа-тўшагини ҳам қолдирмайди, ҳаммасини супуриб-сидириб олиб кетади.
Уйда битта ғоз бор, Сайид эса иккитани истарди.
Овсинининг уйига йўл олди. Бу Сайиднинг акасини аёли эди. Эрини ўн беш кун аввал овда отиб ўлдиришганди. Дуду Сайидни кўргани бориш учун ундан ғоз сўраганида бева ўзини тутолмай, дарғазаб бўлиб:
– Кетинг бу ердан, йўқолинг, – дея бақирди. – Сайидингиз кетиши билан эримни ҳам ўлдиришди. Илоҳим, ҳеч қачон ўша ёқдан чиқолмасин, умри чирисин қамоқда!
Кейин бирдан йиғлаб юборди. Дуду эшикдан чиқди ва қўрққани туфайли бошқа қариндошларникига бориш фикридан қайтди. Кечқурун ухлай олмади. Уйда тўрт яшар ўғлидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Оқшом ҳам ҳар қачонгидан узайганди. Сайиднинг душманлари эрингга ёрдам берма дея унга таҳдид қилишарди. Сайиднинг оғасини ҳам укасига кўмак бергани учун ўлдиришганди. Қишлоқда кимникига ёрдам сўраб бормасин, ҳайдаб чиқаришди. Сайид бор-йўғи иккита ғоз истарди.
Аёл оҳиста ўрнидан туриб ҳовлига чиқди. Катакхонадан ғозни тутиб, оёқларини боғлади. Ғоз бақириб, ҳовлини бошга кўтарди. Ҳовлидаги девор орқасидан бошқа ғозлар жавоб қайтаришди. Дуду бироз хаёлга берилди. Кейин деворнинг яқинда нураб, йиқилган жойи томонга юрди. Қўшни боғга ўтди. Бир-бирини йўқотгани учун ғақ-ғақлаб бурчакларга тиқилаётган ғозлардан бирини тутди. Кўппак уни танигани учун овоз чиқармади…
…Дуду Ҳуснини орқасига боғлади. Ғозларни боғлаб бир қўлига олди. Нариги қўлига ҳам бир тўрва илдирди. Ҳуснининг қўлига кулча ва шарбат тутқазди. Тонгга яқин шаҳар сари одимлай бошлади. Шаҳар ва қишлоқнинг ораси нақ тўққиз соатлик йўл эди.
Сайид уч ойдан бери ҳаста, қамоқхона доктори шифохонда ётишига руҳсат берган, фақат бир неча кун ётар, бошқа касаллиги оғирроқ одам келганида чиқариб юбориларди. Кейинчалик умуман қабул ҳам қилмай қўйишди. Муолажланишидан наф йўқ касалларни шифохоналар қабул қилмасди. Низомда шундай белгиланганди. Бундай касалларнинг жазоларини кечиктириш зарур эди. Фақат Сайид қандай касаллигини билмасди. Қамоқхоналарнинг бундай ҳийлагарликларини билган очиқкўз ва беор маҳбусларнинг ҳам у билан иши йўқ эди. Чунки у жуда бечора эди. Ҳужжат ва ташҳислари прокурорда турар, уни ҳеч ким изламагач у ҳам фурсат кутарди.
У бўлманинг энг ёмон ерида – кўмир печга яқин жойда ётарди. Очликка маҳкум қилинганди. Касаллиги учун ишламас, ҳеч кимга хизмат қилмас, кўмир, сув ташимасди. Кун бўйи жойидан қўзғолмай ётарди. Олдиндаги деразадан бир ҳовуч осмон кўринарди: мовий… Кўзларини ўша ёққа тикар, жимгина ётарди. Қишлоққа бироз вақт мактуб йўллай олмади. Йиғим-терим вақти ҳозир, ишлар чала қолади деб ўйлади. Бошқа кутолмаслигини англагач икки букланган хатни хонасидаги тешикдан олди. Яқинлар билан учрашув куни қамоқхонанинг кўришиш бўлмасига кетаётган бир маҳбусга “Шуни бизнинг қишлоққа кетадиган бирор одамга бериб юбор”, дея узатди. Сўнгра баттар сабрсизлик билан кута бошлади. Мактубни олиб кетаётган қишлоқдошининг бир нечта маҳкамаларда иши бор эди, шунинг учун ўн кун шаҳарда қолди, Сайид эса ҳамон йўл кўзларди. Дуду келса қандай ўрнидан сакраб туриб эшикка боришини ўйлар, нима қилиб, судралиб бўлсаям бораман дерди.
Сайид уйланганидан бир ой ўтиб ҳарбий хизматга кетган, қайтганидан йигирма кун ўтиб эса қамоққа олинганди. Бир сўз билан айтганда, Дудуга тўймаганди. Ундан эса негадидир дарак йўқ эди. Кутишни тўхтатаман деганди, ниҳоят Дуду қамоқхонага келди. Эшик олдида ҳеч ким йўқ эди. Энди кираман деганда жандарм баланд овозда “Ортга қайт!” дея буюрди.
Нариги эшикда турган аскар ғозлар ва тўрвани кўрган заҳоти ёнига чақириб қўл силкиди. Шу пайт бир нечта маҳбус уруш чиқаргани бош қўмондон ўша тарафга йўл олди. Қамоқхона котиби:
– Қабул қилиш жойига олиб боринг, қайд қилишга руҳсат бераман, – дея бақириб хонасига қайтди.
Бош қўмондон эса қўлидаги қоғозни бир нечта аскар ва баъзи маҳкумларга имзолатар, бу ўлган одамнинг тўшаги, сув идиши ва бир жуфт эски этиги кимга қолиши борасидаги ҳужжат эди. Ўлик ортилган забмил ичкаридан чиқар экан бироз нарироқда турган аскар Дудудан:
– Хўш, кимни излаб келдинг? – дея сўради.
– Ўприклик Сайидни, – жавоб қайтарди аёл.
Аскарнинг юзи тундлашди. Қўли билан бироз аввал чиқарилган, қўмондон бошчилигида икки маҳкум томонидан кўмишга олиб кетилаётган замбилни кўратаман деганди, кўзи яна ғозлар ва тўрвага тушди.
Қўлини уларга узатиб:
– У ўз бўлмасида, бироқ бугун учрашув куни эмас. – деди. – Уларни менга қолдириб, бир ҳафтадан кейин кел.
Аскар тўрва ва ғозлар, тишланган нону ярим тўкилган шарбатни олиб, девор остига қўйди. Эшик олдида ҳамон кутаётган Дудуга:
– Бир ҳафтадан кейин кел, дедимку, қани, сур! Буларни ўзим етказиб қўяман. Қани, боравер… – дея бақирди.
Дуду шаҳарда бир ҳафта қололмасди. Ҳуснининг қўлидан тутдию, жим, ердан кўзини узмай юра бошлади. Болакай қайта-қайта орқасига қарар ва “Дадам қани? Қаерда қолди дадам?” дея мизилларди. Дуду “Нега йиғлайсан? Кўрсатишмади. Бўлди, кетдик!” дея боланинг қўлидан силталади ва бироздан кейин сал юмшаб “Хирмонда келганимизда кўрамиз”, деди.
Қишлоққа қайтишди. Уйга кирар-кирмас Дудуни жандармлар ушлаб, олиб кетишди. Ғоз ўғирлагани учун суд қилинди ва уч ой қамоқ жазоси берилди. Жазони қамоқхонада ўтказгани учун хирмонгача Сайиднинг ўлимидан хабар топмади.

1933 йил.

Турк тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси