2007 йилнинг муҳим сиёсий ҳодисаларига назар

Турли ихтилоф ва зиддиятлар маконига айланган кўҳна замин ўтган 2007 йилда ҳам турфа воқеаларга бой бўлди. Хусусан, ярим асрдан буён дунё ҳамжамиятини ўйлантириб келаётган Яқин Шарқ масаласи ўтган йилда янада чигаллашди. Фаластин-Исроил тортишуви, Ироқдаги ҳарбий ҳаракатлар, Эрон ядро тадқиқотлари билан боғлиқ можаро устига Ливан ва Покистондаги сиёсий инқироз қўшилди. Шу билан бирга 2007 йил дунё сиёсатига кучли таъсир кўрсатган сайловлар, ҳокимият алмашувлари билан ҳам ёдда қолди. Қуйида жаҳон сиёсатида 2007 йили рўй берган энг муҳим ҳодисалар эслаб ўтилади.

Сўнгги чорак аср давомида дунё сиёсатдонларининг бедаво «бош оғриғи» бўлиб келган Шимолий Корея муаммосини ҳал этиш борасидаги музокаралар ижобий натижа берди. Бутун дунёни ядро қуроли билан қўрқитишдан безор бўлган мамлакат раҳбари Ким Чен Ир ниҳоят инсофга келди. Ўтган йил бошида корейс доҳийси ядро объектларини ёпишга розилик берди. Коммунизм ғояси билан яшаётган арбобни кўндириш осон бўлгани йўқ. Бунинг учун Шимолий Корея раҳбариятига минглаб тонна ёқилғи берилди ва Пхенян амалдорларининг халқаро банкларда музлатиб қўйилган пулларини олишлари учун имкон яратилди. Ҳозирга қадар Ёнбен ядро реакторидаги тадқиқотлар тўхтатилди. Лекин кузатувчилар ҳали ҳам корейс муаммоси бир ёқли бўлганига тўла ишонмаяптилар. Чунки баҳор ҳавосидек ўзгарувчан феъл-атвор соҳиби бўлган Ким Чен Ир ўтган йиллар давомида неча маротаба ядро тадқиқотидан воз кечиб, яна неча маротаба қайта бошлаган. БМТ каби нуфузли ташкилот кузатувчиларини мамлакатидан ҳайдаб чиқариб ҳаммани лол қолдирган ҳам айни шу Ким Чен Ир бўлади.

Пхенян ҳукуматининг ядро қуролидан воз кечгани йилнинг энг муваффақиятли сиёсий ҳодисаси деб эътироф этилди. Лекин коммунизм тарафдорлари билан тил топишган дипломатлар Эрон билан боғлиқ можароларни ҳал эта олишмади. Йилнинг сўнгги ойларигача Эрон раҳбари Маҳмуд Аҳмадинажод мамлакат физикларининг ядро соҳасида эришган улкан муваффақиятлари ҳақида интервьюлар берди. Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик сўнгсиз текширувлар ўтказиб чарчамади. Жаҳон матбуоти АҚШнинг Эронга ҳужуми эҳтимоли ҳақида шов-шувли мақолалар эълон қилди. Лекин декабрь ойида ҳеч ким кутмаган сенсация рўй берди. АҚШ махсус хизмати томонидан Эрон 2003 йилнинг кузидаёқ ўз ядро объектларини ёпгани тўғрисида маълумот эълон қилинди. Бу воқеа Теҳронга қарши мустаҳкам позицияда турган ва Эрон раҳбариятини оммавий қирғин қуролига эгаликда айблаётган АҚШда рўй бергани, боз устига хабар манбаси махсус хизмат экани билан ҳамманинг эътиборини тортди.

Ядро тадқиқотлари борасидаги можаро ортидан тилга тушган Эрон ҳукумати ўтган йили Буюк Британиянинг 15 нафар денгизчисини ҳибсга олиб, яна бир дипломатик ихтилофга сабаб бўлди. Эрон раҳбарияти денгизчиларни жосусликда айблади. Ўз навбатида расмий Лондон Теҳронни халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузаяпти деган иддао билан чиқди. Икки ҳафтага чўзилган мунозара жосусликда гумон қилинган инглиз денгизчиларининг Эрон президенти томонидан озод этилиши билан хотима топди.

Европа томон интилаётган Туркия учун ҳам йил анчайин беҳаловат келди. Мамлакат президентини сайлаш оммавий норозилик чиқишларга олиб келди. Норозилик акциялари, парламентдаги ойлаб давом этган муҳокамалардан кейин Абдуллоҳ Гул Туркия президенти этиб сайланди. Анқара йил давомида Шимолий Ироқдаги курд жангариларига қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаши ҳақида баёнотлари билан минтақада ўз таъсирини оширишга уринаётган давлатларнинг тинчини бузди. Турк армияси бу борадаги айтилаётган гаплар шунчаки таҳдид эмаслигини кўрсатиб, курд жангариларига қарши бир неча амалиёт ҳам ўтказди. Лекин Анқара ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолган масала ўтган йили ечим топмади. Янги 2008 йилда ҳам Туркия курд жангариларига қарши курашни давом эттирадиган кўринади.

Фаластиндаги аҳвол ўтган йилда янада мураккаблашди. Мухторият ҳудудида мустақил давлат ў»рнига қўшҳокимиятчилик юзага келди. Сиёсий курашлардан кейин ҳокимият тепасига келган ХАМАС ҳаракати ва мухторият раҳбари Маҳмуд Аббос муросага келишолмади. Оқибатда ўзи шундоқ ҳам мўъжазгина ҳудуд иккига бўлиниб кетди. Қуролли тўқнашувлардан кейин Ғазо сектори ХАМАСга, Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғи Маҳмуд Аббос бошчилигидаги ФАТХ ташкилотига тегди. Ҳокимият дарди фаластин сиёсатдонларини яна асосий мақсад — мустақил давлат ташкил этиш ғоясидан чалғитди.

Қўшни Исроилда ҳам турфа сиёсий можаролар рўй берди. Ливанга қарши ҳарбий ҳаракатларни ўрганиб чиққан ҳукумат комиссияси муваффақиятсизлик учун жавобгарликни бош вазир Эхуд Олмерт зиммасига юклади. Бош вазирку, амаллаб ўз курсисини сақлаб қолди. Лекин ахлоқсизлик билан боғлиқ жиноятда айбланган Исроил президенти Моше Катсав бегуноҳлигини исботлаб бера олмади ва муддатдан олдин истеъфога чиқарилди.

Покистонда ўтган йил охирида рўй берган фожиа дунё аҳли томонидан хавотир билан қабул қилинди. Президент Парвез Мушарраф томонидан мамлакатда фавқулодда вазият жорий этилгани ички барқарорликни издан чиқарди. Сиёсий инқироз охир-оқибат 27 декабрьда мамлакатнинг кўзга кўринган сиёсатдонларидан бири Беназир Бхуттонинг ўлдирилиши билан якунланди. 54 ёшли сиёсатдон хоним 1988-90 ва 1993-96 йилларда Покистон бош вазири лавозимида ишлаган эди. Мухолиф сиёсий гуруҳлар етакчиси бўлган Бхуттонинг ўлими мамлакатдаги беқарорликни янада кучайтириб юборди.

Россияда президент Владимир Путиндан кейин унинг ўрнини ким эгаллаши мумкин деган савол бутун дунё ҳамжамиятини қизиқтириб келаётган эди. Ўтган йилнинг декабрьида мана шу саволга жавоб топилди. Владимир Путин айни пайтда Россия ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатаётган Дмитрий Медведов номзодини президентлик сайловида ёқлашини маълум қилди. Сайловга ҳали 2 ойдан ошиқроқ вақт бор. Лекин ҳозирданоқ аксарият кузатувчи ва таҳлилчилар Владимир Путиннинг энг ишонган кадрларидан бири 42 ёшли Дмитрий Медведовнинг ғалабасига шубҳа қилишмаяпти.

Шарқ мамлакатларида бўлгани каби Ғарб давлатларида ҳам ўтган йилда бир қатор муҳим сиёсий ўзгаришлар рўй берди. Ёз ойларида узоқ кутилган истеъфо кузатилди — 10 йил давомида Буюк Британия ҳукуматига раҳбарлик қилган бош вазир Тони Блер партиядош дўсти ва… рақиби Гордон Браун фойдасига лавозимидан воз кечди. Ўз ихтиёри билан, муддатдан олдин бош вазирликдан воз кечган арбоб ишсиз қолгани йўқ. Ҳукуматни топширар-топширмас Тони Блер Яқин Шарқ муаммоларини ҳал этиш бўйича комиссияга раҳбар этиб тайинланди.

Буюк Британия бош вазири ортидан Франция президенти Жак Ширак ҳам истеъфога чиқди. 12 йил мобайнида франтсуз давлатини идора этган президент Ширак ўз ўрнини ички ишлар вазири вазифасида ишлаб келган Николя Саркозига бўшатиб берди. Франциянинг янги раҳбари ўз вазифасига киришган заҳоти дастлабки қилган иши Ливияда узоқ йиллардан бери ҳибсда сақлаб келинаётган ва ўлим жазосига ҳукм этилган болгариялик ҳамшираларни озод қилиш бўлди. Гарчи оилавий қўйди-чиқдилар туфайли жамоатчиликда Франция президентига қарши кайфият юзага келган бўлсада, мазкур дипломатик муваффақият унинг обрўсини кескин ошириб юборди.

Шарқий Европада ўтган йилдаги энг муҳим сиёсий ўзгаришга Полша давлати мезбонлик қилди. 2005 йили Полша ҳокимияти тепасига ака-ука Лех ва Ярослав Качинскийлар келган эди. Бош вазирлик ва президентликни ўзаро бўлишиб олган ака-укалар муроасасиз хатти-ҳаракатлари билан Полша ва айни пайтда бутун Европа сиёсатини ўзгартириб юборишди. Агар ака-укаларнинг «бебош» ҳаракатлари Африка ёки бошқа бирор «ўртамиёна» давлатда рўй берганда, бу ҳолат узоқ давом этиши мумкин эди. Лекин замонавий Европада бундай сиёсатга кўпда тоқат қилишмайди. Ўтган йилнинг октябрида ўтказилган парламент сайловидан кейин ака-укаларнинг каттаси (Ярослав Качинский) бош вазирликдан кетишга мажбур бўлди. Эгизакларнинг кичиги — Лех Качинский эса президентлик ваколатини сақлаб қолди.

Европа учун «кўпга келган тўй» бўлиб қолаётган Косово можароси бу йил ҳам ўзгаришсиз қолди. БМТ Бош котибининг махсус вакили Марти Ахтисаари ҳар қанча елиб-югурмасин Косовога мустақиллик бериш тўғрисидаги резолцияни Россия ва Хитойга маъқуллай олмади. Эндиликда бу масалани Европа Иттифоқи кўриб чиқиши кутиляпти.

Дарвоқе, Европа Иттифоқи учун интеграция ўтган йилда ҳамма даврдагидан ҳам кўра долзарброқ аҳамият касб этди. Франция ва Нидерландияда ЕИ Конституциясини қабул қилиш бўйича референдум муваффақиятсизликка учрагандан кейин Иттифоқ етакчилари мураккаб аҳволга тушиб қолишди. Лекин улар бир амаллаб оғир вазиятдан чиқиш йўлини топишди. ЕИ Конституция эмас, конституциявий шартнома қабул қилиш билан чегараланди.

Европа Иттифоқи давлатлари орасидаги келишмовчиликлар дунё миқёсида ўзаро муросага эришиш нечоғли қийин эканини яна бир карра тасдиқлади. (Ҳолбуки, ер юзидаги энг йирик бирлашма бўлиб турган ЕИ 1955 йилда ташкил этилган). Лекин ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам некбин фикр бўлгани яхши. Шу маънода 2007 йилда ўз ечимини топмаган кўплаб халқаро можаролар янги йилда буткул ҳал этилишига умид қилиб қоламиз.

Собиржон Ёқубов,
«Ҳуррият»дан олинди.