Покистонда эълон қилинган фавқулодда ҳолат сиёсий инқирозни келтириб чиқарди

Покистон иқтисодий ривожланиш борасида жанубий Осиёнинг бошқа давлатлари, дейлик, қўшни Ҳиндистондан анча қуйироқда туради. Лекин шунга қарамай, мамлакат халқаро майдонда ўзига хос таъсир кучига эга — манаман деган давлатлар ҳам Исломобод билан ҳисоблашади. Халқаро ҳамжамиятнинг Покистонга беэътибор бўлишига йўл қўймайдиган омиллар талайгина. Бу ўринда мамлакат сайёрамизнинг ядро қуролига эга бўлган бармоқ билан санарли давлатлари қаторида туришини эслаш кифоя. Шу боис, ҳам Покистонда рўй берган ўзгариш оз вақт ичида Европада, ундан ўтиб Колумб кашф этган қитъада акс садо беради. Президент Парвез Мушарраф томонидан мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилгани дунё майдонида катта шов-шувларга сабаб бўлгани ҳам ана шундан, эҳтимол.

Аслида яқин тарихи давомида узоқ вақт ҳарбийлар томонидан бошқарилган, бир неча маротаба генераллар уюштирган давлат тўнтаришлари гувоҳи бўлган мамлакат учун фавқулодда ҳолат ҳам кундалик ҳодисадек гап бўлмоғи керак эди. Лекин мамлакатда сўнгги пайтларда партиялар ва ташқи давлатлар таъсиридаги мухолифатнинг кучайгани сезилмоқда. Бу эса сиёсий ҳаётда ҳам ўз аксини кўрсатмоқда.

Президент Парвез Мушарраф кутилмаганда, мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этди, 1973 йилдан бери амалда бўлган Конституцияни вақтинча тўхтатди. Олий судни тарқатиб юборди. Мамлакатдаги нодавлат телерадиоканаллар фаолиятига ҳам вақтинча чек қўйилди. Парвез Мушарраф ушбу кескин ҳаракатни радикал террорчи ҳаракатларнинг кучайиб кетгани, шу билан бирга Олий суднинг ижроия ҳокимияти ва парламент ишига аралашгани билан изоҳлаган.

Покистонда охирги пайтларда радикал ҳаракатларнинг кучайиб кетгани, мамлакатнинг турли ҳудудларида қўпорувчиликлар тинмаётгани бор гап. Бундан ташқари, мамлакатнинг Афғонистон билан чегарадош ҳудуди, Жанубий Вазиристонда ҳам қўпорувчи гуруҳлар яна жонланиб қолди. Оқибатда сўнгги бир-икки ой ичида амалга оширилган терактларда 800 дан ошиқ киши қурбон бўлди.

Фавқулодда ҳолат эълон қилинишидан бир кун олдин мутаассиб гуруҳлар томонидан Покистон армиясининг 120 нафар аскари ўғирлаб кетилгани, қурол-яроғи олиб қўйилган ҳарбийлар сазойи ҳолда қўйиб юборилгани ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. Бу ҳодиса асли ҳарбий етакчи бўлган генерал Парвез Мушаррафнинг жаҳлини чиқариб юборган бўлиши ҳам мумкин.

Парвез Мушаррафнинг Олий суд тўғрисида айтган танқидий фикрларига келганда, бу ҳолатни президент сўнгги вақтларда адолат маҳкамаси билан кўп бора ихтилофга боргани билан изоҳлаш тўғрироқ бўлар эди.

Жорий йилнинг 6 октябр куни Покистонда президент сайлови бўлиб ўтди. Қонунларга кўра, парламент депутатлари иштирокида ташкил этилган президент сайловида Парвез Мушарраф узил-кесил ғалаба қозонди. Депутатларнинг 257 нафари ҳарбий етакчини ёқлаб овоз берди. Сайловда номзод сифатида қатнашган собиқ судья Важи Юддин Аҳмад эса бор-йўғи иккита овоз олишга эришди.

Сайлов натижалари Покистон мухолифати томонидан ноқонуний деб баҳоланди. Парвез Мушарраф бир пайтнинг ўзида ҳам президент, ҳам бош қўмондон экани, ҳарбий соҳа вакилининг давлат раҳбари бўлиши эса Конституцияга мувофиқ эмаслигини далил келтирган мухолифат Олий судга мурожаат қилди. Гарчи Олий суд президент сайлови масаласида аниқ хулоса билдирмаган бўлса ҳам, судьяларнинг аксарияти амалдаги давлат раҳбарига қарши кайфиятда экани маълум бўлиб қолган эди. Бу ҳолат ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилиниши ва Олий суднинг тарқатиб юборилишини маълум маънода тезлаштирган бўлиши мумкин.

Аслини олганда, Покистондаги вазиятдан хавотирда бўлган халқаро ҳамжамият учун барқарорлик ва тинчликни сақлаш борасида Парвез Мушаррафдан ҳам муносиброқ номзод йўқ. 1999 йилнинг 12 октябрида давлат тўнтариши билан ҳокимиятга келган Парвез Мушарраф ўтган йиллар давомида дунёнинг етакчи мамлакатлари билан тил топиша олди. 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин халқаро террорга қарши курашнинг асосий иштирокчиларидан бирига айланди. Толибон ва бошқа радикал ҳаракатлар макони бўлиб қолган Покистонда жангариларга қарши кескин кураш олиб борди ва мамлакатни бирмунча барқарор ҳолатга келтирди. Яна бир муҳим жиҳати, машҳур Қодир Хон томонидан ихтиро этилган Покистон ядро қуролининг жангари кучлар қўлига тушмаслиги учун керакли чораларни кўрди. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида у ҳарбий раҳбарлар билан кўпда чиқишавермайдиган халқаро ҳамжамиятнинг кўнглига йўл топа олди.

Парвез Мушаррафнинг давлат раҳбари сифатида қолиши хавфсизлик важидан АҚШга, Россияга, қолаверса, Европа Иттифоқи давлатларига ҳам маъқул бўлиши мумкин. Ғарб давлатлари сиёсий идоралари вакиллариниг Покистондаги вазиятга баҳосида кескин танқид эмас, эҳтиёткор маслаҳат оҳанги сезилаётгани ҳам бежиз эмас. Бу билан етакчи давлатлар Парвез Мушарраф ҳокимиятда қолгани маъқул экани, лекин бунга кескин ҳаракатлар билан эмас, келишув ва муроса билан эришиш кераклигига ишора қилаётгандеклар…

Дарвоқе, Покистондаги сиёсий инқироз ҳолатида собиқ бош вазир, яқиндагина сургундан қайтган Беназир Бхуттонинг ўрни қандай бўлиши мумкин? Мамлакатдаги қудратли ҳаракатлардан — Халқ партияси раҳбари бўлган сиёсатдон хоним саккиз йиллик муҳожиротдан Парвез Мушарраф изни билан қайтар экан, унга ҳукумат бошлиғи лавозими норасмий тарзда ваъда қилинган эди. Бироқ Олий суд билан чиққан ихтилоф ва унинг ортидан эълон қилинган фавқулодда вазият барча режаларни йўққа чиқарди. Ҳозир ҳам Беназир Бхуттонинг бош вазир бўлиш имконияти мавжуд. Бунинг учун фавқулодда ҳолат бекор қилиниши ва 2008 йилнинг бошларига мўлжалланган парламент сайлови ўтказилиши керак. Ҳокимият тўла ягона шахс қўлига ўтган фавқулодда ҳолат шароитида эса сиёсий ўзгаришларга умид қилмаса ҳам бўлади.

Собиржон Ёқубов,
«Ҳуррият»дан олинди.