– Ижодий жараён ҳақида сўзлаб бера оласизми? Қайси пайтда ишлайсиз? Қатъий кун тартибига амал қиласизми?
– Бирор китоб ёки ҳикоя устида ишлаётган пайтим тонг саҳарда ёзишга ўтираман. Қанча эрта бўлса, шунча яхши. Бу вақтда менга ҳеч ким халал бермайди, ҳаво ҳам салқин, баъзида эса этни жунжиктирадиган даражада совуқ бўлади. Ёзаётганимда ўз-ўзимдан қизиб кетаман. Сўнгги ёзганларимни қайта ўқиб чиқаман. Одатда, ишни воқеалар бундан буёғига қандай ривожланишини билгач, тўхтатаман.
Кейинги кун худди шу жойдан давом эттираман. Ёзишга кучим етгунига қадар ишлайман. Ишни тугатгач, тонггача кутаман ва кейинги кун яна ёзишга киришаман. Дейлик, олтида иш бошлайман. Тушгача ёки ундан сал ўтиб ишни тўхтатаман.
Ўй-фикрини қоғозга тўкиб олган ёзувчи севгани билан яқинлик қилган кишига ўхшаб ўзида бир бўшаш ҳиссини, шу билан бирга қониқиш-кўнгли тўлиш ҳиссини туяди. Эртага яна ишга қайтгунига қадар унга ҳеч нима зарар етказа олмайдигандек, ҳеч қанақа ёмон ҳодиса юз бермайдигандек, ҳеч нарсада маъно-мазмун қолмагандек туюлади. Энг қийини – эртанги кунгача чидаш.
– Охирги ёзиб тугатилган парчаларга тузатиш киритасизми? Ёки асарни тамомлаганингиздан кейингина таҳрирга киришасизми?
– Ҳар куни сўнгги ёзганларимни таҳрир қиламан. Асар битгач эса, уни яна бир қур ўқиб чиқаман. Матнни машинкада тераётганимда ҳам у-бу жойга тегинишим мумкин. Бундан кейин энди у оқламага айланади. Ўзгартириш киритиш имкони фақат қораламада бор. Таҳрир учун шунча имконият борлигига шукр қиламан.
– Ўзгаришлар кўп бўладими?
– Бу вазиятга боғлиқ. “Алвидо, қурол!” романининг тугалланиш қисмини кўнглим тўлгунига қадар ўттиз тўққиз марта қайта ёзганман.
– Ёзувчи бўлиш фикри сизда маълум бир шарт-шароит туфайли пайдо бўлганми?
– Йўқ, мен ҳамиша ёзувчи бўлишни орзу қилардим.
– Бошловчи ёзувчиларга қандай интеллектуал машқларни тавсия этган бўлардингиз?
– Ҳм… Дейлик, яхши ёза олмаслигини тушунди. Шарт борсин-да, ўзини оссин. Кейин арқонни аямай, қирқиб ташласин ва бутун умри давомида қўлидан келганича, кучи етганича яхши ёзишга ўзини мажбурласин. Ҳеч бўлмаганда, бошлаш учун унда “осилиш” ҳақидаги воқеа, яъни материал бўлади.
– Ёш ёзувчиларга газетада ишлашни тавсия этган экансиз. “Kansas City Star” газетасидаги иш тажрибаси сизга қанчалик фойда берган?
– “Kansas City Star”да бизни содда, равон тилда ёзишни ўрганишга мажбур қилишган. Бу ҳамма учун фойдали. Газетада ишлаш ёш ёзувчига ҳеч қандай зарар етказмайди, қайтага фойда бериши мумкин, агар у вақтида кета олса. Бу унча ишончли бўлмаган ва сийқаси чиққан гап. Уни ишлатганим учун узр сўрайман. Лекин кимгадир эски ва кўп чайналган савол берсангиз, ундан албатта шу хилдаги жавобни оласиз.
– Кўп таъсирланган, ўрганган ёзувчиларингиз қаторига кимларни киритишингиз мумкин?
– Марк Твен, Флобер, Стендал, Бах, Тургенев, Толстой, Достоевский, Чехов, Эндрю Марвелл, Жонн Донн, Мопассан, Киплингнинг энг яхши асарлари, Торо, Фредерик Морриет, Шекспир, Моцарт, Кеведо, Данте, Вергилий, Тинторетто, Босх, Брейгел, Патинйе, Гойя, Жотто, Сезанн, Ван Гог, Гоген, Сан Хуан де ла Круус, Гонгора… Ҳаммасини санаш учун бир кун эртадан-кечгача вақт сарфлашим керак. Бундай қиладиган бўлсам, ҳаётим ва ижодимга таъсир кўрсатган одамларни санаш ўрнига аслида ўзимда бўлмаган билимдонлик билан мақтанаётганга ўхшаб қоламан. Бу аҳмоқона савол эмас. Бу ақлли савол, шунинг учун ҳам жуда жиддий, виждонинг билан ҳисоблашишни талаб этади. Юқоридаги рўйхатга бир қатор рассомларни ҳам киритдим. Чунки улардан ўрганганим ёзувчилардан ўрганганимдан кам эмас. Сиз албатта, қандай қилиб, деб сўрашингиз мумкин. Буни тушунтириш учун ҳам яна бир кун керак бўлган бўларди. Яна бир гап: ёзувчи бастакорлардан ҳам ўрганади. Улардан оҳанглар уйғунлиги ва ранг-баранглигини ўзлаштиради.
– Кимдир айтганди: ёзувчи бутун ижоди давомида бир ёки иккитагина ғояни талқин этади. Нима деб ўйлайсиз, сиз бир ёки иккитагина ғоя билан ёзасизми?
– Ким айтган экан бу гапни? Ўта беъмани-ку! Менимча, шу гапни гапирган одамда бир ёки иккитагина ғоя бўлган бўлса керак.
– Бўпти, саволни бошқачароқ қўямиз. Грэм Грин интервьюларидан бирида битта кучли туйғу ёки иштиёқ қатор романларни тизимга жойлаши, бирлаштириши мумкин, деганди. Менимча, ўзингиз ҳам катта адабиёт адолатсизликка нафрат туйғусидан бошланади деган гапни айтгандингиз. Нима деб ўйлайсиз, романнавис кучли бир ҳиссиёт босими остида бўлиши керакми?
– Жаноб Гриннинг ҳукм чиқариш қобилияти зўр, мен эса бунақа иқтидорга эга эмасман. Менга қатор-қатор романлар, ёки ўқ отгандан кейинги тутун, ёки бўлмасам ғозлар галаси ҳақида умумлашма бир фикр айтиш мумкин эмасдай кўринади. Бироқ, умумлашма қилишга уриниб кўраман. Адолат ёки адолатсизлик туйғусидан маҳрум ёзувчи роман ёзгандан кўра, иқтидорли болалар мактабига бориб йиллик ҳисобот-тўплам чиқаргани маъқул. Менинг умумлашмам – шу. Тушунарли бўлдими? Ҳаммаси очиқ-ойдин кўриниб турган вазиятда умумлашма қилиш жудаям осон. Яхши ёзувчида яхшини ёмондан, ҳалолни ҳаромдан ажрата оладиган туғма, Худо берган қобилият бўлади. Уни ёзувчининг сеҳрли қуроли дейиш мумкин, барча буюк ёзувчилар бундай қуролга эга бўлган.
– Ниҳоят сўнгги савол. Сиз бадиий асарлар муаллифи сифатида ўз санъатинингизнинг вазифаларини нималарда кўрасиз? Воқеаларни тасвирлашдами ёки уларнинг сабабларини очиб беришдами?
– Нима сабабдан бунга қизиқиб қолдингиз? Ёзувчи бўлган ва бўлаётган, маълум ва ҳеч қачон маълум бўлмайдиган нарсалардан тасвир эмас, балки айни дамдагидан ва атроф-борлиқда кўриниб турганидан кўра ишончлироқ бошқа бир воқелик яратади. Унга гўё жон бағишлайди; агар бу ишни яхши уддалай олса, асарга мустаҳкам соғлик ва умргузаронлик ҳам бахш этади. Тушунишимча, мен айнан шунинг учун ёзаман, бошқа ҳеч нарса учун эмас. Ва албатта ҳеч ким билмайдиган бошқа сабаблар ҳам бор.
(Эрнест Хемингуэй ва Жорж Плимптоннинг ушбу суҳбати 1958 йили “The Paris Review” журналининг 21-сонида босилган)
Русчадан Ориф Толиб таржимаси