Куз кунларининг бири эди. Кечаси алламаҳалда телефон жиринглаб қолди. Гўшакни олсам, дўстим Озод!
— Уйқунгни буздимми? Табриклайман. Халқ ёзувчиси деган унвон олибсан.
— Раҳмат, оғайни, — дедим. — Хоҳласанг ҳозир, хоҳласанг эрталаб офтоб чиқмай келавер.
— Сен ўз унвонинг билан бўлиб, эшитмаганга ўхшайсан. Зулфия опамиз сенинг унвонингдан ҳам баландроқ давлат мукофотига сазовор бўлибдилар. Эрталаб бориб, Опани табриклайлик. Кейин сенинг унвонингни ювамиз. Бўладими?
— Бўлганда қандоқ, — дедим ва ҳазиллашдим:
— Сен кундан-кунга ақлли бўлиб кетяпсан. Охири бахайр бўлсин!
Эрталаб офтоб чиқар-чиқмас Зулфия опани табриклагани бордик. Одам деган ҳовлига сиғмайди. Опа табиатан чиройли аёл, янада очилиб-сочилиб, гўзал бўлиб кетганлар. Шу пайт ташқаридан чилдирма, карнай-сурнай овози эшитилди.
Ҳовлига шогирдлари қуршовида Мукаррамахон Турғунбоева кириб келдилар. У киши муқом қилиб бориб, Опанинг оёқлари олдига чўккаламоқчи бўлди. Лекин опа бунга қўймай ҳаммамизни ичкарига таклиф қилди. Бир маҳал, Уйғун ака айтгандек, Яшин полвон кириб келдилар. У киши келишлари билан шампан шишалари пақ-пақ очилиб, ўйин-кулги осмону фалакка чиқди. Кулги ва қийқириқлар босилгач, Озод Яшин акага мурожаат қилиб:
— Зулфия опамизнинг тўйлари, мана, жуда гўзал ўтяпти. Энди Одилнинг тўйи нима бўлади. Бунинг унвонини қачон ювамиз? — деб қолди.
Яшин ака Озоднинг тагдор гапига тагдор жавоб бериб шундай дедилар:
— Буёғи, мана, Одилнинг ўзига боғлиқ. Биз хизматга тайёрмиз!
Мен ҳам бу ҳазил-мутойибага жавоб беришга уриниб:
— Камина хизматга тайёрман. Қўй сўй, десаларингиз — қўй, ҳўкиз десаларингиз ҳўкиз сўяман,— деб кулдим.
Ўша куни кечқурун “Литературная газета”нинг янги бўлим бошлиғи Ахиёр Ҳакимов телефон қилиб: “Байрам сони етиб бордими, ўқидингми?” — деб сўради. Газета ҳали етиб келмаганди.
— Бугун бўлмаса, эртага етиб боради. Ўқи, бошинг осмонга етади, — деди Ахиёр.
Мен: “Нима гап ўзи?” деб сўрасам, Ахиёр:
— Йўқ, айтмайман, газетани ўзинг ўқиганинг яхши, — деб кулди-да, трубкани қўйиб қўйди.
Қани энди тун ўтса-ю, тонг ота қолса!.. Бир бало қилиб тонг оттирдим-да, газетанинг уйга келишини кутмай, почтага югурдим. Газетани олиб очсам… ижодим ҳақида катта мақола! Гап мақолада ҳам эмас, энг муҳими — мақолани Чингиз Айтматов ёзган! У асосан “Улуғбек хазинаси”ни таҳлил қилиб, асарга ижобий баҳо берган. Улуғбекни эса Коперник, Галилейлар қаторига қўшган.
Умримда бунақа мақтов эшитмаган одам, тўсатдан елкамга қўнган “бахт қуши”дан оламга сиғмай уйга чопдим. Эшикдан киришим билан телефон жиринглади, гўшакни олсам… дўстим Озод! У “Улуғбек хазинаси”га юксак баҳо берганлардан бири эди. Фикрлари Чингизнинг фикрлари билан уйғун келганидан у ҳам хурсанд.
— Икки оёғингни қўлингга олиб чоп бу ёққа! — дедим…
Бир ҳафта, ўн кунлардан кейин Билимлар уйида (Навоий театрининг ёнбошида) каминанинг ижодий кечаси бўлди. Умумий раҳбарликни Озод ўз қўлига олиб, баъзан-баъзан нотиқларга луқма ташлаб, зални кулдириб турди. Кечада “Ҳамза” театри артистлари “Улуғбек хазинаси”дан парчалар ижро этишди.
Шундай қилиб, камина ҳам “классик”лар қаторига қўшилиб қолдим… Ўша йиллари Абдулла Қаҳҳорнинг 60 йиллик тўйи ўтадиган бўлди. Ёзувчилар боғи одамга тўла. Қўлида кетмон ушлай оладиган ҳамма боғда. Абдулла аканинг ўзлари эса чорбоғи ёнидаги бир туп гужум тагида Абдулла Орипов билан суҳбатлашиб ўтирардилар.
Абдуллажон камина билан кўришди-да:
— Мен энди ҳашарчиларга қўшилай, — деб ўрнидан турди.
— Катта истеъдод, — дедилар Абдулла ака. — Катта шоир! Унинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” деган шеърини ўқиганмисиз?”
— Ўқиганман, ўқиганман. У анов бизнинг кўчаларимизда жизиллаб кабоблар, дошқозонларда паловхон тўралар пишяпти… Кела қолинглар Ўзбекистонга! — дегандай шеърларга қарши ёзилган-да, дедим!
— Ҳа, ҳа. Худди шу фикрни айтиш учун ёзган… Анов сўнгги шеър-чи. Ёдингизда бўлса бир-икки сатрини ўқиб беринг!
— Қайси бирини айтяпсиз?
— Анов… Муҳаббат ҳақидаги шеъри бор-ку, тўйларда айтиляпти…
Абдулла ака шоирнинг “Биринчи муҳаббатим” шеърини айтаётган эди. Бу шеър бир-икки ўқишдаёқ ёдимда қолган.
* * *
Абдулла Қаҳҳорнинг 60 йиллик тўйини “ЛГ” қандай нишонлашини билиш учун Валентина Панкинага телефон қилдим.
— Биз юбилейларни, ҳатто йирик ёзувчиларнинг тўйларини ҳам катта қилиб ёрита олмаймиз, — деди Панкина, сўнг бир дақиқа ўйланиб тургач:
— Энг яхшиси Абдулла Қаҳҳорнинг ўзи муҳим бир масалада бизда чиқиш қилсинлар. Биз уни тўйгача газетада чиқарайлик, — деди.
Мен бу гапни Абдулла акага айтдим. У кишига ҳам бу фикр маъқул бўлди.
— Фақат битта шартим бор. Мақоламга қалам теккизмай, қисқартирмай боссалар, ёзиб бераман. Агар қайчилаб, гўштини ахлатга ташлаб, фақат суягини чиқарадиган бўлса, ундан кўра ҳеч нарса бермаганлари яхши.
Қисқаси, ҳафта ҳам ўтмай Абдулла ака менга телефон қилиб:
— Келинг, буюртмангизни олиб кетинг, — деб қолдилар.
Дарҳол етиб бордим. Мақола пахтакорлар ҳаёти ҳақида, тўғрироғи, пахтакор аёлларимиз меҳнати ҳақида эди.
— Баъзи бир юзаки адибларимиз асарларини ўқисангиз, — деб бошланар эди мақола, — уларда қиз-жувонларимиз далага атлас кўйлак кийиб чиқади ва қирқ даража жазирама иссиқда қўшиқ айтиб, чопиқ қиладилар ва завққа тўла ҳаёт кечирадилар. Далаларимизда туну кун чилдирма ва карнай-сурнай садолари янграйди… Хуррам қиз-жувонлар рақсга тушганлари-тушган… Шунда карнай ва сурнай оҳангига йўрғалашни билмаган шоир ва ёзувчиларимиз ҳам қиз-жувонларга қўшилиб, рақсга тушиб асар ёзар эмишлар…
Мақола чиққандан кейин бўлди тўполон, бўлди тўполон! Қасдига олиб, худди ўша кунлари Тошкентда, вилоятларда теримга тайёргарликка бағишланган қурултойлар ўтаётган эди… Фақат оддий деҳқонларимизгина эмас, ўша маҳалда катта довруғ қозонган Турсуной Охунова билан Валентина Тюпколарга ҳам мақола чаён чаққандай таъсир қилди.
Табиий, камина бўлаётган гапларни таҳририятга айтиб турдим. Панкинага телефон қилиб, вазият у ўйлаганидан чуқурроқ эканини тушунтирдим.
— Қўй, кўп ваҳима қилаверма, буларнинг ҳаммаси кўпик-ку! Кўпик эса, албатта, босилади, — деди Панкина.
Дарҳақиқат, ўша гапнинг эртасидан бошлаб, А.Қаҳҳор мақоласидан бошланган ур-йиқит танқид аста-секин пасайиб, ниҳоят ўчди.
Кунлардан бирида менга Шукрулло телефон қилиб қолди:
* * *
— Тошкентга Чингиз келибди. У “Тошкент” меҳмонхонасида экан. Мен уни меҳмонга чақирдим, у келадиган бўлди. Олиб кел, гаплашиб ўтирамиз.
Мен у пайт Чингизни унча яхши танимас эдим. Уни Пиримқул яхши билар, улар Москвада танишган экан. Мен унга телефон қилдим. Шукруллонинг илтимосини айтдим. У жон-жон деб рози бўлди. Уч киши бўлиб, шоирнинг “ғариб кулбаси”га кириб бордик.
Шунда Чингиз Шукрулло акадан нима ёзаяпсиз, оқсоқол, — деб сўради.
— Мен худди шу бугун янги достонимни тугатиб, нуқта қўйдим, — деди шоир.
— Бўлмаса, бир бобини ўқиб беринг, палов олдидан шўрва бўлсин, — деди Чингиз.
Шукрулло ака ҳам худди шуни кутиб турган экан, дарҳол ўқишга киришиб кетди.
“Эски шаҳарнинг эски ҳовлиси. Лекин бу эски ҳовлининг ўзига хос бетакрор бир гўзаллиги бор. Ҳовли ўртасида катта супа. Супа атрофида сада райҳон ва гултожихўрозлар ўсади… Кечалари бу гул ва райҳонлар билан шамол ўйнашади. Шунда бутун ҳовли гул ва райҳон ҳидига тўлади. Тўғрироғи, илгари шундай бўлган. Энди-чи? Энди супа атрофидаги ариқчадан ароқ шишалари-ю, майда-чуйда ахлат қолдиқлари оқиб ўтади. Уларнинг қўланса ҳиди гул ва райҳон бўйларини босиб кетади. Шоир бундан ларзага тушади. Ароқ шишаларини оқизиб юборган одамларни қарғайди. Аммо қарғиши ароқхўрлар қулоғига етиб бормайди…”
Парча Чингизга маъқул бўлди. У шоирнинг янги асарига оқ йўл тилаб, қадаҳ кўтарди. Мен эсам, ўқилган парчани газетада эълон қилиш учун чўнтагимга солволдим.
* * *
Эртасига Пиримқул иккимиз Чингизни кузатиб қўйдик. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, Шукрулло достонининг парчаси Чингиз ёзган миттигина сўзбоши билан бир бет бўлиб, газетада чоп этилди. Гарчи, Шукрулло достони тўлиқ босилмаган бўлса ҳам, газетхонлардан табриклар келди, хатлар ола бошладик…
Мен ҳамон “Литературная газета”да ишлайман. Газета ўзининг ўткир чиқишлари билан фақат шўролар юртида эмас, хорижда ҳам машҳур эди. Таҳририят мухбирлардан ҳам шундай ўткир чиқиш ва жиддий танқидий мақолалар талаб қиларди. Бу талаб, табиий, маҳаллий раҳбарларнинг жиғига тегар, улар мухбирлардан “катта ютуқларимиз”ни мамлакат миқёсига олиб чиқишни талаб қилишарди. Мен кундалик ахборотларимда бу ютуқлар ҳақида ҳам кичик-кичик хабарлар бериб турардим, албатта. Лекин катталаримиз бу чиқишимни хушлайвермас, улар мухбирлардан “катта бунёдкорлик ишларимиз” ҳақида ёзишни истар эдилар…
Шундай кунларнинг бирида ёзувчи Шукур Холмиразев:
— Юринг, Одил ака, бизнинг Бойсун томонларга бориб келайлик. Сизни Бойсун тоғларига олиб чиқамиз, биз томонларнинг одамлари ҳам бошқача: тўғрисўз, мард, чапани. Уларни кўрасиз, танишасиз, хуллас, ўйнаб келамиз, — деб қолди. Таклиф менга ёқди, чунки ундан беш-олти ой аввал мен Қашқадарёга бориб, у ердаги газ кончилари ҳақида “Чори Умировга ёрдам берайлик”, деган мақола ёзгандим. Мақола раҳбарларга ҳам, газетага ҳам ёққан эди.
Биз уч киши — камина, Шукур Холмирзаев ва ўша маҳалда яхши шеърлари билан тилга туша бошлаган Усмон Азим йўлга отландик.
Қаршигача поездда бордик. Қаршида ёш дўстларимнинг оға-инилари кутиб олишди, пачақроқ бир “виллис” топиб келишди ва биз Бойсун томон йўлга тушдик. Ҳали асфалт қилинмаган нотекис йўлдан машинада сакрай-сакрай Бойсунга қош қорайганда етиб бордик. Борсак, вадаванг тўй. Ҳар жой-ҳар жойда гулхан ловуллайди, карнай-сурнай, чилдирма, дўмбира, ашула осмону фалакка етган.
Шукур негадир тўй ҳақида лом-мим демаган эди. Борганда, билсак, жиянларининг ўғил тўйи экан. Мен койиб, “айтсанг бўлмайдими, совға-салом олармидик”, десам, Шукур:
— Қўяверинг, бизнинг шу келишимиз ўзи булар учун катта совға, — деб мени тинчитди.
Ўзбекчилик. Бир зумда Шукурнинг тоға-жиянлари, амма-холалари ёпирилиб келишди, Шукур билан Усмонни қучоқлаб ўпишди, айланиб-ўргилишди. Бу ширин сўзлардан камина ҳам бебаҳра қолмади. Уларда қучоқлашиб кўришиш одат экан.
Бир зумда ўтлоққа гилам ёзилиб, қўш-қўш патнисларда нимта-нимта гўшт, патир ва бўғирсоқлар келди… Усмон ўша маҳалда довруғ қозонган “Карвон кўрдим”ини ўқиб, олқиш олди. Шукур эса, сўз берилганда мени осмон баробар мақтаб сўз навбатини каминага оширди. Мен бунақа тўйни биринчи кўришим, биз томонларда тўйлар бошқача ўтарди. Тўй эгасига ташаккур билдириб, икки ёш дўстим ижодини кўкларга кўтардим.
Эртаси Шукурнинг волидаси, ўша маҳалда олтмишларга бориб қолган бўлса-да, ҳамон кўҳлигини йўқотмаган аёл дастурхонни сузма дейсизми, коса-коса қаймоғу ҳозиргина узилган патир нонлар дейсизми, тўлдириб ўтирган экан, қайта саломлашдик. Онаизор мендан ўғлининг ишлари, оиласи, фарзандлари ҳақида сўради. Набираларини роса соғинган экан, уларни эслаб кўзига ёш олди.
Мен Шукурнинг келажаги порлоқ, унинг истеъдоди ноёб эканини айтиб, онаизорнинг кўнглини кўтариб қўйдим.
Онаизор:
— Илойим, айтганингиз келсин, — деб дуо қилди.
Барча оналарнинг тупроғи бир жойдан олинган экан-да, дедим ичимда ўз волидамни эслаб.
Йўлга чиқаётганимизда Шукур Бойсунда бир лейтенант дўсти борлигини, у ашаддий овчи эканини айтганди. Нонушта пайти Шукур айтган “катта лейтенант” ҳам кириб келди. У жуда бақувват ва хушсурат йигит, устига устак, ичи тўла латифа экан.
Катта лейтенант келганидан кейин шу кунги режани туздик. Мен шаҳарни, шаҳардан ҳам аввал баъзи корхоналарни, мактабларни кўрсакмикан, деган эдим, катта лейтенант:
— Шаҳар ҳеч қаёққа қочмайди, уни эрта-индин ҳам кўраверасизлар, — деди. — Бугун тоққа чиқайлик. Мен машинамга битта серка ташлаб қўйганман. Уни худо йўлига сўйиб, кабоб қиламиз, қуён овлаймиз, — деб туриб олди.
Бу таклиф ҳаммага ёқди. Шу билан машинага кигиз-пигиз, қозон-товоқ солиб, тоққа қараб йўл сурдик.
Шаҳардан чиққач, сал ўтмай эски ташландиқ уйга дуч келдик. Унга яқинлашганимизда ташландиқ уйдан бир гала каптар учиб чиқиб, осмонга парвоз қилди.
Лейтенант дарҳол ерга сакраб тушиб, бир-икки марта милтиқ отди. Ўқ теккан каптарлар тап-тап этиб ерга тушди. Биз бу манзарага маҳлиё бўлиб анграйиб қолган эканмиз, тўсатдан машинада қолган шофёр:
— Эй, вой, кетди! Қочди, — деб бақириб қолди. Бундоқ қарасак, катта лейтенантнинг серкаси машинадан отилиб тушиб, ортда қолган ялангликда югургилаб кетяпти.
Серканинг орқасидан биринчи бўлиб, катта лейтенант югурди, унинг кетидан шофёр, шофёр кетидан Усмон, Усмоннинг ортидан Шукур чопди. Мен на чопишни, на қолишни билмай анграйиб туравердим.
Бир маҳал тўрт “овчи”, оғизлари қулоқларида, шўрлик серкани судраб қайтишди. Йўлда давом этдик. Сал ўтмай йўл чапга бурилиб, пастлаб кетди-ю, шарқираб оқаётган бир ариққа дуч келдик.
Тол ва тераклар билан қуршалган каттагина сой ёқасида бир юк машинаси турар, дарахтлар соясида беш-олтита ҳарбийлар ичишиб, “чақ-чақ”лашиб ўтиришарди. Бу манзарани кўриши билан лейтенант:
— Браконьерлар! Ҳужжатсиз ов қилиб юришибди! Ҳозир текшириб кўрамиз! — деб қолди. Биз бир фикрга келгунимизча у ерга сакраб тушди. Биз ҳам эргашдик.
Маишат қилиб, ёнбошлаб ётганларидан бири — алпқомат, турқи совуқ ҳарбий (кейин билсак командир экан) биз томон юриб:
— Хўш? Нима гап ўзи? — деб ўдағайлади. Орқасидан етиб келган бошқа бир майор бизни юмшатмоқчи бўлиб:
— Хўш, нима гуноҳ қилдик? — деб сўради.
— Ҳеч гап йўқ! Ҳужжатларингизни кўрсатинглар! — деди катта лейтенант. — Ҳозир ов вақти эмас! Қани овчилик ҳужжатларингиз? Қани, ов қилишга рухсатнома?
— Қанақа ҳужжат? Қанақа рухсатнома? — деди подполковник ғазабдан хириллаб. — Автоматни бер, Алёша? — қичқирди у аскарларнинг бирига. — Мен ҳужжатни кўрсатиб қўяй буларга…
Бу орада машинага сакраб чиққан бизнинг шофёр юк машинасидаги қуруқ пичанларни тепкилаб, ҳарбийлар отган қуёнларни ерга ташлай бошлади: бир, икки, уч… қуёнлар сони ўн биттами, ўн иккитагами етди.
Шунда камина мухбирлигим эсимга тушиб, чўнтагимдан гувоҳномани чиқардим.
— Мен “Литературная газета”нинг махсус мухбири бўламан, — дедим, ўзимни дадил тутишга ҳаракат қилиб: — Агар биз билан тўғри муомала қилмайдиган бўлсангиз, эртага раҳбарларингизга мурожаат қиламан. Ана ўшанда кўрасиз ким-кимга кўрсатиб қўяркан?
Шукур бўлса, ўзбекча-русча сўзларни аралаш-қуралаш қилиб, бўралаб сўкинарди.
Қисқаси, “Литературная газета”ни эшитгач, бошда ҳовлиққан подполковник бирдан паст тушди.
Ўша куни биз тоғ ёнбағридаги арчазорда серкани сўйиб дам олдик-да, хушнуд кайфиятда Бойсунга қайтиб келдик. Бизнинг ишимиздан, айниқса, раҳматли Шукур хурсанд бўлиб, боши осмонга етди. Унинг қалами ўзига хос, асарлари на тенгдошлари ва на классикларимизникига ўхшайди. У бир ёмон кўриб қолган одамини узоқ вақт ёнига йўлатмас, хуш кўрган адиб ва санъаткорларни умрининг охиригача яқин олиб юрарди. Ўша сафардан кейин биз жуда қадрдон бўлиб қолдик. Камина етмишга кирганимда, у мен ҳақида “Ўзбекнинг Чингизи” деган мақола ёзди. Нега шундай ном қўйди — билмадим. Бир сафар сўрасам:
— Ҳа, биз ҳам ўзимизни камситавермайлик-да, — деди одатдагидай ўдағайлаб, — нима, мақолам сизга ёқмадими?
— Йўқ, нега ёқмасин? Мақтов кимга ёқмайди? — деб кулдим.
— Ҳа, шундай денг! Мен бўлсам сизга ёқмабди-да, деб ўйлабман, — деди…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 9-сонидан олинди.