Отабек Исмоилов (1953)

Отабек Исмоилов 1953 йилда Хоразм вилоятининг Хива туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факултетида таҳсил олган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Бир нечта шеърий, насрий ва илмий оммабоп китоблар муаллифи. Айни вақтда Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими, “Хива тонги” газетаси муҳаррир ўринбосари бўлиб ишламоқда.

ИШҚ БИЛАН ЎТСА УМР…

Узоқдаги ёрга эй шамол,
Саломим элт, дедим ёлбориб.
Эшик ёпиб жўнади дарҳол,
Оёғини қўлига олиб.

Менку унга ишондим, бироқ,
Саломимни элтмайин туриб,
Кўрдим. Юрар далада шу чоқ,
Отам билан хирмон совуриб.

* * *

Дема айбни ишқ аро кўнгилга қўй,
Де пари рухсор, сочи сунбулга қўй.

Дебди ёр дил дардига малҳам қўяй,
Ул куйиб кул бўлди энди кулга қўй.

Ерни Нуҳ тўфони ғарқ этгай дема,
Ҳажр аро дийдамдан оққан селга қўй.

Тил била жоиз эмас изҳори ишқ,
Ушбу ишни кўзга ёхуд гулга қўй.

Кўйида мажнунлигингдан урма лоф,
Ушбу савдода баҳони элга қўй.

Авжи камдир Отабек чаҳ-чаҳларинг,
Бу юмушни хушнаво булбулга қўй.

БЎЛМАС

Юзлаб зоғ бирлашиб хониш айласа,
Ягона булбулигўёча бўлмас.
Мингта шам жамланиб ёниш айласа,
Қуёш лаҳза сочган зиёча бўлмас.

Гувоҳмиз, ўтдилар не-не ҳакамлар,
Суриб ёлғону даврон, сўнг кўзда намлар,
Кошоналар ичра ял-ял гиламлар,
Меҳнат билан келган бўрёча бўлмас.

Гар дилга чўғ ташлар, ул моҳитоблар,
На қалбда ҳаловат, на кўзда хоблар,
Ишқда Фарҳод, Мажнун тортган азоблар,
Мен чеккан дардларга дебоча бўлмас.

Агар дилда севги чинакам бўлса,
Етар бардош, ёрдан не ситам бўлса,
Жаҳон раънолари жамулжам бўлса,
Кўнглинг олган ўшал Раъноча бўлмас.

* * *

Қоматинг ақлу ҳушим олғони рост,
Кўзларинг жонимга ўт солғони рост.

Бир нигоҳингдан тушиб минг-минг олов,
Дил муҳаббат торини чолғони рост.

Тушми эрди ўпганим ширин лабинг,
Таъми ёдда бир умр қолғони рост.

Рост севгимни десам ёлғон дединг,
Шум рақибларнинг сенга ёлғони рост.

Сабру тоқат қолмайин ҳижрон аро,
Кўнглимиз кўйингда қийнолғони рост.

Балки дунё ким учун ёлғончидир,
Ишқ билан ўтса умр ҳар они рост.

* * *

Хоразм, муқаддас, мўътабар замин,
Не-не кўргилигу шарафлар кўрган.
Унга сиғинмоқни, унга сингмоқни,
Зиёратга келган дарёдан ўрган.

Аму бўйига бор, қирғоғида чоп!
Юрагинг бир ажиб тарзда тепади.
Шу замин фарзанди бўлганинг учун
Дарё оёқларинг ўпади.