Отабек Исмоилов 1953 йилда Хоразм вилоятининг Хива туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факултетида таҳсил олган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Бир нечта шеърий, насрий ва илмий оммабоп китоблар муаллифи. Айни вақтда Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими, “Хива тонги” газетаси муҳаррир ўринбосари бўлиб ишламоқда.
ИШҚ БИЛАН ЎТСА УМР…
Узоқдаги ёрга эй шамол,
Саломим элт, дедим ёлбориб.
Эшик ёпиб жўнади дарҳол,
Оёғини қўлига олиб.
Менку унга ишондим, бироқ,
Саломимни элтмайин туриб,
Кўрдим. Юрар далада шу чоқ,
Отам билан хирмон совуриб.
* * *
Дема айбни ишқ аро кўнгилга қўй,
Де пари рухсор, сочи сунбулга қўй.
Дебди ёр дил дардига малҳам қўяй,
Ул куйиб кул бўлди энди кулга қўй.
Ерни Нуҳ тўфони ғарқ этгай дема,
Ҳажр аро дийдамдан оққан селга қўй.
Тил била жоиз эмас изҳори ишқ,
Ушбу ишни кўзга ёхуд гулга қўй.
Кўйида мажнунлигингдан урма лоф,
Ушбу савдода баҳони элга қўй.
Авжи камдир Отабек чаҳ-чаҳларинг,
Бу юмушни хушнаво булбулга қўй.
БЎЛМАС
Юзлаб зоғ бирлашиб хониш айласа,
Ягона булбулигўёча бўлмас.
Мингта шам жамланиб ёниш айласа,
Қуёш лаҳза сочган зиёча бўлмас.
Гувоҳмиз, ўтдилар не-не ҳакамлар,
Суриб ёлғону даврон, сўнг кўзда намлар,
Кошоналар ичра ял-ял гиламлар,
Меҳнат билан келган бўрёча бўлмас.
Гар дилга чўғ ташлар, ул моҳитоблар,
На қалбда ҳаловат, на кўзда хоблар,
Ишқда Фарҳод, Мажнун тортган азоблар,
Мен чеккан дардларга дебоча бўлмас.
Агар дилда севги чинакам бўлса,
Етар бардош, ёрдан не ситам бўлса,
Жаҳон раънолари жамулжам бўлса,
Кўнглинг олган ўшал Раъноча бўлмас.
* * *
Қоматинг ақлу ҳушим олғони рост,
Кўзларинг жонимга ўт солғони рост.
Бир нигоҳингдан тушиб минг-минг олов,
Дил муҳаббат торини чолғони рост.
Тушми эрди ўпганим ширин лабинг,
Таъми ёдда бир умр қолғони рост.
Рост севгимни десам ёлғон дединг,
Шум рақибларнинг сенга ёлғони рост.
Сабру тоқат қолмайин ҳижрон аро,
Кўнглимиз кўйингда қийнолғони рост.
Балки дунё ким учун ёлғончидир,
Ишқ билан ўтса умр ҳар они рост.
* * *
Хоразм, муқаддас, мўътабар замин,
Не-не кўргилигу шарафлар кўрган.
Унга сиғинмоқни, унга сингмоқни,
Зиёратга келган дарёдан ўрган.
Аму бўйига бор, қирғоғида чоп!
Юрагинг бир ажиб тарзда тепади.
Шу замин фарзанди бўлганинг учун
Дарё оёқларинг ўпади.
ЧАМАНЗОРИМ
Заминни қилгани каби шуъладор,
Шу сирли фалакнинг қуёш, моҳтоби,
Халқим манглайини ёритди илк бор,
Аллоҳ инояти – эркнинг офтоби.
Она юрт – мисоли улкан бир чинор,
Жону дилдан унга пайванд эрурман.
Бутун ер юзида машҳур, бетакрор,
Шу қадим диёрга фарзанд эрурман.
Зиёрат қилсангиз қадамжоларин,
Тарқатар дилингиз ғуборларини.
Ишонинг, кўксингиз бўлгайдир осмон,
Кўриб гумбазлару минорларини.
Сақла, Парвардигор, чаманзоримни,
Буюкликка бошла, эй, эзгу ният.
Аллоҳ омон этгин дўсту ёримни,
Дилларни тарк этма меҳру мурувват!
***
Хоразм!
Муқаддас, табаррук замин,
Не-не кўргилигу шарафлар кўрган.
Унга сиғинмоқни, унга сингмоқни,
Зиёратга келган дарёдан ўрган.
Аму бўйига бор, қирғоғида чоп,
Юрагинг бир ажиб тарзда тепади.
Шу замин фарзанди бўлганинг учун,
Дарё оёқларинг ўпади.
***
Мактубингни олдим.
Бироқ,
Конвертни
Йиртмасдан очмоққа
топмадим имкон.
Таажжуб!
Недандир сирларингни у,
Лабин қаттиқ жипслаб,
Сақламиш пинҳон.
Билдим.
Балки уни бекитаётиб,
Тилинг билан аста
Намлабсан чоғи.
Ё шакар, ё асал
Тегмаган бўлса,
Бу қадар ёпишмас эди
Дудоғи.
БЎЛМАС
Юз зоғ бирлашиб
Хониш айласа,
Ягона булбули –
Гўёча бўлмас.
Минг шам жамланиб
Ёниш айласа,
Қуёш лаҳза сочган
Зиёча бўлмас.
Гувоҳмиз, ўтдилар
Не-не ҳакамлар,
Суриб давру даврон,
Сўнг кўзда намлар.
Кошоналар ичра
Ял-ял гиламлар,
Меҳнат билан келган
Бўрёча бўлмас.
Гар дилга чўғ ташлар
Ул моҳитоблар.
На қалбда ҳаловат,
На кўзда хоблар.
Ишқда Фарҳод, Мажнун
Тортган азоблар,
Мен чеккан дардларга
Дебоча бўлмас.
Агар дилда севги
Чинакам бўлса,
Етар бардош ёрдан
Не ситам бўлса.
Дунё гўзаллари
Жамул-жам бўлса,
Кўнглинг олган ўшал
Раъноча бўлмас.
***
Шодон кунларимда
Эслайман сени,
Қисиниб кетаман
Ўшанда эркам.
Минг афсус, шундай чоқ
Бирга эмассан,
Афсус, шодликларим
Кўрмассан баҳам.
Ғамгин кунларимда
Эслайман сени,
Севинч тўлар дилга,
Руҳ тортар тетик.
Боиси ёнимда
Йўқдирсан, ахир,
Минг шукр, ғамимга
Эмассан шерик.
***
Тонг чоғи,
Лаҳзалик пок маржон бўлиб,
Япроқлар қатида тизилмиш томчи.
Гоҳи севинч ёши, гоҳи ғам ёши,
Киприк орасидан узилмиш томчи.
Баъзан,
Кўк бағридан шитоб-ла келиб,
Ернинг сийнасига урилиб боши
Қирларда буғдойзор бор қилган томчи.
Бир пайтлар юрт эрки,
Ўз элини деб,
Барханлар бағрида ёвни қувлаган
Ташналаб қўшинни зор қилган томчи.
Маъшум кун фронтдан қора хат олган
Она яноғида кезган томчи у.
Оталик бахтига илк бор мушарраф,
Йигит кўзларида сузган томчи у.
Томчилар!
Майлига бўлингиз шабнам,
Самодан тўкилинг, майли, эрта-кеч.
Гоҳида севинчдан кўзда бўлинг нам,
Ғам ёши бўлсангиз розимасман ҳеч.
***
Узоқдаги ёрга, эй шамол,
Саломим элт, дедим ёлбориб.
Эшик ёпиб жўнади дарҳол,
Оёғини қўлига олиб.
Эҳ, мен унга ишондим, бироқ,
Саломимни элтмайин туриб,
Кўрдим, юрар далада шу чоқ,
Отам билан хирмон совуриб.
ДАНАК
Метин ерни ёриб
Чиқдиму лекин,
Бўй чўза олмадим кўкка
Ошналар.
Дарахт бўлардим,
Мева тугардим,
Қаттиқ топтамаса балки,
Пошналар.
АФСУС
Бу қадим дунёда мўъжиза-ку мўл,
Шартмас ёқа ушлаш ҳар гал, албатта.
Тош устида бир гул унганин кўриб
Тан олай, очиғи, қолдим ҳайратда.
Бунга сабаб балки гулнинг сабридир,
Ва лекин демоқчи бўлганим бошқа…
Кўп таҳсинлар айтдим, тарк этиб ғурур
Митти уруғга жон бахш этган тошга.
…Қайтмагани каби меҳрга меҳр,
Бўлмагани каби саломга алик.
Томир отолмади севгим дилингда,
Юрагинг йўқ экан битта тошчалик.
ТЎРТЛИКЛАР
Боғлари файзлидир гули очиқнинг,
Олган дуоси бор йўли очиқнинг.
Хазинасин сирин сўраманг Ўзи
Давлатин тоширар йўли очиқнинг.
***
Шеърлар руҳиятим суратларидир,
Бизлар-ку ўтармиз, шеърлар қолади.
Бир куни термулиб қай бир қоракўз,
Менинг юрагимни ёдга олади.
***
Еру осмон сир-синоат, сир излама,
Айбу хато бўлмаган бир ер излама.
Зуваламни асли ўзи лойдан билсанг,
Тирноғимнинг остидан, қўй, кир излама.
***
Ишқ завқини ишққа фидо билади,
Ҳижрон дардин ёрдан жудо билади.
Ёр деб не азоблар чекканларимни
Бир ўзим биламан, бир Худо билади.