Мансур Жумаев (1991)

Мансур Жумаев 1991 йили туғилган.Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаган.Шеърлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашрга тайёрланган “Биз Истиқлол фарзандларимиз” баёзига киритилган.

* * *

Кун қолмади билакка
(ишонардим аксари),
ёриб кирди юракка
муҳаббатнинг лашкари.

Чорак асрлик шиддат
жўшиб, йигит ёшида
таслим бўлдим оқибат
муҳаббатнинг қошида.

Фақат жисмим меники,
қолганлари сойирдай,
қолдим бир холга икки
шаҳар берган шоирдай.

Энди садқадир жоним,
сизга гар жоним керак;
олинг, бор хонумоним –
истило бўлган юрак.

“КЕМАЛАР ҚАБРИСТОНИ”ДА

Ташлаб кетди бу ерни денгиз,
ташлаб кетди сув неъматлари,
шовқин солмас шамоллар тинсиз
ва тўфонлар важоҳатлари.

Олислади меҳмонлар бир-бир,
тўлқин ёди дилни яллиғлар –
ташлаб кетди дарёи кабир,
зоғораю тилла балиқлар.

Фақат қолди бунда хотира
ва чандиқли ўтмиш ғамлари,
чириётган кемалар ила
“қора уй”нинг оқ одамлари.

Яшайверди улар жимгина,
дил тубида номус билан ор
ва муаззам она денгизнинг
гардларига боқиб умидвор…

Куйдирди-ю бўғзимни виждон,
кўзга қалқди томчи ёш – тахир:
севилмайди Ватан ҳайқириб,
у жимгина севилгай, ахир.

Энди сўзга етмайди бардош,
қотди кўзда қайғу жоласи.
Мен қаршингда эгажакман бош,
Қарекенгнинг содиқ боласи!

ҚАРЧИҒАЙ

“Какликка тузоқ қўйгандим, кўп куттирмай илинибди. Тузоқни йиғиб, ўлжани олгани борсам, илинган какликни тутаман деб ўзини урган йиртқич қушнинг панжасига тузоқ тўрлари илашиб, у ҳам қулабди. Қарасам, шу пайтгача тутолмаганим – қарчиғай экан!..”
Ҳасан овчининг гурунгларидан

Мағрур-мағрур тоғларда
мағрур учган қарчиғай,
тўрга тушган какликни
тутмоқ бўлиб қилди саъй.
Тайёрига айёрлик
ярашмади номига:
ўлжа бўлди ўзи ҳам
овчиларнинг домига…
Қарчиғайжон, қарчиғай,
билмасмидинг, қушим, ҳай,
тайёр ўлжа тузоқдан
бошқасида бўлмагай!
Нафс майидан мастликлар,
алдов, ҳийла, пастликлар
чўққилардан қулатгай
какирлаган какликлар.
Баланд-баланд тоғларда
озод учган қарчиғай,
бировга аталгани
бировга наф қилмагай.
Пастламагин, сор қушим,
гар юксаклик ёр экан.
Ҳар махлуққа Худонинг
атагани бор экан.