Содиқ Норбоев. У (эссе)

Кеч баҳорнинг бу туни қоп-қоронғи бўлса-да, кўнглимда ўзим ҳам тушуниб бўлмайдиган сирли сурур ҳукмрон эди. Ташқарида шовуллаб ёмғир ёғар, мен дераза олдида турганча катта-кичик томчиларнинг ойнага урилиб-чертилиб пастга оқиб тушишини ёш боладек завқланиб томоша қилардим. Чироқ ёруғида аксланиб, жилваланаётган дераза ойнасини ўксиб-ўксиб кўз ёш тўкаётган соҳибжамол бир қизга ўхшатиб, азборойи кўнглимга ўтирганидан бу менгзашимни ён дафтаримга ёзиб қўйишни ўйлаб қўйдим.
Хизмат сафари билан авваллари ҳам бу меҳмонхонага бир неча бор келган эдим ва ҳар гал бу ердаги сирли бир осудалик мени ўзига тортарди. Шаҳар шовқини ва ишдаги одатий ҳолатлардан безиб, тинчликни қўмсаганим учун бу гал ҳам ана шу қўналғани ўзимга макон қилиб танладим. Мен хотиржам кўринар эдим, аммо хаёлимда бу тун, бу кеча бутун ҳаётимни ўзгартириб юборадиган нимадир содир бўладигандек туюларди.
Бирпасдан кейин ёмғир тўхтади, борлиққа фараҳли бир сукунат чўкди. Думалаб-думалаб тушаётган охирги томчиларни кузата туриб, беихтиёр дераза ойнасида паришон бир ҳолда турган ЎЗИМни кўриб қолдим. Ойнада сочлари анча-мунча тўкилган, кенг пешонада уч-тўртта ажин узун ва чуқур чизиқ тортган, юз-кўзига мулоҳазали киши нуқси урган МЕН турар эдим. Аввалига ҳайрат, кейин эса ваҳима аралаш ойнадаги ўзимга тикилдим, афсус чеккан киши бўлдим, кейин эса ҳаммасини бирдан эсладим.
…199… йилнинг август ойининг иссиқ бир кунида “дарс бериши жуда яхши” деб мақталган қўшни тумандаги мактаб-интернетга йўл олдик. Мен ўшанда энди бешинчи синфни тугатган эдим. Уйдан кўп чиқмаганим учун аввалига олис бир жойда ўқиш жуда қизиқарли ва айни пайтда ғаройиб бўлиб туюлди, шунинг учун бўлса керак, йўлда кетишда ҳар бир нарсани завқ билан томоша қилиб бордим. Аммо акам билан ҳужжатларни топшириб бўлгач, директорнинг гапларини эшитиб бирдан шаштим сўнди, гапнинг очиғи, мени умидсизлик аралаш ваҳима босди. Чунки бу ерда камида бир ой уйга бормасдан, ётоқхонада ётиб ўқишга мажбур эканман. Кўз олдимга ҳовлининг тошдеворига суянганча дарахт­ларга қараб турган отам, тандир олдида куймаланиб юрган энам, опа-акаларим, уйимиз, қишлоқдошларим, ошналарим, ҳатто сояда бошини кўтармасдан фақат ухлайдиган оқтўш итимизгача кўриниб кетди, ҳужжатларимни шундай олиб қайтиб кетгим келди. Лекин синфдошларимга куни кеча шаҳарда ўқимоқчи бўлиб мақтанганимни, энди қайтиб бориш уят эканини ўйлаб индамасдан акамга эргашдим.
Одам йўқлиги туфайли туманимизга кетадиган автобуснинг жўнашини анча кутишга тўғри келди. Зерика бошладим. Бир пайт бу ерга қора-қура бола-чақаларини эргаштириб беш-олтита лўли аёл келиб қолди. Улар ўз тилларида чуғур-чуғур қилишиб, биздан битта нари ўриндиққа ўтиришди. Қизиқ, улардан бири, қўлида чақалоғи бор ёшгина келинчак сал фурсат ўтмасдан биз томонга тез-тез кўз ташлаб қўя бошлади. Ёши каттароқ қишлоқдошларимизнинг “Лўли халқи кашмири бўлади, алдаб-сулдаб одамларнинг борини қоқиб олади” деган гапини эслаб ҳушёрроқ бўлишга ҳаракат қилдим, акамни ҳам огоҳлантирмоқчи бўлгандай туртиб қўйдим.
Автобуснинг жўнашини кутиб яна анча ўтирдик. Бу орада ҳалиги лўли келинчак биз томонга камида ўн-ўн беш марта қаради, кейин эса тўсатдан ирғиб ўрнидан турди ва тўғри менинг олдимга келди. У, биз кутганимиздек, садақа сўрамади, бахтимдан фол очишини айтиб, кўзимга қараб тураверди. Акам ҳам менга ўхшаб лўли аёлдан шубҳалангани учун қўрс оҳангда уни ҳайдагандай бўлди, у унайвермагач, охири дўқ-пўписа ҳам қилди. Лўли келинчак бу гапларнинг бирортасига ҳам парво қилмасдан кўзимга тикилганча бир муддат турди, кейин эса деярли пичирлаган оҳангда “У сенинг ҳаётингга ўзинг билиб-­билмаган ҳолда кириб келади, ҳаётингдан чиқиб кетишда ҳам худди шундай бўлади” деди ва шу гапларни айтгач, шартта бурилиб шерикларининг олдига қайтди. Мен ҳайрону лол эдим, акам эса юпатмоқчи бўлгандек: “Э, бу айтаверади”, деб қўйди.
Энди ўйласам… У, чиндан ҳам, ҳаётимга ўзим билиб-билмаган ҳолда кириб келди. Қачон, қайси пайтда кириб келди, буни вақти билан айтолмайман, аммо шуниси аниқки, У жуда тез фурсатда энг яқин ҳамроҳимга, сирдошиму дилдошимга айланди. У доимо хурсанд юрар, ҳамма нарсага беғуборлик кўзи билан боқар, мени ҳам ҳеч қачон хафа қилиб қўймасликка интилар, бу билан ҳаётга меҳр-муҳаббатимни янада оширарди. Ҳамиша мен билан бирга бўлиб орзу-ҳавасларимга қанот берар, интилишларимни қўллаб-қувватларди. Айрим пайтлари нотўғри иш қилганимда ёнимдагилар айбни унга тўнкашганда жимгина индамасдан бўйнига оларди. Ҳозиргина айтганимдек, У доимо менга далда берарди, буни мен етмиш икки томиримда ҳам ҳис қилардим ва руҳланиб, осмон-осмон орзулар билан юрардим.
Талабалик йилларида ҳам У билан энг ширин, энг ёдда қоларли дамларни бошдан кечирдик. Мен баъзан дарсларга бормаган пайтларимда ёки сабоқдошларим билан улфатчилик қилганимда, айниқса, курсимиздаги чиройли қизлардан бири билан кўпроқ гаплашиб қолганимда У мендан аразлаган киши бўлар, ёлғиз қолган пайтларим “қадримга етмаяпсан” деганга ўхшаш иддаоли гапларни айтиб қолар, “Ҳа, энди даврингизда ўйнаб-кулиб турайлик”, деган ҳазил аралаш кинояли сўзларни айтганимдан сўнг негадир мақтовдан эрибми ё бўлмаса ўзига мафтун бўлибми, билмайман, лабига табассум югуриб, юз-кўзи порлаб кетар ва дарҳол муросага келарди. Ўртамиздаги бундай гина-кудрат, умуман олганда, кўпга бормас, бир-биримизни кечириб, дарров иноқлашиб кетардик.
У билан орамиздаги яқинлик, дилкашу дардкашлик уйлангунимга қадар давом этди. Тўғри, У тўйдан кейин ҳам мени ёлғиз ташлаб қўймади, вақтимни топди дегунча мен билан ҳамнафас бўлишга интилди. Лекин, энди ўйлаб қарасам, турмуш ва ҳаёт ташвишларига ўралашиб, аввало, мен Уни унутиб, эсдан ҳам чиқара бошлаган эканман. Тирикчилик билан боғлиқ муаммоларим мени Ундан, Уни эса мендан йироқлаштирди, биз борган сари бир-биримиздан бегоналашиб, узоқлашиб кетдик.
Ўттиз ёшга тўлганда туғилган кунимни қадрдон оғайниларим билан нишонлаганда У билан яна бир эсда қоларли ҳолат юз берди. Ўша кун тўкин дастурхон атрофида, табиийки, шаънимга илиқ гаплар айтилди, қадаҳлар кўтарилди. Мен, албатта, яқинларим даврасида бундай ўтирганимдан жуда хурсанд эдим. Бироқ айни дамда неча йиллар давомида менга дилдошу сирдошлик қилган Унинг ҳам ёнимда бўлишини қаттиқ қўмсаётгандим. Бир пайт гурунгимиз ўз-ўзидан талабалик йилларидаги воқеаларга бориб тақалди, биримиз қўйиб, биримиз олиб, ўша дамларни хурсандчилик ва соғиниш билан эсладик. Мен учун жуда қувонарли бўлгани шуки, бу эслашларда У ҳам кўз олдимда борлигича намоён бўлди, хотирамда бўлса-да Уни қайта топганимдан жуда-жуда суюндим.
Ошноларимни кузатиб, уйга кираётганимда Унинг мендан борган сари бегоналашиб, узоқлашиб бораётганини оғриниш билан эсладим, кўнглимдан “Ҳаёт ўзи шунақа-да, керак пайтда бир йўқларинг топилмай қолади”, деган иддаоли фикр “ялт” этиб ўтди. Кейин эса ёмғир шивалаб ёғаётган қоп-қора тунга тикилиб туриб У нинг бундан буёғига ҳеч қачон қайтиб келмаслигини, фақатгина қалбимда яшашини туйдим.
Адашмаган эканман, чиндан ҳам, шундай бўлди. У эсласа энтиктирадиган хотиралар билан кўнг­лимда яшай бошлади. Баъзан тушларимга кирар, юз-кўзларида ҳали-ҳануз самимийлик ва беғуборлик уфуриб турарди. Бирор марта ҳам Уни маҳзун бир қиёфада кўрмадим. У шўх-шодон кулар, ширин жилмаяр, енгил ва нафис ҳаракатлар билан ўзининг гўзаллигини намоён этар эди. Яқинлашмоқчи бўлсам узоқлашар, уйқудан тургач эса, соғинчли бир қўмсаш билан Уни эслар эдим.
Бу эслашлар, бу қўмсашлар мени бир қиз билан таништириб, уни яқин қадрдон сирдошимга айлантирди. Бу қизни биринчи бор кўрганимдаёқ чақнаб турган қоп-қора кўзларига, қайрилма қошларига қараб беихтиёр Уни эсладим ва айни ўша лаҳзаларда қалбимни ўзим ҳам тушуниб бўлмайдиган номаълум, аммо ёқимли бир ҳис қоплаб олди. Ўша куни бир оғиз ҳам гаплашишнинг иложи бўлмади, кўнглим симиллаб ишхонамга қайтдим. Аммо тақдирни қарангки, орадан икки кун ўтиб ҳалиги қизни ишхонамиз катта залида, ёлғиз ўзи хаёл суриб ўтирганида учратиб қолдим. Бир муддат жим қотдим, ёнидан ўтаётиб беихтиёр эски танишлардек “Яхшимисиз?” дегандай бош силкиб қўйдим ва ундан ҳам шу тахлитдаги ишорали жавобни олиб юрагим гупуриб кетди. Кейинги кунларда ҳам уни шу ерда учратдим, бир мартасида сал дадиллик билан “Яхшимисиз?” дедим, у ҳам ширин жилмайиб яхши эканлигини қўнғироқдек, нафис овози билан менга билдирди. Шу куни биз у билан янада яқиндан танишдик, кейин эса жуда иноқлашиб кетдик. У ҳам менга “Сизни қаердадир кўрганман”, деди, мен ҳам чин дилдан шу гапни айтардим (аслида ҳам шундай эди), иккаламиз ҳам бундан ҳайрон қолардик, эслашга уриниб кўрардик, таажжуб­ланардик, кулардик, изоҳини эса тополмасдик. Ўртамизда муҳаббат ҳам деб бўлмас, аммо жуда самимий, илиқ бир муносабат пайдо бўлдики, бора-бора биз бир-биримизга… ўрганиб қола бошладик. Мен оилали эдим, кўнглимдан бошқа бир номаҳрамга жой беришга ҳеч қандай ҳаққим йўқлигини жуда яхши англардим, ўз навбатида, унинг ҳам ҳаётимга суқилиб кириш нияти йўқ эди. Биз бир-биримизни сўзсиз тушунардик, қадрлардик, имкон даражасида ёрдам бериб, тиргак бўлишга ҳаракат қилардик. Лекин барибир ич-ичимиздан бир-биримизни яхши кўришимизни сезиб турардик.
Бир кун ярим тунда уйғониб кетдим. Хонада хира нур таратаётган тунги чироққа бир муддат тикилиб ўйланиб ётдим, уни ҳам хотирладим. Сиқилиб ўрнимдан туриб, дераза олдига бордим. Кеча ойдин, осмонда ўн беш кунлик тўлин ой сузиб юрарди. Ойга қараб туриб, яна уни эсимга олдим, бироқ бу кўпга чўзилмади.
“Уят, уят, – деди ақлга бўйсунган бир кўнглим. – Уч боланинг отаси бундай хаёлларга берилиб ўтиришининг ўзи уят”.
“Нимаси уят бўлар экан? – деди иккинчи кўнглим. – Ҳа, энди, ҳаётда бўп туради-да”.
“Ҳа, бўп туради, – деди ақлим пичинг билан. – Бўлиб турадимиш. Охири нима бўлишини эса мен яхши биламан. Ўзингни қўлга олмасанг, ҳаётинг издан чиқади”.
Бу гаплардан кейин қалбимни умидсизлик эгаллади, беозоргина, пишиллаб ухлаб ётган болаларимга қараб бу гапларда жон борлигини сездим.
“Сени ҳам тушунаман, – деди ақлим бир пайт. – Сен ҳали ҳам Уни эслайсан, Уни қўмсайсан. Унинг энди сенинг олдингга ҳеч қачон қайтиб келмаслигини ҳам жуда яхши биласан. Ҳозирги муносабатларинг ҳам Уни қўмсаш эканини мен ҳам жуда яхши биламан. Лекин тентак кўнглингнинг айтганлари билан юрсанг, ўҳҳу…Тўғрисини айтсам, У билан бу ишларни қилсанг жуда ярашарди, лекин ҳозир кулгили ҳолат. Шунинг учун эсинг борида этагингни ёп”.
Мен индамадим, сукут сақладим ва ақлимнинг айтганларига жимгина кўндим. Кейин-кейин, “Нега шундай қилдим?” деб ўзимни кўп бора сўроққа тутдим, бу сўроқнинг жавоби эса ҳар гал топилмасдан қолаверди. Балки мен ўшанда, ақлим айтмоқчидек, ҳаётим издан чиқиб кетишидан жуда қўрққандирман, балки худбинлик қилгандирман, буниси ҳалигача қоронғи, лекин шуниси аниқки, мен ўша тунда “Бўлди, бундан бу ёғига энди у билан умуман гаплашмайман, кўришмайман ҳам” деган қатъий хулосага келган эдим ва бу хулосам қизни йўқотиш билан тугашини асло билмаган эдим. Гап шундаки, эртаси кун қизни залда учратмадим, биздан бир қават тепада жойлашган ишхонасига ўтиб ҳам тополмадим. У ердагилар мен сўраган қизни ҳеч қачон кўрмагандай елка қисишиб, тайинли бир гап айтишмади. Менинг кўнглим яна эгаси ташлаб кетган эски уйдай ҳувиллаб қолди.
Шундан кейин ҳам ўша қиз ҳақида ҳеч нарса эшитмадим. Сўнг бир психолог дўстим айтдики, “Одам бир нарсани қаттиқ соғинса, қўмсаса, хаёлидаги нарса ҳаётдагидек жонланиши мумкин. Бу фанда исботланган”. Билмадим, билмадим. Бу қиз ҳам фаришта мисол суврати билан ёдимда бир умрга муҳрланиб қолди.
Ҳаёт давом этаверар экан. Турмуш, ишим ташвишлари билан банд бўлиб, аста-секин бу йўқотишга ҳам кўника бошладим. Лекин Уни ҳеч қачон ёдимдан чиқара олмадим, балки вақт ўтган сари Уни янада кўпроқ эслайдиган бўлдим. Энди У тушларимга борган сари кўп кирар, юз-кўзларида ҳали-ҳануз самимийлик ва беғуборлик уфуриб турарди. Бирор марта ҳам Уни маҳзун бир қиёфада кўрмадим. У шўх-шодон кулар, ширин жилмаяр, енгил ва нафис ҳаракатлар билан ўзининг гўзаллигини намоён этар эди. Яқинлашмоқчи бўлсам узоқлашар, уйқудан тургач эса соғинчли бир қўмсаш билан Уни эслар эдим…
Думалаб-думалаб тушаётган охирги томчиларни кузата туриб, беихтиёр яна Уни эсга олдим, хўрсиниш билан энтикдим. Кейин эса каравотим ёнига бориб, сумкамни очдим ва ичидан суратлар солинган, доимо ёнимда олиб юрадиган фотоальбомни қўлга олдим. Охирги пайтларда Уни ёдга олганимда мен расмларга термулиб-термулиб, қайта-қайта қарайдиган одат чиқарган эдим. Ҳаётимнинг У билан боғлиқ энг ширин, ортга қайтмас дамларини эслатувчи бу расмлар турли сураткашлар томонидан ҳар хил ҳолатларда суратга олинган эди.
Мана, суратларнинг бирида оққувадан келган, сочлари бироз ҳурпайган, юз-кўзлари чақнаб турган навқирон йигит хиёл кулимсираб турибди. Бу – менман, ўн тўққиз-йигирма ёшнинг нари-берисидаги мен. Расмни томоша қила туриб лўли келинчакнинг гапларини яна бир бор эсладим: “У сенинг ҳаётингга ўзинг билиб-билмаган ҳолда кириб келади, ҳаётингдан чиқиб кетишда ҳам худди шундай бўлади”.
Шундай ҳам бўлди. Сен ҳаётимга ўзим билиб-билмаган ҳолда кириб келдинг, Ёшлигим! Энди эса истаб-истамаганим ҳолда мени ташлаб, борган сари узоқлашиб бораяпсан, Ёшлигим! Сени жуда-жуда соғинаман, кўнглимда яшаётган бўлсанг-да жуда-жуда қўмсайман, Ёшлигим!

«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 8-сон