Худойберди Тўхтабоев. Беш болали йигитча (роман)

ОПАЖОНИМ БОР ЭДИ…

Биринчи қисм

ЧАҚИРИҚ ҚОҒОЗИ

Мени қишлоғимиздаги жамики ўғил болалар ёмон кўришади, шунинг учун ҳам менга «беш болали» деб лақаб қўйишган.
Беш болали дейишларига, ростини айтсам, унча жаҳлим чиқмайди. Нега десангиз, чиндан ҳам роппа-роса бешта укам бор. Бешовиниям ўзим катта қилганман, опам тракторчи, уруш бошланганидан буён кечаси-ю кундузи далада. Отам бўлса, бола юпатишни ҳеч билмайди, укаларим йиғлагудек бўлса, тўнини елкасига ташлаб секингина гузарга жўнаб қолади.
Болалар мени нега ёмон кўришларини айтсам, улар мен туфайли ё опасидан, ё отасидан дакки эшитади. «Сен аҳмоқ, кун бўйи кўча чангитиб ўйнайсан, сен тенги Ориф бўлса укалариниям ўйнатади, уй ишлариниям тинчитади…» деб қулоқларидан чўзишади. Бир куни маҳалламиздаги боледар тўпланиб: «Сен аҳмоқни ҳозир сувга пишамиз», — деб ўртага олиб қолишди.
— Майли, — дедим парвойимга ҳам келтирмай, — беш-ўн кундан буён бет-қўлимни ювганим йўқ эди, баҳонада чўмилиб оламан.
— Энди сени ўйинга қўшмаймиз, — дейишди, яна болалар.
— Унда сизларга биттаям афанди айтиб бермайман, — деб яна бўш келмадим.
Айтгандек, сизга гапириб бермадим шекилли, бизнинг қишлоқни Афанди қишлоқ дейишади. Катталар у ёқда турсин, мен тенги, мендан кичкина болалар ҳам бир бирига афанди айтиб, бир-бирини қиқирлатиб кулдиришни жуда, жуда ҳам яхши кўришади. Мен ҳаммасидан ҳам кўп биламан. Сой маҳалладаги ўзим билан бирга ўқийдиган Маҳмуд саллани ҳам, Қибла маҳалладаги Олим малланиям оғиз очтирмай қўяман. Мана, ҳозир ҳам томда ўтириб макка уқалаяпман-у, қизиқ-қизиқ афандилами ўйлаб, ўзимни-ўзим овунтириб, ўзимни-ўзим кулдириб ўтирибман… Ҳў нарида, жарлик орқасидаги ялангликда боиса, ўртоқларим кўзимни куйдириб варрали учиришяпти, осмонда катта-кичик варраклар шунақанги кўпки, бири шоҳ ташлаб, бошқаси ҳаволаб, чиройли учяптики, бепоён осмонда худди қуш бозори боиаётганга ўхшайди.
Ёки мен ҳам варрагимни кўтарб, ўша ёққа югуриб қолсаммикин… Хўш, маккани эртага уқаласак нима боиибти, сигиминг тагини бугунча тозаламаса ҳам бўлади, сут бермаганидан кейин ҳадеб тозалайвераманми! Поя қирқиш керак, ўтин ёришим керак… Уф-уф, қай бирини қилдим энди? Йўқ, мен ҳам бирпас ўйнаб келаман. Шундай деб секин ўрнимдан тураётган эдим, кўчада қўйларини олдига солиб ҳайдаб, варрагини боши узра авайлаб кўтариб бораётган Акром билағонга кўзим тушиб қолди. Қараб турган эдим:
— Ҳа, ойимқиз, томга чиқиб офтоб чувоқда кўрпа қавияпсанми, — деб сўради.
— Ўзинг ойимқизсан, билдингми! — дедим аччигим чиқиб.
— Идиш-товоқ ювишинг ёлғонми?
— Ёлғон!
— Кир ювишинг-чи?
— Ёлғон!
— Сигир согишинг-чи?
— Ҳозир бошингга кесак билан тушираман!
— Қўлингга хина-ю, қошингга ўсма қўйишинг ҳам ёлғонми? — деб Акром билағон қиқирлаб кулаётган эди, дони қоқиб олинган макка сўтани отган эдим, эссизгина, моижални сал нотўғри олиб қўйган эканман, қулогининг ёнидан зувиллаб ўтиб кетди. Иккинчисини отмоқчи бўлувдим, билаг он шаталоқ отиб қочиб қолди, бехавотирроқ жойга бориб олиб:
— Йиғлама,қиз, йиғлама. Эртага тўйинг бўлади! — деб елкаларни учириб, ўйинга тушиб, мени масхара қила бошлади… Мана шунақа, менга ҳеч кун беришмайди. Уйда опаларидан калтак еб чиқиб, аламини мендан олишади. Шошмай туришсин ҳали, укаларим эсон-омон катта бўлиб, уйга қарайдиган бўлиб қолишсин, мен ҳам шунақанги ўйинқароқ бўлиб кетайки, шунақанги қизиқ ўйинлар топиб ўйнайки, алам қилганидан сочларини юлиб олишсин. Ҳозир эса ҳечам ўйнай олмайман, ўйинга берилиб кетсам, уйдаги ишларим қолиб кетади. Кейин опам хафа бўлиб қолиши мумкин. Мен опамни яхши кўраман, жуда, жуда ҳам яхши кўраман, ҳечам хафа қилмасам, ҳечам йиғлатмасам дейман. Опам ҳам мени яхши кўради: «Ҳайриятам эсим йўғида сени туғиб олган эканман, бўлмаса, аҳволим нима кечарди» — деб, эркалатгани-эркалатган. Укаларим бўлса, ёш, Султон эндигина ўн иккига кирди, Зулайҳо ўн бирга, биз ҳали ҳаммамиз ҳам бир-биримиздан бир ёшдан фарқ қиламиз. Султон феълдор, кўнгли хушласа, эшакдай ишлайди, х
ушламаса яна ўша эшакка ўхшаб, тўрт оёғини бир жойга тираб тураверади. Зулайҳога ўзим атайлаб ишни кам буюраман, қиз болалар нимжон бўлишади, нимжон бўлгандан кейин уларни эҳтиёт қилиш керак деб ўйлайман. Усмон укам жуда хаёлпараст, қозон-товоқ қилиб ўтириб баъзан ўчоқ бошида ухлаб ҳам қолаверади. Бунинг устига, шунақанги озғинки, худди тандирга олов ёқадиган косовга ўхшайди. Кун бўйи расм чизгани-чизган, қўли ҳам анча келишиб қолганга ўхшайди. Шу укамдан ҳаммамизнинг ҳам умидимиз катта. Зўр рассом бўлади деб ўйлаймиз. Шунинг учун ҳам унга ҳеч иш буюрмайман. Бўш вақти кўп бўлса, кўп чизади, кўп чизса, тезроқ камолга етади деб ўйлаймеуи. Эндигина беш ёшга кирган Омон укам бўлса темир қанот бўлган чумчуқ болага ўхшаб чирқиллаб, овқат сўрагани-сўраган. Шунақанги мечкайки, ҳатто ухлаганда ҳам оғзини очиб ухлайди, денг. Жажжи синглим Робия эндигина икки ёшга киряпти…
— Ҳа, беш болали! — деган овоз эшитилди қулоғимга. Бир чўчиб тушиб, атрофга аланглаб қарасам, пастда Ҳайит калла турибди. Эшагига янтоқ ортиб, устига миниб ҳам олибди, — жа бошингни эгиб, нималар ҳақида ўйлаяпсан, ё янги латифа тўқияпсанми?
— Ҳа, янги латифа тўқияпман, — деб ёлгон гапирдим.
— Қани айт-чи.
— Бир бор экан, бир йўқ экан, Ҳайит калла деган бир афанди бўлган экан, — деб гап бошладим.
— Сенга ўхшаб бешта боласиям бўлганмикан? — кесатиб деди Ҳайит калла.
— Йўқ, сенга ўхшаб битта урғочи эшаги бор экан.
— Хўш, кейин нима бўлибди?
— Кейин даладан эшагига янтоқ юклаб келаётган экан, тўсатдан ўт чиқиб, аланга ичида қолибди. Сакраб эшакдан тушиб, нима дер эмиш дегин?
— Хўш, нима дермиш?
— Эшагига қараб: «Эсинг бўлса ўзингни сувга ташла!» — деб бақирармиш…
Ҳайит калла афандинг ҳам ўзингга ўхшаган бемаза экан деб, эшагини йўрғалатиб жўнаб кетди. Мен негадир хафароқ бўлиб қолдим. Нега десангиз, шу пайтда ким билан бўлса ҳам бирпас гаплашгим келаётган эди… Ёки жарлик орқасига бориб варрак учираётганларга қўшилсаммикан… Йўқ, у ёққа ҳечам бормайман, Акром билағонга қўшилиб, бошқа болалар ҳам: «Ойимқиз келди» — деб мени масхара қилишади… Ундан кўра шу ерда, томда ўзимга-ўзим латифалар айтиб, ўзимни-ўзим кулдириб мазза қилиб ўтираверганим яхши… Бир бор экан, бир йўқ экан бир афанди бўлган экан, қўшниси ғалвир сўраб чиқса: «Ғалвирга сув қуйиб қўйганман» дебди, «Ие, ғалвиргаям сув қуйиладими» деса, «бергиси келмагандан кейин ҳар нарса қуйса ҳам бўлаверади», дермиш…
— Ҳу Мирза ака! — деган овоз эшитилиб қолди кўчадан. Ўрнимдан туриб қарасам, қўлтиқтаёғига суянганича колхозимизнинг қоровули Тўрон амаки турибди. Ўзига ўхшаган чўлоқ оти бор эди, кўринмайди, пиёда келганга ўхшайди.
— Нима дейсиз? — дедим.
— Уқачаполвон қаерда? — сўради қоровул.
Уқачаполвон… кечирасиз, менинг отам бўлади.
Отам, бечорагаҳам худди менга ўхшатиб роппа-роса бешта лақаб қўйишган.
— Отанг қаерда, деяпман?
— Қирда дедим-ку!
— Ойинг-чи?
— Трактор ҳайдаяпти.
— Дадангга чақирув қоғози бор, тезда етказиш керак.
Қоровул чақирув қоғозини қўлтиқтаёғининг учига илиб томга узатди-да, отамга тезда етказишимни қайта-қайта тайинлаб, ўзи жўнаб кетди… Ўтирган жойимда ўтириб қолдим. Жуда ғалати бўлиб кетяпман, хафаманми, хурсандманми, ўзим ҳам билмайман, йиғлашим керакми кулишим керакми, ишонсангиз, бунисиниям билмайман. Маккани қопга солиб, пастга олиб тушдим-да, эшакни тўқимлаб, далага, опамнинг олдига қараб чоптириб кетдим.

Романнинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг