Худойберди Тўхтабоев. Қуёнлар салтанатининг шаҳаншоҳи (роман)

БИРИНЧИ ҚИСМ

САРСОНУ САРГАРДОНЛИКДА

I боб

Бу қишлоқнинг асл номи Хонкелдими, Қўрғончами — ҳеч ким аниқ билмайди. Катта кўчанинг ўнг томонидагилар Хонкелди дейишади. Хонлар яшаган, билиб қўйинглар, дейишади. Чап томондагилар қўрғонча дейишади. Қўрғончада хонларнинг навкарлари, навкарбошилар турган, билиб қўйинглар, дейишади. Бахсни ўзларига қолдирайликда, мақсадга ўтиб қўяқолайлик. қишлоқчада бору-йўғу тўрт юзча оила яшайди. Бу оилалар ўзаро бир бирлари билан шунақа аҳил, бир бирларига шунақа муҳаббатлики, таърифига сўз топа олмайсиз. Лекин одамлари ҳар хил: бирови ангишвонадек кичкина, пакпакана, бирови бақатеракдек новча, дароз. Бирови ошқовоқни бутун ютгандек бақалоқ-қориндор, бирови бир умр тўйиб овқат емагандек ориқ, қотмагина. Ўх-хў, бу хилват қишлоқда кимлар яшамайди дейсиз. Полбин аммалару, номдор муаллималар, ўрисча гапирадиган чоллару, велосипед минадиган кампирлар, бугун боғчага бормайман, деб ерга думалаб йиғлайдиган қизалоқлару, ерга урсанг осмонга сакрайдиган шўх-шаддод ўғ
илболалар, қўли енгил шифокорлару яширинча куф-суф соладиган бувилар, илғор фермерлару, деҳқончилиги яхши бўлмаса минҚирлаб юрадиган деҳқонлар, ёлғон аралаш сўзлайдиган дўкончилару, ухлаб қолиб азонни кеч айтадиган сўфилар, бугун беш баҳо олмаса мактабдан йиғлаб келадиган аълочи қизлару, мактабга бормай пана жойга беркиниб олиб тўп тепадиган абжир болалар, мева сотиб бойиб кетган миришкорлару, туршагини сотолмай қуртга едириб қўйган бевалар, киракаш шўпирлар… Майли, қоганини кейин айтармиз, хуллас, тоғ ёнбағрига жойлашган, барҳаво бу сўлим қишлоқда ана шундай ажойиб одамлару, ана шундай ажойиб болалар яшайди. ҳаммаси ҳақида ҳикоя айтиб бера олмайман, шулардан бир иккитасини танлаб оламан, холос.
Хуллас, ана шундай ажойиб қишлоқда, қишлоқнинг қоқ марказида, ҳозир айтганимдек, ажойиб болалару, ажойиб қизлар ўқийдиган ажойиб бир мактаб ҳам бор. Мактаб директори Азизов домланинг айтишича, дунёдаги энг озода, энг тартибли, энг интизомли мактаб мана шу бўлади.
Мактаб ҳовлисида устун ўрнига қўйилган, ёғочлари қийшайиб кетган, болалар осилаверганидан силлиқланиб қолган, барча ҳужжатларда «турник» деб аталадиган бир мослама ҳам бор. Мана шу таърифига сўз топаолмаётганимиз майдонда ҳозир, шу дақиқаларда Азизов домла болаларга ниманидир тушунтиряпти. Ушбу қиссамизга қахрамон қилиб танламоқчи бўлганимиз Эгамберди билан Каримберди ҳам негадир юракларини ҳовучлаброқ, қўрқа писиброқ иштирок этишяпти.

II боб

— Демак, азиз ўқувчилар, туманимиз марказида сизларга ўхшаган ёшларнинг, демоқчиманки, ёш фермерларнинг, ёш тадбиркорларнинг савдо ярмаркаси давом этаяпти. Афсуски, биз иштирок эта олмаяпмиз. Кўргазмага қўйишга тузукроқ нарсамиз йўқ. Бизнинг юқори синфда ўқийдиган баъзи бир ўқувчиларимиз дарсдан қочиб, сой бўйига бориб олиб қоронғи тушгунча тўп тепиб, туфлисини йиртишдан бошқасини билишмайди. Айрим қизларимиз бўлса қора захчадек чағур-чуғур қилиб гаплашишади-ю, дарс вақтини қиқирлаб кулиш билан ўтказишади. Ана шунинг учун биз тумандаги кўргазмага ҳеч нарса қўяолмаяпмиз… Ҳозир йигирмата ўқувчининг рўйхатини ўқийман. Булар ярмаркага бориб бирор нарса ўрганиб келишсин… Хўш, болалар, мен нима деяпман?
— Бирон нарса ўрганиб келишимиз керак экан, — жавоб қайтарди бир ўқувчи.
— Кейин биз ҳам мактабимизда янги-янги йўналишлар ташкил қилишимиз керак… Хўш, нима деяпман?
— Йўналишлар ташкил қиламиз, деяпсиз.
Азизов домла қаторлар олдидан ўта туриб сен, сен, деб қатор орасидан рўйхатдаги ўқувчиларни ажратиб ола бошлади.
Эгамбердининг олдида тўхтаб:
— Сен нега турибсан бу ерда? — деб сўради.
— Устоз, жон устоз, мен ҳам борай, — деди Эгамберди тортиниброқ.
— Сен мактабдан ҳайдалгансан-ку.
— Устоз, мен шартли ҳайдалганман, йўқламада ўчирилганим йўқ.
— Кузда қилган безорилигинг, бутун мактабни шарманда қилганинг каммиди, яна марказга бориб юзимизни ерга қаратиб келмоқчимисан?
— Жон устоз!
— Чиқ қатордан деяпман. Битта қуённи деб бутун синфни шарманда қилгансан. ўғирлаб олгансанми, сўраб олгансанми… мелиса бизни роса гаранг қилган… Чиқ қатордан, гап томом! Дарсдан қочиб менинг деразамга тош отган биттаси сенмидинг? — бошқа бир ўқувчига юзланди домла. У Каримберди эди.
— Устоз, мен Эгамбердини қутқараман деб деразани қаттиқ тортганимда ойнаси ушанда цинган, тош отганим йўқ.
— Сен ҳам мактабдан ҳайдалгансан.
— Мен уч ойга ҳайдалганман, халос.
— Чиқ деяпман… Сен икковингнинг ёмон қилмишинг бутун қишлоққа достон бўлган… ҳамидова!
— Лаббай устоз!
— Сиз синф раҳбари сифатида бу интизомсиз болаларни нега рўйхатга киритдингиз?
— Жазо муддатини ўтаб бўлай деб қолишди, устоз, — ўзини оқламоқчи бўлди муаллима ҳамидова.
— Аслида ўз директорининг буйруғига эътибор бермайдиган, сизга ўхшаган тартиббузарларга чора кўришим керак эди. Чиқинг қатордан, сиз ҳам марказга бормайсиз… Хўш, ўқувчилар, нима деётган эдим?
— Ярмаркага бориш ҳақида гапираётудингиз.
— Хўп, яхши, — сўзида давом этди директор, — борувчиларга текин аптобус ташкил қилиб қўйганмиз. Бориб мактабимизнинг обрўсини кўтариб келасизлар…
Азизов домла ўзининг қайта-қайта таъкидлашича, мана шу мактабда эллик йилдан буён ишларкан. Иш бошлаган пайтида бору-йўғи иккитагина пастак-пастак уй бўлган экан халос. Ўозирги йигирма икки хоналик мактаб биносини югуриб-элиб ўзи қурдирган экан. Синф хоналаридаги ўқув ашёларини ҳам гоҳ туман, гоҳ вилоят, гоҳ пойтахт раҳбарларига учрашиб ўзи олиб келган экан. Ўозир ишлаб турган муаллимлардан ўн саккизтаси шу мактабни, шу устознинг тарбиясида битирган эмиш.
Азизов домла ўзининг ана шу эътиқодига кўра, ҳамма унга қулоқ солиши, гап қайтармаслиги, айтганини бажариши керак. Айтганини қилмаганларни бир баҳона топиб ишидан бўшатиб қўя қолади.
Ҳамидова қатордан чиқди-ю, лекин синф хонасига қайтмади, бироз ўйланиб турди-да:
— Устоз, шу икки ўқувчини ҳам рўйхатга киритинг, икковлари ҳам тадбиркор бўламиз, деб ҳаракат қилиб юришибди, — дея юмшоққина оҳангда илтимос қилди.
— Сизни синфга кириб кетинг дедим-ку!
— Устоз!!
— Гап қайтарганиз учун хайфсан эълон қиламан! Яна гап қайтарсангиз мактабдан бутунлай ҳайдайман… Хўш болалар, нима деётган эдим?
— Савдо ярмаркасидан бирор нарса ўрганиб келасизлар деётгандингиз.
— қани, машинага чиқинглар, лекин мактабимизга гап тегадиган иш қилманглар.
— Гап тегизмаймиз!
— Кўп нарса ўрганиб келамиз!
— Мазза қиламиз!
— Музқаймоқ еймиз, — дейишиб ўқувчилар бир-бирини итаришиб автобусга чиқа бошладилар.
қатордан чиқарилган Эгамберди билан Каримбердилар маъюсгина тикилиб қолдилар.

III боб

Ўқувчилар, бири савдо ярмаркасига бормагани учун хафа бўлиб, бошқаси борувчилар рўйхатига киритилмагани учун дили оғриб, оддатдагидек тўполон қилишиб, қизларнинг сочидан тортишиб, қиқирлашиб-кулишиб синф хонасига кириб бордилар. Синфда шовқин анчагача босилмади. Бир боланинг отаси кеча ярмаркага борган экан, ярмарка ёқмаган эмиш. Бошқа боланинг отаси ярмаркадан зоддор қўй сотиб олган эмиш. Бормаганим яхши бўлди, сой бўйига бориб энди роса футбол тепамиз, деётканлар ҳам бор. Фотима, Зуҳро деган бир—бирдан ҳеч ажратиб бўлмайдиган, ажратиб бўлмагани учун ҳам оналари ҳар бирига бир-бирига ҳеч ўхшамайдиган кийим кийдириб қўядиган эгизаклар бор. ўша қизлар муаллималарини уялтириб қўйгани учун, Эгамберди билан Каримбердини кўпчилик ўртасида яна бир марта изза қилгани учун Азизов домладан хафа бўлганликлари ҳақида баҳслаша бошладилар.
— Уф, шу директордан қачон қутилар эканмиз?! — деяпти биттаси.
— Астароқ, эшитиб қолса, мактабдан хайдаласан, — деяпти бошқаси.
— Директоримиз қулоқ чўзиш бўйича дунё рекордини ўрнатганлар деяпти, — учинчиси.
Синфда ўқувчилар шовқини авжига чиқарди. Биров бокс ҳақида, бошқаси Англиядаги футбол чемпионати ҳақида ошиб-тошиб гапиряпти.
— Эган, ростан ҳам сен ўшанда қуён ўғирлаганмисан? — деб сўради Шокир. У йўқ жойдан гап қўзғагани, гап қўзғаш орқали бирон ўртоғини уялтириб, уялтириб олгандан кейин, ўша ўртоғининг тилини қисиб олишни хуш кўрарди. Гоҳо уни чақимчи Шокир ҳам дейишарди. Мана шу бола ҳозир уялибгина ўтирган Эгамбердининг ғашига теккиси келиб қолди.
— Шокир, сенга, ҳаммангга минг мартта айтганман-ку, Ғулом ғуппанинг қуёнларини дафтарга алмаштирганман деб, — шундай деб Эгамберди юзини тескари ўгириб, дераза орқали ҳовлига тикилиб ўтирди.
Шокир яна тинчимади:
— Ўғирламасанг нега мелиса қамаб қўяди сени?
— Жим бўл деяпман, — Эгамберди секин ўрнидан тура бошлади.
Шокир жим бўлмади.
— Кейин, барибир, директорнинг хонасига тош откансан-ку, деразани синдиргансан-ку.
— Жим деяпман, — шундай деб Эгамберди аста Шокирга яқинлашиб кела бошлади. Азизов домланинг ҳалиги ҳаракати унинг аламини оширган эди, Шокир чақимчининг бу гапи дард устига чипқон бўлди. Хўрлангандек сезиб, ўзини босолмай қолди:
— Жим бўл деяпман, бўлмаса ҳозир бошингни ёраман, — қўлини мушт қилиб қаттиқ гапирди Эгамберди.
— Сен-а, мени-я, Қибла маҳалланинг боласини-я! — шу сўздан кейин Шокир чақимчи икки қўлини бошига қўйиб, кафтларини бамисоли қуёнчанинг қулоҚига ўхшатиб ёзиб, турган жойида қуёнга ўхшаб сакрай бошлади, — қуёним, қуёним, нега эрта ухлайсан, нега Эганга шафқат қилмайсан.
Эгамберди ҳақида қишлоқда, мактабда ҳар хил гаплар кўп тарқалган. Ашаддий қуёнбоз бу ўсмир ҳақида ёлғон-яшиқ гаплар бир талай. Эгамбердининг онаси Эгамбердига қўшиб қуён ҳам туққан эмиш. Эгамберди уйқисираб ўз синглиси бўлмиш қуёнчани босиб ўлдириб қўйган эмиш, ўша ўлган қуёнча эртасига тирилиб келиб ўрнингдан тур, мактабдан кечга қоляпсан, деганмиш. Тўғри, Эгамбердининг қуёнга бўлган ишқибозлиги иккинчи синфдалигидаёқ бошланган. ўшанда далада ўйиқхона ичида қуён болалаган эди. Эгамберди буни кўриб қолиб қуённинг тўртта боласини уйларига олиб келиб боққан. Бир йилгача анча кўпайтирган ҳам. Кейинчалик ўгай онаси Шакархон ая уй ишларига қарашмай қўйдинг, сигирингни боқмай қўйдинг, деб хафа бўлган. Қуёнларингни йўқотмасамми деб бир куни, Эгамберди ухлаб ётганда қуёнларини далага қўйиб юборган. Агар яна уйга қуён олиб келсанг сени етимлар уйига топшираман деб қўрқитган.
Шу пайтда, қалби изтиробга, аламга тўлиб турган пайтида Шокирнинг масхара қилиб устидан кулиши унга алам қилди, жуда-жуда алам қилди. Югуриб келиб чақимчининг устига ташланди. Шокирнинг қулоғи остига шундай бир мушт келиб тушдики, зарби ҳам шундай кучли эдики, Шокир гандираклаб бориб йиқилди. ўзини тезгина ўнглаб олди-ю Эгамнинг ёқасига ёпишди.
Хунук манзара бошланди.
Синфдаги ўғил-қизлар икки тарафга бўлиниб кетишди. Сой маҳалла бир томонга, Қибла маҳалла бир томон:
— Ур!
— Тур ўрнингдан!
— Бўш келма!
— қўрқсанг мана мен борман! — деган-пасту баланд гаплар авжига чиқиб боряпти.
Қиз боллар:
— Вой, ажратсанглар-чи! — дейишяпти.
ўғил болалар:
— Чарчашса ўзлари ажралишади.
— Спартивни мусобақа кетаяпти.
— Сойкелди, бош келма, — деган гапларни тинмай айтишяпти.
Хонкелди қишлоғида хечқандай тартибга бўйсинмайдиган, хеч қандай қонунга риоя қилмайдиган, мушлашиш, эшакминди, бов устига бов, ўн икки соат тохтамай тўп тепиш, даштга, хўв анаву тоғ ёнбағридаги кенгликка чиқиб олиб велосипеднинг қосқони сингунча пойга уюштириш цингари ёввойи ўйинлар авжига чиққан. қизиқ, бугун жончиқарга мушлашадила-ру, эртага ярашиб, опоқ-чапоқ бўлиб кетаверадила.
қўнғироқ чалинди.
Салобатли география муаллими салмоқли қадам ташлаб, аста кириб кела бошлади:
— Ўтир ҳамманг жойинга! — деган қаттиқ буйруқ ҳам бўлди. Муаллимнинг овози ҳам кучли эди. ҳамма ўрин-ўрнига ўтирди. ҳеч нарса бўлмагандек синф хонаси жим-жит бўлиб қолди, дарс бошланди. Сибир ўрмонлари ҳақида суҳбат кетаяпти.

Романнинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг