Туробжон Мақсудов. Дунё кимники (ҳикоя)

Бу воқеа рус императори мустамлака ерларини кенгайтириб бориб Марказий Осиёга яғмо қилишга тайёрланаётган бир пайтда рўй берган эди…
Икки навкар қўриқлаб бораётган карета рўпарадан келаётган шовқин-суронли лўлилар тўдаси ёнида тўхтади, йўловчилар чакана одамлар эмаслигини пайқаган лўлилар атрофни ўраб олдилар; улар Мос­квага қайси йўлдан юриш кераклигини сўраётган извошчининг, елкасига найзали милтиқ осган икки навкарнинг гапига қулоқ солмасдилар; каретадаги аёллардан бири – ёши ўтинқирагани тушиб бутазорга ўтди, иккинчиси – мудраб ўтирган сулув жувонга кекса лўли аёл ёпишиб олди – фол кўрай, деб қулоқ-миясини қоқиб қўлига берди, ёшгина лўли жувон эса чап зинага чиқиб эшикни очганча ичкарини кўздан кечирарди. Бутазордан қайтган аёл ҳамёнидан кумуш тангалар олиб лўлиларга улашди. Шу чоқ қўш от безовта кишнаб бир-икки ирғишлаб извошчи жиловни бор кучи билан тортса-да, куч бермай қочмоқчи бўлди, карета ағдарилишига сал қолди, ўтирган аёл ерга қулаб тушди, чақалоқнинг биғиллаб йиғлагани эшитилиб дарҳол тинди, чап зинага чиқиб олган лўли эшикка қапишиб олди. Икки навкар отдан ирғиб тушиб қўш отни жиловидан тутдилар. Лўли жувон зинадан пастга сакраб тушиб, ўрмон қаърига кириб кўздан ғойиб бўлиши билан икки от бирдан юввош тортиб қолди.
Хайриятки, извошдан қулаб тушган княгиня лат емабди.
– О, худога айтганимиз бор экан, ўзи сақлади! – деди унинг онаси йиғлаганча қизига интилиб.
Лўлилар йўл кўрсатдилар, карета йўлга тушди, орадан кўп вақт ўтмаган эди, ёш жувоннинг дод-фарёди оламни бузди. Унинг шундай ёнида, йўргакда ухлаб ётган чақалоғи йўқ эди! Тўхтадилар. Навкарлар ортга от қўйдилар. Қош қорайиб қолган эди. Чор атрофга зир югурдилар. Аммо табор ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ! Рус аскарлари қўнган қароргоҳга бориб мадад сўрадилар. Жувон онаси билан чодирлардан бирига кириб кўзларидан шашқатор ёшлар оқизиб, ҳушли-ҳушсиз бир ҳолда бўйнидаги адон дури, олмосу зулмони ёқут кўзли икки узугини ечиб рота командири қўлига ташлади.
– Лўлилар биздан қочиб қутула олмайди, топамиз, – деди хушбичим зобит хотиржамлик билан тақинчоқларни мундири чўнтагига солиб қўяркан.
Княгинянинг юрагини умид нури иситди. Лўлилар бутунлай тескари йўлни кўрсатган эди; зобит йўлни қоғозга чизиб берди; қўнишларига жой ажратдилар. Жувон ташқарига чиқаркан, зобит:
– Воҳай жа, кетворган жонон эканми? – деб қолди ютиниб.
Уч кунлик қидирув иш бермади, тўртинчи куни рота сафарга отланди; жувон бечора йиғлай-йиғлай ноилож манзилини зобитга ёзиб қолдириб йўлга тушди…
Қалин ўрмон орасидаги торгина йўлдан турна қатор бўлиб кетаётган рота қисқа дам олишга тўхтади. Зобит кимнидир кутаётгандек атрофга олазарак боқар эди, сўқмоқдан анча наридаги қалин буталар орасидан бир сас келгандек бўлди. Зобит ўша томон шошилди. Буталар шохлари сурилиб кўзлари сирли, ҳирсли ва айни чоқда маккорона чақнаб турган жувон кўринди. Бу ўша извош зинасига чиқиб олган жувон эди. У зобитни буталар орасига тортди, бўйнига осилиб илондек чирмашди. Зобит дўрдоқ лабларга лаб босиб эҳтиросли бўсадан ўзини йўқотиб қўйди…
Зобит ҳушига келганда жувон кетиб қолган эди. У қайноқ бўсалардан маст бўлган бир пайтда айтилган “У сен эмассан, нари тур?!”, деган сўзларни эслади; тушунмади – кулди; кейин нима бўлганини билмайди, кийимларини қоқиб-суқаркан, мундирининг чўнтаги бўшаб қолганини сезди – княгиня берган тақинчоқлар, ён чўнтагидаги моянаси йўқ эди.
– Лаънати лўли, тунаб кетибди-ю! – деди алам билан…

– Шарлотто, қайси гўрда санғиб юрибсан? Анави ҳароминг йиғлаб жонимга тегди. Қара, ўлиб қолмадимикан?
Чодир олдида туриб шанғиллаган айтилган бу сўзлардан Шарлоттонинг юраги шувв этиб кетди. Онасининг қўлидан ҳар бало келади!
Чодирга отилиб кирди, энгашди, чақалоқ саватда пишиллаб ухлаб ётарди.
– Худога шукр!
Шарлотто чақалоқнинг юзидан ўпиб, қасам ичди:
– Энди сени сира ёлғиз қолдирмайман!
Сўнг у чодир йиртиғидан ботаётган қуёшнинг заррин нури тушиб турган ўриндиққа липпасига қистирилган бир даста қоғоз пулни ташлади, тақинчоқларни авайлаб олиб ёйиб қўйди, узукларнинг олмос, зулмони ёқут кўзлари сирли жилваланди.
– Қизим, бу тақинчоқларни ўзингга асраб қўяман, – деди калласини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа буриб тақинчоқларни томоша қиларкан. – Катта бўлсанг тақасан. Сенинг исмингни нима қўйсамикан? Ҳмм… Сашанинг опасининг оти нима эди? Ҳа, Маргарита, Маргарита эди, Маргарита деб қўяман, Сашага ўхшаб Рита, Рита деб чақираман. Катта бўл, қизим! Менинг сендан бош­қа овунчоғим йўқ ҳаётда!
Рита алдаш, алдаш, алдаш, фақат алдаш ва ҳеч қачон алданиб қолмаслик шиори қон-қонга сингиб кетган муҳитда вояга етди.
Табордаги Борис исмли бола: “Сен лўли эмассан!” – деганда Рита аччиқ-аччиқ кўз ёши тўкди, Шарлотто ётган чодирга кириб дод-фарёд солди, шунда Шарлотто ўрнидан ирғиб турди-ю ташқарига отилди, лўли болани ушлаб келиб силтаб-силтаб, қизининг оёғи остига ташлади:
– Ур уни, токи у сенинг лўлилигингни билсин!
Қизга алам ўтганди, болани дўппослай кетди, оғзи-бурни қонга бўялса-да, аямади, бола қочолмади, Шарлотто тўсиқ эди. Чодирга бирор лўли кириб уларни ажратмади, бола гангиб қаршилик қила олмасди, қиз аламдан чиққунча урди. Шу бўйи ҳеч ким уни лўли эмассан, дейишга журъат эта олмади. Қизгина – Рита чайир, муштлашиш ҳадисини жуда яхши олган, паҳлавон келбат Тимофей темир (бадани темирдек қаттиқ бўлгани учун ҳам унинг номига темир лақабини тақашган, фақат айби ялқовлиги эди, бир ухласа икки кунлаб ухлайди, аммо таборда қиличбозлик, курашиш, муштлашиш, овда унга тенг келадигани йўқ) унга курашишнинг, муштлашишнинг нозик сирларини ўргатган, Рита баъзан ўзидан катта болаларни чинқиртириб уриб қолади, ўн уч ёшли қизгина давангирдек лўлиларни ҳам бир ҳамла билан йиқитиб кўкрагига оёғини тираб турганини кўриб қойил қолишади; ўн уч ёшли қизгина гавдаси ўн етти ёшли қизларникидек эди, онаси унга ўқиш, ёзишни ўргатди, китоблардан шеър ўқиётганда онасида ажиб бир ҳалимлик пайдо бўлади, Рита унинг шу ҳолатини жуда яхши кўради; онаси Александр деган бир рус шоирнинг жазмани бўлган, деган шивир-кичирлар юради, қизгина ўзининг афт-ангори лўлиларга қараганда бошқачалигини анг­лаганидан бери шу рус шоирнинг қизи бўлсам керак, деган хаёлга ҳам боради, баъзан катта энаси онасига қараб: “Ҳа, шоирингни қумсаб қолдингми?” деганларини кўп эшитган, аммо катта энаси ҳам онасидан қўрқади, онаси шунда: “Жодугар! Ўчир овозингни!” дейиши билан дим бўлиб қолади, қизгина бу жодугар шоир билан қизининг бахтига зомин бўлганини, шоирдан бўлган болани тушираман, деб қизига алламбало дамламаларни билдирмай ичиргани, оқибатда бола тушаётганда қон кетиб қизи ўлишига сал қолганини, Александр хизмат қилаётган ҳарбий қисм катталарига шоирнинг турклар билан алоқаси борлиги хусусида чақимчилик қилиб қаматиб юборганини, шоир қамоқда қазо қилганини, онаси шу йўл билан қизини севгилисидан жудо этганини билмас эди. Шарлотто ёши ўтинқираган лўлига тегди. Ўн йил яшаб ҳам фарзанд кўрмади. Эри силга чалиниб қазо қилди. У бошқа турмушга чиқмади.
Елкалари қирдек-қирдек, кўкрагини виқор билан кўтариб юрадиган барон Василий лўли тўдалари орасида обрўйи баланд; отасига тортган олти ўғли мудом итоатида. Аммо Шарлотто ягона қиз бўлгани учун эрка, акаларига, ота-онасию табордаги бошқа лўлиларга ҳам ҳукмини ўтказади. Шарлоттонинг қаҳри жуда қаттиқ. Фарзанд кўролмагани, қайғу-ҳас­ратлари туфайли у шунақа тошюрак бўлган дейишади. Княгинянинг қизини ўғрилаб, ўзиники қилиб олгани ҳам унинг юрагини юмшата олмаган. Фақат қизи Ританигина койимайди, бор меҳрини унга берган. Шарлотто таборнинг Москва томонга қараб юришига сира йўл бермайди.
Рита ўн етти ёшга тўлганда шундай соҳибжамол бўлиб етилдики… Раққосаларникидек ғозбўйин, иринлари нафис, бурни гулюзига чиройли ўрнашган, қуралай, жиякли кўзлари мовий, оқбадан, саврқомат, русга ҳам, лўлига ҳам ўхшамаган бу гўзал хилқатда шундай бир жозиба бор эдики… Кўзи тушган кишини ўтдек ёндиради! Қўнғироқдек овозда куйлашини эшитган, жўшқин рақсларини кўрган ҳар қандай одамнинг юраги алғов-далғов бўлиб кетади. Унга табордаги, бошқа лўлиларнинг тўдаларидаги йигитлардан ошиқ бўлганларнинг сон-саноғи йўқ, болалигида ундан калтак еган Борис Ританинг орқасидан соядек эргашиб юради; бошқа йигитчалар ҳам унга шайдо, аммо ҳеч қайсиси темирчи Тимофейнинг олдига туша олмайди, ботина билмайди. Рита Тимофейни севмайди, уни акамдек ҳурмат қиламан, холос, – дей­ди. Шарлотто эса бир иложини топиб қизини тезроқ Тимофейга бериб ғалвалардан қутулиш пайида. Меҳмон бўлиб келган лўли тўдасидаги Михаил деган йигит Ритага ошиқ бўлиб уни олиб кетмоқчи бўлганида катта жанжал кўтарилди. Меҳмон тўдадаги барча йигит бир Тимофейга бас келолмади, кейин табордаги йигитлар ҳам қўшилиб кетишди. Катта муштлашишни тўда бошлиқлари зўрға тўхтата олдилар. Меҳмон тўданинг йигитлари қонга бўялган бир ҳолда кетдилар. Аммо ошиқ йигит бу билан тинчимади, тунда бир неча йигит билан Ритани ўғрилаб кетмоқчи бўлганда, мудом қизни қўриқлаб арава ёнида ётадиган айиқ (ё тавба, қизнинг ҳусн-тароватига шу маҳлуқ ҳам шайдо бўлиб қолган шекилли, мудом қизга суркалади, қиз уни эркаласа, пахмоқ жунларини силаса эриб, талтайиб кетади) қўлига тушиб қолди. Тўда йигитлари қовурғалари синган, жигари эзилиб қон туфлаётган Михаилни зўрға ажратиб олдилар. Бечора йигит таборига ета олмай қазо қилди.
Рита ҳамон ҳеч кимга кўнгил қўймасди. Бир куни уч отлиқ рус зобити тортинмай отларини дарахтларга боғлаб, лўлилар гулхан ёқиб ўтирган жойга кириб келдилар. Рус аскарию зобитига таҳдиднинг оқибати ўлим билан тугашини ҳамма яхши билади, уларга ҳужум қилган ҳар қандай мазлумни отиб ташлашга рухсат этилган; шул сабаб улар эмин-эркин юришади, вақти чоғлик қилишади; уруш ҳаракатлари вақтинча тўхтагач, гусарлар кундузи манежда бирмунча машқ қилишади-ю, сўнг хоналарга қамалиб қартабозлик, ичкиликбозликка берилишади; уч полк­дош бу кун отда сайр қилишни истадилар, ўрмон яқинидаги гулхан ёруғини кўриб, от жиловини шу томон бурдилар.
Табор боши – барон Василий ота катта-катта, қовоқлари осилган кўзларининг бирини қисиб, шоп­муйловини силаганча суриштириб-суриштириб гусарлар ҳангоматалаблигини билгач, уларга ёнидан жой кўрсатди.
– Энди, Осиёга қараб йўл олдиларингми? – деди Василий ота узоқларга боққанча.
– Шундай, – деди хафақош гусар.
– Дуруст, дуруст. Сизларга айиқ ўйнатиб беришсинми? – деди Василий ота, сўнг арава шотисига боғланган айиққа қараб қичқирди:
– Миша! Ўрисларга бир ўйнаб берасанми?
Айиқ ўзини чақираётганини билиб турди-да, занжирини шилдиратганча силкиниб бир ўкирди.
Зобитлар бир-бирларига қараб жим бўлиб қолдилар.
Ўзига ярашадиган кичиккина муйлов қўйган, хушсурат, кенг манглайи ярқираган ёшгина зобит табор бошига қараб:
– Йўқ, айиққа эмас, мен сизларнинг рақсларингизга, қўшиқларингизга жуда ишқибозман, қўшиқларингизни ёзиб олмоқчиман, – деди.
– Дайдилар қўшиқларининг нимасига қизиқасан? Бизнинг ҳаёт ҳаётми? Мудом йўлда, чўлда, дўлда… Буни мен ёшлигимда тушунганимда эди, бугун бош­қача яшаётган бўлардим, – деди Василий ота бошини сарак-сарак қилганча хўрсиниб.
– Лўлилигингиздан афсусланасизми? – деди ёш гусар.
– Йўқ фахрланаман.
– Нега унда…
– Ҳар қандай лўли ҳам ҳар замонда шундай нолиб қўяди. Қани Тима, чилдирмани ур!
Василий ота ирғиб ўрнидан турди. Тимофей қасқонига қўнғироқчалар ўрнатилган чилдирмани зарб билан уриб чала кетди, шўх мусиқа садоси юрак­ларни зириллатди.
Барон бошини баланд кўтарди, бургутдек қанот ёзиб, ўлжасига ташланаётгандек панжаларини керганча, худди бор дунёни чангаллаб оладигандек бир ҳолда қотиб турди, сўнг оёқларини ерга дадил тираганча, тиззаларини чилдирма оҳангига мослаб букиб-букиб рақсга тушиб кетди. Бели маҳкам боғланган, қизил кўйлаги, узун енги лов-лов ҳилпираб, атрофни алангалатиб юборадигандек! Кексагина одамнинг бу мардона рақси русларни ҳайрон қолдирди. У чарх уриб ўйнаб борди-ю, лўлиларга қараб бир ҳайқирди:
– Ёппа!
Бирданига қий-чув, қийқириқ солиб ҳамма даврага тушиб кетди. Василий Тимофейдан чилдирмани олиб унга “Сен ҳам ўйна!” дегандек имо қилиб чилдирмани ўзи чала бошлади. Атроф шовқин-суронга тўлди. Айиқ ҳам занжирини шиқирлатганча бир неча бор ўкириб қўйди. Рита қуёшдек даврани нурлантиради, ана у ўйнаб бориб Тимофейнинг атрофидан бир айланиб қўйди, Тимофей бу илтифотдан севиниб жойида қотиб баданини шундай дириллатдики… Сўнг қулочини кенг ёзиб ўйнай кетди, Рита сочи қордек оқ Шарлоттони қучоқлаб бир айлантириб қўйиб юборди, Шарлотто бунга жавобан икки кўкрагини дириллатиб рақс туша бошлади, Рита кафтини ўпиб узоқдан Борисга бўса ҳадя қилди, бечора йигит талтайиб кўксига урганча ўзини ерга ташлаб Рита томон тиззалаб интилди…
Тиниқ осмондаги ой, юлдузлар энкайиб лўлилар рақсини томоша қиларди. Лўлилар шу зайилда чарчагунча рақсга тушиб, сўнг ҳамма жой-жойига ўтиргач, бирданига қўнғироқдек бир овоз янгради:
Лўли бўлиб туғилдинг,
Бу кенг жаҳон сеники.
Минг бир фотиҳ ололмаган,
Минг бир макон сеники!
Ёш гусар табор бошининг ўнг ёнида, онаси олдида туриб куйлаётган қизга тамом маҳлиё бўлиб тикилиб қолди. Қизнинг юзи гулхан шуъласида эмас, балки унинг ўзининг ич-ичидан чўғланиб нурланаётгандек эди!
Ҳамма унга жўр бўлди:
Ҳавас қилинг лўлига,
Бутун дунё уники!
Нақаротни лўлиларнинг бари бирлашиб бор овози билан шундай жаранглатиб айтардики… Атроф ҳам акс-садо берарди:
Бутун дунё уники,
Бутун дунё уники…
Рита янада жўшиб, овозини бир парда кўтариб куйлади:
Чиранмангиз, фотиҳлар,
Ололмайсиз дунёни!
Мўр-малаҳдек қўшин-ла,
Ололмайсиз дунёни,
Лўлилар овозларини баралла қўйиб жўр бўлишди:
Ҳавас қилинг лўлига,
Бутун дунё уники!
Икки зобит бир-бирига қараб қўйди. Ёш йигит эса Ритадан кўзини узолмасди. Қўшиқ тингач, ёш гусар ўрнидан туриб ўртароққа чиқди.
– Василий ота, рухсат этинг, мен бир шеър ўқийман!
– Марҳамат.
– Ритага.
О, ғамга ботдим нетай?
Чунки севиб қолдим мен.
Қарорим ўтин қилдинг,
Рита сен деб ёндим мен…
У шеърини тугатиши билан гулдурос қарсак янгради. Фақат Тимофейга суяниб ўтирган Шарлоттогина қарсак чалмади, у қизига хавотирланиб қаради.
Рита ўзини унинг қарашини сезмаганга олиб бир сакраб даврага чиқди, тап тортмай гусар ёнига борди-ю қўлидан ушлаб баланд кўтарди.
– Чал! – деди Тимофейга.
Тимофей шўх бир куй чала бошлади. Икки ёш бир-бирига қадалиб боққанча рақсга тушиб кетди. Офицер гарчи Ритадек рақсга туша олмаётган бўлсада, улар бир-бирига жуда ярашарди. Ҳамма уларга ҳавас билан қаради, ҳавас билан. Гусар Ритага топиниб борар, мазурка усулига мос ҳаракат қилар, лўли қиздан қолишмай иштиёқ билан рақс тушар эди. Бу рақснинг ўзи бир қўшиқ, ўзи бир олам эди!..
…улар отлари томон кетишаётганда:
– Қўшиқларининг мазмуни бизга ишора эмасми? – деди хафақош гусар.
– Албатта, ишора! – деди катта ёш гусар.
– Хўш, бутун дунёни эгалласак ёмонми? – деди хафақош гусар.
– Бошқа юртларни босиб оламан, деб минг-минг­лаб бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш яхшими? – деди ёш гусар.
– Ҳа, босқинчилик қаҳрамонлик эмас, – деди ёши катта зобит.
– Мен иккалангизга тушунмай қолдим, кавказлику осиёликларни одам, деб ачиняпсизларми?
– Ҳа, улар ҳам бизга ўхшаган одам, ахир!
– Йўқ, улар манави лўлилардан ҳам баттар каззоб! Қўлимга тушганини битта қолдирмай отиб ташлайман!
– Унда сен жаллод экансан! – деди ёш гусар.
– Анави битлиқи билан рақсга тушиб жинни бўлиб қолибсан. Сенга ўхшаган латтачайнарнинг гусар бўлиб қолганингга ўлайми?
Ёш гусарнинг лаби титради:
– Сен…
Даҳанаки жанг бошқача тус олмаслиги учун уларни ёши катта зобит ажратиб қўйди.
– Мен эртага истеъфога чиқишга рапорт бераман, – деди ёш гусар.
Учинчи гусар индамади.
Ёш гусар эртаси куни таборга ёлғиз ўзи келди. Ҳамманинг кўз ўнгида Рита билан ширин суҳбат қурди – узоқ, узоқ… Отига минаётганда Ританинг қўлини ўпди. Қизнинг бадани жимирлаб кетди.
Рита эртаси куни ҳам унинг йўлига кўз тутди, аммо гусар келмади, тунда келади, деб кутди, тунда ҳам келмади, тонгда ҳам. Рита энди кута олмади, икки дугонасини олиб сой бўйидаги истеҳкомга борди, отини етаклаб манеждан чиқиб келаётган ёши катта гусарни кўриши билан унинг қошига учиб борди, учиб. Бетоқатлик билан сўради:
– Юрий қани?
Гусар бошини ғамгин эгиб жим турди.
– Нега индамайсиз? Нима бало тилингизни ютиб юбордингизми? – деди Рита шанғиллаб.
Кўзларида ёш қалқиган гусар бошини кўтарди:
– У кеча дуэлда ўлди!
Рита қотиб қолди. Сўнг бирдан орқасига ўгирилиб югурди, этаклари изини супурди, югурди, югурди-ю, ўзини ерга ташлаб ўкириб-ўкириб йиғлади.

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 5-сон