Маълумки, Улуғ Ватан урушига қадар ва ундан кейинги йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг, шахсан Усмон Юсуповнинг ташаббуси билан жумҳуриятимизда ирригация иншоотлари қурилиши кенг миқёс ва кўлам касб этди. Натижада далаларимизнинг сув билан таъминланиши кескин даражада яхшиланди. Бунда ирригаторларимиз ва мелиораторларимизнинг хизматлари беқиёсдир.
1960—1965 йилларда жумҳуриятда дарёлар оқимини тартибга келтириш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилди. Шу қисқа давр мобайнида жумҳурият аҳамиятига молик 51 та ва республикалараро 5 та йирик сув омборлари қурилди. Булар умумлашма ҳолида 55,5 миллиард куб-метр сув сиғимига эга эди. Сув хўжалигида йўл қўйилган катта хатолик айнан ана шу сув омборларига бориб тақалади. Чунки баъзи сув омборлари қурилишига эҳтиёж сезилса-да, ишларни бу қадар катта миқёсларда олиб бориш учун зарурат йўқ эди. Қурилишни амалга оширишда чуқур илмий ёндашувнинг йўқлиги, олимлар ва мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олинмаганлиги натижасида табиий шароитларга путур етказилди, Орол денгизи олдиндан ҳалокатга маҳкум этиб қўйилди. Табиат устидан қозонилган ҳар бир ғалаба учун у биздан ўч олади, деб башорат қилган Ф. Энгельснинг фикрига бефарқ қараганлигимиз учун бизнинг музофотда экологик, иқтисодий ва социал шароитларда кескин вазият юзага келди.
Сув омборлари қурилиши натижасида юзлаб қишлоқлар, ўн минглаб гектар ҳосилдор ерлар сув остида қолди. Ана шу сув омборлари юзасидан ҳар йили 5 миллиард кубметрга яқин оби-ҳаёт бефойда буғланиб ётипти. Ҳолбуки ана шу миқдордаги сув Орол денгизига қанчалар мадад бўлур эди.
Энг катта кулфат шундан иборатки, сув омборларининг ўзи ҳамда ундан далаларга етказилиб берилаётган совуқ ва тоза сув иқлим шароитларини салбий томонга ўзгартирди, сизот сувлар даражаси ошди, шўрланиш ва ботқоқланиш кучайди, фойдали ҳашаротлар нобуд бўлди, суғориладиган ва суғорилмайдиган юз минглаб гектар серҳосил ерлар қашшоқлашди.
Масалан, 1,9 миллиард куб-метр сиғимга эга бўлган Андижон сув омбори атроф-муҳитга қанчалар салбий таъсир этганлигини назар-эътиборга олиб кўринг. Қўрғонтепа районида — сув омборидан 20 чақирим нарида жойлашган «Савай» совхозида фойдали ҳарорат миқдори 1977 йилдагига нисбатан 1987 йилда 402 даражагача, энг қулай келган 1988 йилда 204 даражагача пасайди. Бу — сув омбори атрофидаги Қўрғонтепа, Жалолқудуқ, Хўжаобод ва Марҳамат районларида экин-тикиннинг ўсув даври 20—35 кунга қисқарди демакдир. Андижон сув омборининг совуқ суви билан ғўзаларни суғориш ерости ҳашаротлари ва микроорганизмларга ҳалокатли таъсир этди.
Энг ташвиш уйғотадиган нарса шуки, дарё сувлари билан оқиб келадиган лойқа сув омбори остига чўкиб, далаларга бериладиган сув ниҳоятда тиниқ бўлади. Дарёлар минглаб ирмоқлардан ташкил топиши ва далаларга ҳамда ирригация тармоқларига ҳар гектар ер ҳисобига ҳар йили 25—40 тоннадан лойқа келтириши маълум. Айниқса Амударё ва Сўх дарёлари лойқага жуда бой, ҳаётбахш моддалар билан ниҳоятда тўйинган юзлаб, балки миллиардлаб тонна ана шундай лойқа сув омборларида чўкинди ҳолига келиб ётипти.
Ана шу тарзда биз ўз еримизни ўзимиз ҳалокат ёқасига келтириб қўйдик. Устига-устак, суғориш учун далаларга берилаётган сув нариги томондан — охиридан бўтанага айланиб чиқиб кетмоқда, яъни ернинг энг серҳосил қатлами доимий суратда ювиб юборилмоқда. Бу ҳол, охир-оқибатда, катта йўқотишларга олиб келиши турган гап.
Сув омборларининг тазйиқи остида қолган хўжаликлар ва районларда ҳосилдорлик йилдан-йилга пасайиб кетмоқда. Бир пайтлари бутун мамлакатга машҳур бўлган йирик ва илғор «Савай» совхози аҳволига яна бир назар ташлайлик. Андижон сув омбори ишга туширилишига қадар (1976—1977 йиллар) хўжаликда пахта ҳосилдорлиги гектарига 36—37 центнерни ташкил этган бўлса, бу рақам 1987 ва 1988 йилларда 20—21 центнерга тушиб қолди. Ана шу давр мобайнида Қўрғонтепа районида ўртача ҳосилдорлик 31,6 центнердан 21, Марҳамат районида 35 центнердан 18,5 центнергача камайди. Жалолқудуқ, Хўжаобод ва бошқа айрим районларнинг аҳволи ҳам бундан яхши эмас. Пахтачилик учун жуда қулай келган ўтган йилда мазкур тўрт район пахта тайёрлаш йиллик планини атиги 48—67 фоиз қилиб бажардилар, холос. Фарғона вилоятининг Каркидон ва Қўрғонтепа сув омборлари таъсири остида бўлган Қува, Охунбобоев ва Олтиариқ районлари ҳам нохуш аҳволда қолганлар. Мазкур районларда пахта топшириш планлари ўтган йили фақатгина 79—82 фоизга бажарилди, холос.
Сув сиғими 7,3 миллиард куб-метрга эга бўлган Туямўйин сув омбори Қорақалпоғистон АССР, Хоразм ва Тошҳовуз вилоятларига жуда катта зарар етказди. Мазкур музофотларда сизот сувлар ёппасига юқорига кўтарилди, ёппасига иккиламчи шўрланиш юзага келди, аҳолиси касалликка чалинди, сув сифати бузилди, боғлар ва дарахтзорлар нобуд бўлди. Сув омборлари одамлар дам олиб даволанадиган кенг қатламли туз конлари атрофида қурилди. Ана шундай шароитларда миллиард сўм маблағ сарфлаб, сув омборлари қуриш, кейин эса, яна шунча миқдор маблағ ҳисобига ўнг ва чап қирғоқ сув коллекторларини қуриб, сизот сувларни Оролга ҳайдаш, суғориладиган улкан майдонларни нобуд этиш шартми, деган савол туғилади. Бундан кўра сув омборлари сувини батамом бўшатиш яхшироқ ва мақсадга мувофиқроқ эмасми?
Шофиркон районидаги Шўркўл сув омборининг таъсири остида «Ғиждувон» ва «Жилвон» совхозининг боғлари ва узумзорлари тенг ярмига нобуд бўлди.
Табиий суратда шундай савол туғилади: икки миллионли Тошкент шаҳрининг шундоққина биқинида унга хавф солиб турган — 2 миллиард куб-метр сув сиғимига эга Чорвоқ сув омборини қуриш шартмиди? Ахир, 1948 йилда Ашхободда, 1966 йилда Тошкентда, 1988 йилнинг декабрида Арманистондагидек фавқулодда кучли ерости силкинишлари бундан кейин бўлмаслигига ким кафолат бера олади? Шунга қарамасдан, СССР Сув хўжалиги министрлиги ва ЎзССР Сув хўжалиги давлат комитети тўғонлар ва сув омборлари қуришни давом эттирмоқдалар.
Сўх дарёсида қурилаётган Сўх сув омборининг Қўқон атроф районлари ва Қўқон шаҳри учун ниҳоятда фожиали оқибатлар келтиришини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Қурилиш ҳажми — 150 миллион сўм. Айтишларича, у 200 миллион сўмга ҳам етиб боради. Лойиҳа бўйича сув сиғими — 350 миллион куб-метр. Иншоот қурилиши натижасида 400 хўжалик бинолари ва 1200 гектар серҳосил ер сув остида қолади. Мен бу жойларни яхши биламан, қурилиш кетаётган жойларда бир неча бор бўлдим. Масъулият билан айтаманки, мазкур қурилиш олтита район аҳолисига, икки юз минг кишилик Қўқон шаҳрига катта кулфат келтиради. Бунинг икки муҳим сабабини қайд этаман: биринчиси, Қўқон атроф районлари — кучли шамоллар хуруж қиладиган жойлар бўлиб, тупроқ қатлами эрозияси анча юқори; иккинчиси, совуқ ва тип-тиниқ сув тупроқнинг юза жойлашган қумлоқ ва қумоқ қатламини осонлик билан ювиб кетади. Сув омбори қурилар экан, орадан 40—50 йил ўтиб, мазкур районлар тўлалигича дашт ерларга айланади. Сўх сув омбори қурилиши муаллифлари тарихий Қўқон ва унинг атроф-теварагидаги районларга мана шундай нарсаларни раво кўрмоқдалар!
Бизнинг замин табиат туфайли ва аждодларимизнинг меҳнати натижасида вужудга келган, биз эса, маданиятли кишилар, уни ўта енгилтаклик билан қурбон бераётирмиз. Фикримизча, ернинг айнишини тезлаштирган, атроф-муҳитга путур етказган сув омборлари фаолиятини тўхтатиш, уларни бўшатиш, тўпланиб қолган беқиёс миқдор лойқадан фойдаланиш тадбирларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир; зарур деб топилган еув омборларидан эса вақти-вақти билан фойдаланиш, яъни тошқинлар ва қиш пайтларида сув тўплаш, экин-тикин ўсуви даврида ҳамда шўр ювиш жараёнида ўқариқлар ёрдамида сувни лойқа билан чиқариш лозим; янги сув омборлари қурилишини тўхтатиш керак. Республикалараро йирик ГЭСлар ва сув омборларига тааллуқли масалаларни манфаатдор томонлар билан келишган, табиий ва иқтисодий шароитларни аввалдан чуқур таҳлил этган ҳолда ҳал этиш зарур. Ахир биз КПСС Марказий Комитети ва Иттифоқ ҳукуматининг қарорига биноан, Оролни ҳеч бўлмаганда ҳозирги ҳолида сақлаб қолишга етарли миқдорда сув етказиб беришимиз лозим-ку. Барча ортиқча сув омборларидан бўшатилган оби-ҳаёт фақат Орол денгизига йўлланиши керак.
Биз бу муаммоларга янгича кўз билан қарашимиз ва қайта қуриш руҳида уни янгича ҳал этишимиз лозимлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турипти. Сув хўжалиги қурилиши ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, хусусан, каналларни бетонлаштириш ва нов тармоқларини яхшилаш муаммолари ҳақида жиддий мулоҳаза билан чора-тадбирлар изламоқ керак. Кўпгина олимлар ва мутахассислар сув буғланишини камайтириш мақсадида каналларни бетонлаштириш ва бетон-нов тармоқларини ўрнатиш тарафдорлари бўлиб, ирригация ва мелиорация ишларининг намунаси сифатида Мирзачўлда орттирилган тажрибаларни мисол келтирадилар. Биз бу фикрга қўшила олмаймиз. Шаҳарларда, йўл ёқаларида, сув омборларида, каналлар ва тармоқлар — ҳамма ёқда пайдо бўлажак объектларни тасаввур этиб кўринг. Каналларни бетонлаштириш ва бетон-новларни ўтказиш ана шу тармоқлар шағаллик ва қумликлар бағридан ўтаётган жойлардагина ўзини оқлайди, чунки бу ерларда сувнинг йўқотилиши анчагина салмоқли. Бошқа ерларда, хусусан, майдонларимизнинг кўп қисмини ташкил этган майда тупроқли жойларда бу усул фойдасизгина эмас, балки зарарли ҳамдир. Каналларни бетонлаштирар ва далаларда бетон-нов тармоқларини ўрнатар эканмиз, биз бу билан табиатга қўпол суратда аралашаётганимизни, ерости еувлари ва маълум жойнинг микроиқлимини қўпол суратда бузаётганлигимизни билмай қолаётирмиз.
Ирригация тармоқларидаги маълум сувнинг миқдори ерга сингиши ерости сувлари даражаси ва миқдорини мўътадиллаштириб туради. Энг муҳими шундаки, каналларнинг ҳамда суғориш шохобчаларининг қирғоқларига ёғочбоп ва мевали дарахтларни тиғиз қилиб ўтказиш лозим. Улар бизнинг арид (қурғоқ) зона ўлкамиз учун ниҳоятда зарур ва фойдали. Дарахтлар ўзларининг қудратли ва чуқур отган илдизлари билан ерости сувларини насос каби сўриб олиб, япроқлари орқали буғлантиради ва микроиқлимни яхшилайди, ҳавони тозалайди, одамлар ва мавжудотни жазирамадан, экинларни шамол ва гармселлардан ҳимоя қилади, суғориладиган сувлар сарфини камайтиради ва тупроқ эрозиясининг олдини олади, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашда муҳим аҳамият касб этадиган қушларни ўзига чорлайди ва уларнинг кўпаювига имконият яратади. Умуман, дарахтлар атроф-муҳитга ниҳоятда самарали таъсир кўрсатади. Каналларни бетонлаштириш ва бетон-нов тармоқларини ўрнатиш тарафдорлари масаланинг ана шу томонини эътибордан соқит қиладилар ва унга бир томонлама тор бошқармавий нуқтаи назар билан ёндошадилар.
Суғориладиган сув миқдорини иқтисод қилишнинг муҳим омилларидан яна бири пайкалларни мувофиқлаштириш, уларни мақбул ҳолатга келтиришдан иборатдир. Амалда эса, кўпгина хўжаликларда комплекс механизмлаштириш учун шароит яратиш баҳонасида пайкаллар ниҳоят даражада катталаштириб юборилган. Қадимдан суғориб келинаётган жойларда яхлит майдонлар 25—30 гектарни ташкил этса, янгидан ўзлаштирилган ерларда эса 50, баъзан эса 100 гектаргача етиб боради. Этаги кўринмайдиган далаларда суғориш ишларини мақсадга мувофиқлаштириб олиб бориш мумкинми? Бундай шароитда суғориш қандай бораётганини сувчининг ўзи ҳам назорат қилишдан ожиз. Бу хил майдонларда сув сарфи миқдори икки баравар зиёд. Мазкур муҳим масала 1986 йилда иҳота дарахтзорлари муаммосига бағишланган илмий-ишлаб чиқариш кенгашида анчайин мунозараларга сабабчи бўлди. Кенгашда кучли шамол ва гармсел мавжуд жойларда далаларнинг мақбул ҳолати 4—6 гектар, бошқа ерларда 8—12 гектарда бўлиши мақсадга мувофиқ, деб топилган эди.
Шу билан бирликда биз майдони 1,5—2 гектардан иборат майда пайкалларга ҳам эгамиз. Айниқса, Фарғона водийси вилоятларида бундай майдонлар жуда кўп. Бундан ташқари, катта-кичиклигидан қатъи назар далаларнинг атрофи икки қаторлама мевали ва ёғочбоп дарахтлар билан ўраб олиниши лозим.
Тупроқ ҳосилдорлигини кучайтириш ва сувни иқтисод қилиш масалалари суғориш ишларида бир қатор масалаларни ҳал қилишни тақозо этади. Одатда бир гектар ерга ўрта ҳисобда йилига 14—15 куб-метр сув сарфланади. Ана шу сарфни 35—40 фоизга ва ундан ҳам кўпроқ қисқартириш мумкинми? Агар суғориш ишларини илмий муассасаларнинг тавсияси асосида олиб борилса, мумкин. Бироқ ғўза ва бошқа экинларни суғориш ишларида ҳеч қандай техник тараққиёт кўзга чалинмаётир. Қамон алмисоқдан қолган усул билан — эгат узунлиги бўйлаб суғориш давом этмоқда. Сув сарфини камайтирувчи энг янги технология ва механизмлаштирилган суғориш усуллари жорий этилмаётир.
Биз йиллар давомида деҳқонлар каби сувчиларни ҳам ер ва сувдан маҳрум қилиб қўйдик. Сувни ортиқча сарфлаш ва сув ресурсларини талон-торож қилишдаги муҳим сабаблардан бири ана шу. Сувни иқтисод қилиш ишларини биринчи галда сувчининг роли ва малакасини оширишдан бошлашимиз керак. Районлар ва хўжаликларда сувчилар мактабини ташкил этиш, разрядлар бериш, «уста сувчи» деган унвон таъсис этиш, уларнинг меҳнатига механизаторлар билан бир хилда ҳақ тўлаш, фақат хўжаликлар учунгина эмас, балки пудратчи ва ижарачилар учун ҳам сув сарфи миқдорини қатъий белгилаб қўйиш, маҳсулот ишлаб чиқариши плани бажарилганлигида бўлгани каби, суғориладиган сув иқтисод қилингани учун ҳам қўшимча ҳақ тўлаш лозим.
Илм-фан хулосасига кўра, ўсимликнинг қалинлиги қанчалар зич жойлашса,барглар орқали шунча кўп сув буғланади. Агрономия фанининг йирик намояндалари ўтган асрдаёқ ана шу ҳолатга эътиборни жалб этган эдилар. Бизда эса, турғунлик йилларида айрим олимлар зўр бериб ўсимликларнинг ўта қалинлиги каби фанга зид тавсияларни жорий этдилар. Эндиликда ана шу тавсиялардан ниҳоятда қийинчилик билан қутулаётирмиз. Эгат оралатиб сугоришни кенг жорий этиш лозим. Бу усул тупроқнинг юмшоқ қатламини мўътадиллаштириб, ҳароратини кучайтиради, тупроқ айнишини камайтиради, ҳосилдорликни гектарига 2,5 центнерга қадар ўстиради, ҳосил етилишини бир ҳафтага тезлаштиради, энг муҳими, сувни 15—20 фоиз ва ундан зиёд иқтисод қилиш имконини беради. Ўрта Осиё илмий муассасалари томонидан ёмғирлатиб, томчилатиб, қувур орқали, эгилувчан шланглар воситасида суғориш каби суғоришнинг самарали усуллари ишлаб чиқилган.
Жумҳуриятимиз суғориладиган деҳқончилик, мелиорация ва ирригация маркази ҳисобланади. Музофотнинг фаровонлиги ана шу соҳаларнинг ҳолати билан чамбарчас боғлиқ. Бунда бирон-бир бузилиш рўй берган экан, бунинг сабабларини, энг аввало илм-фанга ва тадқиқот ишларига бефарқлик натижаси деб қарамоқ керак. Илм-фан тараққиёти учун жуда кам маблағ ажратилмоқда, унинг тажриба ўтказиш базаси қашшоқ.
Сув хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида илмий муаммоларнинг ҳал этилишини етарлича баҳолай олмаслик оқибатида 60-йилларда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалик фанлари академияси ҳамда ЎзССР Фанлар академияси Сув муаммолари институти тугатиб юборилди. Илгари республика академияси таркибида «Ирригация» ва «Мелиорация» мутахассислиги бўйича 10 та, «Пахтачилик» бўйича 8 та академик ва мухбир аъзо бор эди. Уларнинг биттадан бўлак ҳаммаси оламдан ўтдилар, уларнинг ўрнига эса, битта ҳам олим сайланмади. Бу кечирилмас хатолик бўлиб, академияга бўладиган сайловларда бу хатолик тузатилиши лозим.
Ҳозирги пайтда ВАСХНИЛ Ўрта Осиё бўлими тугатиб юборилган қишлоқ хўжалик Фанлари академияси бажарган вазифани ўтай олмайди. Ана шу муассаса қошида собиқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалик Фанлари академиясини, шунингдек республика Фанлар академияси Сув муаммолари институтини тиклаш ҳаёт тақозосидир.
Мамлакат бўйлаб қайта қуриш жараёни фаол давом этмоқда, ўтмишда қилинган ва истиқболда қилинажак ишлар очиқлик ва ошкоралик билан муҳокама этилмоқда. Биз кўпгина соҳаларда анчайин қийин аҳволдамиз. Тубдан қайта қуриш даврида ҳамма нарса муаммоларга янгича муносабатда бўлиб, дадиллик ва жасорат билан уларни рўёбга чиқаришда қолган.
Мирзаали Муҳаммаджонов, академик, ЮНЕСКОнинг «Инсон ва биосфера» Ўзбекистон Миллий комитети раиси
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 10-сон