Отаули. Ҳаво (ҳикоя)

 

Сумбуланинг сокин саҳарида Хўжакент қиш­лоғининг туб-киндигидаги қуёшга юз тутган мўъ­жазгина кулбадан чиқиб келган қария аввалига дала ҳовлисини бир айланиб келди. Сўнг ҳовли ёнидан оқиб ўтадиган зилол жилғада юз-қўлини ювди. Ўчоқбошига бориб, одатдагидек қумғонда чой қайнатишга тутинди. Унинг олтмиш беш йиллик ҳаётидаги энг хуш кўрадиган ишларидан бири мана шу: қумғоннинг тагидаги оловга тараша ташлаб, сув қайнагунича ўй суриш!
Саратоннинг офтобини кўрган тарашалар сувни бир зумда қайнатди. Қария қумғонни олиб бориб ишком тагидаги сўрига – хонтахта ёнига қўйди-да, қўшқават кўрпачага ўтиб ўтирди. Дас­турхон тузаган кўйи чолини кутаётган кампир чойни дамлаб, пиёлаларни чайқади. Сўнг пиёлага бир ҳўпламгина чой қуйиб чолга узатар экан, ширин энтикиб гап қотди:
– Зап ҳаво бўляпти-да, отаси! Кечалари ҳам, кундузлари ҳам иссиқ бўлиб иссиқ эмас, совуқ бўлиб совуқ эмас, бирам салқин, бирам оромижон! Айниқса, байрамдан кейинги бирор ҳафтада дала ҳовлимизда шунақанги ҳузурланяпманки, нақ бир қоп семиргандекман!
– Нимасини айтасан, онаси! Мен ҳам кундан кунга яшариб кетаётгандекман! Кечаги об-ҳаво маълумотини эшитдингми! Тағин бирор ҳафта ёмғир ёғмай, об-ҳаво шу алфозда турар экан! Кузнинг шивалаб ёғадиган сурункали ёмғирлари бошланиб, одамнинг юрагини сиқмай турганини айтсанг-чи! Бу ҳам Худонинг марҳамати!
Кампир кулба томонга бир кўз ташлаб, синиқ илжайди:
– Худо кўрсатмасин, шу куз ё янаги йилнинг кўкламидаги сурункали ёмғирларда анови кулбангиз тоб ташламаса бўлгани! Ёмғир севалаб урган шекилли, ён деворининг сувоғи ўпирилиб тушибди-я.
– Нафасингни совуқ қилма, онаси, – деди чол кам­пирига малолланиб қараркан. – Йигирма беш йил аввал қирчиллама қирқ ёшимда лойини пешона теримга ийлаб, ўн яшар ўғлим икковимиз тиклаган мустаҳкам бошпанам-ку бу! Ўғил келса, шу бир парча жойини со­мон­сувоқ қилиниб, устидаги шиферларни ярим метрга чиқариб пана қилиб қўйилса, бас! Шунча йилдан буён пинак бузмай турибди, яна узоқ туради! Йиқилса ҳам эгасидан кейин йиқилади!..
– Сиз ҳам нафасингизни совуқ қилманг-да, отаси! Эндигина олтмиш беш ёшга кирган, кундан кунга яшариб кетаётган одамнинг гапими шу?! Бирга яшаб турганимизга бор-йўғи қирқ йил бўлибди! Бу атроф-жавонибда невара, чевара, ҳатто эваралар қуршовида эллик, олтмиш, ҳатто етмиш йил бирга-бирга яшаб турган жуфти ҳалоллар бор-а! Бизнинг улардан нимамиз кам?..
– Яша, онаси! Зўр гап бўлди! – Чол беихтиёр яйраб кулди. – Тўқсон ёшимдаки аҳволим шундай ночор, эртага қарисам нима бўлади, деган экан бир кўнгли ёш кампиршо…
– Ҳа-да, кенгга – кенг, торга – тор дунё бу, отаси! Ҳамма гап ниятда! Ҳалиги бир қизиқчимиз айтувди-ку, юз йигирма ёшни кўзлаган одам юзга киради, деб. Шундай экан, қани, би-ир яхши ният қилайлик-да, умримизнинг ёруғ дамларини эслашайлик, нима дедингиз?
– Тўғри айтасан, онаси. Ношукрлик яхшимас. Буёғини сўрасанг, бахтимни ҳам, тахтимни ҳам сенинг шарофатинг билан топдим. Яхшиям йигирма беш ёшимда университетни битирган заҳоти атайлаб Туркистонга бориб, сени топганим. Босмахонадаги қирқ қизнинг орасида сен бир қарашдаёқ кўзларимга ўтдек босилиб, юрагимдан урган эдинг ўшанда. Қирқ йил аввал қанақанги қиз эдинг-а, кўрганнинг кўзини қиздирадиган, соч тақимга урадиган, қошлар қун­дуз, кўзлар шаҳло…
– Қўйинг, отаси, кўнглимни бўшатманг, – кампир чолга илтижоли қараш қилди: – Ҳозир йиғлаб юбораман. Қани ўша ёшлигим? Билмадим, ўзим қаридимми, сиз қаритдингизми…
Чол кампирини муроса-мадорага чақирди:
– Қўй, онаси, тағин заптингга олиб бошлама. Бир-биримизни қаритганимиз йўқ, бирга-бирга қа­ридик-ку. Худога шукур, қатордан кам бўлмадик… Ёдингдами, қирқ йил аввал сени анови шаҳри азимга олиб келганимдан кейин, қадаминг қутлуғ бўлиб ишларим шунақанги юришиб бошлаганки, асти қўяверасан. Бир чангал пул билан ойлаб юриб ёлғиз ўзимни шаҳри азимдаги бирон-бир хонадонга расмий рўйхатдан ўтказолмай роса хуноб бўлган эдим. Сени олиб келгач икки ҳафтанинг ичида иккаламизни бир тийин сарфламасдан бир уйда рўйхатдан ўт­казганман-қўй­ганман-а, эсингдами?
Кампир ширин орзиқди:
– Ҳа, менинг ҳам шу бугунгидек эсимда.
Чол кампирини қизғин қўллаб-қувватлади:
– Ҳа, нимасини айтасан! Худога шукур, қирқ йиллик ҳаётимизда яхши одамлар кўп учради бизга. Уларнинг шарофати билан вақти келиб шаҳри азимда уйли-жойли, қўрли-қутли, ували-жували бўлдик. Ўттиз беш ёшимга қадар ўн йил интилиб-талпиниб етолмай юрганимда бир яхшининг шарофати билан кейинги йигирма беш йиллик умрим кечган анови қутлуғ даргоҳга ишга кирдим. Дарахт бир жойда кўкаради, деб, ўша бир жойда ўсиб-ундим. Худога шукур, яна бир яхшининг шарофати билан манови баҳаво тоғ бағридаги оромижон дала ҳовли бизга ҳам насиб қилди. Илоё жойи жаннатда бўлсин, бир яхши инсон қачонлардир анови тош нокни экиб кетган экан, бизга буюрган насибамиз экан, ўзимиз эккан ниҳоллар унга ҳавасланиб қад ростлади-да, ризқ-рўзимизни бутун қилди. Ўғлимизнинг шарофати билан дала ҳовлимиздан ташқари дар­ёнинг нарёғидан икки хонали, барча қулайлиги бор мустаҳкам бошпанага эга бўлдик. Тўғри, ўзинг яхши биласан, бизга бало соғинган ёмонларни ҳам кўрмадик эмас, анчагина кўрдик.
– Келинг, отаси, энди яхши-ёмон одамларни қўя туриб, яхши кунларимизни би-ир эслашайлик! Менга очиғини айтинг-чи, сизнинг энг қувончли кунингиз қай кун?..
– Менинг энг қувончли куним?.. – Чолнинг кўз­ларидан ўт чақнади: – Тўнғичимиз туғилган кун, аниқроғи, туннинг қоқ ярми. Кўкчадаги туғ­руқ­хонадан то Самарқанд-дарвозадаги ижара уйимизга қадар пойи-пиёда келганман ўшанда. Қаҳратон қиш совуғи мутлақо сезилмайди – ялангбош-ялангтўш. Бутун йўл бўйи бахтиёрликдан катта ашулани ванг қўйганман, ишонсанг. Шундан кейин ҳеч қачон бу қадар кўнгилланиб қўшиқ айтолмадим ҳам, эшитолмадим ҳам!..
Кампир чолнинг гапини бўлди:
– Менинг ҳам энг яхши куним кун эмас, тун! Тўнғич набирамиз туғилган тун! Эсингиздами, ўшанда тунги соат учларда қизимизнинг ўзи туғ­руқхонадан қўнғироқ қилиб, бизни набира билан табриклаган эди. Ишонмасдан, Тушимми-ўнгимми? деб довдираб турганимизда, Мана, набираларингиз шундоққина ёнимда ётибди, хоҳласаларингиз келиб кўрингизлар! деган эди.
– Эсимда, онаси, эсимда! Ота-боболаримиз, Мевасидан мағзи ширин, деган гапни бир нимани билиб айтган-да, ахир! Бироқ, барибир, ўттиз ёшимда кўрган тўнғичим-ўғлим!.. Ёдингдами, раҳматли амаки, ижара уйимизнинг эгаси Ҳолиқ амакини айтаман, дарвозадан ҳар гал, Одамларнинг яхшиси қани, одамларнинг яхшиси, деб кириб келар эди. Икки марта уйланиб, икки хотинидан тўрттадан саккиз қиз кўрган бечора чол учун одамларнинг яхшиси ўғилчамиз эди. Ниҳоятда яхши одам эди раҳматли Ҳолиқ амаки, у киши учун бу оламда ёмон одам йўқ, ҳамма яхши эди. Бироқ одамларнинг яхшиси бола, бола бўлганда ҳам, ўғил бола эди. Энди ўйлаб қарасам, ўз ҳаётимда бу одамдек донишмандни камдан-кам учратган эканман.
– Рост айтасиз, отаси, – деди кампир ҳам тўлқинланиб. – Ростдан ҳам, ўғил бола ўғил бола-да, ёлғиз бўлса ҳам ўғилни кўрсатганига шукур. Бироқ шу топда яхши кунларни эслаймиз деб яхши тунларни эслашаётган эканмиз, айтишим керак, мен учун энг яхши тунлардан бири бундан роппа-роса йигирма беш йил аввал айни шу дала ҳовлимизда кечган эди! Эслайсизми, ўшанда шу бир парча ер эндигина чекимизга чиққан. Ҳали анови кулбадан ҳам, манови сўридан ҳам дом-дарак йўқ, тап-тақир ер, фақатгина бир туп тош нок қаққайиб турибди. Уч боламизни анови тепада кўриниб турган болалар оромгоҳига жойлаштириб бўлиб, шу ерга тушиб келганмиз. Уч боламиз у ерда, бир парча еримиз бу ерда, диққинафас шаҳарда нима бор бизга, эртамиз якшанба бўлса деб ёз чилласида қўшнимизнинг вагон-уйи қошидаги қоқ-қуруқ сўрида тунаб қолганмиз, эслайсизми? Болаларимиз билан бирга тушлик қилганимизда керак бўлади деб олган битта чойшаб билан битта дастурхондан бошқа ҳеч вақомиз йўқ. Ана ўша очилдастурхонда бир-биримизни меҳмон қилиб, чойшабда биримиз ухлаб, иккинчимиз пойлоқчилик қилиб тонг оттирганмиз. Менинг ҳаётимдаги энг ёруғ тунлардан бири ўша тун эди, хўжажон. Ўша туннинг ойи ҳам, юлдузлари ҳам шунақанги ёруғ эдики, ҳалигача ҳар эслаганимда дил-дилдан орзиқиб кетаман.
Чол чуқур тин олиб, қаттиқ энтикди:
– Ҳа-а, нимасини айтасан, ўзимнинг бойбичам, бекачим, бибим-бибихоним… Худога шукур, бу ўтар-кетар дунёда ёруғ тунларни ҳам, яхши кунларни ҳам кўп кўрдик. Бир эр-хотиннинг кўргани шунчалик бўлади-да, тўғрими? Ёдингдами, ўғилча икковимиз анови кулбанинг тўрт пахсасини кўтариб бўлиб, ҳали томини ёпмаганмиз. Бироқ темир сўрини ичкарига олиб кириб, болаларимиз билан шунинг устида ётганмиз. Ёруғ ёз кечалари ҳам ўзимизни уйда ётгандек ҳис қиламиз, ҳам бош устимизда осмон тўла юлдузлар қўл узатиб узиб олгудек! Осмон бирам яқин, ер бирам юмшоқ!.. Ўша тунларнинг, ўша кунларнинг садағаси кетсанг арзийди. Лекин энди, қариганимизда, шу кеча-кундузларда ёмонлар ёмон заптига олиб турганларида!.. Балохўрларнинг балойи ногаҳонларига абжирлик билан чап бериб, бошни омон асрашни туппа-тузук уддалаяпмиз, илоё бундан кейин ҳам ғафлатда қолмай, балодан огоҳ, ўзимизга хушёр бўлиш, паймонамиз лимо-лим тўлиб, рози-ризолик тилашиб ўлиш насиб қилсин… Эс-хушим жойидалигида айтиб қўя қолай, хотин, сендан мингдан минг розиман, сен ҳам мендан рози бўл, хўпми? Ишқилиб, ўғил-қизларим билан ортимда қолинглар!..
– Ие, ие, бунақа эмас-да, чол, – дея кампир беихтиёр ўрнидан туриб кетди, – Намунча ҳалитдан рози-ризолик тилашиб бошладингиз?! Тағин нима жин ура қолди сизни?! Ҳа­ли­гина айтдим-ку, ҳали узоқ яшаймиз деб. Энди мен яхши гапларимизнинг охирида тахири чиқ­масидан яхшиси эчкиларни соғиб келиб, сутини пиширай-да, олдингизга қўяй! Бизни яшартираётган шу Хўжакентнинг ҳавоси билан эчкининг сути!..
Чол итоаткорона қўл қовуштирди:
– Хўп, кампиржон, хўп! Билмасдан гапириб қўйибман! Ахир, биз аввал-бошда фақатгина ях­ши гаплардан гаплашишга келишиб олган эдик-ку, дарров хаёлимдан кўтарилганини қара-я!..
Чол дуойи фотиҳадан кейин бир нуқтага кўз тиккан кўйи сукутга толди. Кампир енгил қўзғолиб, қадрдон эчкилари томон кетди. Мусаффо ҳа­водан тўйиб-тўйиб сипқорар экан, қариянинг юраги орзиқиб, илоҳий бир ором-фароғат туйди. Шу асно раҳматли устозларидан бирининг ўттиз йил аввал бир маърузасида айтган гапини эслади. Ўшанда ўзига тенгдош қаламкашнинг янги асари хусусида устози шундай деган эди: “Асарни ўқиётганингда нафасларинг қайтиб кетади, бўғилиб ҳаво етишмай қолаётгандек ҳис қиласан ўзингни”.
Ўқувчини баайни бўғиб-бўғизлагандай бўл­май, аксинча, унинг баҳри дилини очиб, енгил нафас баҳш этиш, диққинафас кўнглига нурдек тиниқ мусаффо ҳаво, ҳаётбахш насим олиб кириш… Қаламкаш учун бир қарашда бундан-да осонроқ иш йўқдек! Аслида оламдаги энг мушкул иш бу! Одам боласининг кўнглини хуфтон қилиш осон, бироқ уни сув ичгандек равшан торттириб ёриштириш… ҳеч қачон осон бўлмаган! Ўша бир гапни айтган мутафаккир устоз ўз шоми ғарибонида нега энди ёруғ кундаликларни қўйиб, қоронғу тундаликларни ёзди? Зимистон тунларда унинг уйқусини қочирган нарса нима эди? Қувонч билан севинч, шодлик билан бахтми, ё юракни беаёв ўртаётган дард-алам, азоб-изтиробми?! Агар дард бўлса, бу муаллифнинг майдагина шахсий дардими, ё улуғ бир халқ, бутун башариятнинг улкан дарди-дунёсими?! Ўлим остонасида ҳам ўзининг шахсий дардини “унутиб”, ўз халқи, бани башар дардини чека олиш!.. Ижодий жасоратнинг каттаси мана шу эмасми?!.
Мана, кейинги йилларда дала ҳовлиларига ҳар гал тинчлик-хотиржамлиг-у ҳузур-ҳаловат истаб келганларида қулай пайт пойлаб турган бир-икки дилозор кутилмаганда пайдо бўлади-да, аввалига “Ҳорманг, отахон, чарчамаяпсизми?” дея ҳол сўрайди. Сўнг “Шу ёшингизда ўзин­гизни қийнаб нима қиласиз? Қаровсиз қолган боғни қайта обод қилиш мункиллаган чолга осонми?! Ундан кўра менга сотиб, пулига маза қилиб бирон оромгоҳда дам олмайсизми? Айтган пулингизни бераман!” дея юрагига қўл солиб, уни баайни ғижимлаб бошлайди.
“Узр, иним, ўғил-қизлар, набиралар…” дея куймаланган кўйи қовоғини уймасдан очиқ юз билан қараб, кулиб туриб келажакдан умиди узилмаганини айтади, бироқ чақирилмаган меҳмон дилозорликни янаям кучайтиради: “Шу замонда ўғил-қиз боғингизни обод қилиб берадими, отахон, зап гапларни айтасиз-да! Тайёрга айёрлик, тайёр ошга баковулликни хуш кўрадиган бўлиб кетишган-ку улар!” Бу хира пашшадан “Сен ўзинг-чи, сен ўзинг? Шу топда нимани хуш кўриб турибсан?” деб кошки сўраб бўлса! “Ҳа, энди…” дея ўз ишини давом эттираверади, албатта. Бироқ дилозор хира пашшалигини қўймайди: “ғинг-ғинг”, “ғинг-ғинг”. “Йўлингдан қолма!” деган маънода бир қўл силкиб, уни базўр ҳайдаб қутулса, салгина ўтиб-ўтмай бошқаси келади. “Овлоқда буқиниб олиб нималар ёзяпсиз энди?..” Қарабсизки, тағин қулоқнинг тагида “ғинг-ғинг”, “ғинг-ғинг”! Ҳаммалари бараварига бехабар-ғаф­латда қолишдими, ё инсофга келишдими, мана, қарийб бир ҳафтадан буён ҳеч бирининг қораси кўринмай турибди-я ҳайтовур! Улар кутилмаганда пайдо бўлиб, тағин асабини бузиб, нафасини бўғиб, бир ҳафталик ҳузурижонини расво қилмай, яхши кайфиятининг пачавасини чиқармай турганлари учун Худога минг қатла шукур қилса арзийди! Илоё Ўзинг уларга инсоф-у тавфиқ ато этгайсан, Парвардигори Олам!..
Чол мискинона ўйлардан беихтиёр чалғиб, бирданига қаттиқ сесканиб кетди. Юраги шувиллади. Ишқилиб, тинчлик бўлсин, ниҳояти дилозорнинг ғишавасигина эмас, у бошлаб келмоқчи бўлаётган ғалва-ю можаро, уруш-жанжал-у хуноббозликларнинг ҳам юзи тескари бўлсин! Дала ҳовлилари ёнига битта эмас, бирйўла тўртта енгил машина олдинма-кетин келиб тўхтади. Қараб туриб чолнинг дафъатан чиройи очилди. Елкасидан тоғ ағдарилгандек енгил тортди. Ўзини қушдек енгил ҳис қилди. Челакчада сут кўтариб келаётган кампирига ясама эмас, ғоят табиий шодлиг-у бахтиёрлик билан кулиб қараб, дарвоза томонга им қоқди: ана, дилозорлар эмас, аксинча, диловарлар! Икковгинасининг тўрт қутбга татигулик тўрт жуфт жигарбандлари – ўғил-қизлари билан келин-куёвлари, шу тўрт жуфт жигарбандларидан кўпайишган ширин-шакар набиралари – мевасидан ширин мағизлари! Қирқ йил мобайнида топган-тутганлари – нуридийдалари ҳордиқ куни бўлганидан фойдаланиб уларни қирқ йиллик тўйлари билан қутлагани келиб туришибди-я, буни қаранг! Шундай кунларга етказганингга шукур, Парвардигори Олам!
Чолнинг ҳадик-ҳавотир оралаб кутилмаганда торайиб келаётган юраги ҳам, торгина дала ҳовлиси ҳам нақ олам қадар, ер юзи-ю осмони-фалак қадар кенгайиб кетгандек бўлди гўё!..

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 6-сон