Фламанд санъатининг йўлбошчиси (Рубенс)

XVII асрда Европа санъати антик ва Уйғониш даври анъаналари заминида камолга етди. Санъатда инсон бош мавзу қилиб олинди. Унинг жисми, ўй-хаёллари, ҳис-туйғу, орзу-истаклари, руҳий кечинмалари санъаткорлар асарларида теран талқин этилди. Инсоннинг қиёфасини янада хаққоний кўрсатиш, унинг руҳий ҳолатини, турмуш паст-баландликларини тасвирлаш шу давр асарлари учун муҳим йўналиш бўлиб қолди. Ҳаётдаги зиддиятлар, муракаббликлар, ундаги ички курашлар рассом ва хайкалтарошлар назаридан асло четда қолмади. Озодлик ва тенглик ғоялари баралла куйланди. Санъат турлари ва жанрлари орасидаги нисбатлар ҳам бирмунча ўзгарди. Мавжуд бадиий анъанавий сюжетлар билан бирга ҳаётий воқеалар акс этган асарлар ҳам кенг кўламда ҳаётга кириб кела бошлади. Бу даврда Барокко, Рококо, Классицизм каби услублар бир-бири билан доимий муносабатда бўлиб, бирининг таъсири бошқа бирида ўз аксини топди. Бу ўзгариш ва таъсирлар, энг аввало, у ёки бу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тузуми, тарихий шароити билан узвий равишда боғлиқ эди. Шу боисдан ҳам XVII асрда Италия, Испания, Франция, Голландия ва Фландрияда миллий бадиий мактаблар вужудга келди.

Бу даврда фламанд санъати рангтасвирда реалистик санъатнинг янги қирраларини кашф этди ва жаҳон санъати тарихида янги саҳифа очди. Черков санъатнинг асосий буюртмачиси сифатида янги қурилаётган, таъмирланаётган кичик ва катта ибодатхоналарни катта-катта деворий суратлар билан безаттирди ва меҳроблар учун йирик суратлар ишлатди. Бу суратлар ўзининг чуқур драматизми ва таъсирчанлиги билан оммани ўзига жалб этиши ҳамда черков ғояларини тарғиб этиши ниҳоятда зарур эди. XVII асрда Фламанд санъати услуб ва мавзулар ранг-баранглигини белгилашда муҳим роль ўйнади. Диний-мифологик ва дунёвий мавзуда кўплаб суратлар ишланди. Бу даврда фламанд санъати ўзининг гуллаган даврини бошидан кечирди.

Фламанд рангтасвир санъатининг йўлбошчиси, Европа санъатининг буюк вакили Рубенс 1577 йили 28 июнда Германияда туғилди. У ёшлик йилларида ота-онаси билан Фландрияга кўчиб келиб, шу ерда лотин мактабида ўқиди, сўнгра рассом Отто ван Веей устахонасида мусаввирлик санъати сирларини эгаллади. Рубенснинг рассом бўлиб етишишида унинг Италия бўйлаб қилган сафари муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мусаввир Италияда буюк санъаткорлар асарлари билан яқиндан танишди. Айниқса, Микеланжело, Леонардо да Винчи, Тициан, Веронезе ва Караважо сингари мўйқалам соҳибларининг ижоди унинг ижодий фаолиятига сезиларли даражада таъсир ўтказди. Рубенс уларнинг ижодини қунт билан ўрганди. 1608 йил Рубенс Антверпенга қайтиб келгач, ижодга муккасидан кетиб, турли мавзуларда асарлар ярата бошлади. Бу эса тез орада рассом номини оммага кенг танитди. Буюртмачиларнинг тобора кўпайиши натижасида у ўз устахонасини яратиш имконига эга бўлди. Рубенс ўз атрофига бир қанча истеъдодли ёшларни тўплаб граверлар мактабини ташкил этди. Мусаввирнинг илк ижоди 1610 йилларга тўғри келади. Рубенснинг асарлари динамик жўшқин, ички куч-қудратга тўлалиги билан киши эътиборини ўзига тортади. Унинг мифологик ва аллегорик мавзудаги асарлари ҳам ўзига хос. Улар ҳажм жиҳатидан катта, ёрқин рангли, декоратив, ҳис-ҳаяжонли, образлари эса тўлақонли, улкан, забардаст, куч-қувватга тўла. Мусаввир қайси мавзуга қўл урмасин, ўз қаҳрамонларини жисмонан бақувват этиб гавдалантирганига гувоҳ бўламиз. “Вакханалия”, “Левкипп қизларининг ўғирланиши”, “Шерлар ови” асарлари шулар жумласидандир. 1620 йили Рубенс ижодининг энг гуллаган даври бўлди. У яратган асарлар ҳис-туйғуга бойлиги билан ажралиб туради. Турфа хил ранглар асарларининг таъсирчанлигини белгиловчи асосий восита ва омиллардан бири бўлиб қолди. Шу йилларда яратган унинг дастлабки “Персей ва Андромеда” асари диққатга сазовордир. Қадимги грек афсоналаридан олинган сюжет асосида ишланган бу асар ўзининг образли пластик ечими ҳамда қаҳрамонларнинг психологик ҳолатининг ёрқин бўёқларда ифодаланиши билан томошабин диққатини ўзига ром этади. Унинг қиролича Мария Медичи ҳаётига бағишланган тарихий мавзудаги туркум асарлари санъат тарихида муҳим воқеалардан бўлди, десак янглишмаймиз. Люксембург саройини безаш учун мўлжалланган бу суратда Франция қироличасининг ҳаёти тўлақонли ёритилиши билан бирга реал кўринишлар нореал образлар билан уйғунлаштирилиб, синтез ҳолатда тасвирланган. 1609 йил октябрда Рубенс машҳур гуманист Ян Брантнинг қизи Изабелла Брант билан турмуш қуриб, севимли рафиқаси Изабеллага бағишлаб бир нечта асарлар яратишга муваффақ бўлади. Унинг машхур асарларидан бири “Изабелла портрети” фикримизнинг тасдиғидир. Изабелланинг мунгли нигоҳи ва очиқ чеҳрасидан униг соф қалбли, нафосатли аёл экани яққол кўриниб турибди.

1630 йиллар мусаввир ижодининг сўнгги даври бўлиб, эндиликда Рубенс кичик ҳажмдаги асарлар ишлашга кўпроқ эътибор бера бошлади. Шу даврда яратилган асарлари мазмунан чуқур, уларнинг композициясида хотиржамлик кўзга яққол ташланиб туради. Шу йилларда у оддий халқ ҳаётига кўпроқ мурожаат қила бошлади. Табиат манзараларини тасвирлади, ўз яқинларининг портретларини чизди. Айниқса, аёли ва фарзандлари тасвирланган қатор композициялар яратди. Рубенснинг қишлоқ ҳаётига оид талай асарлари ҳам эътирофга лойиқ. Хушчақчақ, серзавқ деҳқонлар ҳаёти “Деҳқонлар рақси” асарида ғоят жўшқин ва таъсирли гавдалантирилган.

Буюк мусаввир ижодий фаолияти давомида “Венера байрами”, “Деҳқонларнинг даладан қайтиши”, “Левкипп қизларнинг ўғирланиши”, “Персей ва Андромеда”, “Севги боғи”, “Изабелла Брант портрети”, “Авлиё Иероним”, “Вакханалия”, “Шерлар жанги” каби кўплаб нодир ва ўлмас асарларини яратди. Сирасини айтганда, Рубенс ижоди Европа санъати тарихида муҳим ўрин тутади. Унинг кейинги тараққиётини Рубенс ижоди таъсирисиз тасаввур этиб бўлмайди. Фламанд рангтасвири равнақи ҳам Рубенс ижоди билан чамбарчас боғлиқ. Кўпгина фламанд рассомлари унинг ижодидан таъсирландилар, илҳомланадилар ва уни давом эттирдилар. Унинг кўплаб шогирдлари, издошлари фламанд рангтасвири шуҳратини янада оширишга ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Шаҳноза Қосимова, санъатшунос

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 6-сон