Нурулло Остон. Одамга ўхшамаган касал (ҳажвия)

Ҳозир одамга ўхшаб касал бўлишгаям қўрқасан. Касалхонага ётишинг билан хотининг орқангдан бир банка ёвғон шўрва билан ўғлингни элчи қилиб жўнатади. “Дада, аям айтди, сигир бўшалиб кетипти, битта товуқ йўқ эмиш, ишхонадан ойлигингизни беришмапти, тезроқ келаркансиз”… Бир кундан кейин хотиннинг ўзи келади. “Ҳадеб ётаверасизми, болангизнинг оёғида мактабга боришга туфли йўқ, сигир буқадан чиқмапти, қўшнининг хўрози товуқларга кун бермаяпти” ва ҳоказо. Шунинг учун касал бўлсам уйда ётиб даволанаман.

Бир гал шамоллаш асоратини даволаш мақсадида бир шерик билан уйдагиларга айтмай шифохонага ётмоқчи бўлдик. Кўз касалликлари шифохонасининг бош врачи Бахтиёр ака икковимизга битта палата тўғрилаб берди. Кўзимиз оғримайди, десак ҳам у: “Сизларга қарайдиган терапевт врач бор, қаердаликларингизни ҳам ҳеч ким билмайди”, -деди. Бу бизга маъқул келди. Бир ҳафта мазза қилиб дам олдик. Ҳамшира ҳар куни уч маҳал укол қилиб, кўзимизга дори томизади. Олтинчи куни шерик кўзимизга дори томиздирмади, “Булар бизни ўзларига клиент қилиб олишмоқчи”, -деди у. Ўша куни рассом Аҳмад билан Қаҳрамон Саид бизни топиб келишди. “Ҳайронман, -деди Қаҳрамон ака, -йўлда шунча яхши касалхоналар бор, сизларнинг келган жойларингизни қаранглар”. Ҳақиқатдан ҳам йўлда суяк сили, рак касалликлари шифохоналари бор, Қаҳрамон ака шуни назарда тутган экан. “Нега бундай дейсиз”, -десам: “Ҳам касаллиги аниқ, ҳам шаҳарга яқинроқ, -деди у. -Сизларда на касаллик аниқ, на йўлингиз яқин. Шамоллаган одамнинг ко
ъз духтурида даволанишини ким кўрипти?”

Еттинчи куни шеригимнинг хотини топиб келди: “Изламаган жойимиз қолмади, нега айтмай кетасиз, ошхонанинг девори йиғилди, молга емиш қолмаган, юринг”, -деб уни уйига судради. Кейин бизнинг хотин келди: “Қанақа одамсиз, бир ҳафтадан буён қидирамиз, ўликхоналарни кўриб чиқдик, сиз ётибсиз ялпайиб. Сигир ўрнидан туролмай қолди, онангиз қассоб топтириб сўйдирди, туринг, гўштини топшириб келинг”, -дея мени зипиллатиб уйга олиб кетди. Келсам, ҳақиқатдан сигир сўйилган, озғинлигидан қовурға-суякдан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. У ёққа чопдим, бу ёққа чопдим, қассоблар гўштни кўришиб, бурунларини жийиришиб, писмиригаям олишмади. Таваккал қилиб бозорком танишимга бордим. Аҳволни тушунтирдим.

-Бизда гўшт дўкони йўқ, -деди бозорком. -Ҳозир ошхона мудирини чақиртирайлик-чи… -У шундай дея имо қилган эди, ёшгина йигитча кириб келди.

-Ботуржон, -деди бозорком унга. -Ҳамун акема якта гўсолачашон будан…

-Гўсалача эмас, сигир, -дедим унинг гапини тузатиб. -Жуда озғин, тақирлаган суяк бўлиб ётибди…

-… якта гўсолачашон будан, -бозорком гапимга эътибор бермади. -Ҳамина ин кас куштан, як ёрдам даркор…

Эртасига дўмбирадай суякларни мошинанинг орқасига жойлаб ошхонага олиб келдим. Ҳали у ошпаз, ҳали бу ошпаз тақирлаган қовурғаларни  кўради-да, бурнини жийириб кетиб қолади. Бир пайт ошхона мудири келиб қолди.

-Ўлчаб бердингизми? -сўради. “Йўқ, олишмаяпти”, -дедим. Мудир ошпазларни бир зириқтирган эди, дўмбира қовурғаларни ўлчашга киришиб кетишди.

-Тўқсон олти кило чиқди, -деди сўнг ошхона мудири. Ҳозир дўконда энг яхши гўштнинг килоси тўрт ярим минг сўм, тўрт минг сўмдан нархлаб берсам бўладими, ока?

Сигирнинг гўштини минг сўмдан ҳам олишмаётган эди, хурсандлигимдан:

-Тўқсон килонинг пулини берсангиз бўлди, -дедим. Ботиржон менга нақд 360 минг сўмни санаб берди. Пулни олиб троллейбусга чиққан эдим, Комилхон билан Икромни кўриб қолдим.

-Ҳа, тинчликми тақсир, -деди Комилхон. -Шошилиб юрибсиз?

-Тинчлик эмас-да, -дедим. -Булар тинчгина касал бўлишга ҳам қўйишмайди.

-Нима бўлди?

-Нима бўларди, ўлди. -дедим. Комилхон билан Икром юзига фотиҳа тортишди.

-Ким ўлди?

-Сигир, -дедим, -Ҳозир гўштини топшириб келаяпман.

-Ҳай ҳазил қиласиз-да, тақсир, -деди Комилхон кулиб.

Ўша 360 минг сўмга хотинга иккита стенка олиб бериб, сигир машмасидан қутилдим. Касалхонага боришгаям ҳафсала қолмади. Яна топиб олишади. Яхшиси, уйда касал бўлганинг маъқул, бўлмаса, очиқ мозордан ҳам топиб олишади…