Нурулло Остон. Тадбиркорлик қонимизда (ҳажвия)

Бизнинг халқимиздай тадбиркор халқ бўлмаса керак дунёда. Йилига уч марта ердан ҳосил олади, товуқ кечаси тухум қўйсин, деб электр чироқини ёғиб қўяди, симёғочга улаб. Феврал ойида томорқасини молалаб, редиска билан сабзи уруғини аралаштириб сепади. Май ойида редискани қўпориб еяверади, кейинги ойда сабзини сотади. Электр ҳисоблагич айланмаслиги учун розеткага бир-бирига сим уланган вилка тиқиб қўяди. Газга ҳисоблагич қўйиб, ернинг остидан қувур билан газ олиб ўтади. Алхимияниям шу халқ кашф қилган. Ҳали ҳанузгача ана шу усулдан фойдаланишади. Шу туфайли Ангренда қаттиқ қотишмалардан олтин ажратиб олишаётган ўн бештаси узоқ муддатли сафарга қулоғини ушлаб кетди. Қўшрабодда Урганжи деган қишлоқ бор, шу ердаги тепаликни одамлар қазиб, тупроғини ювиб олтин олишади. Ҳиндилар тўққизта рақамни чалкаштириб, нима қилишни билмай мияси ачиб ётганида, ал-Хоразмий деган бобомиз чиқиб «Тўхта!» -деган уларга. «Бирнинг орқасига нол қўйсанг, 10 бўлади, олдига қўйса
нг, 01 бўлади, галварс», -деган. Ана шундан миллионлар, триллионлар кўпайиб кетган, миллионерлар, триллионерлар пайдо бўлган. 01, 02, 03 ҳам шундан пайдо бўлган. Бир миллионер вой уйим куйди, деганида 01 етиб борган, орқасидан қолган-қутганини эплаштириш учун 02 этиб келган, 03 уни ҳушига келтириб, пул сўраган.

Мўғуллар орқаси яғир бўлиб, отга минолмай юрганида бир бобомиз чиқиб «Тўхта!» деган ва отнинг устига шолча ташлаб берган. Ана шундан одам авратини ёпиб, кийим кийиб юришга ўрганган. «Ал-жабр ал-муқобала» асосида алгебра, кибернетика, компютерлар келиб чиққан. Ибн Синонинг тиббий томорқасидан бутун дунё тирикчилик қилиб ётибди. Боболаримиз ҳақорат ва хўрланишлардан ҳам тадбиркорлик билан фойдаланган. Ал-Мотрудий бобомиз тандирга нон ёпиб турганларида баджаҳл хотини келиб, табаррук жойларига тўртта тепган. Шунда бобомиз айтган эканлар-ки, бешинчи тепкини олиш бахтига муяссар бўлолмадим, агар ўша тепкини ҳам олганимда олий саодатга етишган бўлардим, деб афсусланган. Шунинг аччиғидан ул зот хотинларини нега яна бир марта тепмадинг, деб тутиб урган бўлсалар ҳам ажаб эмас.

Бу приёмдан ҳозир кенг фойдаланишади. Бошлиқ урадиган кайфиятда бўлса, тобеъ раҳбар унга яхшироқ жойини тутиб беради, зарбани олгач, оҳ-воҳ, деб яна бошқа жойини тутади, қарабсизки эртага каттароқ ишга кўтарилиб кетади. Ўша пайтда сал норози бўлиб эътироз билдирса тамом, ҳолига маймунлар йиғлайди. Шунинг учун «ўнг юзингга урганга чап юзингни тут», «Отангни ўлдирганга онангни бер», -деган мақол Америкада эмас, бизда чиққан. Бу дегани, отанг онангдан қутилиб жаннати бўлиб кетди, энди онангни отангни ўлдирганга бер, уни ҳам ўлдиради, дегани.

Америкада мошиналар қабристони бор. Америкалик мошинаси салгина бузилса ўша ерга олиб бориб ташлайди. Бизнинг усталарнинг қўлига шу мошиналар тушса борми, заводдагидан яхшироқ қилиб тузатиб чиқишади. Мошиналар қабристони эмас, мошиналар гулистони қилиб юборишади. Бизнинг усталарнинг қилмаган иши фақат ўликларга жон киргизиш қолган, ўшани ихтиро қилса, ўликларнинг ҳаммасини тирилтириб, миллиардер бўлиб кетарди. Ҳамма навбатда турган, биров бобосининг ўлигини, биров катта холасини кўтариб олган, тезроқ жон қўйиб бер, деб ялинади, усталарнинг қўли-қўлига тегмайди, чақалоқнинг жонини 90 ёшли бобойга қўйиб юборган, бақувватроқ жонни танишига асраб қўйган… Гўрковнинг оти гўрбойга айланган, ким унга пул тиқиштирган, ким таниш-билиш қилиб келган… Баъзи бировлар ўзлари енг шимариб ишга тушиб кетган, тезроқ гўрни очайлик, яхши жондан келипти, гаплашиб қўйдим ва ҳоказо.

Америкалик бир марта кийилган кийимни ювиб, дазмоллаб устига совға-салом қўйиб уйининг олдига қўйиб қўяркан, бировга керак бўлса олиб кетсин, биздан уялмасин, деб. Бизда тўқимнинг устига тезак ёпиб қўйсанг ҳам бир мартасига титкилаб кўришади. «Ие, тезак нега бу ерда дўппайиб турибди», -деб атрофида аввал бир марта айланади, кейин тагини кўтариб кўради. «Ие, бу тўқим-ку», -деб, керак бўлмаса ҳам елкасига ташлаб кетаверади, бирор нарсага яраб қолар, деб.

Бизда тадбиркорлик кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Барча тадбиркорликлар шу ердан бутун дунёга тарқалган. Ҳеч бир тадбиркорликка имкони қолмаганида ҳам тадбиркор халтасини елкасига ташлаб, дала-даштга чиқиб кетади. Кечқурун бир халта ўт кўтариб келади. «Мана бунинг ярмисини гўштчопарда чопиб, болаларга барак қилиб бер, -дейди хотинига. -Қолганини эртага бозорга олиб бориб сотасан». Пули кўпайса, қават-қават уй қуради, хотинни кўпайтиради. Пулини Швейтсария банкига олиб бориб қўймайди. Хотинни кўпайтиради. Битта хотиннинг азоби камлик қилади-да унга. Хотинни учта қилади. Кўр бўлиб уччовини ҳам боқади. Э, бу бўлмади, деб битта ўйнаш ҳам орттириб қўяди ҳар эҳтимолга қарши. Кейин «Яша Шўро» деб ашула айтади. Чунки ўзининг куни шўра ейишга қолади.

Яқинда тилвизирда биттаси «Қўни-қўшнига меҳр-мурувватли бўлайлик», деган шиор билан чиқди. Тасаввур қилинг, тадбиркор уйига тўрт кило гўшт олиб келяпти, ёнидаги наркоман, алкаш қўшниси чиқиб «Меҳрингни катта онангга кўрсат, лекин гўштингнинг ярмисини қўшнингга мурувват қил-да!» деб турса. Ёки тадбиркор елиб-югуриб пул топса-ю, ишёқмас, ландовур қўшниси бугун нима олиб келаяпти экан, деб уни пойлаб юрса. Ундан кўра келинг, томирида ота-боболаримиз қони оқиб турган барча инсонларни тадбиркорликка даъват қилайлик, ана шунда турмушимиз фаровон, ҳаётимиз гўзал бўлади. Илгари тадбиркор халқимиз ҳожатхонага кесак ишлатган бўлса, ҳозир газит ишлатади, айниқса рангли бўлиб чиқаётган газитларни ишлатишни хуш кўришади. Ўқиб улгурмаганини ҳожатхонада англаб етади. Шунинг учун ҳозирги авлоднинг савияси юқори эканлиги ҳар қадамда сезилиб туради. Тадбиркорнинг тадбиркорлиги ҳам ана шунда-да!