Нурулло Остон. Яхшиям одамда кўричак бор (ҳажвия)

Дам олиш яхши нарса-да! Уфққача туташиб кетган соҳил, мовий денгиз, қуёш ҳарорати, кечқурун дискотека… мазза! Мен ана шунақа дам оладиган жойларнинг жуда кўпини биламан. Сочи, Ялта, Эвпатория, Форс кўрфази, Олтин қумлоқ, Маями-Сити… Ҳаммасини кўрганман. Харитада. Ҳар йили таътил пайтида хаританинг ёнига бориб, дам олишни мўлжаллаган жойимни танлайман. Кейин мазза қилиб хаёл сураман. Кейин яна иш, иш, иш-ш-ш, десанг ҳам тўхтамайди. Тўғри, бир марта икки йил дам олганман. Ленинградда. Ўқишда. Бир марта ўн беш  кун дам олганман. Ҳарбий хизматда. Гаупвахтада.

Хуллас, одамга ўхшаб дам олиш учун қишда Зомин санаториясига Жамол акам билан путёвка олдик. Жамол ака ишларини битириб, кейинроқ борадиган бўлди, мен жўнавордим. Бориб, деразаси тоғ манзараси томонга қараган хонани эгалладим. Ҳаммаёқ қор, арчазор, мазза! Ана энди, мазза қилиб дам оласан, милло окахон, дедим ўзимга ўзим. Йўқ, эрта хурсанд бўлган эканман. Ўша куни кечқурун овқатхонага тушиб, манти едим. Хамири шимимнинг қайишидан ҳам қалин экан. Қорин оч, иккитасини очофатлик қилиб еб-ютиб қўйдим. Аввалига  ҳеч нарса сезилгани йўқ, эртасига қорин дам бўлиб оғрий бошлади. Дори ичдим, кўкнори кукунидан каппаладим, қани энди оғриқ босилса. Қориннинг остига Алпомишнинг гурзиси жойлашиб қолгандай, эгилолмайман. Олтинчи куни Жамол етиб келди. Қорин оғриб, ғужанак бўлиб ётипман. У дарров қоринга нон силаб, «ҳап-чиқ, ҳап-чиқ», -деб  ҳўкизга бериб келди, санчиқ ҳўкизга ўтмади. Эртаси куни санаториянинг бош врачи келди. У кўричак бўйича мутахассис экан, қорнимни
беш-олти марта бармоғи билан босиб: «Сўлқилдайдими?» -деб сўради. Гапига тушунмадим . «Вибрация бераяптими?» -деб сўради. «Бунақа босса ҳамма нарса вибрация беради», -дедим

-Бўлди, -деди бош врач қўлини ювиб. -Диагноз аниқ, ўткир формадаги кўричак бўлгансиз. Тезда раён касалхонасида операция қилдириш керак.

-Ўткир формадаги кўричак бўлса, уч кундан кейин одам ўлади, мен етти кундан бери юрибман-ку, -дедим эътироз билдириб. Қорин оғриса ҳам қорли тоғлар, арчазор манзарасидан ажралгим йўқ эди.

-Билмайман, мен жавобгар бўлишни истамайман, -деди бош врач. -Тузалганингиздан кейин келасиз.

Шу билан дов-даскамни йиғиштириб, туман касалхонасига йўл олдим. Ёнимда Жамол. Оғриқ ўнг биқинга ўтган, автобусда инқиллаб кетаяпман.

-Шу вилоятда ҳоким жўрангиз бормиди? -сўради тўсатдан Жамол.

-Ҳа, -инқилладим. Жамол унинг исм-фамилиясини сўради. Айтдим «Мошинаси борми?» «Бор бўлса керак.» «Сизда телефон рақами борми?» «Йўқ», -инқилладим. Шу пайтда бу маълумотлар унга нимага керак бўлди, деб ҳайрон бўлдим. Кейинчалик ўйласам, жўрам мабодо бу операциядан эсон-омон чиқмаса, ўлиги дардисар бўлади, деб режа тузаётган экан… Шундай қилиб касалхонага бордик. Духтурлар бирин-кетин қорнимни босиб кўришиб: «Сўлқилдайдими?» деб сўрашади. Мен «Йўқ», -дейман.

-Ўткир формадаги аппендитсит бўлган, -хулоса қилишди духтирлар. -Яхшиям вақтида келибсизлар. Сал кечикса борми…

Дарҳол менга оқ кийим-бош кийгазишди, аравачага солишиб, оёқ-қўлимни боғлашди. Операция хонасига олиб киришиб, ичак-чавоғим кўринмаслиги учун оқ латта ташлашди. Духтирлардан бири пичоғини қайраяпти, менга қараб «Қалай», -деб тиржайиб қўяди.

-Ҳалиям ўйлаб кўринглар, кўричак бўлган одам уч кунда ўлади, -десам, духтурлар кулишади.

Хуллас, қоринни кесишди, нималарнидир қирқишди, нималарнидир тикишди, чидаб ётипман.

-Ана бўлди, -деди духтурлардан бири охири. -Мана, кўриб қўйинг, аппендитситингизни, -дея ўрта бармоқдай, чилла бармоқдай кесилган ичакни кўрсатди.

-Ҳа, нима бўлса-бўлди, -дедим-да операция хонасидан аравачада палатага олиб киришаётганларида Жамолни қўрқитиш учун тилимни чиқариб, кўзимни юмиб олдим. Бир пайт қарасам, Жамол жўрамнинг ранги оқариб кетган, ўзини устимга ташламоқчи бўлаяпти.

-Э-э, бўлди-бўлди, яхшиман, ҳазиллашдим, -дея уни бир бало қилиб ўзимдан узоқлаштирдим. Шу билан Жамол дам олишга кетди.

Ҳар куни ҳамшира қизча укол уришга келади.

-Бу бир марталик шприцларми? -сўрадим ҳамширадан бир гал.

-Албатта, -деди ҳамшира. -Духтурлар сиз учун ҳаммасини топтириб келишди.

-Бир марта укол қилиб, кейин шприцни ташлайсизларми? -сўрадим мамнун бўлиб.

-Йўғ-э,-деди ҳамшира кўзларини катта-катта очиб. -Биз буларни бир марта қайнатиб олиб, яна қайтадан ишлатаверамиз.

-Нинадан юқумли касаллик ўтса-чи?

-Қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади, -деди ҳамшира пинагини бузмай. -Ажалингиз етмаса, тузалиб кетасиз…

Шундай қилиб, умримда бир марта дам олишга бориб, уни ҳам касалхонада ўтказдим. Бахтимга кўричак бўлганим иш берди. Кўз ёки ошқозон оғриганида борми, ё бир кўзимни кўр қилишарди, ё ошқозонимдан ажралардим. Яхшиям одамда кўричак деган ортиқча нарса бор. Шундан буён дам олишга ҳеч қаерга бормайман. Кестирадиган ортиқча нарсам қолмади.