Жамила Эргашева. Қайтар дунё (ҳикоя)

Шивалаб турган ёмғир бирдан тезлашиб кетди. Бозор баттар қий-чувга тўлди. Ким молига, ким жонига паноҳ истаб, шошиларди. Аввал ўйдим-чуқур ерлар, сўнг бутун бозор саҳни сувга тўлди. Ёмғир эса секинлашай демайди. Бу пайтда Ултонбой бекорчиликдан бозор айланиб юрган эди. Гарчи унинг асрашга арзигулик бирон нарсаси бўлмаса ҳам, издиҳомнинг ўзи икки елкасидан сиқиб, бозор дарвозасидан ташқарига чиқариб қўйди. Одамлар дуч келган машинага ўтириб, манзиллари томон шошарди. Қаторлашиб ётадиган кира машиналар бир зумда сийраклашиб қолди. Унинг эса шошадиган жойи йўқ. Қорни оч эди. Ички кийимлари ҳам намиққан шекилли, эти жунжикаётганини ҳис қилди. Аммо бу ҳамиша зах ҳиди келиб турадиган, ҳувиллаб ётган уйига ошиқиш учун сабаб бўла олмади: аввал овқатланиб олиши керак!..
У бозор қаршисидаги ойнаванд ошхонага кирди. Яқин ўртадаги арзон ва гавжум бу ошхона унинг доимий қўналғаси, айни пайтда ёмғир қамчисидан қочиб, тўрт томонга югураётган одамларни кузатиш учун жуда қулай жой эди.
Бозордан чиқаётган одамлар орасида баланд бўйли ёшгина йигитнинг билагидан икки қўллаб ушлаб олган ўрта ёшлардаги жувон диққатини тортди. Йигит бир қўлида иккита катта елимхалтани кўтариб, иккинчи қўли билан онасини ушлаб олган, улар нимадандир завқланиб кулар, осмондан челаклаб қуйилаётган ёмғир, атрофдаги ола-тасир уларнинг ҳангомаларига ҳалал бермаётгандай. Аёлнинг кулгиси ташқаридаги шунча шовқин-сурондан ўтиб, ойнаванд ошхонанинг бир бурчагида ўтирган Ултонбойнинг қулоқлари остида жарангларди.
Йигит ошхона томонда турган оппоқ машинанинг аввал ўнг томонидаги эшигини очиб, онасини ўтқизди, орқа ўриндиққа қўлидаги елим халталарни қўйди, сўнг ўзи олдинги ўриндиққа ўтиб, машинани ўт олдирди.
Улар Ултонбой ҳамиша йўлга чиқса — излайдиган, узоқ кўрмаса — соғинадиган, мабодо кўриб қолса — қочгани жой тополмай қоладиган энг яқинлари, айни пайтда юз кўрмас ғанимлари эди. Йўқ, ғаним деса, унчалик тўғри бўлмас, улар Ултон билан ҳеч ишлари йўқ, фақат йўллари кесишмаслиги керак.
Бир сафар… Ўғли ўн саккиз ёшга тўлган кун эди. Шаҳар четидаги хилват йўл бўйида, қандайдир жарангдор шиор ёзилган бетондевол соясида машина кутиб турганди. Катта йўлдан “шув” этиб, яп-янги машина ўтиб кетди. Ҳайдовчининг ёнида ўтирган аёл “ялт” этиб унга қаради. Аниқ кўрди: аёлнинг кўзлари нафратдан қисилиб кетди.
Машина қандай тезлик билан унинг ёнидан ўтиб кетган бўлса, шундай шитоб билан изига қайтиб, Ултоннинг қаршисида тўхтади. У нима қиларини билмай қолди, қочай деса, ортида турган яккадеволдан бошқа бирон паноҳ йўқ. Тураверайин деса, изидан онаси “Шошма болам, ўзингни қўлга ол”, деб югургилаб келаётган йигитнинг важоҳати от ҳуркар даражада қўрқинчли эди. Уларнинг ҳар уччаласи бу учрашувни ўн саккиз йил кутган эдилар, аммо у шундай бир ҳолатда юз бериши мумкинлигини ҳеч ким хаёлига келтирмаган эди. Йигит машинасидан тушиб, унинг қаршисига келди, бир зум ҳеч нарса демай, кўзларига тикилди, нигоҳлари жуда қаҳрли эди. Вужуди титраб турган бўлса-да, ноиложликдан кулимсиради.
— Мени танияпсизми?
— Ҳа…
— Мен кимман?
— Ҳасансан.
— Билар экансиз-у?! Мен нега сизни билмайман?! Нега?! —унинг қўллари мушт бўлиб тугилди. Ўртада қалтираб турган онаси унга ёпишди: “Болам, ўзингни бос. Нима бўлганда ҳам у сенинг отанг, дилини оғритиб, гуноҳга ботма”. У онасининг елкаларидан тутди: — Қўрқманг, она, уни чертиш ниятим йўқ, фақат сўраяпман: нега мен уни билмайман?!
— Вақти келади, ҳаммасини тушунтириб бераман… — чайналди Ултонбой. Йигит бош чайқади.
— Нимани тушунтирасиз, онанг ёмон эди, ташлаб кетишга мажбур бўлдим, дейсизми? Онанг ёмон эди, сени излаб кела олмадим, дейсизми?
— Бўлди, кетдик, болам, — онаси тинмай уни ортга тортқиларди.
—Ҳа, бўлди, — оғир нафас олди ўғил. – Аммо бир нарсани айтиб қўяй, сиз нафратга ҳам арзимайсиз, шуни унутманг.
Машина эшиги “қарс” этиб ёпилди. Ултонбой шитоб билан қўзғалиб, бир зумда кўздан ғойиб бўлган машина томонга қарай олмади, силласи қуриб, деволга суянган кўйи ерга ўтириб қолди.
Бу учрашувни Ултонбой неча йил кутганди, ундаги ҳар сўз, ҳар ҳолатни ипга маржон тизгандай тизиб, тизавериб, режалаб, тунларни тонгларга улади. Аммо… Ҳаммаси кутилмаган жойда, бир зумда содир бўлди. Ултон шу дамгача ҳам ёлғиз эди, аммо хаёлида бир кун келиб, уни тушуниб, суянч бўладиган ўғли, умиди бор эди. Энди ҳеч нарсаси қолмади.
Ҳа, ундан ҳам ўтган. Шу пайтгача ўғлини бирон марта бўлсин изламади. “Онаси қўймайди”, деган важ ўринсиз эканини гўдак ҳам билади. Учрашгиси, бағрига босгиси келарди. Фақат шунча йил давомида харажатларидан беш-олти сўм ажратиб, ўғлининг йўлини тўсиб, “Ҳой бола, мен сенинг отангман, нима бўлган бўлса, бўлди, энди мени меҳрингдан бенасиб қилма. Ма, ишлатарсан” деб, қўлига беришга ҳафсала қилмади. Аслида, ўғлига айтмоқчи, тушунтирмоқчи бўлганларини ўзи ҳам яхши тушунмасди. Билгани, унинг момоси билан Нодиранинг момоси опа-сингил бўлишган, Нодиранинг момоси тўй кечаси севган йигити билан қочиб кетган.
— Мен ҳеч нарсани билмайман, келинни топиб келасан, элни тўйга айтиб қўйганман, — туриб олган куёвнинг отаси.
Шу ерда қариндошлардан бири манзират қилган:
— Ундай бўлса… Келиннинг опаси бор.
Ҳамма олдин бир-бирига, сўнг қудаларнинг оғзига қараган.
— Йўқ, бўлмайди, — рад қилган қизнинг отаси.
— Нега?
— Айби бор… Сағал букрироқ, — тушунтирган ота ҳамон бошини ердан кўтармай.
— Э-э! Букрироқ эмиш, қора қозонини қайнатиб, эшигини очиб ўтирса бўлди-да. Фалончининг келини куёвни ташлаб қочиб кетибди, дегандан кўра яхши-ку. Тўйни келинсиз нима деймиз, худойи деймизми? А, Абдумўминбой?
Абдумўминбой — куёвнинг отаси, ҳеч нарса демаган. Унинг ўрнига ҳам ҳалиги киши буйруқ берган:
— Бўлди, қизни тайёрланглар!
— Йўқ, ундай қилманглар, илтимос, — ялинишга тушган ота, — катта қизим жуда қисинчоқ, кўнгли ярим. Тенг-тўшидан кам бўлиб, шунча қийналгани етар, ортиқча хўрликни кўтара олмайди. Абдумўминбой, хўп денг, қилган харажатларингизни секин-аста узаман.
Абдумўминбой қудасининг юзига бир зум тикилиб туриб, миясига келган ёвуз бир ўй қарорини қатъийлаштирган.
— Йўқ, шу қизингни берасан, букри жойини ўзимиз тўғрилаб оламиз!
Букрини гўр тўғрилармиш, деганлари рост бўлса керак, шўрлик келиннинг кирмагани бир гўр бўлди. У еган тепкиларни эгри заранг таёқ еса, алифдек бўлар эди. Бир умр ўлимини кутиб яшади, тезроқ ўлса-ю, уни шу азобларга гирифтор қилиб, ўзи ҳам кун кўрмай, биринчи фарзандини туғаётиб ўлиб кетган синглисининг ёқасидан тутса! “Ўзинг ўлиб кетар экансан, мени ўтга ташлаб нима қилардинг?”, деса.
Тўйдан олдин бир кун синглиси гап топиб келди:
— Чучук, у дунёда опа-сингиллар юз кўришмас экан.
— Нега?
— Сабаби, бу дунёда эр талашиб, юз кўрмас бўлган опа-сингиллар кўп экан. У дунёда бир-биримизнинг юзимизни кўролмас эканмиз, бу дунёда бир-биримизнинг қадримизга етиб юрайлик.
Шундай деган одам опасини ёнаётган ўтга ташлаб кетди. Бундай қилгандан кўра эрини тортиб олгани яхши эмасмиди?
Ундан бир ўғил қолди. Ота қизининг қилиғидан қанча орланган бўлса ҳам, қизи ўтиб кетгач, куёвини кечирди. Тўй-маъракаларида неварасини айтувсиз қолдирмади.
Нодира ана шу невара ўғилнинг қизи. Чучук момо невара қизини узатаётганда, Нодира бобосиникига меҳмонга келган эди. Уни ҳам тўйга олиб боришди. Тўйга келган қизлар ичида ҳам хушрўй, ҳам бегона бўлгани учун дарров кўзга ташланди.
— Бу қиз ким, — деб сўровчилар кўп бўлди.
Ҳатто Чучук момонинг чоли ҳам қизиқди. Ким эканлигини билгач, қозоннинг бошида ўтирган кенжа неварасини олиб келиб, қизни кўрсатди:
— Сен шу қизга уйланасан.
Дунёбехабар қиз дугоналарининг даврасида нималарнидир завқ билан сўзлаб турарди. Унга қараб йигитнинг кўзлари ёниб кетди:
— Бўпти, бобо!
— Фақат бир кечага! — кўзлари пирпираб кетган неварасининг елкасига қўлини қўйди. — Менинг орим учун шу ишни қилишинг керак. Кейин олдингисидан ўн бора катта тўй қилиб, бундан ҳам гўзал, бундан ҳам ёш қиз олиб бераман. Машина сеники, мол-ҳолимни сенга қолдираман.
Бобоси бир зумда бир дунё нарса ваъда қилиб ташлаган бўлса-да, йигит шумшайиб қолди.
— Ҳукумат ҳозир молга рухсат бериб турибди. Тиллога рухсат берсин, мен сени тиллога кўмиб ташлайман.
— Э-э, у қиз ҳали менга тегадими-йўқми? Олиб бермасдан “ҳайда”, дейсиз, — йигит қўл силтаб ортига бурилди.
— Тегмаям кўрсинчи, — бобо унинг елкасига қоқди.
Тўй ўтиб, ғала-ғовур тинчигач, бобосининг ёнига катта акаси қўшилди. Ултонбой бу акасининг юзидан сира ўтолмас эди. Чучук момо саккиз фарзандини тепки-таёқнинг тагида туққан бўлса-да, бирон боласи ўзига ўхшаш букри бўлиб туғилмади. Неваралардан ҳам фақат шу Жўраси… Энг одобли, энг тиришқоқ, билимдон невара! Мактабда аълочи ўқувчи бўлса ҳам, тенгдошлари “букри” деб ҳеч кун бермасди. Ултонбой акасини қандай хўрлашганларини жуда кўп марта кўрган, ич-ичидан эзилган эди. Ака ҳозир катта бир хўжаликнинг раиси, дунёси мўл, қўлини қаёққа узатса етади. Ҳар йили қадди-қоматини тўғрилатаман, деб олис юртларга бориб, дунё-дунё пул сарфлаб келади. Лекин йилдан йилга семириб, боши билан елкасини туташтириб турган букри ҳам кўтарилиб бораётганга ўхшар, унга сари негадир ўзининг ҳам дийдаси қотиб, гапирганда суҳбатдошини масхара қилаётгандай мийиғидан кулиб турадиган одат чиқарганди.
— Шу қизни бир кунга оласан, — деди ака ҳам. — Бостирманинг тагида турган машина сеники.
Ўшанда ўзи ҳам кўрмаган момосининг муҳаббати учун қурбон бўлаётган бегуноҳ қиздан кўра, бостирма тагида турган машина қизиқроқ кўринган эди унга: “Э-э, буниси бўлмаса, бошқаси! Танлаганингни олиб берамиз, дейишаяпти-ку!” Аммо, тўйнинг эртаси куни… бобоси билан акасига берган ваъдасининг устидан чиқа олмади. Бобо билан ака эрта тонгдан келин билан куёвнинг эшиги кўриниб турадиган супага ўтириб олиб, зич ёпилган эшикнинг зарб билан очилиши, ичкаридан шовқин-сурон эшитилишини кутиб ўтиришарди. Бир маҳал эшик оҳистагина очилиб, бошига катта оқ рўмол ташлаб олган келин чиқиб келди. Қайнотабобоси билан қайноғасига салом бериб, ухлаб қолганидан хижолатланиб, шошиб ҳовлига сув сепа кетди. Куёв кун ёйилгандан кейин ҳам ташқарига чиқмади. “Чойга чиқаркансиз”, деб кирган жиянига “Бошим оғрияпти”, деб жавоб қайтарди.
Акасининг қаҳри келди: “Э-э! Ўлик!”.
Уч кундан сўнг машинанинг калитини олиб қўйишди.
Ултонбой икки ўт ўртасида қолди: бостирма тагида гижинглаган “тулпор”, гўшангада сулув келинчак. Бу қиз сулувгина эмас, шабнамдек мусаффо ва маъсума эди.
Бобо невара келиннинг саломига алик ҳам олмай қўйди. Келин қурғур бир замонлар девол суятиб кетган момосининг қуйиб қўйгандай ўзгинаси эди. Эговлагани букри кампир бўлди: “Кетсин, кўргани кўзим йўқ шу келинни. Кетсин, гап тамом”. Ҳа, бадном қилиша олмади, ҳеч бўлмаса, кетсин. Дили яралансин, озгина бўлса-да, азоблансин. Унинг уйида, кўз ўнгида юрмасин!
Ака ҳам бобо тараф: “Агар шунинг момоси эр танламаганда, мен букри бўлиб туғилмасдим”, дейди.
Нодиранинг бошқоронғилиги оғир ўтди. Ҳомиласи эгиз экан. Ёш қиз бутунлай ўзини йўқотиб қўйди, на ўзига, на икки ўт орасида ҳардамхаёл бўлиб юрган эрига қарай олди. Эр унга ёрдам бериш ўрнига чақалоқларнинг шовқинидан қочиб, ярим тунгача акасиникида телевизор кўриб ўтирадиган бўлди. Укасидаги ўзгаришни кўриб, қаҳрланиб юрган ака ҳам юмшади, қўлига пул берди. Машинанинг калитини берди.
Ҳусани иситмалаб ётганда, у бир опахонининг тўйини қизитиб юрган эди. Кечки пайт касалхонага келиб, йиғлаб ўтирган хотинига қараб, ғижини келди:
— Ўтиришингни қара. Бугун сен қатори туққан Робияни кўрдим, эрга тегмаган қиздай бўлиб юрибди. Сен бўлса, на ўзингни эплайсан, на болани.
Болани сақлаб қолишолмади. Нодиранинг жавоби берилди: “Болага қарай олмай, ўлдирди”.
Энди ёти-иб, ўйланди. Жуда бешафқат, аҳмоқ бўлган эканда ўзиям.
Нодира кетгач, икки ойдан сўнг хўжаликдан камомад чиқиб, акаси қамалиб кетди. Ҳамма нарса уни тезроқ олиб чиқишга сарфланди. Машина, мол-ҳол, бобонинг яшириб юрган тиллолари… Бу харажатларнинг нечоғли нафи тегди-тегмади, ака ўн бир йил ўтирди. Қайтиб келганида бобо ҳам, момо ҳам, ҳатто отаси ҳам ўтиб кетган, қаттиқ асабий зўриқиш туфайлими, барча тишлари тўкилиб кетган қоқсуяк онаси болалари билан хотинига қора бўлиб ўтирган эди.
Бутун гавдасида фақат букриси чўнқайиб қолган аканинг ёдига бир замонлар берган ваъдаларини солишнинг фойдаси йўқ. Жуда жиззаки бўлиб қолган. Ҳар нарса учун хотини билан укасини уришади, жанжалга баҳона излайди. Иккинчи ўғлини уйлантираётганда укасига “Сен ошхонага ўт, бу хоналарга келин тушираман”, деди. Икки укаси уйланиб, ўзи ҳамон хотинсиз юргани аламли эди, “Мен ҳеч қаерга чиқмайман”, деб туриб олди. Ака-ука олдин гап талашди, сўнг ёқалашди, кейин судлашди: уй, ҳовли, томорқа иккига бўлинди. Ўртада “ҳай-ҳай”лаб турувчи онаси ҳам бўлмади. Ултонбой ҳовлининг бир четидаги икки хонали уйда ишсиз, бир қошиқ ёвғонсиз, ёлғиз қолиб кетди. Кундузлари шаҳар четидаги рассомчилик устахонасига бориб, уларга бирон буюртма тушган бўлса, ёрдамлашар, эвазига бироз чойчақали бўлиб қайтарди. Албатта, бу билан рўзғор қилиб бўлмасди, кундузи кўча-кўйда бирон коса иссиқ овқат еса, кечқурун қўлтиғига битта нон қистириб қайтар, бу нон кечки таом ва нонушта ўрнига ўтарди. Агар бирон сабаб бўлиб, кўчага чиқа олмай қолса, шу кун оч қоларди.
Бугун даромад унча яхши бўлмади. Оёғига пойабзал, устига кийим-бош олмоқчи эди. Қўлидаги арзимас пулни ғижимлаб, бозор айланиб юрганда ёмғир қуйиб юборди. Буёқда Нодира! Яна янги машина олишибди-да… Шанба куни келин туширади, дейишаётган эди…
Овқат бемаза эканми ёки тоби қочиброқ тургани учун егиси келмадими, уйда ҳеч нарса йўқлиги, емай туриб кетса, оч қолишини ўйлаб, ўзини зўрлаб-зўрлаб еди. Ёмғир тўхтагач, йўловчи машинага ўтириб, уйига кетди. Боши лўқиллаб оғриб турган эди, кечга бориб иситмаси кўтарилди, уч кун тўшак билан битта бўлиб ётди. Хонасининг деразасидан акасининг ошхонаси кўриниб турарди. Ўзлари қўл учида кун кўришса ҳам, янгаси билан келин ошхонадан чиқишмайди. Ўзиям янга бебаҳо аёл-да, бир ҳовуч нарсадан ҳам мазали егулик тайёрлай оладиган сеҳргарнинг ўзгинаси. Ётганининг учинчи куни болаларидан бир лаган хоним киритиб юборибди. Юпқагина қилиб ёйилган хамирнинг ичида турп, кўкат, пиёздан бошқа нарса йўқ, аммо бирам мазали, бирам мазали эдики, уни еб, кўкраги бироз кўтарилди. Эссиз, акасига қараб, гўзалдан гўзалроқ қиз танлаб юргунча, уйланса бўлар экан. Онаси шўрликнинг ҳам кўзи орқасида кетди. Қорни тўйган бўлса-да, кўнгли яна тўрт бўлаккина хоним истади. Шу хоҳиш баробарида ўғлининг тўйи ёдига тушди. “Дарвоқе, бугун якшанба. Тўй!”. Ажриққа ағанаган итдай у ёққа ағанади, бу ёққа ағанади, кўнглидаги тўйга бориш истагини енга олмади. Тузукроқ ҳақ беришганда, бирон тўёна олиб борса, яхши бўларди. Ҳа, майли, Нодира унинг тўёнасига зорми? Катта бир фирманинг бошқарувчиси. Дастурхонларни тўлдириб ташлагандир…
Ўрнидан туриб, қўшни кўчада яшовчи холасиникига ўтди. Ўғилларидан биронтасининг кийим-бошини олиб турмоқчи эди. Аксига олиб уларнинг уйида ҳам ҳеч ким йўқ экан. Уйга қайтиб борай деса, анча йўл, уч кунлик иситма силласини қуритган. “Э-э, нима бўлса, бўлар” деб, шаҳарга жўнаб юборди. Аммо ўғлининг кўчасига бурилиши билан бор журъатидан айрилди. Машинадан тушиб, кўча бошидаги кекса тутнинг соясига ўтди. Бу ердан Нодиранинг ҳовлиси аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Асаларининг уясидай биров кириб, биров чиқиб ётган дарвозага қараб узоқ туриб қолди. Бирон художўй таниш чиқиб қолиб, “Э, фалончибой, бу ерда нима қилиб турибсиз, юринг тўйга, ота-бола шундай кунда топишмасанглар, қачон топишасизлар?” деб, етаклаб кетишини орзулади! Танишлар ўтди, аммо ҳеч ким “Юр, ўғлингнинг олдига олиб борай”, демади. Шу топда у ўғлини ҳам кўп ўйлаётгани йўқ эди. Ноз-неъматларга тўла дастурхонга қўйиладиган бир коса иссиққина ёғли шўрва кўз ўнгидан кетмасди…