Саъдулла Сиёев. Ота макон (ҳикоя)

Бўзсув деса, юнусободликларнинг чеҳрасига табассум югуради. Негаки, бу яшил анҳор баҳордан то қора кузгача шаҳарликларга роҳат-фароғат ато этадиган гўзал маскан. Осмон лов-лов ёниб турган ёз чилласида-ку, Бўзсув бўйлари чинакам жаннатга айланади. Ёшу қари бирдек серсоя дарахтлар тагида чўзилиб ҳордиқ чиқаради, анҳорнинг нилий тиниқ суви баданларни эркалаб, умрингизга умр қўшади.
Бўзсув атрофидаги ерлар илгари жамоа хўжаликларига қарашли эди. Замон ўзгариб бу мавзе шаҳарга қўшилиб кетди. Худди шуни кутиб тургандек, шаҳар катталари Бўзсув соҳилини томорқа қилиб сотабошлади. Шаҳар биқинидаги бунақа оромижон гўшани ким олади, аввало чўнтагида ортиқча муллажиринги бор олади. Бўзсувнинг серҳосил, хушманзара майдонлари шаҳар сармоядорлари қўлида хомталаш бўла бошлади.
Тошкентнинг олмос камари деб аталмиш ана шу Бўзсув бўйида эллик ёшларни қоралаган Эшқобил деган бир йигит ҳам яшарди. Унинг отасидан қолган ўн икки сотихча ери бор эди. Бунинг устига Эшқобилнинг бир хотини, асранди ўғли, тўрт қўйи, олти товуғи, битта эшак араваси ҳам бўлиб, шулар билан тирик эди. Илгари колхозда кетмончи эди, колхоз тугаб кетгач, эшак аравасини елдириб, рўзғорини тебратиб юраверди. Ёзда қўйларига чўп-хашак ғамлайди, анҳор лабидаги қамишларни ўради, кўча-куйда ётган шишаларни териб топширади. Ариқ бўйидаги қуриган дов-дарахтларни кесиб, қишлик ўтин қилади. Жилла қуриса, Юнусобод бозоридан бировларнинг юкини ташиб бериб, беш-ўн танга ишлайди. Ишқилиб, қора қозон бир маҳал қайнаб, хотин пошшонинг жағи очилмай турса бас.
Ана шундай дориломон замонда денг, маҳалласига кўз тегди. Беш-олти киши ҳовлисини сотиб, кўчадиган бўлиб қолибди. Қирқ йиллик қадрдонлари нега тўсатдан тарки ватан қилди экан, деб ўйланди Эшқолиб ва қўшниларидан гап олиб кўрди.
— Э, қайда юрибсан, дунёбехабар? — деди улар, — маҳалламизга тўрт бошли аждаҳо бостириб келяпти экан. Пулнинг сассиғига чидамай кекириб ётган корчалонлар биз томонларга кўз олайтириб қолибди. Беш-олти ҳовлини бараварига сотиб олармиш улар. Савдолашиб ўтирмай, оғзингдан чиққанини берармиш. Ана, Ашир чўтир бобосидан қолган чалдеворини эллик мингга сотибди!
— Эллик мингга-я? — ишонмади Эшқобил, — чалдеворни эллик мингга олиб нима қилар экан у бойвочча?
— Трактор солиб, уй-пуйи билан текислаб ташлар экан.
— Кейин турп экар эканми?
— Э, кўса тегирмончининг анқов ўғли! Беш-олти ҳовлини текислаб, ўрнига уч қаватли шоҳона қаср солар эмиш. Уқдингми, ўқимаган?
Эшқобил бошини қашлаб туриб қолди.
Эртасига тағин аравасини ҳайдаб жўнади. Буғдой ўрими авжида эди, қўйига беш-ўн қоп сомон топиш илинжида Қоплонбек тарафга қараб кетди. Оқшом қайтди. Қараса, унинг атрофига ҳам ёғоч қозиқлар қоқилибди. Бир тарафи юз қадамча келади, бир томони сувга туташ, ёнбоши шундоққина Эшқобилнинг молхонасига тақалган эди.
Уч-тўрт кундан кейин Эшқобилнинг ён-верини трамвай вагонидай узун машиналар, тракторлар босиб кетди. Бирови ер ковлайди, вагон-машина қум, шағал ташийди. Тумшуғи мирзатеракка етадиган кранлар лапанглатиб, қуйма томларни тахлайди денг. Бутун маҳалла кўчиб чиқди. Айниқса болаларга худо берди. Улар узунчоқ, тор хандақларда чопиб бекинмачоқ ўйнайди, машиналарнинг думига осилиб катта йўлгача бориб келишади. Эшқобил эса, тирикчилиги билан овора. Аравасини ғилдиратиб саҳар кетади, кеч қайтади. Бир коса ёвғон ошини ичадию тўшакка киради.
Бу орада ён-веридаги қўшниларидан яна беш-олтитаси кўч-кўронини ортиб қайгадир кўчиб кетди. Эшқобилнинг атрофи тобора сийраклашиб борарди. “Миллионерлар бир куни менинг уйимга ҳам чанг солса-я? — дея хавотирга тушади баъзан, — йўқ, ўлсам ҳам бу ердан кетмайман. Отам насиҳат қилган, ер сотган эр бўлмайди, деганлар. Шу ҳовлида туғилдим, худо хоҳласа, ўлигим ҳам шу ердан чиқади”.
Эшқобил гоҳо шунақа хаёл суриб қўярди. Янги қўшнисининг ваҳимали иморати эса, аста-секин пойдевордан кўтарилиб борарди. Бир куни Эшқобил эшагининг мўйинчасини ямаб ўтирган эди, салом бериб эшикдан бир йигит кирди. Эшқобил унга стул қўйди. Дуо қилди. Йигит қўл қовуштириб ҳол-аҳвол сўради. У ўттизларга борган, чиройли кийинган, сочлари ҳам бир текис, чувак юзликкина, истараси иссиқ йигит экан. У жилмайиб тилга кирди:
— Мен янги қўшнингиз бўламан, амаки, — деди тавозе билан, — исмим Аслиддин. Оғайнилар, ке, Бўзсув бўйига чиқайлик, деганди, кўнглим кетиб, шу ердан озгина ер олдим. Худо хоҳласа, сиз билан ён қўшни — жон қўшни бўламиз, деган умиддаман, амаки.
— Бахай, бахай, — дея бош силкиди Эшқобил. Аслиддин бир нафас сукут сақлаб, худди узр айтаётгандек деди:
— Кўнглингизга келмасину, амаки, мабодо ҳовлини сотмоқчи бўлсангиз, бегона қилманг. Ўзим оламан. Мен савдолашмайман. Айтган пулингизни бераман, майлими, амаки?
— Майли, — деб бош ирғади Эшқобил, — лекин уй-жойни сотиш ниятим йўқ. Отамиз ўтган ер, ўзим ҳам шу ерда туғилиб ўсдим, бор-йўғи учгина жонмиз, шу ҳовлига сиғиб турибмиз, ука.
— Хафа бўлмайсиз, амаки, айтдим-қўйдим-да. Мабодо бир куни кўчадиган бўлсангиз, бехабар қолмайлик, дедим-да, амакижон. Ахир гилам сотсанг, қўшнингга сот, бир четида ўтирасан, деган гап бор.
Бу боланинг одоби, бурнини кўтармай мулойимлик билан гапиргани Эшқобилнинг кўнглига ўтиришди.
Аслиддин бир пиёлагина чой ичди, каттагина халта кўтариб кирган экан, қўярда-қўймай ташлаб чиқиб кетди.
Аслиддиннинг гапини ошхонага кириб-чиқиб юриб, хотини Мадина ҳам эшитиб қолган экан, йўрғалаб эрининг ёнига келди.
— Хўп, демадингизми, хўжайин? Ана, Жобир қассоб сотди ҳовлисини. Бир қоп пул берибди. Дендропаркдан қўшқаватли уй солаётган эмиш. Шу отам замонидан қолган эски чопонни бошингизга урасизми? Сотсангиз, биз ҳам шаҳарлик бўлардик, ўғлингизни институтларда ўқитардингиз, эскироқ бўлсаям битта машина минардингиз…
— Валдирама, товуқмия, — деди Эшқобил, — бунақаларнинг тили бошқа, дили бошқа бўлади. Шоҳона уйлик бўламан, деб бир куни мана шу ғариб ҳовлидан ҳам айрилиб қолишинг ҳеч гап эмас. Отамдан қолган уй, ҳеч ким мени бу уйдан ҳайдаб чиқаролмайди. Машина дейсан, ана — икки ғилдиракли машина, бензин емайди, матори бузилмайди, бир боғлам хашак билан Ҳиротга олиб бориб келади. Шу кунингга шукур қилиб, тинчгина ўтир.
Хотин афтини буриб жўнади. Эшқобил тағин ўз ташвишлари билан андармон бўлиб кетди. Бу орада Аслиддиннинг иморати тобора осмонга қараб ўрлаб борарди. Бир-икки ой ичида тўрт бурчаги тўрт қуббали ҳайбатли иморатнинг маҳобатли сояси ёнидаги уйларни тўсиб қўйди. Наврўз байрамига бориб эса, қасрнинг биринчи қавати ёпилди.
Иморатнинг биринчи қавати ёпилдию қурувчи йигитларнинг жони кириб қолди. Энди улар овқатларини ҳам томда ейди, ётоқлари ҳам томбоши. Кечаси аллавақтгача варанглатиб радио қўйишади, чет элнинг ажи-бужи оҳангларини етти маҳаллага таратиб, бировни ухлатмайди. Айниқса, Эшқобилга қийин бўлди. Аслиддиннинг уйи ҳозирча бир қават бўлгани билан баландлиги етти-саккиз метрча келар, Эшқобилнинг ота макони унинг қаршисида худди кичкинагина қазноқдек афтодаҳол эди. Аслиддиннинг томидан туф деган тупук ҳам тўғри келиб Эшқобилнинг ҳовлисига тушаверарди. Эшқобил ғалати аҳволда қолди. Ҳовлида ўтириб на чой ичиб бўлади, на овқатланиб. Ҳатто хотинга сал товушингни кўтариб гапирсанг ҳам, тепада турган йигитлар дашном беради: “Ҳай, ҳай, Қобил ака, янгамизни хафа қилманг!” Ҳожатга кириб чиқсанг, қўлингизни ювмайсизми, амаки, деб кулишади. Олди — ёз, дегандек, ҳовлида, чорпоя сўрида ётганга не етсин! Аммо, ҳалиги том бошидаги шумтакалар дастидан Эшқобил ўз ҳовлисида эмин-эркин ётолмай қолди. Хотини сўрига жой солиб берса, томдагилар “Ие, амаки, бир ўзингиз ётгани қўрқмайсизми?” дея учириқ қилади. Не қилсин, энди у касофатларни деб ёзнинг иссиғида уйда ухласинми?
Эшқобил бир куни аламини ичига ютиб, маҳалла оқсоқолининг олдига борди. Дардини тўкиб солди.
— Ҳовлига сиғмай қолдик, Турғунбой ака, — деди ёзғириб, — кечаю кундуз тепангдан биров қараб турса, худди… яланғоч юрган одамдай уялар экансан.
— Жазо керак сенга! — деди оқсоқол жеркиб, — ҳўв ўшанда сотиб кетганингда бу хўрликлар йўқ эди.
— Нега ўзингиз сотмай, менга сот, дейсиз?
— Аввало, менинг тепамга келиб, бир бойвачча уй солаётгани йўқ. Солдирмайман ҳам. Ҳозирча қўлим узун. Қолаверса, мен маҳалла оқсоқолиман, халқ сайлаб қўйибди.
— Унда мен нима қилай, маҳалла улуғисиз, бир йўл кўрсатинг, ака.
— Яқинда Аслиддинни кўрувдим. Шаҳарда. Ҳалиям бўлса, Эшқобил акадан ўтининг. Ерини менга берсин, дейди. Хоҳласа қишлоқдан, хоҳласа шаҳардан чиройли иморат солиб берай, тагига машина миндирай, деди. Қайсарлик қилмай, хўп де, Эш. Оқпошшо замонидан қолган бу уйни бошингга урасанми? Бир одам ма, деб турганда, қўшқўллаб олмайсанми, нодон?
— Мен сиздан жўяли гап эшитгани чиқувдим, — деди ўксиниб Эшқобил, — сиз ҳам мени ватандан жудо қилмоқчи бўлаяпсиз. Қуллуқ сизга.
— Ҳали пушаймон бўласан, бола! — деди оқсоқол, — унда кеч бўлади.
— Кўрамиз. Агар Худонинг борлиги рост бўлса, бизга ўхшаган бандаларини йиғлатиб қўймас.
Ёзнинг адоғига бориб, иккинчи қават ҳам битди. Учинчи қават очиқ айвон шаклида бўлар эмиш. Бир сафар қурувчи йигитлар Эшқобилни судрагудек қилиб, тепага олиб чиқишди. Учинчи қаватдан бутун қишлоқ, ҳатто Оқтепаю Отчопар томонлар кафтдагидек кўринар экан. Узунасига қирқ, кўндалангига йигирма қадам келадиган очиқ айвонда ҳаммом, иккита ҳовуз, теннисхона, арғимчоқ учадиган майдонча қурилар эмиш. Эшқобил тепадан туриб, ҳовлисига назар солди. Пастаккина ошхонаси, неча йил сувоқ кўрмаган кичкина уйчалари, товуқ каталаги, сомонхонаси, шотиси осмонга кўтарилиб ётган аравачаси… бари кўзига суйкумли, азиз кўриниб кетди. Юраги ҳапқирди, кўзларини ёш босди: “Мозорнинг лаҳадидек бўлса-да, ҳар кимни ўз ватанидан айирмасин худойим”, деди ичида, яратганга тавалло қилиб, ерга тушди. Ҳовлисига кириб, нураган деворларни сийпалаб, кўзига суртди, йиғлади.
Яна аравасини елдириб, насибасини териб еб юраверди. Ёз ўтиб борарди. Бир куни Эшқобил кимнингдир қўйини Шўробозорга элтиб бердию, изига қайтди. Адашмаса, якшанба эди чоғи. Йўқ, чоршанба экан, чунки Шўрода молбозор чоршанбада қизийди. Хуллас, эшагини нуқиб, сув ёқалаб маҳалласига бурилди. Қараса — базм авжида. Анҳор лабида бир туп азамат қайроғоч бор эди. Ана шу қайроғоч тагига оловдай қип-қизил гиламлар ёзилган, шойи кўрпачалар тўшалган. Пар ёстиқларда беш-олти ориқ-семиз, олакўз, қуралайкўз йигитлар ёнбошлаб ётишибди. Икки югурдак йигит дамба-дам дастурхонга лаган-лаган таом ташийди. Атрофни кўкиш тутун, кабобнинг димоқни қитиқловчи иси тутиб кетган. Қайрағочнинг пастки шохида магнитафон осиғлиқ, ундан одамни ўйлантирадиган қўшиқ таралади:

Арғумоқ остингдадур, тоғларни кез, чўлларни кез,
Ногаҳон бу арғумоқ остингда бўлғай, бўлмағай…

Эшқобил сал четроқда ошпазларга гап уқтираётган Аслиддинни кўрди. У тескари ўгирилиб турар эди, шунинг учун Эшқобил саломлашолмади. Аравасини секин ғилдиратиб, уйига кириб кетди. Ҳадемай базмхона тарафдан Эшқобилникига насиба келди: ўнтача кабоб, икки патир, бир лаганда яхна гўшт, мева-чева. Ўша куни Аслиддин иморатининг учала томи ёпилганини жўраларига ювиб бераётган эди.
Ҳадемай ёлғиз қайрағоч тагидан мастона қийқириқлар янгради. Эшқобилнинг уйи ишратхонага яқин бўлгани учун дастурхон атрофидаги гап-сўзларни у бемалол эшитиб ўтирарди. Айниқса, меҳмонлар орасидан товуши ҳезалакнамо бир йигит кўп вайсади:
— Ҳўв, Аслхўжа! — деди у, — анави қабристоннинг қоровулхонасига ўхшаган хароба нима?
— Уй, — деди Аслиддин, — Эшқобил ака деган кишиники.
— Қачонгача у қора сўгалдай мана бу шоҳқасрнинг тумшуғида туради? Кўчмадими?
— Кўнмади, — деди яна осуда Аслиддин, — ўзим илтимос қилдим, орага одам солиб кўрдим. Ота мулким, сотмайман, ўзим яшайман, дейди.
Меҳмон бола хохолаб кулди:
— Вой, бетамиз-ей! Нима, шу битта ялангоёқ аравакашни кўчиргани пулинг етмаяптими, кучингми? Бериб туришим мумкин оғайни.
— Пулим етади, куч ҳам бор. Лекин… бир бечорани чирқиратиб, туғилиб ўсган еридан жудо қилиш инсофдан бўлармикан, деб ўйлаб қолдим. Қалдирғочнинг уяси бузилса, неча кун чирқиллаб юради, бу ҳам сендек одам боласи.
— Оббо-о! Жа, дейман иймонли, инсофли бўлиб кетибсанми кейинги пайтда? Қайси замонда яшаётганингни биласанми ўзи? Ўрикзорга бир бориб кел-чи, сен айтган инсофнинг килоси неча пул экан, биласан…
— Ке, қўй, Ҳошимхон, бошимни қотирма. Ўзи рози бўлмаса, битта кесагига ҳам тегмайман, ҳар қалай мусулмон фарзандимиз…
Ҳошимхон кабоб чайнаб туриб, ишшайди:
— Хоҳласанг, бир кечада кўчириб беришим мумкин. Жазоси бир челак бензин-да. А, лаббай?
— Оғзингдагини ел олсин! Хаёлингга ҳам келтирма! Агар бир гап бўлса, кечирмайман. Мени биласан, а?
— Ҳазил, оғайни, ҳазил! Сенинг бунчалик камбағалпарвар бўлиб кетганингдан бехабар эканман.
— Бўпти, кўп алжирамай, овқатга қаранглар. Кун оғди туриш керак.
Аслиддиннинг гапидан кейин мусиқа ҳам пасайди, қий-чувлар босилай, деди. Бирор соатдан кейин базмхона бўшаб, қайрағоч ости ҳувиллади. “Ҳорманг, ака!” деб Аслиддин ҳам эшикдан бош суқмади, Эшқобил ҳам меҳмонлар тарқамагунча ҳовлидан жилмади. Қоронғи тушгачгина, қайрағоч остини супуриб-сидирди, бир қопга яқин шиша йиғиб олди.
Кеч кузга бориб, Аслиддиннинг кошонаси тамом битди. У олисдан кўзга чалинар, рангпар тўрт минораси, кунгоралари, оппоқ мармардан кийган либоси билан ўзга иморатлардан ажралиб турарди. Кечалари қасрнинг тўрт тарафини ўнлаб чироқлар ёритар, иморат гўё қанот чиқариб осмонга учиб кетаётган кемани эслатарди.
Қишнинг ўрталари эди. Эшқобил аравасини ҳайдаб, Сариоғоч қирларига қараб кетди. Буғдойзорларда бир-икки сиқим анғиз қолган бўлса, сидириб олмоқчи эди. Маърайвериб, қўйларнинг оғзи ёпилмаяпти. Аравасининг чуқурчаси тўлар-тўлмас хазон тўплади. Ҳайт, деб уйига жўнади. Унгача кун кеч бўлди. Сариоғоч ҳам яқин ер эмас, уйига етгунча қоронғу тушди. Кўчасига бурилди. Қараса, осмонда аланга кўринди. Юраги шув этди. Аслиддиннинг томида ётиб юрадиган болалар шўхроқ эди, битта-яримтаси… Эшқобил эшагини ниқтади. Ҳовлисига етди. Не кўз билан кўрсинки, Аслиддиннинг уйи ёнарди! Атроф тўла одам, қий-чув… Ҳадемай, ваҳимали чинқириб, уч-тўртта қизил машина етиб келди. Ўт ўчирувчилар резинка ичакларини судраганча томга ёпишди. Тўрт томондан сув фонтан бўлиб отилди. Ҳадемай ўт ўчирилди. Эшқобил эшак аравасини ҳовлига киритишни ҳам унутиб, анграйиб тураверди.
Оловнинг қизил тили сўниб, атрофни аччиқ тутун қоплай бошлагач, ўт ўчирувчиларнинг бошлиғи — семиз капитан маҳалла оқсоқолини ёнига чақирди.
— Ана энди акт тузамиз. Маҳалла фаоли сифатида сиз ҳам қўл қўйишингиз керак.
Оқсоқол чўчиб, ортига тисарилди:
— Мен нима деб қўл қўяман? Қоровул бўлмасам. Биронта ғаламиснинг ишидир-да бу.
Шу пайт капитаннинг қўлидаги телефон жиринглади.
— Алло, бу мен, Аслиддинман. Ўтни ўчирдингларми?
Бошлиқ ялтоқланди:
— Ҳа, хўжайин, ўчирдик. Уйга анча моддий зарар етибди. Акт ёзаяпмиз, Аслиддинхўжа ака…
— Акт-пакт қилиб ўтирманглар. Олов ўчирилган бўлса, қайтиб кетаверинглар.
— Хўп бўлади, хўжайин, хўп, хўп…
Ўт ўчирувчилар жўнаб кетдилар.
Аслиддин ҳовлисига қайтиб қадам босмади. Ёнган уйнинг ёнига ҳам биров йўламади. Қирмизи мармар қопланган деворлар қорақурумга ботиб, чала ёнган йўғон тўсинлар тутаб, томнинг тешиклари офтобда ярқираб ётганича қолаверди. Эшқобил эса, ҳамон эски аравасини елдириб, рўзғорини тебратиб юрибди. Ҳар сафар Аслиддиннинг хонавайрон кошонаси ёнидан ўтаётганда куйдирган калладай бўлиб турган баланд гумбазларга мунғайиб боқадию секин уф тортиб қўяди.