Жамила Эргашева. Учрашув (ҳикоя)

Шифохона қуюқ дарахтзор орасида жойлашгани учун туни билан чигирткаларнинг чириллашидан қулоқлар қоматга келади. Саҳарга яқин уларнинг овозини қушларнинг чуғурлаши босиб кетади. Йўлаклари нурга чўмилиб ётган шифохона эса митти паррандаларнинг бу шовқин-суронига бутунлай бепарво, мудраб тонгни кутади. Аслида шифохонада кундузлари ҳам жуда сокин кечади. Бу ерда асосан мартабали ва нишондор кишилар ётиб даволанишади ва улар кўпинча касал бўлганликлари учун эмас, касал бўлмаслик учун ҳар ярим йилда ўн-ўн беш кун ётиб, турли текширувлардан ўтишади, дам олишади. Уларнинг ўзлари ҳам, изидан келувчилар ҳам касалхона тартибларини жуда ҳурмат қилишади, унда-мунда йўлакка чиқиб қолишса ҳам, юмшоққина шиппакларда оёққиналарининг учида оҳистагина юриб, бир-бирлари билан пичирлашиб гаплашишади.
Узун ва ораста йўлаклар, одам бўйидан икки баравар баланд, доимо ёпиқ эшик ортидаги хоналар узра қалқиб турувчи бу сокинликни фақат бир одам – бош шифокорнинг биринчи ўринбосари гурсиллаган қадам товушлари билан бузиб, янчиб юраверарди. Ҳамшира қизлар берадиган гурунг­ларга қараганда унинг бу “тартибсиз”лиги шифохонанинг йиғилишларида жуда кўп марта муҳокама ҳам қилинган, бош шифокор “Ҳаким Сатторович, бу ер шифохона. Шифохонада қанақа контенгент ётиб, даволанишини яхши биласиз. Сал у ёқ-бу ёғингизга қараб юринг, эл қатори шиппак кийинг. Туфли­нгизнинг овози ҳамманинг тинчини бузаяпти”, деб кўп марта айтган. У эса “хо-хо”лаб кулиб, “Даврон Бердиқулович! Мен мушук эмасман-ку, овоз чиқармай юрадиган. Мен одамман, шифокорман. Беморларимнинг атрофида айланиб ётган инсу жинсларни ҳуркитиб юрмасам бўлмайди-да”, дер экан. Бош шифокор “Шиппак, шиппак…” деб минғирлайверган экан, охири “Ака, кет, десангиз, кетайин, лекин мен шиппак киймайман, бу менга тўғри келмайди”, дебди.
“Лекин Ҳаким Сатторовичнинг билими зўр. Ҳамма унга кўринишни истайди. Бош шифокоримиз ҳам ҳамма танишларини шу кишига кўрсатади”, дейишарди қизлар.
Бош шифокорнинг кўрсатмаси биланми, ёки шунчаки тасодиф туфайлими, вилоятнинг машҳур гимнастикачи қизи, айни пайт­­да вилоят маданият бошқармасида ишлаётган Алия Шодиметова айнан шу хушсурат, ўктам шифокор йигит – Ҳаким Сатторович қарайдиган палатага тушиб қолди. Ким-кимлар бир марта кўринишга зор бўлган шифокор унинг ёнига кунига ўн марта киради: “Қани-и, Алияхоним, тузукмисиз?”. Ўзиям кун ора навбатчиликда туради, айни саҳар пайти, атай унга қараш учун келиб ётган онаси палатани бошига кўтарганча хуррак отиб, уйқуни ураётган пайтида ҳам кириб келади-да, бамайлихотир тунчироқни ёқиб, унинг қон босимини ўлчайди, юрагини эшитиб кўради, чойшабнинг бир четини кўтариб, баданини эгаллаб олган тошмаларига қарайди. Кетаётиб, бемалол уйқусини давом эттираётган онасига бир қараб, сўнг Алияга ҳазилнамо кўз қисиб қўяди: “Сиз ҳам ухланг”.
У хонадан чиқиб кетгач, Алия – беш ёшидан буён эл оралаб юрган сарвқомат гимнастикачи – анчагача қон босимини ўлчаётган, юрагини эшитаётган пайт баданига теккан қўлларининг тафтини, ҳатто устига энгашган дам юзига урилган иссиқ нафасини ҳис этиб ётади. Унинг ортидан қоладиган атир ҳиди ажиб дашт гулларини ёдга солади, кўнгли ҳам бепоён даштлардек ҳувуллаб қолади. Сўнг беихтиёр эшикка тикилиб, уни яна кута бошлайди. Йўлакдан эшитилаётган гурсиллаган қадам товушлари, залворли эшикларнинг оғир ғийқиллаб очилиб-ёпилишлари бора-бора асабини буза бошлайди. Кейин ётган жойида ўзининг устидан кулади: “Ҳей, ўн саккиз яшар қизмисан? Бунча ҳаяжонланмасанг? У шунчаки вазифасини бажараяпти, холос. Сенга бирор сўз деган, ёки бирор ишора қилган бўлмаса… Қолаверса, шундай ақлли, билимли йигит уч боласини қўйиб, ёши ўттизга етган бир қари қиз билан ҳаётини қайтадан бошлармиди? Бу ивирсиқ ҳаётда шундан бошқа тузукроқ машғулот йўқми? Ўзи-чи, ўзи? Ўзи ҳам ҳеч қачон ҳеч кимнинг бундай қурбонлик беришига йўл қўярмиди? Ҳеч қачон!..”. Лекин унинг ихтиёри аллақачон ўзидан кетган, на тийиқсиз хаёллар тизгинини, на эшикка қараб мўлтираб тураверадиган кўзини бошқара олмас эди. Ҳар қанча ўзини уришса ҳам, у йўқ пайти уни кутаверади, келганида эса ҳаяжонини зўрға ичига ютади.
Йигити тушмагур ҳам атай қилгандек эрталаб уст-бошини ҳам алмаштирмасдан қиличдек бўлиб костюм-шимда тўғри унинг хонасига кирар, кетгунича ҳам бир кириб, аҳвол сўрар эди. Тўғри, Алиянинг аҳволи анча оғир. Шифохонага тушганига бир ҳафта бўлибди ҳамки, баданини босиб кетган тошманинг на асл сабабини топа олишди, на уни қайтара олишди. Текширишди, маслаҳатлар қилишди, бошқа шифохоналардан мутахассислар чақириб кўрсатишди, билган бор илму амалларини қилиб кўришди, аммо тирсагидан тангадеккина бўлиб бошланган тошма ҳамма жойини босиб, қулоқларининг ичи, тилининг учигача тошиб кетди, қайтмади. Қишлоқдаги момогинаси “Бу эшак еми-ку, иримини қилмаса, қайтмайди”, деб отасини қистай-қистай, машинага бир эшакни юклаб, уч ҳовуч арпа бериб, шаҳарнинг қоқ ўртасида жойлашган касалхонага жўнатибди: “Арпани этагига солиб, эшакка едирсин”. Уни бир амаллаб аравачага ўтирғизиб, эшакнинг ёнига чиқаришди-ю, аммо машинада 30-40 чақиримдан иззат-икром билан келтирилган эшак арпани ҳидлаб ҳам кўрмади. Тошма ҳам қайтмади.
Бир ҳафта ўтгач, Ҳаким Сатторович янги дори бошлатди: “Буям бир таваккал, ҳеч нарса қилмасдан қараб тура олмайман-ку, ахир. Лекин негадир ижобий самара беришига кўнг­лим ишониб турибди”. У энгашиб, Алиянинг қўлларини оҳистагина сиқиб қўйди: “Сиз ҳам ишонинг, албатта ҳаммаси яхши бўлади”.
Дард уни бутунлай ҳолдан тойдирган, қон босими пасайиб кетган, назарида юраги ҳам ярадор қушчадек зўрға уриб турарди. Унинг қароқларига ёш қалқди. Агар шу инсон қўлларидан тутса… жаҳаннамга ҳам боришга тайёр эди у. Ўлса, шу йигит учун, унинг қўлларидан тутган ҳолда ўлса!.. Яшаса, шу йигит учун, шу йигитнинг қўлларидан тутмоқ учун яшаса!..
Доктор унинг қўлларини қаттиқроқ сиқди: “Биргалашиб Худодан сўраймиз, ҳаммаси яхши бўлади. Сиз менга ишонинг”. Алиянинг назарида унинг овози титраб кетди, кўзлари ҳам намлангандек бўлди. У бошқа ҳеч нарса демади, тез-тез юриб хонадан чиқиб кетди.
Бирпасдан кейин бош шифокорнинг ўзи кирди. Даволовчи шифокор ҳар кирганида бир талаб олаётган онаси энди унга жовуллаб кетди: “Мен сизларни тушунмаяпман. Сизлар учун инсон ҳаёти ҳеч қандай қимматга эга эмасми? Кечагина иш бошлаган бир йигит менинг қизимнинг устида интуициясига ишониб, тажриба ўтказмоқчи. Сиз эса индамай қараб, томошабин бўлиб ўтирибсиз. Тиббиёт аниқ фан, аниқ илмга асосланган соҳа, унда интуиция эмас, илм, тажриба муҳим. Қўлларингдан келмаса, жавоб беринглар, Тошкентга олиб кетамиз”.
Бош шифокор юпатмоқчи бўлгандек унинг елкаларига қоқди: “Альфия опа! Мен сизни тушуниб турибман. Лекин сиз ҳам мени тушунинг ва ишонинг. Биринчидан, докторингиз жуда билимли мутахассис, иккинчидан, бу касалликни ҳамма жойда, ҳатто Америкада ҳам биз даволаган усулда даволайди. Дунёда даво усуллари ҳеч қачон сир сақланмайди, бу мумкин эмас. Қўлимиздан келган ҳамма ишни қилаяпмиз. Худо хоҳласа, бугун-эрта натижаларга эришиб қолсак, ажаб эмас”.
Альфия опа яна жовуллади: “Ана, кўрди­нгизми! Қилаётган ишингизнинг натижасига ўзингиз ҳам ишонмайсиз. “Эришиб қолсак, ажаб эмас” эмиш. Менга бундай мужмал гап керак эмас, менга “Албатта эришамиз” дейдиган доктор керак!”
Бош шифокор бир муддат жим қолди. Сўнг она-болага бир-бир қараб, ҳамон ёқасидан олишга ҳам тайёрдек хезланиб турган онага юзланди: “Опа, касалнинг бошида туриб бекордан бекорга ваҳима қилманг. Сиз сўраётган гапни ҳеч қачон ҳеч қандай доктор айта олмайди. Сабрли бўлиш керак”.
Янги муолажанинг фойдасини Алия кечга яқин ҳис қилди: аъзои баданидаги куйишиш бироз пасайгандек эди. Шунгача юз марта унинг ёнига кириб, “Яхши-и-и”, деган доимий жавобидан руҳи тушиб кетган Ҳаким Сатторович энди унинг “Негадир тошмаларим куйишмаётгандек”, деганини эшитиб, кўзлари чақнаб кетди: “Ростданми?!”. У дарҳол чойшабни тиззасигача кўтариб, диққат билан касалликка разм солди, сўнг билак­ларини очиб кўрди: “Есть!”, суюнганидан боладек битта товонида туриб, паркет полда “чир” айланди ва деярли югурган ҳолатда ташқарига чиқиб кетди.
У ўша кеча навбатчи бўлмаса ҳам, ярим тунда касалхонага Алияни кўргани келди. Йўлакда унинг гурсиллаган қадам товушларини эшитиб, Алиянинг юраги ҳапқириб кетди. У хонага димоғида қандайдир шўх куйни хиргойи қилганча кириб келди: “Сира ухлай олмадим. Сизни бир кўриб кетмасам бўлмас эди”.
У яна Алиянинг тошмаларини кўздан кечирди, қон босимини ўлчади, юракларини эшитиб кўрди, сўнг ўз-ўзидан мамнун бир ҳолатда хона четида турган стулни олиб, оёқларини чалкаштирганча ўтириб, Альфия опа билан дарвозаларининг олдига кимдир ташлаб кетган кичкинагина кучукча, унинг қанчалар ширинлиги, қандай овқатланиши, қандай югуриши, қандай думалаши, энди шу кучукчани ўзлари боқиб олишга қарор қилганликлари ҳақида гурунглашди. Кетаётиб, Алияни танқид қилиб қўйди: “Бу қизи­нгизнинг луғатида “яхши” деган сўздан бошқа сўз йўқ, шекилли. Жуда зерикиб кетмадингизми у билан ётиб? Лекин менинг юракларим қон бўлиб кетди-ей. Ўзи ўлай деб ётибди, қандайсиз, десам, “яхши-и”, дейди. Уни деб бутун касалхона хавотирда оёққа турган, бунга қандайсиз, деса, яна “яхши-и-и”, дейди. Қойил-е!”.
Қизининг аҳволи ўнглана бошлаганидан мамнун она ҳам кулимсираб унинг фикрини маъқуллайди: “Ҳа, рост айтасиз, бу билан бир соат бирга ўтирган одамнинг юраги “тарс” ёрилиб кетса керак. Она бўлганингиздан кейин чидар экансиз-да. Лекин унинг шундай бўлишига ўзим сабабчиман, мактабда ҳамма фанлардан бешга ўқирди, қайси институтга топширса ҳам кириб кетарди. Бу боғча ёшидан гимнастикага қатнади, қадди-қомати ҳам гимнастикага мос эди, гимнастикачи бўлади, деб туриб олдим. Момоси билан, дадаси билан талашиб-талашиб, гимнастикачи қилдим. Қайнонам “Эл бўлмадинг”, деб хафа бўлди. Мен “Бегоналигимни юзимга солдингиз”, деб хафа бўлдим. Барибир айтганимдан қайтмадим. Гимнастикачи қилиб-ку, ютқизганимиз йўқ. Касбининг ортидан дунё кезди, обрў-эътибор топди. Бугун ҳам вилоятда шу соҳа бўйича ягона мураббий. Аммо яна бир томони бор, гимнастикачилар, кўряпсиз, гапирмас экан, ичида нима гап бўлса, ҳаракат билан айтиб қўя қолади”. Ҳаким Сатторович кулади: “Яхши эмас. Унда-мунда гапириб ҳам туриш лозим, Алияхон”. “Албатта­-да. Тумтайиб юриб, мана, ёши ўттизга етди. Аллақандай сочи паҳмоқ Алвастилар “мен” деган йигитларнинг бурнидан ип ўтказиб, истаган жойига етаклаб юрибди. Бу бўлса, шунча ҳусни, шундай ақли билан!.. Оғзимнинг солиғи, қизимнинг қилиғи йўқ, деган хотин аслида менинг ўзимман”.
Онасининг бу хил ҳасратларини аввал ҳам кўп эшитган бўлса-да, Алия шифокор йигитнинг олдида жуда хижолат бўлди: “Она-а-а!”.
Уч кун деганда ҳамма тошмалар қайтиб кетди, аммо уни яна уч кун олиб қолишди: “Мен ишонч ҳосил қилишим керак”. Кетаётган куни Ҳаким Сатторович шифохона ҳовлисида барқ уриб гуллаб ётган атиргуллардан катта бир гулдаста тайёрлаб, унга келтириб берди: “Уйга боргач, сувга солиб қўясиз”. Яна тайинлади: “Ўзингизни уринтирманг. Тошмалар сизни жуда чарчатган, ўзингизга келиб олгунча, эҳтиёт бўлиб туринг. Яна қайталаб қолманг”, “Хўп, раҳмат…”
Алия кўз ёшларини яшира олмади. Шундай оғир хасталикдан тузалиб уйга қайтаётган одамнинг йиғлаши ғалати эди, лекин йигит ундан “Нега йиғлаяпсиз?” деб сўрамади. Унинг ҳам негадир кайфияти йўқ эди.
…Шу бўйи уларнинг йўллари кўп йиллар кесишмади. Бу орада Алия турмушга чиқди, фарзандли бўлди. Онаси ухлаб қолган пайтлар ухламасдан унинг бошида бедор тонг оттирган шифокор йигит баъзан-баъзан ёдига тушишини айтмаса, деярли унутиб юборди. Чунки йигит ҳам уни бирор марта бўлсин, изламади. Лекин Алиянинг ёдига тушган дам ўша пайтлар жону жаҳонини ёндирган ҳис-туйғулари, касалхонадан чиқаётган пайт ўзини тўхтата олмай йиғлаганлари учун жуда-жуда хижолат тортар эди. Бир сафар қандайдир йиғинда қорамағиздан келган тиқмачоқдек бир аёл билан ёнма-ён ўтириб қолган эди, уни “Ҳаким Сатторовичнинг оиласи”, деб таништиришди. Беихтиёр Алиянинг юзларига қон тепди, кўнг­лида кечган туйғуларни сездирмаслик учун “Эрингизни яхши биламан, жуда билимли, касбига садоқатли шифокор”, деб, аёлга мулозамат қилган киши бўлди, у эса “Акангиз сиз билан фахрланиб юради, менинг синглим, дейди доим”, деб такаллуф қилди.
Кейинги вақтларда тез-тез Алиянинг юраги безовта қиладиган бўлиб қолди. Сал нарсага нафаси бўғзига тиқилиб, қора терга тушиб қолаверади. Ўзи ҳам жонининг тинчини билиб ҳеч нарсага уринмайдиган бўлиб қолди. Камҳаракатлилик оқибатида анча вазн тўплади, бу эса яна ҳаракатини чегаралаб қўйди. Баъзан ойнага қараб, қаршисида унга термулиб турган қовоқлари салқи, бақбақалари осилиб қолган, ранги захил кекса аёлни кўриб, ўзидан кўнгли қолиб кетарди. Бир замонлар фаоллар шифохонаси бўлган жой Кардиология марказига айлантирилган экан. Эри уни қўярда-қўймай шу марказга олиб келиб ётқизди.
Тақдирнинг ҳазилини қарангки, унга яна ўша анча йил аввал ётган хонани беришди. Деворнинг бир томонини эгаллаган деразасига қалин шойи парда тутилган ним қоронғи хонада ётиб, ўзи истамаган ҳолда хотираларга берилди. Эшикдан кирган ҳар бир одамга жовуллаб ёпишувчи онаси, эртаю кеч елкасига эшикбондан олган кўкиш халатни номигагина илган ҳолда кириб келувчи отаси… Ўшанда отасига қараб, одамзод овоз чиқармасдан, бир томчи ёш тўкмасдан ҳам йиғлай олиши мумкинлигини кўрган эди. Отаси ҳам жуда босиқ, камгап одам эди. Алиянинг олдига келар-­кетар, келганида ҳам, кетганида ҳам қизининг бошини бир ҳидлаб қўярди. Эҳ, одамзод шунчалар ҳам мўрт бўлмаса, одамнинг қўли билан ясалувчи эшик-дераза, жиҳозлар ҳам одамдан кўпроқ яшар экан. Онасининг овози қулоқлари остида жаранглаб турибди, аммо ўзи йўқ. Отаси ҳам… Аслида жону жаҳонини на қаёқдан келгани, на қачон кетиши номаълум бўлган дард ўртаб ётган бир пайтда ҳам ким аҳвол сўраса, жилмайиб, “Яхши-и-и…” деб жавоб берадиган хушрўй, сарвқомат гимнастикачи қиз ҳам йўқ. Унинг ўрнини туриб-ўтиргандагина эмас, у ёнидан бу ёнига ағдарилганда ҳам малолланадиган бир кампир эгаллаган. Яна… гурсиллаган қадам товушлари билан беморлари атрофида айланиб юрган инсу жинсларни ҳуркитувчи ўша ўктам шифокор йигит ҳам йўқлиги аниқ. Қизиқ, ҳозир у қаерда экан, нима иш билан шуғулланаётган экан? Ўшанда чамаси қирқларга кирган эди, ҳозир етмишдадир… Аллақачон нафақага ҳам чиқиб бўлгандир? Балки, ўтиб кетгандир… Жуда ажойиб йигит эди. Ўшанда Алиянинг кўнглида эмас, йигитнинг қалбида ҳам Алияга нисбатан бир ўтли туйғулар уйғонгани аниқ. Бу унинг кўзларидан англашилиб турарди. Онаси ҳам сезган экан, кейинроқ бир гап очилганда айтган эди. Эҳтимол, ўша туйғулар бўлмаганда таваккал қилишга журъат топа олмаган ва Алия­­ни қутқариб қололмаган бўлармиди?
Ҳаммаси ўша-ўша, ўша хоналар, ўша узун йўлаклар… Фақат овоз кўп, шовқин кўп эди: тапир-тупур, шақир-шуқур. Бири-биридан шошиб, гурсиллаб юрадиган, баланд-баланд овозда гапирадиган шифокорлар, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа бошлаб кетаверадиган ҳамширалар… Алия эса кексайган, асаблари чарчаган. Кун бўйи унга тиним беришмади, бир дунё аппаратлардан ўтказишди, таҳлил учун қон, пешоб олишди. Соатлаб томчи уколлар қилишди. Кечгача буткул ҳолдан тойди. Кечқурун ўғли билан келини олиб келган овқатдан номигагина тотинган бўлди-да, улар кетгач, шипдаги қандилни ўчирди, ёндеворга ўрнатилган бежирим тунчироқни ёқиб, ўрнига чўзилди. Жуда чарчаган эди, дарров кўзи илинди. Шу ётишда қанча вақт ётганини билмайди, аммо бир тиниқиб ухлаб олгани аниқ. Эшик оҳиста чертилиб, оғир ғийқиллаб очилганда, чарчоқлари анча тарқаган эди, сергаклик билан бошини кўтариб, эшикка қаради. Остонада шумшайиб турган оқ халатли кишини кўриб, аввалига ҳайрон қолди. Қария унга кимнидир, аниқроғи, унга жуда қадрдон бўлган бир инсонни эслатди, аммо кўнглига келган фикрга ишонгиси келмади, шундай бўлса­-да, кекса кишининг ҳурмати учун ўрнидан туриб ўтирди. Келувчи эса уни кўриб, негадир хижолат тортди. Томоқ қириб, ичкарилаш учун ундан изн сўради: “Мумкинми, Алияхон?”. Алия беихтиёр ўрнидан туриб кетди, келувчи журъатсизгина пичирлаб гапирган бўлса-да, бу овозни танимаслиги мумкин эмас эди: “Ассалому алайкум! Келинг, келаверинг, Ҳаким Сатторович!”.
Алия хонанинг умумий чироғини ёқиб, унга стул қўйиб берди. Кейин ўзи ҳам каравотининг бир четига омонатгина ўтириб, ҳурмат билан ҳол-аҳвол сўради: “Қаранг-а, сиз шунча йилдан бери ҳалиям шу ерда ишлаяпсизми? Мен сизни аллақачон нафақага чиқиб кетган бўлсангиз керак, деб ўйлагандим”. Ҳаким Сатторович ҳамон каловланарди: “А-а-а, йў-ў-қ, ишдан кетганим йўқ. Нафақага чиқдим, ўн йиллар бўп қолди, лекин ишлаб юрибман”. “Ҳа, энди сиздай илмли, фидойи мутахассисларга жавоб беришармиди? Ёшлар сиз эгаллаган малакани эгаллагунларича беморлар қийналиб қолмаслик­лари керак-да”, “Ҳа-а, йўғ-е, жуда-а унчалик эмас. Ҳозир ёшлар орасида ҳам зўрлари кўп, лекин шундай ёшлар борки, ўзларидан бошқа ҳеч кимни танимайди ҳам, тан олмайди ҳам. “Сизни ҳамми?” – бу гап Алиянинг оғзидан “лоп” этиб чиқиб кетди-ю, аммо дарҳол тилини тишлади: “Дилини оғритиб қўйдим-да…”. Аммо суҳбатдошининг юз-кўзларида ҳеч қандай ранж аломатини кўрмагач, бироз енгил тортди. “Ҳа, аллақачон кетишим керак эди. Ўзи, соғлиғим ҳам йўқ. Бодим бор. Ўн беш йиллар бўлди, кўп азоб беради. Айниқса, ҳаво бузиладиган бўлса, жуда мазам бўлмай қолади. Меникиям ноиложликдан-да. Биринчи аёлимиз ўтиб қолди. Иккинчи аёлдан туғилган болалар ҳали ёш. Бир ставка иш беришган, навбатчилик­ларим бор. Нафақага қўшимча-да. Бугун ҳам навбатчи эдим. “Касаллик тарихлари” билан танишаётиб, сизнинг исми-шарифингизга кўзим тушиб қолди…”.
Алия минғир-минғир қилиб, тили билан танга санаб, арз-ҳол қилаётган суҳбатдошини тинглаб ўтириб, беихтиёр унинг лойи қотиб қолган кулранг резина шиппагининг тумшуғидан кўриниб турган бармоқларига кўзи тушди. Ҳам ишлик, ҳам кўчалик қилиб кийса бўладиган оч кулранг шими ҳам пича узун экан, шекилли, почаси пойабзал пошнаси остида босилавериб, йиртилиб, шатмоқ бўлиб кетган эди: “Бечора, ростдан ҳам жуда мазаси йўққа ўхшайди. Бутунлай ҳафсаласиз бўлиб қолибди. Қаричилик, оиладаги йўқотишлар… Кейинги хотин ҳам уйига тилсиз-жағсиз хизматкор бўлиб кириб келмагандир… Ўгай она-болалар ўртасида қанча дилхираликлар ўтганлиги аниқ. Булар одамни хароб қилмай, нуратмай нима қилади? Шўрлик!..”
У аввалига юраклари ачишиб, қадрдон докторнинг ярим овозда бераётган гурунгларини жон қулоғи билан ҳеч бир малолсиз тинглаб, ўрни келганда далда бериб ўтирди. Аммо ҳар сафар кўзи резина шиппакнинг тумшуғидан мўралаб турган бармоқларга, шатмоқ бўлиб кетган почаларга кўзи тушганда мазаси қочиб кетарди. Қария эса вақт алламаҳал бўлиб қолганини ҳам, ўзининг навбатчилигини ҳам, қаршисида энсаси қотиб, эснаб ўтирган аёлнинг беморлигини, унинг дам олиши кераклигини ҳам буткул унутган ҳолда, ҳар иккаласига ҳам умуман алоқаси йўқ алланималар ҳақида минғир-минғир гап берарди. Навбатчи ҳамшира, уни кўриб, очиқдан очиқ зарда билан, беморлардан бири сўраётганини айтди-ю, Алия ундан қутулиб, енгил нафас олди: “Кексалик уни буткул хароб қилибди”. Аммо у чиқиб кетгач, бу одам соатлаб ўтириб, нималар ҳақида гапирганини эсламоқчи бўлиб ҳарчанд уринмасин, ҳеч нарсани эслай олмади. Юраги ториқди. Дераза ёнига бориб, куз осмонига қаради, милтиллаб турган юлдузлар жуда олислаб кетгандек эди.

«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 9-сон