XX асрнинг иккинчи ярмига оёқ қўйган Одам орқасига қайрилиб қараса, босган изи кўринмай қолаётибди… Эндиликда табиатни асраш, унинг неъматларидан оқилона фойдаланиш ҳаётий заруратга айланди. Бу зарурат ҳамма ёзма манбаларга, кашфиётларга мавзу бўлиб кирмоқда. Ҳа, одам ҳалокат ёқасига, чоҳга яқинлашиб қолаётганини англаб қолди. Ўртача олисликдаги ракеталарни қисқартириш ҳақидаги Совет — Америка шартномасининг имзоланиши (1987, декабр) ҳам аввало табиатни асрашга оид улуғ тадбир бўлди.
Табиат муҳофазаси масаласида Дадахон Нурий фаол гражданликни намоён этмоқда. У «Шаҳар ўртасида бир туп оқ ўрик» («Ёшлик», 1984, 4-сон) мақоласида долзарб муаммо — сўнгги йилларда Тошкент ва унинг атрофидаги боғлар йўқ бўлиб кетаётгани, шаҳарда мевали дарахтларни кўпайтириш масаласини қўйган эди. Ёзувчи кейин ҳам шу мавзуда бир неча мақолалар эълон қилди. Аммо Тошкент шаҳри «амалдорлари» публицист мулоҳазаларини инобатга олмаётгани алам қилади кишига.
Дадахон Нурийнинг «Бўстонлиқни қутқаринг!» публицистик китоби республика радиосида икки ой мобайнида ўқиб эшиттирилди, «Шарқ юлдузи» журналида (1988, 3—4-сонлар) эълон қилинди. Публицист Бўстонлиқ табиатига узоқ йиллар тажовуз қилиб келган ва ёвузликни ҳозир ҳам давом эттираётган идоравий «корчалон»ларнинг ғайриинсоний хатти-ҳаракатлари, Ғазалкентда қурилмоқчи янги «заҳар корхоналариининг истиқболсизлигини кескин қоралайди. Зеро, Чирчиқ дарёсига тўкилаётган заҳарли оқова 230 миллион куб метрдан кўпроқ, сувда сулфид нормадан етти, магний тўрт баравар зиёддир. Шуни кўра-била туриб ҳайбаракаллачилар «Ғазалкентни Чирчиқ каби саноат шаҳрига айлантирамиз», деган шиорни кўтариб, идорама-идора елиб-югуриб юришибди.
Янги боғлар яратишга эътиборсизлик, лоқайдлик, Тошкент ва унинг атрофидаги боғларнинг қирилаётгани А. Мухтор, Э. Воҳидов, Д. Нурий, В. Соколов, Ф. Муҳиддиновнинг «Лоқайдлик гирдоби» мақоласида («Тошкент ҳақиқати», 1987, 3 апрел) ниҳоятда ўткир қилиб қўйилди. У газета саҳифаларида ярим йил муҳокама қилинди. Газетхонлар ёзувчилар фикрини тўла қўллаб-қувватладилар…
Орол денгизининг аянчли қисмати ҳар бир виждони уйғоқ одамнинг кўзини ёшлайди. Афсус, кўз ёши билан Орол тўлмайди. Нима қилиш керак? Бюрократик «бетон»ларни экскаваторлар билан ҳам қўпориб бўлмаётган бир замонда қаламкаш қўлидан нима иш келарди?! Лекин ҳар қандай экскаваторлардан сўз қудратлироқ эканига ўша бюрократлар энди-энди ишонишаяпти. «Муштлашишни бошлаш керак, у ёғига — кўрамиз», — В. И. Ленин шу фикрни такрорлашни яхши кўрар экан.
Мутахассисларнинг таърифлашича, Орол денгизи ер куррасининг чўл минтақасида жойлашган энг йирик, суви шўр ва оқмайдиган кўллардан ҳисобланади. Катталиги жиҳатидан у дунёда тўртинчи, Ватанимизда эса Каспий денгизидан кейин иккинчи ўринда туради. Ҳажми ва серсувлигини назарда тутиб, унга денгиз деб ном берилган. Ҳозирги кунга келиб, шу баҳри азим қуриб бораяпти. Шуни айтиш керакки, Орол денгизининг қуриб бориши бутун жаҳонни ҳайратда қолдирмоқда, чунки бу ноёб табиий бойлик шу кунларда сиз билан бизнинг кўн ўнгимизда ғойиб бўлаётир.
Орол денгизи Ўрта Осиё регионининг долзарб экологик муаммосига айланди. Орол муаммосига жамоатчилик диққатини жалб этиш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар союзи қошида Орол комитети (1987, январ) тузилди. Комитет раиси Пирмат Шермуҳамедов ташаббуси билан «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида «Орол тақдири — бизнинг тақдиримиз» (1987, 10 апрел), «Гулистон» журналида «Орол мадад кутмоқда» (1988, 1-сон) сарлавҳаси остида материаллар уюштирилиб, уларда мамлакатимиз машҳур ёзувчилари Ч. Айтматов, М. Танк, В. Распутин, С. Залигин, Алесь Адамович, А. Нурпеисов, Шукрулло, Саид Аҳмад, О. Ёқубов, Мирмуҳсин, П. Қодиров, Ў. Умарбеков, М. Шахановнинг Орол муаммосига оид муҳим фикрлари эълон қилинди. Ёзувчилар Оролнинг ижтимоий-экологик жиҳатдан муҳим аҳамиятини кўрсатиб, бу борада зарур чоралар ишлаб чиқиш ҳақида мулоҳаза юритадилар.
Шуни таъкидлаш керакки, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси ва «Гулистон» журналида босилган ва наърали акс-садо берган Зиё Бунёдовнинг «Биз сен билан биргамиз, Орол», Маъруф Жалилнинг «Қирғоқдан қочаётган денгиз», «Орол билан юзма-юз», П. Шермуҳамедовнинг «Ҳаммамизнинг бурчимиз», «Оролни асраш мумкин», Ш. Сиддиқовнинг «Яшасан, Орол!» каби мақолаларида масала ижтимоий-сиёсий, илмий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий аспектларда таҳлил қилинган.
Сарвар Азимов «Мовий Орол», «В. И. Ленин кўнглига тушган жой», «Орол — баҳри камол» мақолаларида Орол денгизини аввало гўзаллик, меҳнат, дўстлик гўшаси сифатида таърифлайди. Публицист Орол денгизи кўп асрдан бери Ўрта Осиё иқлимини мўътадиллаштириб келаётгани, бу тупроқ Орол туфайли босқинчи жаҳонгирлар оромини бузгани, қирғоқларга тўлиб оққан Амударё ва Сирдарё юрт қалъаси бўлгани, қалъани бузмоқ истаган ёв қони бўтана сувда кўпириб оққанини ишончли манбалар, фактлар, хотиралар асосида ўткир тафаккур билан таҳлил этади… Ёзувчи Оролга ҳеч бир замонда бизнинг замондагидек ёвузлик, очкўзлик қилинмаганини, бунинг олди олинмаса, келажакда биздан табиат аёвсиз ўч олишини ўтмиш ва бугун қиёсида, икки замон одамларининг Оролга муносабати таҳлилида кўрсатади. Фактлар ва фикрлар таҳлилида ёзувчининг ўзига хос таъсирчан услуби намоён бўлган.
Владимир Соколовнинг «Орол қисмати» («Литературная газета», 1987, 18 ноябр) мақоласида масала Иттифоқ миқёсига олиб чиқилди. Публицистик жўшқинлик билан ёзилган бу мақолада воқеанинг даҳшатли ушбу деталда умумлаштирилган: «Мўйноқ аёлларининг кўкрак сутларидаги туз нормадагидан бир неча бор ортиб кетган… Мен ана шу шўр сут ҳақида эшитгач, англадим — бу ерда фалокат юз бермоқда». Публицист 1962, 1965, 1968 йил газета ахборотлари, турли позиция тутган олимлар фикрлари, иқтисодчилар таклифларидан характерли мисоллар келтириб, уларни шарҳлайди — ўқувчида ассоциатив фикр қўзғайди. Ёзувчининг ўйчан мушоҳада билан айтган мулоҳазаларидан учқун сачрайди: «Сакта стратегия бугун жиддий кулфатларга олиб келди, энди экономикани планли бошқариш мавқеида туриб бу кулфатларни сезмасликка олиш Ўрта Осиёни бадавлат ўзбеклар (тожиклар, туркманлар, қирғизлар…) палову қовун еб, «оқ олтин» туфайли бойлик орттираётган субтропик жаннат ҳисоблаш ўта ноинсонийликдир, социализм принципларига ётдир…»
«Ёшлик» журналида Шерали Сокин «Орол бонги» (1987, 7-сон), «Фан ва турмушида Э. Юсупов ва С. Зиёдуллаев «Ҳали ҳам кеч эмас», «Қишлоқ ҳақиқати»да П. Шермуҳамедов «Сен омон қоласан, баҳри азим», Акрам Аминов «Оқ чорлоқнинг мунгли кўзлари ёхуд Орол ва саломатлик» (29, 30 сентябр, 1 октябр) каби мақола, суҳбат, эсселарини эълон қилдилар. Республика радиоси ва телевидениеси бир неча эшиттириш ва кўрсатувлар тайёрлади. Бу материалларда Орол денгизи қуриб битса, у келтирадиган фожиалар, табиат мувозанати бузилишининг хунук жароҳатлари, уларнинг олдини олиш зарурлиги ҳаяжон билан таъкидланади.
А. Нурпеисов, А. Ткаченко, Маъруф Жалил, Ў. Абдураҳмонов, Ш. Сокиннинг мақолалари ҳам ижтимоий, маърифий-тарбиявий аҳамияти, бадиий-публицистик тадқиқот, тил ва услуб хусусиятлари жиҳатдан оригиналликка эга.
Хуллас, Орол муаммосига бағишланган кўплаб шеърий, насрий ва публицистик материалларда бу масалани зудлик билан ҳал этиш, зарур чоралар кўриш даъват қилинди. Шу муносабат билан 1988 йил май ойида Тошкентда Орол денгизи муаммоларига бағишланган «Экология ва адабиёт» мавзусида Бутуниттифоқ Кенгаши бўлиб ўтди. КПСС Марказий Комитети ва СССР Министрлар Совети «Орол денгизи районида экология ва санитария ҳолатини тубдан яхшилаш, Орол ҳавзасида сув ва ер имкониятларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда уларни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида» (1988 йил, сентябр) қарор қабул қилди. Бу ҳужжатларда Ўрта Осиё региони тақдири учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Орол денгизини муҳофаза қилиш тадбирлари белгиланди.
Табиат ва инсон муаммоларига оид публицистик асарларнинг характерли жиҳати шуки, долзарб муаммоларни рўзномага қўйиш билан бирга уларни ҳал этиш йўллари ҳақида фикр баён қилинади. Биргина мисол: мутахассис олимларнинг ёзишича, мамлакат бўйича ҳар гектар ерга сарфланаётган ўғитларнинг нормаси 30 кг бўлса, Ўрта Осиё республикаларида у 480—600 кг. га етгани, заҳарли кимёвий моддалар эса, бошқа жойларда 1—2 кг. ни ташкил этгани ҳолда бизда 34,4 кг. дан ошиб кетган. Публицистлар ана шу масалага кенг жамоатчилик фикрини жалб эдилар. Заҳри қотилнинг инсон танасига зарари ҳақида В. Соколовнинг «Виждон хасталиги», А. Нормуродовнинг «Қуёшни ташлаб кетинг», М. Абдуллаевнинг «Сабоқлар», Аҳмад Аъзамнинг «Туташ ҳалқалар» мақолалари кенг тушунча беради. Айниқса, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси табиатни, инсон саломатлигини беаёв емираётган заҳарли дорилар, ғўза баргини тўкувчи бутифос, бухлифосни маҳв этиш учун кураш бошлади — саҳифалар уюштирди, мақолалар эълон қилди, телефон қилавериб амалдорларни гангитди, қонунчиларга, соғлиқ посбонларига мурожаат қилди, охири бутифос деган балои азимдан қутқазадиган махсус қарор чиқди.
«Гулистон» журналининг «Табиат ва инсон» рубрикаси остида берилаётган материаллари қизиқиш билан ўқилади. М. Қўшмоқовнинг «Орол паймонаси» қасидаси, Ҳ. Асқарнинг «Йўқ, бу бошқа жой!» эссеси, О. Абдуллаевнинг «Табиат шайдоси», А. Худойбердиевнинг «Бурч», Й. Қосимовнинг «Сув қадри» мақолаларида табиатга озор бериш — инсонга озор беришдир, табиатни топташ — инсон қадр-қимматини топташдир, деган фикр-тушунча публицистик характерланган.
Табиат ва инсон муаммолари Нусрат Раҳматов публицистик ижодининг бош жилғасидир. Унинг «Замондош ўйлари» рисоласида табиат ва инсон тақдири, табиатга иззат-ҳурмат ҳақида ўйчан мулоҳазаларни ўқиймиз. Ҳозирги вақтда «Бир парча замин», «Менинг дастурхоним», «Бизнинг бозорлар», «Соҳибкор характери», «Мойжўвоз олдидаги ўйлар», «Отлар ва зотлар» каби муаммолар ҳақида боши қотмаган бирор кишини топиш қийин. Бу мақолалар бир занжирнинг ҳалқаларидай бир-бирини мантиқан тўлдиради. «Бир парча замин»да томорқадан фойдаланиш муаммолари ўртага ташланган. Томорқа ерлари экин майдонларининг 15—20 фоизини ташкил этар экан. Хўш, томорқадан қандай фойдаланаяпмиз? Томорқа эгаси ерини тақирга айлантириб қўядими, бир йилда ундан тўрт бор ҳосил олиб, бойлик манбаига айлантирадими — ҳеч кимнинг иши йўқ… Ахир у ҳам ер-ку! Ризқ-рўзимиз манбаи-ку!» Муаллиф ана шу фикрни бир неча фактлар ва мантиқий муҳокамалар орқали ривожлантириб, хулосалар баён қилади. Хулосаларнинг бири бундай: «Аввало шахсий хўжаликка бўлган муносабатни ўзгартириш керак!» Оила пудрати, ерни ижарага олиш мамлакат экономикасини ўстириш шартларидан бири қилиб қўйилган ҳозирги пайтда Нусрат Раҳматов мулоҳазаларининг ўзига хос қиммати бор! Айниқса, «Табиатга нисбатан меҳр-оқибатли бўлайлик!» деган ғоя талқини ғоят долзарбдир!
Нусрат Раҳматовнинг халқ селекционерлари портрети гавдалантирилган «Селекция мўъжизаси» (1987) очеркларини ўқиб, дастурхонимиз кўрки, ҳаётимиз манбаи бўлган ноз-неъматлар, мевалар ўзўзидан пайдо бўлмагани ҳақида мева таъмидек «ширин» ўйларга дуч келамиз — селекционер қиёфаси мева сиртидек нурланиб, товланиб кўриниб туради.
Шойим Бўтаевнинг «Яшил дарахт» эссесида («Шарқ юлдузи», 1987, 8-сон) инсон—табиат фарзанди ҳақида мулоҳазали ўй суради. Эсседа табиат образи яратилган. Табиат барча эзгуликлар, гўзалликлар манбаи сифатида талқин қилинади: «Ҳар ҳолда, ёзаётган асарларимиз — ҳикоя, шеър, достонларимизга осмон бўлибми, қуёш бўлибми, мезон торлари бўлибми кириб табиийликни барқарор қилиб турувчи ҳис-ҳаяжон, туйғуларимиз ҳам-табиат».
Эсседа халқ удумлари — қушларга, дарахтларга озор бермаслик, янги Ойга шукрона айтиб пешвоз чиқиш, чорвадорлар, ғаллакорлар байрамлари, сумалак, ҳашар, анъанавий достончилик ҳақидаги мулоҳазалар, бадиий лавҳалар табиат образини ҳар томонлама характерлашга хизмат қилган.
Эсседа инсоннинг табиатдан узоқлашаётгани — ўзидан, ўзлигидан узоқлашганидир, деб изоҳланади. Болаликка ҳамроҳ бўлган булоқлар кўмилиб, тегирмонлар, обжувозлар, мойжувозлар бузилиб, боғ-роғлар барбод бўлиб бораётибди. Сочлари кумушдай, қўллари кекса гужум танасидай, чеҳраларини қат-қат ажинлар босган, кўзларида бутун тирик олам акс этувчи кампирлар ва чоллар табиат тимсоллари бўлиб гавдаланадилар. Зеро, Ҳилол биби, Нисо оча, Ўғилой эна, Низом чўпон, тегирмончи чол, жувозкаш Кўки бобо, боғбон Отақул бобо, қандолатпаз бобонинг гап-сўзлари, хатти-ҳаракати тасвири эссега жон киритган.
Шу ўринда бир мулоҳазани айтиш керак. Ҳозирги ёш ёзувчи, шоир ва публицистлар ҳар жиҳатдан ўқимишли. Улар жаҳон ва Ватан классикасидан бохабар — улуғ ёзувчи ва донишмандларнинг ибратли ибораларини ён дафтарга ёзиб борадилар. Қолаверса, катта ҳажмли ҳикматлар тўплами — «Тафаккур гулшани» ҳам уларнинг иш столида турибди. Сўнгги пайтда ёш ёзувчилар публицистик ёзмаларида фикрни кучайтириш мақсадида Маркесдан тортиб Антуан де Сент Экзюперининг ибратли ибораларидан мисоллар оладилар. Бу «ақлли»лик баъзан одамга сингмайди. Масалан, Шойим Бўтаев ҳам «Яшил дарахт» эссесида К. Паустовский, Э. Хемингуэй, Жон Рескин, Антуан де Сент Экзюпери, А. П. Чехов, М. Горький каби алломаларнинг қисқа ибораларидан фойдаланади. Аммо бу иборалар асар мазмунига, фикр мағзига сингиб кетмайди. Зероки, гап халқ удумлари, ўзбекларнинг мойжувоз ва тегирмонлари, боғ-роғлари ҳақида борар экан, ўзбек кексаларининг портрети, ўйлари ифодаланар экан, Шарқ алломалари иборалари фикр моҳиятига кўпроқ мос бўлиб тушар эди…
Юқоридагилардан англашиладики, табиат ва инсон муносабатлари мавзуи кўп қиррали бўлиб, бу мавзуни ёритишга ёзувчи-публицистлар катта куч сарфламоқдалар. Бу ўринда В. Распутиннинг ТАСС мухбири билан суҳбатидаги (1987, 15 март) ушбу фикри ғоят характерли: «Табиат ўз қонунларига кўра ҳосил беради, уни йиғиб-териб олиш учун вақт беради, ернинг дам олишига имкон беради. Бу ҳар йили қайтарилади. Деҳқон мана шу айланма ҳаракатни билгандан сўнг унга мослашди. Инсон табиатга мослашиб, ўзига ва унга ёрдам берди. Ернинг таъмини сунъий равишда сўриб олиш, унга куч ишлатиш, кабинетдаги рақамлар ва планларга қараб иш юритиш мутлақо хато. Табиатдаги айланма ҳаракат билан албатта ҳисоблашиш керак. Табиат инъомларига айланма ҳаракат тарзида муносабатда бўлсак, биз унга хўжайинлигимизча қоламиз… Ҳозирги баъзи хатти-ҳаракатларимиз билан эса биз келажак авлодларнинг ризқ-насибасига тажовуз қилаётганга ўхшаймиз…»
Ғулом Ғафуров, филология фанлари номзоди, доцент
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 12-сон