Бахтиёр Каримов, Раҳмон Раҳматов. Сўнмасин ҳаёт кўрки (1990)

Сувсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмаслиги ҳаммага маълум. Ўтмишда ҳам Ўрта Осиёда сувга нисбатан муносабат ниҳоятда юқори бўлган. Халқимиз қадимдан сувдан оқилона фойдаланишнинг йўлларини мукаммал билганлар. Дарё сувларини тўсиб, сув омборлари қурганлар. Ерости сувларидан яхшигина фойдаланганлар.

Амударёнинг қуйи қисмида ва унга туташиб кетган ерларда қадимги деҳқончилик марказлари топилиши ўтмишда деҳқончилигимиз маданиятининг юқори бўлганига ёрқин далилдир. Эрамиздан аввалги XI асрнинг ўрталарида бу ерларда сув чиқариш ва суғориш ишлари юксак даражада ривожланган. Маълумки, қувурлар орқали сув тармоғини (водопроводлаштириш) ўтказиш Ўрта Осиёда бошқа ерларга қараганда анча олдин йўлга қўйилган. Масалан, Қовунчитепадан олинган маълумотларга қараганда, сопол қувурлар билан сув узатишни йўлга қўйиш эрамиздан аввалги X—I асрларга тўғри келади. Эрамизнинг III—IV асрларида Нукус яқинидаги Тоққалъа шаҳарида сув узатиш қувурларидан кенг фойдаланилган бўлиб, бу қувурларнинг айланаси 25, узунлиги эса 60—70 сантиметр — бир-бирига сув ўтказмайдиган елимга ўхшаш модда билан уланган. Хоразм воҳасининг катта қисми ўша даврларда Амударёдан қазиб келтирилган гавҳар деб номланган сув тармоғидан суғорилган. 1219 йилда саёҳатга чиққан Ёқут Ал-Ҳамавий Гурганжда бўлганини шундай таърифлайди: «Мен бунчалик чиройли ва жойлашиши бўйича гўзал бўлган Гурганжни кўрмаган эдим. Шаҳарда уйлар жуда зич жойлашган, одамлар гавжумлигидан кўчаларда юришга жой топилмайди».

Ўша даврларда Хоразм аҳолиси ҳозирги мавжуд аҳолига нисбатан кўп, озиқ-овқат маҳсулотлари тўкин бўлган, ерлар умуман шўрланмаган эди. Ҳозир эса вилоятда 700 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Лекин уларнинг сабзавот, полиз ва меваларга бўлган эҳтиёжини қондириш катта муаммо бўлиб турибди.

Ву муаммонинг асосий илдизи сувга бориб тақалади. Ўйламасдан қурилган саноат корхоналари ва қишлоқ хўжалигида ишлатилаётган минерал ўғитлар ер ости, устки сувларни заҳарлаётир. Ҳозир жумҳуриятимизнинг йигирма миллионли аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш муаммоси ниҳоятда ўткир бўлиб турибди.

Ҳозир СССРнинг ўрта минтақасида яшовчи ҳар бир одам эҳтиёжи учун 2-3 литр сув керак. Бизнинг жумҳуриятимизда эса, бу кўрсаткич 4-6 литрни ташкил қилади. Ювиниш учун сарфланадиган сув миқдори асримизнинг ўрталарида бир кунда 25 литрни ташкил этган бўлса, ҳозир бу рақам 200-300 литрга етди. Катта шаҳарларда эса 500 литр ва ундан ҳам ортиқ миқдорда сув исроф қилиниши аниқланган.

Жумҳуриятимизда энг кўп сув ўсимликларни суғориш жараёнида исроф бўлади. Масалан, бир килограмм буғдой етиштириш учун 750 литр, бир гектар ерда маккажўхори ёки карам ўстириш учун 3 миллион литр, шунча экин майдонидан шоли олиш учун эса 12+30 миллион литр сув сарфланади. Афсуски, ичимлик сувига бўлган талаб тобора ошиб бораётган бугунги кунда шунча исрофгарчиликка йўл қўяётганимизни ҳали ҳам англаб етганимизча йўқ. Умуман ер юзида вақти келиб ичимлик суви танқислиги рўй берадими? Мавжуд сув ҳажми яна неча йилгача етар экан? Бу саволлар ҳақида ҳеч ким ҳам ўйлаб кўрмаётган бўлса керак.

Ҳозир ер юзидаги шўр ва чучук сувларнинг умумий миқдори 1,42 миллиард куб километрни ташкил этади. Шундан 30 миллион куб километри чучук сувлардир!. Афсуски ана шу ҳажмдаги сувнинг атиги 0,25 фоизини одамзод истеъмол қилиши мумкин.

Жумҳуриятимизни сув билан таъминлаб турган катта-кичик дарёларнинг сони 600 тага яқин бўлиб, улар асосан Аму билан Сирдарё ҳавзасига қуйиладиган сув тармоқлари ҳисобланади. Ана шу ҳавзанинг 65 куб километр суви Ўзбекистон ССР эҳтиёжи учун хизмат қилади. Бундан ташқари фойдаланиш мумкин бўлган чучук ер ости сувлари тахминан 6 куб километрни ташкил этади.

Хўш, жумҳуриятимизда мавжуд ер ости сувларидан фойдаланиш борасида аҳвол қандай? Аҳоли сонининг ўсиши ва халқ хўжалигининг ривожланиши натижасида 2000 йилга бориб бизда ичимлик суви тамоман тугаши кутилмоқда. Демак, яқин келажакда жуда катта сув муаммоси кўндаланг бўлади.

Одамларнинг кундалик эҳтиёжидан ташқари сув саноатда ва қишлоқ хўжалигида ҳам кенг қўлланилади. Қишлоқ хўжалигида чучук сувнинг 90 фоизидан ортиғи ишлатилади. Айниқса сув камчиллиги кутилаётган саноатнинг ривожланиши сув ҳавзаларининг ифлосланишига олиб келмоқда. Шаҳарлардан чиқаётган чиқинди сувлари, саноат чиқиндилари чучук сувларни яроқсиз ҳолга келтираётир.

Шунингдек, сув ҳавзаларининг турли миқдори заҳарли моддалар, минерал ўғитлар ва тузлар билан ифлосланиши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Сувни ифлослантирувчи саноат манбалари асосан Тошкент ва Фарғона воҳаларида кўп жойлашган бўлиб, уларга электрокимё заводлари, металлургия, нефтни қайта ишлаш заводлари ва бошқалар киради. Ифлосланган сувнинг қаттиқлик даражасини қумғонларда чўкмалар ҳосил бўлишидан билиб олиш мумкин. Маълум бўлишича, сув қаттиқлиги аҳоли ўртасида ўлим миқдорининг ортишига олиб келар экан. Шунинг учун ҳам жумҳуриятимиздаги зарарли корхоналарни тезда қисқартириш, қолганларини бошқа ерга кўчириш ёки ёпиб таш лаш масаласини кўндаланг қўйиш лозим. Зеро, бу ишларни амалга оширмас эканмиз, халқимиз фаровонлиги ҳақидаги гаплар чўпчакка айланиб қолаверади.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, жумҳуриятимизнинг ҳамма сув ҳавзаларида, ер ости сувларида ҳам инсон саломатлиги учун ўта заҳарли бўлган хлорорганик кимёвий моддалар топилган. Айниқса зовур-дренаж ва оқова сувларида уларнинг миқдори юқори. Бу сувлар аҳоли яшаш жойларидан оқиб ўтади. Чунончи, Амударё ва Сирдарёга йилига 30 куб километрдан ортиқ оқова ва захзовур сувлари ташланмоқда. Шундай экан, дарё суви таркибида заҳарли моддаларнинг, тузларнинг ниҳоятда ошиб кетаётганига шубҳа қилмасак ҳам бўлади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Амударёнинг қуйи оқимидаги сув, суғориш ишлари олиб борилган (сентябр-май) ойларда умуман истеъмол қилишга ярамай қолар экан. Ваҳоланки, шу кеча-кундузда ҚҚАССР, Хоразм, Тошовуз, Қизил Ўрда вилоятларининг қарийб 3 миллионли аҳолиси шу заҳарли сувлардан фойдаланишга мажбур. Айнан ана шундай сув танқислиги сезилиб турган жойларда айниқса болалар ўлими юқори, камқонлик, сариқ, ўткир ичак-ошқозон юқумли касалликларнинг барча тури кейинги 20 йил ичида ҳаддан зиёд ошгани кузатилмоқда.

Кейинги пайтларда баъзи олимлар суғориш учун ер ости сувларидан кўпроқ фойдаланиш тарафдори бўлмоқдалар. Зинҳор бундай қилиш мумкин эмас, суғориш учун фақат дарё сувларидангина фойдаланиш лозим. Ер ости сувлари ўлкамизда кам, уларни муҳим ичимлик сув сифатида асрашимиз мумкин. Сув иншоотлари қуриш ва ундан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш нур устига аъло нур бўларди.

Бахтиёр Каримов, биология фанлари номзоди,
Раҳмон Раҳматов, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 8-сон