Бугунги кунга келиб Хоразм фожеалар ўчоғига, экологик қиёматлар комига айланиб боряпти. Ичимлик сувлари истеъмол қилишга яроқсиз ҳолга келди, шўр сувлар ер юзасига кўтарила бошлади, азим гужумлар, табиий кўллар қуриб битди, саксон минг (балки кўпроқдир) меҳнатга лаёқатли киши ишсиз, болалар ўлими ортиб боряпти, қадимий обидалар нураб битаётир, оналар саломатлиги ёмон… Оммавий қирилиш хавфи туғилаётир. Хоразмда…
Бу саноқни яна узоқ давом эттириш мумкин. Энди ўтмишга бир назар солайлик-да, қаёққа кетаётганимиз, келажакка бўлган умидни сўндираётган нарсаларнинг моҳияти ҳақида ўйлайлик. Туркистон Россия томонидан босиб олинмасдан олдин Хоразм воҳаси — дарёнинг иккала қирғоғи ҳам Хива хонлиги тасарруфида эди. Туркистон ўлкаси генерал-губернаторлиги пайдо бўлганидан сўнг Хоразм ўнг дарё қирғоқлари ажратилиб, Амударё бўлими тузилди, Тўрткўл шаҳрининг номи Петро‑Александровск деб ўзгартирилди. 1920 йилда, Хоразмда совет ҳокимияти ўрнатилгандан кейин Хива ҳудудида Хоразм Халқ Совет республикаси ташкил топди. Хоразм Компартияси тузилди. 1923 йилда эса Хоразм Совет Социалистик Республикасига айлантирилди. Хоразм воҳасининг бутунлиги сақлаб колинган, ишга тўғри сиёсий ёндошилган эди. 1924 йилда Ўрта Осиё республикаларида миллий давлат чегараланиши ўтказилди. РКП(б) МК ўзининг июль қарорида Ўрта Осиёда Туркманистон ССР, Ўзбекистон ССР каби миллий республикалар ва Хоразм ССР қайта ташкил этилганлигини билдирди. Яна РКП(б) МК қарорида маъқулландики, «Хоразм Совет Социалистик Республикаси Ўзбекистон ва Туркманистон Республикалари қаторида қолади». Аммо орадан кўп вақт ўтмай, субъектив сабабларга кўра бу қарор ўзгартирилди ва Хоразм воҳаси миллий бирликларга ажратиб ташланди. Хоразм воҳасининг фақат ер-жойи бўлиб юборилгани йўқ. Унинг кадимдан туб илдизга эга бўлган маданияти, халқи, урф-одатлари, хўжалик бирлиги, бошқарув ва иқтисоди ҳам уч қисмга булинди. Бу билан хато йўл тутилмадимикан, ҳозирги чигалликлар, офатларнинг ибтидоси шу эмасмикан?!
Амударё чўкиндиларидан бунёд бўлган, Қизилқум ва Қорақум саҳролари ва Устюрт чўли орасида жойлашган кўк замин Хоразм воҳасининг табиий, тарихий шарт-шароити билан муроса қилинмай юргизилган бу сиёсат воҳа шароитида ўзини оқлай олдими?! Агар бу ўзини оқлаган бўлса, юзага келган муаммолар қандай пайдо бўлди? Ахир табиатнинг ўзи уни бир бутун тана қилиб яратиб қўйибди-ку! Минг йиллар давомида гуркираб яшаб келди!.. Уни Хоразм вилояти, ҚҚАССР — Ўзбекистон, Тошҳовуз вилояти — Туркманистонга бўлиш ундаги қадим замонлардан мустаҳкамланган бирликни йўқотмадими?! Ўтмишда бу воҳа халқи миллий чегараланишсиз яшаб келди. Унинг ҳозирги кўриниши бир танага учта бош эгалик қилаётгандай тасаввур уйғотади.
Мухтор жумҳурият мақомини олган Қорақалпоғистон аввал Қозоғистонга, кейин РСФСРга, сўнг Ўзбекистонга қўшиб қўйилганига нима дейсиз?
Ҳозирда кичик жўғрофий бирликда учта вилоят жойлашган. Бир воҳада уч хил бошқарув, уч хил ҳаёт тарзи, бошқа-бошқа иқтисодий шарт-шароит, бир-бири билан тенглашолмайдиган уч хил меҳр-оқибат мавжуд. Бу воҳа ижтимоий ҳаётидаги парокандалик.
Уларнинг Марказлари орасидаги масофа жуда кичик. Урганч билан Тошҳовуз — 70 км, Урганч билан Нукус — 150 км, Тошҳовуз билан Нукус ораси — 90 км. Бу масофаларни узоқ деб бўлмайди. Учала вилоятда аҳоли сони нотекис. 1989 йил маълумотига кўра Хоразм вилоятида 1016 минг, ҚҚАССРда 1214 минг, Тошҳовуз вилоятида 689 минг аҳоли яшайди. Воҳа аҳолисининг умумий сони 2,929 минг киши. Учта вилоятда ҳам ўзбеклар, қорақалпоқлар, туркманлар, қозоқлар, руслар, татарлар, корейслар ва бошқа миллат вакиллари қон-қориндош бўлиб кетган. Лекин…
Воҳанинг ер бирлиги бузилганидан иқтисодий алоқаларга ҳам путур етди. Яқин вақтларгача воҳанинг суғориладиган майдонларига Ғазовот, Шавот, Қиличбой-Арна ва бошқа каналлардан сув олиб келинган. Бу ўзанлардан Тошҳовуз вилояти ерлари ҳам суғориларди. Ҳозир Тошҳовуз вилояти ўзининг эркинлигини таъминлашни кўз-кўз килиш мақсадида Туямўйин сув омборидан сув олиб келиш учун янги канал қазиди. У Туркманистон қум барханларидан, Хоразм вилояти чегарасидан ўтади. Бу канал хусусида баҳс жуда қизғин. Қум барханларидан ўтиб келадиган сувнинг бир қисми буғланади, бир қисми унга ажратилган маблағ билан бирга қумга сингиб кетади. Яна қийнайдиган бир тарафи бу канал 2500 йиллик тарихга эга бўлган қадимий Хива шаҳридан 8-10 км. наридан оқиб ўтади. Бу қум кўзига қурилган афсонавий шаҳар. Сувнинг шаҳар яқинидан оқиб ётиши қум кўзининг, тарих кўзининг юмилишидай гап. Канал Хоразм вилояти ер ости сувларини тўсиб қўяди, шўр сувларнинг тепага кўтарилиши тезлашади ва экин битмай қолиш хавфини барқарорлаштирарди. Булар нималарга олиб келиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Экологик инқирознинг вужудга келиши аён бўла боради. Канал қурилишига ҳозиргача 200 млн. сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Халқ мулки ҳавога совурилаётир. Шу маблағнинг ярмини сарфлаб эски, ҳаракатдаги каналларни кенгайтириб, ишлов берилганда эди, фойдадан холи бўлмасди.
Амударё ўзанини тез-тез ўзгартириб тургани сабабли ер хусусида турли келишмовчиликларни келтириб чикарди. 1956 йилда Хоразмнинг Манғит ноҳияси ҚҚАССРга берилди. Чап соҳил ерларини дарё Хоразмга ташлаб кетди. Ер-жой бирлиги йўқлигидан 65 йил давомида аҳоли қавм-қариндошлигига қарамай иқтисодий алоқалар бор бўлса-да, дарёга биттаям кўприк қурилмади. Бу имконият йўқлигидан эмас, раҳбарларнинг хафсаласизлигидан, ўртада девор тортилган деган ўйда эканлигидан қилинмади. Яхшиямки, қайта қуришнинг кейинги даврида 3 та понтон кўприк қурилди. Хоразмда 1,016 минг аҳоли истиқомат қилади, ер майдони эса 6,3 минг кв. км., Тошҳовузда 699 минг киши 73,6 минг кв. км. майдонга эгалик қилади, 1214 минг аҳолиси бўлган Қоракалпоғистон 164.9 минг кв. км. майдонга эга. Бу дегани Хоразм вилоятида ҳар квадрат километр жойга 161,6 киши, Тошҳовузда — 9,5, ҚҚАССРда эса 7,4 киши тўғри келади. Шунинг ўзи ҳам воҳада иқтисодий бирликнинг йўқлигини кўрсатади. Хоразм вилоятида 80 мингдан ортиқ ишсиз бор бўлган бир пайтда бошқа 2 та вилоятда ишчи кучига муҳтожлик мавжуд. Хоразм вилоятининг ҳаммаси бўлиб 230 минг гектар экиладиган майдони бор. Тошҳовуз вилоятида бунга қарши ўлароқ экишга яроқли бўлатуриб, ишчи кучи етишмаганидан ҳаракатсиз турган қанча гектарлаб ерлар бор.
Орол бўйи муаммолари дунё халқларини ташвишга солаётган бир пайтда, бу экологик ҳалокатнинг олдини олиш учун ички имкониятлар ишга солинмаётир. Хоразм воҳасидаги муаммолар ҳал қилинса, даҳшатли фалокатларнинг олди олиниши учун бир қадар олға босилган бўларди.
Биз ана шу нуқтаи назардан келиб чикиб, бир қанча таклифларни ўртага қўймоқчимиз.
1. Хоразм воҳасини бутун дунёга очиқ иқтисодий зона деб эълон қилиш керак. Агар шундай қилинса, дунё мамлакатлари олимлари ва тадбиркор мутахассислари бизга табиий офатга қарши курашда, ичимлик сувининг сифатини яхшилашда, ишсизликни тугатишда ёрдам беришларига йўл очилар эди.
2. Хоразм воҳасидаги Ўзбекистон ССРнинг Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон мухтор жумҳурияти ва Туркманистон ССРнинг Тошҳовуз вилоятини битта маъмурий ҳудудга бирлаштириш керак. Бу маъмурий ўлка деб аталадими, жумҳурият деб аталадими ёки бошқача ном бериладими, бундан қатъи назар, бу масалани миллий нафсониятга тегмасдан, оғир-вазминлик билан оқилона ҳал этиш зарур. Чунки Орол денгизи қуриши туфайли юзага келган муаммо бу Тошкент ва Ашхобод учун узоқ, ўнлаб муаммоларнинг биттасидир, Москва учун эса юзлаб муаммолардан биридир. Бу офат фақат шу уч вилоят халки учун биринчи даражали дарддир. Бу дардга қарши курашиш учун эса, уйда бўладиган баъзи майда-чуйда гапларни унутиб, улардан баланд келиб бирлашиш зарур.
Шу ўринда баъзи бир пессимист танқидчилар: булар Хоразм Совет Социалистик республикасини тикламоқчилар, биздан ажралмоқчилар, унга қўшилмоқчилар, бунга қўшилмоқчилар, бизни ўзига бўйсундирмоқчилар каби баъзи бўлмағур, писмиқ гап-сўзлар тарқатиши мумкинлигини айтиб ўтиш зарур деб ҳисоблаймиз. Бирлашиш муаммоси экология ва иқтисодий шароитлардан бугунги кунда келиб чиққан объектив заруратдир. Агар ҳозир шу иш амалга оширилиб, битта маъмуриятга бирлашилмаса, ўн йилдан кейин бу ҳаракатнинг фойдаси бўлмайди. Йигирма йилга бориб-бормай 3 миллион аҳоли саҳрога айланаётган ўз ватанларини ташлаб кетишга мажбур бўладилар. (Учта саҳро: Қизилқум, Қорақум, Уст-юрт чўли етмагандай Оролқум саҳроси пайдо бўляпти.) Ҳозирги кунда 500 минг сиёсий қочоққа уй-жой ва иш топиб беролмаётган ҳукумат 3-4 миллион одамни қаёққа жойлаштиради?
3. Хоразм воҳасининг аҳолисини бугунги кунда қийнаётган, унинг келажагига таҳдид солаётган нарса — бу шубҳасиз сув танқислигидир. Табиий шаклланган бир региондан иккинчи регионга сув бериш зарарли оқибатларга олиб келиши мумкин деб топилиб, Сибир дарёлари сувининг бир қисми Ўрта Осиёга оқизилиш ишлари тўхтатиб қўйилган бир пайтда, Амударё суви Каспий денгизига қараб тортилиши тўғримикан? Биз В. И. Ленин номидаги 700-800 километрга чўзилган Қорақум каналини назарда тутяпмиз. Бу каналнинг камида 300 км. қисми аниқ қум саҳросидан оқиб ўтади. Ундан қанча сув қумга сингади, қанча сув саҳро ҳароратидан буғланиб учиб кетади? Ўзбек олимларининг ҳисоб-китобига қараганда йилига 5 куб. км., туркман олимларининг ҳисобича 1 куб. км. Ҳозирги кунда Орол денгизи ва Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган Хоразм воҳаси вилоятлари аҳолиси учун ҳар бир томчи сув ҳаводек зарур бўлиб турган бир пайтда, бу озмунча сувми?
Бизнинг таклифимиз, шу канални Қорақум саҳроси бошлангунча бўлган қисмини қолдириб, қолганини бекитишдан иборат. Бу канал трассаси давомида ундан фойдаланиш учун кўпгина аҳоли яшайдиган жойлар, янги шаҳарлар пайдо бўлган. Шубҳасиз, янги ерлар ўзлаштирилган, янги совхозлар ва бошқа хўжаликлар бунёд бўлган. Уларда 200 мингга яқин аҳоли яшаб меҳнат қилмоқда. Канал ёпилса уларни қаергадир кўчириш, уй-жой, иш билан таъминлаш зарур. Янги барпо қилинадиган шаҳарчаларда яна мактаблар, болалар боғчалари, касалхоналар, маданий муассасалар бинолари қурилиши зарур, албатта. Буларнинг ҳаммасига қўшимча миллионлаб маблағ керак бўлади. Аммо, на чора. Бошқа илож йўқ. Ҳар ҳолда, 3 млн. аҳолини бир жойдан бошқа жойга кўчиришдан (20 йил кейин бўлса ҳам) 200 минг аҳолини кўчириш 15-20 марта арзон тушиши кўриниб турган ҳақиқатдир. Агар бу аҳолини асосан Туркманистон фуқаролари эканлиги эътиборга олинса, уларни Тошҳовуз областининг Кўна Урганч атрофидаги ерларга кўчириш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки Хоразм воҳасининг энг унумдор ерлари шу ерлардир. У ердаги деҳқончилик бошқа ерларга қараганда анча самаралироқдир. У ерларга фақат сув ва ишчи кучи етишмайди, холос. Бу ишга сарфланадиган харажатларни Туркманистон ССР ва Ўзбекистон ССР ҳукуматлари билан бирга СССР ҳукумати ҳам маблағ билан таъминлаши зарур деб ҳисоблаймиз.
4. Лойқа сув ҳақида. Хоразм воҳаси ерларининг ҳосилдорлиги кўп жиҳатдан Амударёнинг лойқаланган сувига боғлиқ. Кейинги пайтда Туямўйин сув омбори қурилиб, ишга туширилиши сабабли, лойқа сув у ерда тўпланиб, сув таркибидаги лойқа омбор тубига чўкиши натижасида тиниган сув воҳа далаларига оқизиляпти. Аммо сувни ноябрь-февраль ойларида Туямўйинда йиғиш зарурий тадбирдир. Агар сув йиғилмасдан, тўғри денгизга ўтказиб юборилса, воҳада деҳқончилик учун сув етмаслиги турган гап. Бу ишни, яъни лойқа сувни аввалгидай тўғри ўтказиб юборишни, фақатгина юқори оқимдан етарли сув оқиб келгандагина амалга ошириш мумкин. Шунинг учун ҳам, Қорақум каналини бекитиш чораларини кўриш, улар ҳақида тезлик билан илмий-амалий музокаралар бошлаб юбориш зарур.
Шу ерда эътиборингизга бир масалани ҳавола қилмоқчимиз. Маълумки, яқинда сувга эгалик қилишни яхшилаш мақсадида СССР Сув хўжалиги министрлигига қарашли Амударё ва Сирдарё бирлашмалари тузилди. Оддий, соғлом фикр бўйича шу дарёлар оқимида ташкил қилинган сув омборлари ва дарёдан сув оладиган Қорақум канали сингари каналлар шу бирлашма тасарруфига берилиши керак. Аммо, шу бугунги кунгача айнан шу Қорақум канали ва Туямўйин сув омбори Амударё бирлашмасига берилган эмас. Норасмий маълумотларга кўра, Қоракум каналига олинаётган сувга назорат йўқлиги сабабли, канал трассаси бўйлаб кўпгина яйловларни сув босиши натижасида, қумда қўй боқиш қийинлашиб боряпти. Сувга эгалик масаласи тўлалигича тез кунда узил-кесил ҳал қилиниши зарур деб ҳисоблаймиз.
5. Оролнинг қуриши натижасида юз берган табиий офат туфайли Қоракалпоғистон аҳолисига белгиланган кўшимча пул маблағлари Хоразм ва Тошҳовуз вилоятлари аҳолиси учун белгиланмади. Ваҳоланки, бу иккита вилоят ва мухтор жумҳуриятларнинг Хўжайли, Амударё, Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл ноҳиялари қўшнисидирлар ва бир хил шароитда иш кўрадилар. Ўтказилган ялпи тиббий кўрикда Хоразм вилояти аҳолисининг 72 фоизи табиий офат билан боғлиқ дардларга чалинганлиги аниқланди. Ахир, бу масалада адолат бўлмоғи зарур.
6. Хоразм воҳаси вилоятларида пахта ва шоли экишни сезиларли қисқартириш ҳисобига, тежалган сувни денгизга оқизиш зарур. Бунда камида йилига 10 куб. км. сув денгизга қўшимча қуйилган бўлур эди.
7. Амударё соҳилларида қўриқхона бунёд қилиш керак. Бу ҳам воҳанинг қирилиб кетаётган жонзотларига, ўсимлик дунёсига нажот йўли бўлиши мумкин. Бугунги кунда Хоразмда дарё соҳили бўйлаб 300 метрлик табиий зона ташкил қилиняпти. Аммо бу иш ҳам жуда қийинчилик билан амалга ошириляпти, хўжаликлар тайёр, ҳисобсиз ерларнинг озгина қисмини бўлса-да, ташлаб кетишни истамаяптилар. Шу ўринда бир савол туғилади: нега айнан 300 метр? Нима учун 500 метр ёки 1 км. эмас? 300 деган сон кимнинг миясига келган? Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш лозим деб ҳисоблаймиз.
8. «Орол фонди»нинг ишлатилиши ҳақида. Фикримизча, Оролни қутқариш комитети ва «Орол фонди» ўзининг илк максадига эришди, яъни Орол денгизи қуриётгани ҳақида кенг жар солиб бунга ҳукуматнинг хам, халқнинг ҳам, ҳатто халқаро ташкилотларнинг ҳам эътиборини қарата олди. Шу орада оз бўлса ҳам, бир мунча маблағ йиғилиб қолди (5 млн. сўм).
Аммо шу маблағ бир жойда касалхона, бошқа жойда болалар боғчаси қуришга харажат қилинаётгани жуда ҳам тўғри бўлмаса керак деб ҳисоблаймиз. Бу фонд маблағлари айнан Орол денгизига сув олиб келиш ишларига сарфланиши керак. Бизнингча, фонд маблағлари иттифоқимиз бўйлаб ва бутун дунё бўйлаб Орол денгизини қутқаришга қаратилган энг мақбул лойиҳа учун катта пул ҳисобига (масалан 100 минг сўм.) конкурс эълон қилиши керак эди. Аммо вақт ўтиб кетяптию бундай ишдан дарак бўлмади. «Орол фонди» фақат тушадиган хайру эҳсонларга қараб ўтирмасдан ўзининг корхоналарини очиши керак, имконият бўлса чет эл фирмалари билан ҳамкорликда ишлайдиган корхоналар тузиб, ўзи маблағларини 50 млн., ҳатто 500 млн.га етказиш устида бош қотирмоғи керак. Шундагина катта лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш ишига сезиларли ҳисса қўшган бўлур эди. Умуман, «Орол фонди» шу кунгача қилган конкрет ишлари ва келгуси режалари ҳақида кичкина ҳисобот китобчаси чиқарса ёмон бўлмас эди.
9. Хоразмда ўзбеклар яшайди. Ўзбек деган ном XV асрда пайдо бўлган бўлса, Хоразмийлар номи 4 минг йиллик тарихга эга. Бинобарин Хоразмда, аждодларимиз Хоразмий миллати билан кон-қардош бўлиб чатишиб кетган Хоразмий ўзбеклари яшайди. Шунинг учун ҳам бу халқ ўзининг тили, урф-одатлари, маданияти, санъати, меъморчилиги билан жумҳуриятимизнинг бошқа жойларида яшайдиган ўзбеклардан кескин фарқ қилади. Мисол учун ўзбек классик санъатининг дурдонаси ҳисобланмиш Хоразм мақомларини бир эслаб кўринг.
Ана энди шу халқ ўз тарихининг сўнгги атиги 66 йилида уч қисмга бўлинган ҳолда яшаяпти. Сўнгги вақтларда борди-келди қилиш, бир-бири билан иқтисодий алоқалар ўрнатиш жуда мушкул бўляпти. Чунки ҳар бир жумҳурият ўз ҳудудидан у чиқмасин, бу чиқарилмасин деган (гарчи вақтинча деб номланса ҳам) қарорлар қабул қиляпти.
Қайта қуриш сиёсати туфайли кейинги пайтда бутун дунёда халқларнинг бирлашиш ҳаракати кучайиб кетди. Яқинда Яман араб республикаси ва Яман Халқ Демократик республикаси бирлашди, иккита герман давлатлари бирлашиши жараёни бошланиб кетди, бундан йигирма йил аввал Вьетнам халқларининг бирлашганини эсласак, нега энди бир хил тузумда, битта мамлакат ҳудудида яшайдиган Хоразмий ўзбеклар битта маъмурий ҳудудга бирлашишлари мумкин эмас. Бу масалани жиддий мулоҳаза килиб ўйлаб кўриш вақти етди.
Юқорида таклиф қилинган масалаларни муҳокама қилиш учун Хоразм тупроғида Ўзбекистон ССР, Туркманистон ССР, Қорақалпоғистон АССР ва СССР Олий Советлари, шунингдек, Хоразм ва Тошҳовуз вилоятлар Советлари вакилларининг илмий-амалий учрашуви ўтказилса, бу учрашувларда олимлар ҳам қатнашсалар, экология ва иқтисодиёт олдимизга кўндаланг қўйган катта муаммоларни ечилиш йўли топилишига умид қиламиз.
Агар Хоразм воҳаси бирлиги тикланса бу ерда политехника, тўкимачилик, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, ирригация, халқ хўжалиги, савдо-сотиқ каби олий ўкув юртлари филиаллари ташкил этиш керак бўлади. Ҳозирда воҳада фақат битта педагогика олий ўқув юрти ва Нукус Давлат дорилфунуни ишлаб турибди. Уч миллионга яқин аҳолининг фарзандлари Тошкент, Ашхобод, Самарқанд, Москва ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида таълим оладилар. Бу ниҳоятда оғир. Хоразмнинг тафаккури ўзида камол топгани яхши.
Халқнинг маърифатга бўлган чанқоғини қондириш керак. Воҳани бирлаштириш халқ маърифатини оширишнинг янги режаларини юзага келтиради. Ҳозирги шароитда эса Хоразм тарихи, фани ва маданияти, халқ хўжалиги уч қисмга ажратилган ҳолда ўрганиляпти. Бунинг натижаси хаммага аён.
Хоразм воҳасида қадимий шаҳарлар аянчли аҳволда. Уларда аждодлар руҳи чирқираётир.
Хоразм шоҳлигининг пойтахти Қўна Урганч (Гурганч) эрамизнинг бошида қарор топган шаҳар. Бу ерда машҳур олимлар Абу Райҳон Ал Беруний, Абу Али ибн Сино яшаб ижод қилганлар, ақл-заковатлари билан дунёни лол қолдиришган. Бу шаҳар ҳозир Тошҳовуз вилояти таркибида. Шаҳарнинг ҳозирги аҳволи юракни сирқиратади. Хоразмнинг қадимги маркази Қиёт (ҳозирда Беруний шаҳри). Бу шаҳар алгебра ва алгоритмнинг яратувчиси буюк математик олим Мухаммад ибн Мусо Ал-Хоразмий ҳаёти билан боғлиқ. Ва яна Хоразмнинг антик шаҳар ва қалъалари бўлган Элликқалъа, Гулдурсин, Тупроққалъа, Қўй қирилган қалъа, Аёз қалъа, Гаур қалъа ва бошқа қадимий қадамжолар ҚҚАССР тасарруфида. Қадимда савдо йўлларини бирлаштириб турган, маданият ва илм маркази бўлган Хива (хавақ-қудуқ) шаҳригина Хоразм вилоятига қарайди. Бу шаҳар деворларидаги аждодларимиз қўлларининг азиз, табаррук изи деворлар билан бирга нураётир. Тарихий ёдгорлик бўлган шаҳарларни минг йиллар кейинги авлодларимизга тарихий ҳақиқат қилиб етказиш бурчини бажаришимиз керак. Шунинг билан бирга тарихий шаҳарларни умумий саёҳатгоҳларга айлантириш имкони туғилади, аждодларимиз руҳи шод бўлади. Кейингина тарихимиз билан фахрлансак арзийди.
Хоразм воҳасини қандай қилиб бирлаштириш, у қандай кўринишда бўлиши давлат арбобларининг, олимларнинг вазифаси.
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 8–сон