Рустам Шокиров. Сирасини айтсак… (1990)

Абу Али ибн Сино: «Агар ҳавода чангу ғубор бўлмаса эди, инсон минг йил яшаган бўлурди», деган экан. Инсон ҳаёт экан, бу ҳикмат ҳеч қачон ўз қимматини йўқотмайди. Чунки умримиз, соғ-омонлигимиз барча яхши-ёмон жиҳатлари билан бизни ўраб турган табиатга ва унга бўлган муомала маданиятимизга боғлиқ. Табиатни меҳрибон она десак, инсон шу она қалбининг ёниқ бўлаги, табиат бамисоли тўкин дастурхон бўлса, инсон ундан ўз насибасини олувчи меҳмонга ўхшайди. Шубҳасиз, фарзанднинг ҳам, меҳмоннинг ҳам ҳар хили бўлади. Шу боисдан ҳам ҳозирги пайтда табиат билан инсон ўртасидаги муносабат замоннинг муҳим муаммоларидан бирига айланиб қолди. Табиатни унутганлигимиз аслида ўзимизни унутаётганлигимиздир.

Хўш, бу «унутиш» нимада намоён бўлди? Дастлаб, табиатга бўлган муомала маданиятимизнинг саёзлигида. Айниқса, деҳқончилик ишида табиат ўз-ўзини тартибга солиб турувчи табиий жараён эканлигини унутдик. Буйруқбозлик, калтабинлик усули деҳқонни ҳам ўз ҳоли-жонига қўймади. Деҳқон табиатнинг ўзини табиатга қарши қўйиб, манфаат ҳосил қилиш санъатини қадимдан яхши билган, бундан табиат ҳам, инсоннинг ўзи ҳам озор чекмаган. Қушлар, чувалчанг, қирқоёқ каби жонзотларнинг кўпайиши заминни юмшатиш, бойитиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган. Азалдан деҳқон учун чувалчангнинг кўплиги заминнинг соғломлиги, ёмғирга қўшилиб қурбақа ёққани эса арзончилик белгиси ҳисобланган. Бизнинг «зўрлаб ундириб олиш» йўлига тушиб қолган деҳқончилигимиз эса, кейинги йилларда ўзининг «кимёвий тиғи» билан заминнинг ҳам остки, ҳам устки қисмидаги жониворларга кескин ҳужум қилди. Айрим саноат корхоналаримиз эса(ўз чиқиндилари билан гоҳ ердан, гоҳ осмондан «ёрдамчи зарбалар» уюштирдилар. Ўтмишга ҳам, келажакка ҳам эътиборсиз ҳолда табиатга устма-уст зуғумлар қилинди.

Яна бир айбимиз бетежам ва аёвсизлигимизда намоён бўлди. Табиат ҳар қанча тўкин дастурхон бўлмасин, у тежамга муҳтож. Бир тишлаб улоқтиришга Ҳотамнинг давлати ҳам чидамайди. Биз эса олган насибаларимизнинг ўрнини тўлдиришни хаёлимизга ҳам келтирмадик. Табиат бағридаги бойликларни аёвсиз сочиб ташладик. Айниқса, иқтисодий фойдани ҳамма нарсадан устун қўювчи калтабинлар кўпроқ бу ишнинг ташаббускори бўлдилар. Аёвсиз конлар қазидик, «зангори олов»лар ёқдик, ҳайбатли мўрилардан заҳарли тутунлар ўрлатдик. Шовқин устига шовқин, ғубор устига ғубор қўшдик, яна кўнглимиз жойига тушмади. Сувга тупуриш увол деб билган оталарнинг фарзандларига нима бўлди ўзи?! Турли-туман кимёвий заҳарлар — фосфатлар, нитратлар, гербицит ва пестицидлар… Сув танқислиги, тоза ҳаво танқислиги, осудалик танқислиги ва яна аллақанча танқисликлар юзага келди. Ҳатто атмосферанинг озон қатламини ҳам заҳарлай бошладик. Ниҳоят,буларнинг барчаси тўпланиб «саломатлик тугуллигивни ҳосил қилди. Бугун яхшироқ ўйлаб қарасак, бундай пала-партишлик фақат табиатга эмас, инсоннинг маънавиятига ҳам дахлдор эканлиги аниқ бўлиб қолди. Бу — энг даҳшатли ҳодиса. Шундай бемулоҳазаликларимиз туфайли ҳам ҳозир мамлакатимиз ҳар йил табиат муҳофазасига 70 миллиард сўм сарфламоқда. Бу кам маблағ эмас. Лекин лоқайдлигимиз тобора хуруж қилаверса, соғ-омон яшаб қолишимиз олдида бу маблағ жуда камлик қилиб қолиши ҳам мумкин. Табиатга муомала маданиятимизнинг ночорлиги бизни жар ёқасига томон суриб кетмоқда, лекин ҳамон оёғимиз остига тузукроқ қарамаяпмиз.

Кейинги йилларда жумҳуриятимизда Навоий кимё комбинати ва цемент заводи, Қўқон кимё заводи, Бухоро графит-гипс комбинати, Олмалиқ, Чирчиқ корхоналари каби заҳар сочувчи «паҳлавонлар» бунёдга келди. 1988 йилда жумҳуриятимизда 110 та саноат корхонаси атмосферага меъёридан ортиқ заҳарли моддаларни чиқариб турди. Улардан тарқалаётган заҳарли моддаларнинг саломатликка таъсирини эндиликда рўй-рост айтаяпмиз. Лекин бу таъсирлар инсон учун қанчага тушаётганлигини ҳали ҳеч ким ҳисоблаб чиққани йўқ. Табиат тобора инсоннинг заволига айланаётган экан, бунга аслида одамларнинг ўзлари бу ишнинг калтабин ташаббускори бўлаётирлар. Ҳа, табиат катта донишманд: унда ҳамма нарса ҳисобли, ҳамма нарсанинг қатъий ўрни бор. Шу боисдан Ф. Энгелис айтганидек, табиат биздан ножўя хатти-ҳаракатларимиз учун қасос олмоқда.

Биз ҳозир ҳам ерга заҳарли моддалар солиш одатимиздан кўнгилдагидек қутула олганимиз йўқ. Ҳар йили Қорақалпоғистон жумҳурияти, Хоразм вилояти, қўшни Туркманистоннинг айрим жойларида ҳар гектар ерга «Орол саҳроси»дан кўтарилган 500 килограмм шўр-қум ёғилиб турибди. Ҳа, эндиликда Орол қирғоқлари 70—80 чақирим ичкарига чекиниб, 2 миллион гектардан ошиқ майдон очилиб қолганлиги уни саҳро дейишга асос беради. Бу жойда ўсимликлар ва ҳайвонларнинг қанчалаб турлари қирилиб кетди. Кулфатларнинг асосийси яна келиб инсон бошига тушди. Унинг саломатлиги билан бир қаторда қадр-қимматига ҳам эътибор сусайиб кетди. Инсоннинг ижтимоий, маънавий эҳтиёжлари четга суриб қўйилиб, кўпинча унга фақат меҳнат қилувчи куч сифатида қарашга ўргана бошладик. Фаровонлик инсон учун эмас, аксинча инсон фаровонлик учун хизмат қилди. Ана шу лоқайдликлар сабабли ҳам СССР бир ёшгача бўлган болалар ўлими жиҳатидан Япониядан 5 марта, АҚШ, Англия, ГФРдан эса 2,5 марта ўзиб кетди. Ўзбекистонда бир ёшгача бўлган болалар ўлими салмоғи ҳар йили 33 минг нафарга етди. Касалхоналар, врачларимиз кўп бўлса-да, саломатлигимиз мустаҳкамлиги билан мақтана олмаймиз.

Ҳозир СССРда ўртача умр узунлиги 69 ёшни ташкил этади ва бу соҳада мамлакатимиз жаҳонда ўттиз иккинчи ўринни эгаллайди. Туркманистоннинг Ашхобод вилоятидаги илғор пахтакор колхозлардан бирида текшириш ўтказилганда 14 ёшгача бўлган 368 нафар боладан бор-йўғи 3 нафари тўла соғлом деб топилди. Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида текшириш ўтказилганда ҳар минг болага 33,7, шу вилоятнинг пахтакор ноҳияларида эса, ҳар минг болага 47—50 ўлим тўғри келмоқда. Булардан кейин Ўзбекистон ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Заҳарли моддалар таъсирида, одамларимизда айниқса жигар, ошқозон, ўпка, юрак касалликлари хуруж қилиб кетди. Ҳозир Бухоро жумҳуриятда жигар касаллиги энг кўп учрайдиган вилоят бўлиб қолмоқда.

Ана шу фожиаларнинг кўпчилигида пахта якка зироатчилиги сабаб бўлди. Кейинги йилларда «оқ олтин»дан тоғлар ясашга чунонам киришиб кетдикки, ҳатто ўзимизни ҳам унутаёздик. Самолётлар заҳар сочдилар, ичимлик сувларимиз тузга, лаззатли меваларимиз оғуга айлана бошлади — парво қилмадик. «Ҳурматли зотларининг «доно раҳбарлиги»да план кетидан итоаткорона чопавердик. Бундай «кимёвий қирғин» даврида шифокорларимизнинг хавотирли овозига ҳам ҳеч ким қулоқ солмади. 80-йилларга келиб жумҳуриятимизда ҳаво ҳавзасини ифлослантирувчи саноат чиқитларининг ўртача йиллик ҳажми 1,5 миллион тоннадан, сувни ифлослантирувчи оқовалар эса 500 миллион куб метрдан ошиб кетди.

Ноаниқ режалар талабига ёлғон жавоблар айтиб «қутулиб» келдик, лекин саломатлик ишида ёлғон кетмас экан. Касални яширганинг билан иситмаси ошкор қилади. Ер заҳарланган, ҳаво заҳарланган, озиқ-овқатларимиз ҳам заҳар-олуд бўлганидан сўнг саломатлик ҳақида қандай гап бўлиши мумкин.

Бир деҳқон: «Ернинг кўпи, қўйнинг ози чарчатади», деган эди. Бу ҳикмат халқимизга қадим-қадимдан аён экану, биз гоҳ жадал, гоҳ фавқулодда жадал тараққиёт кетидан чопувчилар халқнинг қалбига тузукроқ қулоқ ҳам тутмадик. Чўлқуварлар бўлиб, яшил яйловларни емирдик. Оқибатда қўйлар камайиб кетиб, чўпонни ҳолдан тойдирди. Натижада гўшт ва сутни кам кўриб, кам ейдиган бўлиб қолдик. Маълумотлар жон бошига тақсимланганда йилига мамлакатда 62—64 килограмм гўшт ва гўшт маҳсулотлари истеъмол қилинганлигини, жумҳуриятда эса бу 29—30 килограммга тўғри келишини кўрсатди.

Яйловлар ҳисобидан кўпайтирган ерларимиз эса, деҳқоннинг силласини қуритди. Наманган, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва шунингдек, бошқа ноҳиялар хўжаликларида озуқа экинлари майдонининг 4—5 минг гектарига пахта экилганлиги аниқ бўлди. Умуман, жумҳурият бўйича озуқа майдонлари учун ажратилган ерларнинг 40 минг гектарига қўшимча чигит экиб юборилди. Ҳолбуки, ҳар бир гектар ерга экилган ингичка толали пахта — 4 минг 136 сўм, оқ пахта — 2 минг 400 сўм, сабзавот — 6 минг 379 сўм, картошка эса 2 минг 983 сўм даромад бериши баъзиларга яхши аён эди. Лекин улар ҳам миллионлар кетидан қувиб, буйруқлар кучи билан деҳқонни фақат пахта экишга мажбур қилдилар.

Шунинг учун ҳам мамлакатда мева ва сабзавот истеъмол қилиш ўрта ҳисобда ҳар йили жон бошига 260—270 килограммга тўғри келгани ҳолда, жумҳуриятимиз аҳолиси атиги 170—173 килограмм мева ва сабзавот истеъмол қилди. Жумҳурият мева, узум, сабзавот ва қовун-тарвуз етиштиришда умумиттифоқ аҳамиятига эга бўлса-ю, деҳқон оғзи тўлиб мева ея олмаса?! Баъзи масъул ходимларнинг фикрича, сабзавот етиштириш бирдан кўпаядиган бўлса, уни сақлайдиган қувватлар етишмас эмиш! Меҳнаткашнинг оилавий омбори бўм-бўш тургани ҳолда мева-сабзавот сақлайдиган жой муаммо бўлиб қолади, дейишга қандай асос бор? Мева ва сабзавот камчилигининг сабабларини асосан, унинг кам экилаётганлигидан ҳамда сақлашда исрофгарчиликка йўл қўйилаётганлигидан излашимиз лозим.

Хўш, бу фожиалардан қандай хулоса чиқардик, келажакда нималар қилмоқчимиз? Модомики, фожиалар пахта якка зироатчилиги билан боғлиқ экан, алмашлаб экишни жорий қилмасдан, касалланиб ётган заминни даволамасдан, деҳқоннинг елкасидан тоғдек босиб келаётган планларни ҳаётий андазага солмасдан туриб, халқ на ўз саломатлигини тиклай олади, нақадр-қимматини. Бу — масаланинг бир томони. Иккинчидан, жумҳуриятда, умуман бутун мамлакатда кенг миқёсли атроф-муҳитни муҳофаза қилиш режаларини ишлаб чиқишимиз лозим. Табиий муҳитга заҳарли моддалар чиқарувчи корхоналарни ёпиб қўйиш, ҳеч бўлмаганда уларнинг сонини чеклаш, чиқиндиларни тозалаш ёрдамида экологик жиҳатдан тоза ишлаб чиқариш жараёнини ҳосил қилишимиз зарур. Ўсимликларни ҳимоя қилишда биологик усуллардан фойдаланишни кучайтириш, сувнинг тозалигини муҳофаза қилиш, маҳаллий ўғитлардан унумли фойдаланишимиз керак.

Табиатга зуғум қилишдан кўрган талофатларимиз биз учун аччиқ сабоқ бўлсин. Соғ-омонлигимиз ҳам, фаровонлигу бахтимиз ҳам, ҳаммаси табиатга бўлган муҳаббатимиз билан ўлчанади. Ҳа, она табиатга меҳр кўрсатмай, ундан марҳамат кутиш инсонлик шаънига нолойиқдир.

Рустам Шокиров, фалсафа фанлари номзоди

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 2-сон