Тоҳир Қаҳҳор. Келажакнинг саволи (1990)

Инсон тупроқ устида яшаши билан 6ирга, тупроқни ҳам яшнатиши керак…

Академик Зиё Бунёдов билан мулоқот

1

Кимки ёмон ишларни кўрса, қўли билан тўғриласин, агарда бунга қодир бўлмаса, тили билан айтсин, бунга ҳам қодир бўлмаса, дилида инкор этсин; охиргиси имоннинг заифлигидур, дейилган муқаддас китобда.

Ҳамма замонларда ҳам бу уч ишни қилгувчилар топилади. Яхши даврларда ёмонликни қўл билан тузатгувчилар кўпаяди. Тарихдан маълумки, кунлар золимларга қолганда — қўллар, тиллар кесилган, ночор оломоннинг дасти меҳнат, забони риё билан кишанланган, аммо қалбларда ёвузликка нафрат тўлиб бораверган.

Биз бугун яқин ўтмишга, ниҳоят, сохта пардаларни юлиб ташлаб, ўз кўзимиз билан қарай бошладик. Кўрдик: қатағонларда элларнинг аҳлли, курашчи бошлари кесилмиш; миллатларнинг минг йиллик ёзувлари, маданиятларини йўқотмишлар; халқларни фикрдан, журъатдан айириб, мутелик ва жаҳолат чоҳларига отмишлар; жамиятимиз қаҳатчиликлар, қардошлик (гражданлик) урушларини, маънавий очликлар даврини бошдан кечирмиш — бугунги иқтисодий ва маънавий муаммоларнинг илдизи ҳамон ўша қўл билан тузатилмаган ёвузликлар асоратидан созланмоқдаки, уларни фош этиш, адолатни тиклаш бу кун кишиларининг бурчи.

Инсон учун маданий манбаларни ман этиш — нафас олишни тақиқлаш билан баробар. Ҳолбуки, ярим асрдан ортиқ бир вақт мобайнида эски ўзбек имлосидаги китобларга, айниқса, ислом маданиятига мансуб минг йиллик тарихий-адабий ва фанний китобларга «хурофот» деб қаралдики, бунинг ўзи хурофотдир. Мамлакатимизда русларнинг христианликни қабул қилганининг минг йиллиги нишонланиши совет кишиларининг динга бўлган аввалги муносабатини ўзгартирди.

Кўп миллатли Совет Иттифоқида бу каби эзгу ҳаракат — оталар яратган маънавий бойликларни қадрлаш фақат Россиядагина эмас, бошқа миллатлар яшаётган ўлкаларда ҳам кўзга кўринмоқда. Жумладан, инқилобгача «рус мусулмонлари» деб аталган чор империяси таркибидаги барча туркий халқларнинг муқаддас китоби саналгувчи Қуръони Каримнинг таржимасига, нашрига киришилгани, қисман ерларда ибодат жойларига рухсат этилгани, янги диний нашрлар чиқа бошлагани оммани қувонтирмоқда. Бундай ишлар тепасида, шубҳасиз, халқни севган, ҳурмат қилган илм ва эътиқод кишилари турибди. Улар бу хайрли меҳнатни қўл билан, тил билан, дил билан эл манфаати учун қилмоқдалар. Мамлакатимиздаги ана шундай элпарвар кишилардан бири, менимча, озарбойжонлик олим ва давлат арбоби, академик Зиё Бунёдовдир.

Минг тўққиз юз саксон саккизинчи йилнинг кузи. Зиё Бунёдовнинг Қуръонни таржима қилаётганини эшитиб қолдим; бизнинг тарихимиз, маданиятимиз учун кўп хизмат қилган бу инсон билан аввалдан кўришмоқ, бир суҳбат қилмоқ ниятида эдим, шу сабаб бўлиб, Бокуга учдим. Қорабоғ воқеалари ҳақида ниҳоятда юзаки ва қисқа хабарлардан бошқа ҳеч нарса эшитмаган, Болтиқбўйидаги Халқ фронти хусусида туманли фикр юритадиган, умрида халқ ўз ихтиёри билан чиққан намойишни кўрмаган бир одамнинг бирдан Бокудаги юз минглаб инсонлар қатнашган, буюк кучга айланган митинглар устидан чиқиб қолишини бир тасаввур қилинг-а. Бизда, Тошкентда ўша пайтларда халқ намойиши ҳақида ўйлайдиган, ҳатто хаёл қиладиган одамлар ҳали йўқ эди. Шу сабабданми, Ҳукумат Эви майдонига озарбойжонликларнинг минг-минг, даста-даста оқиб келаётганини кўриб, бир муддат қотиб қолганим, юрагим қаттиқ уриб кетгани, кўзларимдан ёш чиқиб кетгани, беихтиёр ўзим ҳам омма ичига бир томчидай қўшилиб, митинг майдонига борганим ҳамон эсимда… Афсуски, Қорабоғ воқеаларидан ҳалиям бехабармиз, худди Фарғона фожиалари хусусида ҳозиргача тўғри, теран сўзлар айтилмагани каби Сумгаит фожеаси, Қорабоғ ҳодисалари ҳақида ҳам матбуотда эътиборли бир нарса босилгани йўқ. Вақти келиб, бу хусусда катта сиёсатчилар ва тарихчиларнинг сўзлари айтилар. Менинг бу мақолани бир йил ўтиб ёзаётганим, Озарбойжонда кўрганларимни, Зиё Бунёдов ва бошқа кишилар билан ўтказган суҳбатларимни очиқ айтишга имкон, маврид кутганим боиси шундандир. Зеро, бугун Озарбойжондаги Халқ жабҳаси (ўша пайтда қай даражада қаттиқ таъқиқ ва тазйиқ остида иш олиб борган бўлса-да) ҳукумат томонидан расман танилгани, совет халқларининг, жумладан, озарбойжон ва ўзбекларнинг ҳам ўз ҳуқуқлари, талаблари юзасидан митингларда, намойишларда қатнашишлари оддий ҳолга айланди. Бу, албатта, ҳақиқатнинг синмаслигини, халқ орзу қилган, ўзи истаган ҳаётга барибир эришажагини яна бир бор таъкидлайди.

Дунёда нима кўп, олим кўп. Аммо халқ севган, эъзозлайдиган олимлар жуда кам. Халқ меҳрига эришиш учун илм кишиси халқни улуғлайдиган, унинг қаддини кўтарадиган, унинг асл манфаатларига хизмат қиладиган иш қилмоғи лозим. Бундай ишни ҳамма илм кишилари ҳам қилавермайди. Дейлик, нима учун биз Зиё Бунёдовни яхши кўрамиз? Биринчидан, у бизнинг маданиятимизни, тарихимизни, элимизни оламга танитувчи асарлардан бирини, тарихчи бобомиз Шаҳобиддин Насавийнинг «Сийрат ас-султон Жалолиддин Мангуберди» китобини араб тилидан таржима қилиб, Бокуда нашр эттирди. Иккинчидан, элимизнинг минг йил аввалги тарихига оид «Хоразмшоҳлар — Ануштегинлар давлати. 1097 — 1231» (3. М. Буниятов. «Государство Хорезмшахов — Ануштегинов. 1097 — 1231») китобини рус тилида умумиттифоқ китобхонларига тақдим этди. Бу, шубҳасиз, халқимиз тарихини, шон-шуҳратини совет кишиларига танитишда катта хизмат қиладиган асарлардир.

Зиё Бунёдов бу китобига ёзган сўзбошисида таъкидлашича, эрамиздан аввалги икки минг йиллик ўрталарида (демак, бундан уч ярим минг йил олдин — Т. Қ.) ҳам Хоразмда юксак суғориш маданияти бўлган, экинчилик ишлари ниҳоятда ривожланган; милоддан аввалги бешинчи асрларда эса, Хоразм Турон ва Эрон ўртасидаги энг муҳим маданий ва иқтисодий марказлардан бирига айланган. «Хоразмшоҳлар» нисбаси ўша эски замонлардан қолган. 712 йилда Хоразмни араблар босиб олди, аммо қадимдан тараққиёт ва маданиятда кучли бўлган Хоразм ўлкаси халифалик ҳукмронлиги даврида ҳам у қадар «чўкиб» қолмади: илму фанда «Хоразмий» нисбалик саноқсиз буюк инсонлар шу юртда яралди. Муҳаммад ибн Мусо ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний ва бошқа жаҳоншумул шахсиятлар… Китоб энг эски даврдан то сўнгги хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди замонигача бўлган тарихдан ҳикоя қилади.

Биз яшаб турган бу қадим тупроқ — милоддан аввал ҳам турк, хоразм, сўғд ёзуви ва маданияти, дини, фалсафаси бўлган боболаримиз яшаган ўша Турону Туркистон, Хоразм тарихи дарсликларга киритилмаган, авлодлар бехабар бир йилларда бундай китобнинг пайдо бўлиши, менимча, жуда буюк ҳодисадир, маънавий бир жасоратдир.

Ўзи озарбойжонлик бўла туриб, биз учун икки улуғ китобни тақдим этган Зиё муаллимнинг ижодий шиддатига, фидокорлигига қойил қоларкансан, айни вақтда, ҳамон бу китобларни халқимизга (ўзбек тилида) етказиб бермаётган олимлару ноширлардан хафа бўласан киши: ахир сустлик, лоқайдлик, жоҳиллик ҳам эви билан-да, ўзингиз-ку, шундай асар ёзишга журъат тополмабсиз, ҳеч қурса таржима қилинг, чоп этинг, дея ҳайқиргинг келади. Шуларни ўйлаб, Зиё муаллим билан учрашувга чоғланганимда, балки қабул қилмас, у бизга шунча меҳру меҳр кўрсатса, биз нима қилдик, ҳатто китобини таржима ҳам қилмадик-ку, биздай лоқайдлар вакилини назари илмаса-да ҳақли дир, деган истиҳолада Бокудаги Шарқшунослик институти биносига йўл солдим.

2

Ўша кунлари Боку бир мунча нотинч, жойларда катта-кичик митинглар бўлиб турар, ҳамма Ватан ҳақида, Арманистондаги яшаш жойларидан (ноқоратупроқ ерларга юборилиш керак бўлган минг-минглаб одамлар атайлаб озарбойжонликлардан териб олинган, улар ноқоратупроқ ерларга кўчиб бориб, шароитга тўзмаганлар, қайтиб келсалар, арманлар қўймаган, озарбойжонлик маъмурлар ҳам ўз қардошларини боболар юртига «прописка» қилинишларини тақиқлаганлар, натижада, минг-минглаб ватансиз, ишсиз, нонсиз қувғиндилар «рухсатсиз» Сумгаитга жойлашганлар, чунки киши яшаб бўлмас бир пастқамларга, заҳарли ҳавога тўйинган Сумгаитнинг кимёвий олқинди сувлари оқиб, ботқоққа айланган бир тубанликларга бостирма қуриб олганлар; қирчиллама қиш келгач, совуқ, очлик, хўрлик жонларини ҳиқилдоққа келтирган ва улар ўша «Сумгаит фожиаси»ни яратганлар — «Ватан» китобида ёзилишича, кўрганларнинг айтишларича, воқеа шундай бўлган) «қочоқларни — матбуотимиз уларни шундай атаганди — маъмурлар ва ҳукумат озарбойжон эли манфаатини ҳимоя қилмаётгани, туҳматларга индамай тургани, матбуотнинг соқовлиги», Ҳазардаги заҳарли нурланишнинг кучайиб бораётгани ва бунинг халққа зарари, моддий ва маънавий бойликларнинг ҳар томонлама талон-тарож қилинаётгани — ҳамма-ҳаммаси хусусида гапирилаётган, халқ жунбушга келган бир кунлар эди. Шаҳарда назорат кучайтирилганди, асаблар таранг, тараддуд ва таҳдид шаҳар ва одамлар қиёфасида шундоққина кўриниб турарди. Шу учун ҳам Зиё муаллим қабулига ошиқаётганлар кўп эди. «Дашкандли қўнақ»лигимни эшитган академик олим дарҳол мени хонасига таклиф этди. Бу ерда икки нарса — хонанинг бир томонини тамом эгаллаган харита ва Зиё муаллимнинг баланд гавдаси, шиддатли қиёфаси дарров кўзга ташланади ва хонада шу икки нарсадан бўлак ҳеч нарса йўқдек туюлади.

Менга:

— Сен ўтириб тур, ҳозир биз суҳбатимизни тугатамиз, — дея Зиё муаллим қаршисидаги икки одамга юзланди.

— Бу газетада яна сизни миллатчи дейишипти, — деди Зиё Бунёдовга унинг бир суҳбатдоши. Газета, мен томондан қараганда тескари турарди, ҳарфлар на озор, на рус ҳарфига ўхшарди.

— Ким халқ манфаатини деса, ўзиникини «шу меники, бировники эмас», деса, уни шундай дейишади, бу усул уларнинг қонига Сталин замонидан сингиб кетган. Жаҳаннамга етсин! Хўш, яна нима гап? — дея кесиб сўзлади Зиё оға.

Шу пайт телефон жиринглади. У телефонда гаплашаётганда, қиёфасини кузатдим: самимий, очиқ, нимани ўйласа, шуни айтадиган дангалчи одам; оддийлиги, ҳашамсевмаслиги кийинишидан ҳам, хонасидаги жиҳозлардан ҳам кўриниб турибди.

— Учрашувга мен ўз сўзимни айтгани бораман, — деди Зиё муаллим телефондаги одамга. — Бари бир шу кунларда сизларга ёқмайдиган сўзни айтишим аниқ, шундай бўлгач, мени таклиф қилманг, сизлар истаган гапни мен одамларга айтмайман. Соғ бўл! — дея трубкани жойига қўйди. Бизга қарата «Айёр инструкторлар! Халққа айтмоқчи бўлган гапларининг нотўғрилигини била туриб, уни бизга ўхшаганлар тили билан айтмоқчи бўладилар», дея бош чайқади. Сўнг менга:

— Сизларда аҳвол қалай? — деди.

— Ўша юрт, ўша халқ, ўша пахта ва ўша Орол, — дедим; икки йил аввал Зиё Бунёдов Тошкентда бўлганида, «Гулистон» журнали редакциясида бир гуруҳ ёзувчилар билан учрашган, ўша ерда ҳам бу хусусда кўп гаплар бўлган эди, мен шунга ишора қилароқ айтдим бу ҳазилнамо сўзни.

— Бобурни ҳамон сўкаяпсизларми? — дея кулди у.

— Ёнига бобоси Темурни ҳам қўшиб сўкаяпмиз, — дедим.

— Мен сизлардаги бир мансабдор кишидан: «Нега бу Бобуру Темурларни сўкаверасанлар?» деб сўрадим. У: «Бобур Ҳиндистонда қон тўккан», деди. Ахир, қайси шоҳ қон тўкмаган?.. Темур Тўхтамишни енгмаса, руслар ҳозиргача, эҳтимол, мўғуллар истилосида бўларди. Руслар ҳар бир қишлоғу шаҳрида Темурга ҳайкал қўйса арзийди, дедим.

«Ҳақиқатан ҳам, қайси шоҳ қон тўкмаган? Ҳокимиятни тутиб туриш учун ҳамма шоҳ ҳам қон тўкади-ку», деган гап кўнглимдан ўтди.

— Темур у ишни ўз ҳокимияти эҳтиёжидан келиб чиқиб қилган. У бир ислом давлати ҳокими эди, мусулмон эди, шу учун ҳам, бутпараст бўлмагани учун ҳам унга ҳайкал бут қўйишнинг ҳожати йўқ, унинг номи, қилган ишлари дунёдаги бир буюк ҳайкалдир, — дедим мен. — Ҳайкалларга сарфланадиган маблағни исроф қилмай, элга берган маъқул-ку, ҳайкални еб бўлмас…

— Ҳайкал нима бўпти. Ҳатто Оролни ҳам еб юбориш мумкин, — деди у орқасидаги харитадаги буюк Орол кўлига юзланиб. Қаршисида ўтирган икки одам суҳбатимизга ҳалал бермаслик учун узр айтиб, чиқиб кетишди. — Ўзимиз курашмасак, ўзимиз тикламасак, Орол энди тикланмайди! — деди у. — Оролни сақлаб қолиш учун, биринчидан, бу улкан денгиз — тириклик манбаимизни ўзимиз ўлдираётганимизни тўла англашимиз, бундан мутлоқ тийилишимиз, Орол ичидаги ва атрофдаги заҳарли чиқиндилар чиқарадиган комбинатлар, корхоналар, ҳамда шунга ўхшаш зарарли моддалар чиқарадиган ва тарқатадиган баъзи корхоналар, шунингдек, сув ичидаги ва қирғокдаги барча табиатга ёмон таъсир қиладиган ишхоналар фаолиятини тартибга солиш, чеклаш, керак бўлса, йўқотиш лозим. Иккинчидан, заҳарли манбалар йўқотилгач, Оролни тоза сув билан таъминлашни йўлга қўйиш даркор: Амударё ва Сирдарё сувлари эски пайтлардагидай Оролга қуйилиши шарт; бунинг учун калтабинларча лойиҳалаштирилган кўплаб сув омборларини, жумладан, Туямўйин сувини қўйиб юбориш, Тошовуз қурилишини тўхтатиш ниҳоятда зарур. Чунки қадим Хева ва баъзи шаҳару қишлоқлар қумликда қурилган, сув омборларида тўпланган сувлар ўз-ўзидан ер остидаги сув оқимини кучайтиради, натижада қумлик устидаги минг-минглаб одамлар яшаётган масканлар бирдан вайрон бўлиши мумкин. Айниқса, Хева бир кун лоп этиб чўкади-да, ер юзидан йўқолади — бу билан бугунги миллионлар умри, ўтмишдаги миллионлар умри, келажакдаги миллионлар умри вайрон этилмайдими? Оталаримиз буюк шаҳарлар қуриб, маданият яратиб, уни ҳимоя қилиб, курашиб яшаган ва бу шаҳарларни бизга мерос қолдиришган: биз эса, уни сақлаб қолишга ҳам ярамаяпмиз, аксинча, лоқайдлигимиз, сустлигимиз, жоҳиллигимиз (буларнинг барчаси расо инсон учун қабиҳлик ва жиноят саналади) билан ўзимиз вайрон қилаяпмиз. Ахир асрамаганимиздан, шу ҳолга тушувига йўл берганимиздан кейин, вайрончи бошқаларгина эмас, ўзимиз ҳам вайрончимиз-да. Аҳволни чуқур англашимиз, халққа англатишимиз, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим. Инсон тупроқ устида яшаши билан бирга, тупроқни ҳам яшнатиши керак — акс ҳолда, тупроқ билан ўзи, аждоди-авлоди ҳам заволга юз тутади. Неча ўн йиллар индамай келиб, бугунда ҳам жим яшаётганлар кўп. Дейликки, бугунда Балхаш кўлига Или дарёси келмай қўйган, бу ҳақда лом-мим дейилмайди. Ёки табиатнинг бузилиши ҳақида гапирилади-ю, амалий иш қилинмайди.

— Амалий иш қилиш учун пул, ишчи кучи, маълум ҳуқуқлар керак-ку? Ўзбекистоннинг ёки Озарбойжоннинг истаган бир қишлоқ ё шаҳридаги катта бир ўзгариш қилиш учун кўпинча марказдан изн кутамиз.

— Шунинг учун ҳам республикалар ҳуқуқлари тикланиши, бора-бора ўз-ўзини бошқаришга ўтиши тарихий заруратга айланганини бугунда кўпчилик англаб етди. Болитиқбўйи жумҳуриятларининг яқинда иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлуви, хўжалик ҳисобига ўтиши шу йўлдаги илк ижобий қадамдир, — деди Зиё Бунёдов.

— Сиз бизнинг республика ҳаёти билан, раҳбарликдаги баъзи йўналишлар билан яхши танишсиз. Айтинг-чи, бизнинг Ўзбекистон ҳам тезроқ иқтисодий жиҳатдан ўз-ўзини бошқаришга ўта оладими? — деб сўрадим.

— Менимча, бу сизларда бошқа республикаларга нисбатан бир оз кечроқ кечадиган жараён… Пахта муаммосини ҳал этмай туриб, уни яккаҳоким ўсимликни ер ва эл бошидаги катта муаммолар манбаи сифатида кескин қисқартирмай туриб, нархини оширмай туриб, республикани олға етаклаш қийин.

— Маълум бўлишича, жаҳон бозорида пахта нархи анча баланд. Бизда-чи? Ҳатто бир сўм ҳам эмас. Давлат бир тонна арзимаган карамни беш юз сўмга, карамга нисбатан ниҳоятда кўп меҳнат ва ҳаракат талаб қиладиган пахтанинг бир тоннасини ўртача етти юз етмиш етти сўмга олади. Пиллага ва тамакига тўланадиган ҳақ ҳам ниҳоятда оз, бошқа республикаларга нисбатан ҳам ўзбекларга кам тўланади, халқ ҳам, халқ йўлбошчилари ҳам бу хусусда индашмайди. Инсоф юзасидан қараганда, бу сустликдан одамларни озод қилиш, халқ манфаатига қайишиш, кишиларда давлатга ишонч ва муҳаббат уйғотиш, бунинг учун эса меҳнат ва меҳнаткаш қадрини тиклаш, кўтариш лозим. Буларсиз, менимча, табиатни ҳам асрай олмаймиз, чунки табиатни асраш барибир пул масаласига бориб тақалади, — дедим.

— Ўзбекистонда уч марта бўлдим, — деди Зиё оға. — Охирги, саксон саккизинчи йил борганимда, Орол экспедициясида қатнашган кунларимда, Урганчда тўрт кун қолиб кетдим. Аввалги тўкин-сочин бозорлар қани — эҳ, жаннат бир ўлкани бу қадар қувратиб қўйиш тарихда «ноёб» ҳодиса! Ўрик емоқчи бўлгандим, бозордан тополмадик. Бозорда ўрик йўқ! Қайдандир икки кило топтириб келишди. Едим. Шукр қилдим. Яхши: мен-ку, бир меҳмонман, ҳурматимни деб топишди, аммо халқ нима ейди? Сув ҳам шундай танқис…

— Бу даҳшатли ҳодисалардан — қадимда бир буюк мамлакат бўлган Хоразм ерларининг туз босиши, ўн йил бурундан бери дарахтларнинг қурий бошлагани, боғларнинг қуриб бораётгани, ичимлик сувнинг таркиби бузилгани, топганлар Тошкентдан ташиб манба сувларини ичаётгани, асосий халқ эса касалликлар конига айланган сувдан ичаётгани ҳалиям умумжумҳурият аҳлига маълум эмас, — дедим мен.

— Бу кимга зарар? — деди Зиё муаллим. — Фақат одамларга деб ўйлайсанми? Йўқ! Ахир миллионлаб одамларнинг ҳаёти ёмонлашса, демак, бу республика ҳаёти ёмонлашди дегани: ахир миллионлаб ишчи кучи касалланса, кучсизланса, бу яратувчиликка, бутун Ўзбекистон, бутун СССР ҳаётига зарар келтиради. Афсуски, буни ҳамма ҳам тушунавермайди…

Зиё муаллим жимиб қолди.

Ҳа, бу бош-кети йўқ, анча чигалланиб кетган гап: неча йиллардан бери гапирилаётган, амал топажак бу сўзларни қисқа қилиб, яна келажак ҳақидаги саволга қайтдим.

— Шу кетишда республикалар, умуман, Совет Иттифоқи сиёсий қурум ҳаётида қандай янгилик бўлади, деб ўйлайсиз? — деб сўрадим Зиё Бунёдовдан.

— Сизларда ҳам яхши ўзгаришлар ясаш мумкин, фақат бунинг учун журъат билан иш қилиш керак. СССР миёқсида катта ўзгаришлар бўлади, деб ишонаман: келажакда СССРда ҳар бир республика мустақиллаша бориб, мамлакатимиз республикалар эмас, Давлатлар Иттифоқига айланади.

Мен олимнинг бу гаплари ниҳоятда журъат билан айтилганини, қандайдир ҳақиқатга суянаётганини тушунсам ҳам, ўшанда — саксон саккизинчи йил охирлари эди, у қадар ақлим бовар қилмаган эди. Ўтган йил охирида, СССР Олий Совети сессияларидаги гапларни эшитиб, республикалар баъзи иқтисодий ва ҳуқуқий мустақилликка эришаётганини кўра туриб, ўшанда Зиё муаллим бу ўзгаришларни олдиндан сеза олган экан, дея ўйладим.

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 4-сон