1. БОЛАЛИКДА
Ҳамма оналар ҳам алла айтади. Менинг онамнинг алласи бошқа – жуда ҳазин ва аламли бўларди. Ҳар гал юрак-бағри тўлиб-тўлиб айтар, сўзи ҳам, оҳанги ҳам тингловчини қаттиқ мутаассир қиларди.
– Опа, нега сиз алла айтсангиз йиғлагим келади? – деб сўраганимда, – Мен ҳам сендайлигимда Тоға-бувамдан сўрагандим:
“Тоға-бува, мен нега сал нарсадан йиғлайман, арзимаган воқеадан ҳам таъсирланиб кўзимдан ёшим сув бўлиб оқади?” – деб сўрагандим. Тоға-бувам мени чақалоқликдан биларкан, шундай деганди:
– Сен бир дарз кўзага ўхшайсан, кўза дарз бўлгач, ундан томчилаб сув оқади-да… Сенинг дарз кўзалигинг шуки, етти кунлик чақалоқлигингда онанг ўлган, сени бошқа бир, боласи ўлган, эмадиган болага муҳтож хотин эмизиб катта қилган. Сен бу боқиб олган онангнинг қўлида яйраб ўсдинг, бу онангга кўпдан-кўп раҳмат, аммо ўз онангдан айрилиқ сенинг юрагингда дарз қолдирган. Ўша дарз юрагингдан ёш оқиб кетаверади…
Онам менга бу ҳикоясини айтиб бергандан кейин шундай деганди:
– Сенга мендаги таъсирчанлик ўтган. Отанг ҳам урушда ўлди. Отасизлик сенинг юрагингни икки карра дарз қилди. Лекин сен иродали бўл: яхши нарсаларни, қувончли ҳодисаларни ўйла кўпроқ…
Биз уч бола: опам, мен ва укам адабиётга ютоқиб ошиқ бўлган эсак, бунинг бош сабабчиси онам – педагог Хатирабегим бўлади…
2. ЎСМИРЛИКДА
Бизда китоб ўқишлар Иккинчи Жаҳон урушидан кейин, 1947-49 йилларда бошланган. Қиш оқшомлари танчага тиқилиб, ўртага лампамой (керосин) билан ёқиладиган 7-чироқни қўйиб олиб, Гўрўғли туркумидаги “Ҳасанхон”, “Хон Далли”, “Авазхон”, “Рустамхон”, кейинроқ “Алпомиш” достонларини ва бир дафъа “Армуғон” деган катта бир китобдан Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди” фожиасини ўқиганларимиз ёдимда. Китобни мендан уч ёш катта Наима опам ўқир, мен, Сайдамин тоғам, Насиба холам ва Мирвали укам доимий тингчловчилар эдик. 6-синфда ўқиётганимда тил-адабиёт ўқитувчимиз Қамариддинов Нуриддин ака ўша пайтларда энди-энди нашр этила бошлаган ва жаҳон ёзма адабиёти намуналари – Андерсен эртаклари, “Гулливер”, “Мюнхаузен” китобларини ўқишга қизиқтирди. Ўшанда “китоб жинниси” бўлиб, овқат пули деб берилган майда пулларимни йиға-йиға китоб сотиб олишларни бошлаганман. Кейин 8-10 синфларда рус тили ўқитувчимиз Михаил Дмитриевич Богомолов бизда рус адабиётига муҳаббат уйғотди. Энг муҳими, у бизга рус тилида ўқишни ўргатди. Шу тариқа бизнинг ҳаётимизга Пушкин, Лермонтов, Тургенев, Толстой, Маяковский ва Есенинлар кириб келди. Маяковскийнинг паспорт ҳақидаги шеърини ёд ўқиганимда, у кўзларини юмиб эшитар ва албатта мени алқаб қўярди.
3. ТАЛАБАЛИК ЙИЛЛАРИ
1953 йилда Тошкентдаги 28-мактабни олтин медал билан битирганимда олдимда кенг уфқлар очилди. Чунки у пайтларда мактабни бундай битирганлар олий ўқув юртларига имтиҳонсиз кирар, кумуш медал билан битирганлар фақат битта имтиҳон топширардилар. Мен қаерни танлашни билмай, Тошкентдаги ҳамма уриверситет ва институтларни айланиб чиққач, (ҳозирги ЎзМУнинг) филология факультетига ҳужжат топширдим.
Университетда Фозила Сулаймонова, Шавкат Раҳматуллаев, Яков Романович Симкин, Озод Шарафиддинов каби замоннинг энг илғор шахсларидан дарс олдим, Наим Каримов сингари нозик дидли, маданий савияси юксак, ўзимдан уч-тўрт ёш катта зукко инсонлар билан танишув, дўстлашув менинг шахс сифатида шаклланишимда катта рол ўйнадилар. Улар ҳаммаси мени антик даврдан тортиб ХХ асргача бўлган жаҳон адабиёти дунёсига киритиб юбордилар. Талабалик йилларимда Пушкин, Есенин шеърларини яхши кўрар ва айниқса Ҳайненинг лирикаси менинг ёшлик кайфиятларимга монанд келгани учунми, “Лирик интермаццо” деган туркумидан 65 шеърини таржима қилиб юрганларим эсимда. Кейинроқ нимадир сабаб бўлиб (аниғи ёдимда йўқ), турк адабиётига қизиқиб қолдим.
У пайтларда бизда туркча китоблар сотилмас, рус тилига таржима қилинган турк ёзувчи ва шоирларининг китобларини битта қўймай “Турон” кутубхонасидан суриштириб олиб ўқиб чиққандим.
4. МЕНИНГ ФЕЪЛИМ
Бир ўзи йиғлаётган болани кўрсам, чидолмайман: болани хўрлаганлар одам эмас, дейман. Баъзан мен яшаётган уйга тиланчилар келади. Уларнинг аксарияти лўлилар. Зарари йўқ. Елкасига хуржун ташлаб олган, келбати мендан икки баравар катта йигитлар ёки юзларидан қон томиб турган, аммо бола етаклаб олган соғлом аёллар… Ҳа, майли, тиланчилик уларнинг касби, деб қўя қоламан.
Аммо ойда уч-тўрт марта ҳар хил тиланчи болалар – руслар, ўзбеклар келишади ва қорнимиз оч, нон беринг, дейишади, шунда номусдан ўлгим келади. Болаларни бу ҳолга солганлардан нафраталаман.
5. ЁЗИШЛАРИМ
Мен ҳеч шеър ёзиш ҳақида ўйламасдим. Бир ора 6-синфда ўқирканман, ўпка касалига учраб, олти ой даволаниш учун Санаторий-Ўрмон Мактабига ўтдим, у ерда Саидов фамилияли бир ўқитувчи ҳам адабиётдан дарс берар, ҳам адабиёт тўгарагига раҳбарлик қиларкан. Унинг таълимларидан сўнг баҳор ва май ойи тўғрисида бир-икки шеър ёзган эдим, улар деворий газетада чиқарилганди. Аммо ёзувчи одам ўз шеърларини матбуотда чиқаришга ҳаракат қилиши мумкин ва кераклиги тўғрисида ҳеч ўйлаган эмасман. Газеталарда фақат катта, жудаям таниқли одамларгина шеър чиқаради, деган тасаввурда эдим. Олти ой ичида шифоланиб, яна ўз мактабимга қайтганимда, шеър ёзиш хаёллари мендан йироқлашди.
Филфакда ўқиб юрган кезларимда ёшлик ва муҳаббат савдолари мени яна шеър ёздира бошлади. Аммо буларнинг баъзиларида Ҳайне ва Есенин таъсирлари бордай туюлар, уларни ҳеч кимга ўқиб бермас, кўрсатмас эдим. Дафтарларда қолиб кетарди. Филфакнинг журналистика бўлимини битириб, Тошкент Телестудиясида ишлай бошлаганимда, иш тақозоси билан қозоқ ва қирғиз шеъриятидан таржималар қилдим, улар ТВ кўрсатувларида берилди.
1959 йили “Ғунча” журналига ишга ўтдим. Журналнинг 1960 йилги биринчи сонида менинг шеърим илк бора матбуотда чиқди. “Чакки қилибман” номли бироз юморга йўғрилган бу оддий шеърим ҳақида бир қанча муаллифлар муҳарририятга келиб ижобий фикрлар айтишди. Шундан кейин бош муҳарриримиз мендан тез-тез шеър ёзиб беришни сўрайдиган бўлиб қолди.
Ўзим бу йилларда икки ўғиллик бўлиб, ҳам оилада, ҳам ишим туфайли мактаб ва боғчаларда болалар ичида бўлавериб, ўз-ўзидан болалар дунёсидан шеърлар битардим. Ғафур Ғулом, Шайхзода, Миртемир, Қуддус Муҳаммадийлар билан тез-тез кўришардим. Ёзувчилар Уюшмасида турли адабий анжуманларга қатновим фаоллашди. Республика бўйлаб турли шаҳар ва туманларга борардим. Шу тариқа халқ ҳаёти манзаралари кўз ўнгимда муҳрланиб қолар, ичимда фақат ҳаётни ёзиш фикри қатъийлашиб борарди.
Шеър, менимча, ўз ичига инсонни, ҳаётни олади, ялтиратмасдан, ўз ҳолида, яхши ва ёмон жиҳатлари билан бирга акс эттиради. Шоир, модомики, атрофига, инсонларга, инсонларнинг ҳаётига боғлиқ яшар экан, бошқача бўлиши мантиққа тўғри келмайди. Шеър инсоннинг қувончи, кўзёшлари, завқлари ва оғриқларини, озодлиги ва эрксизлиги, тирикчилик машаққатлари ва гўзал орзулари, умидларини куйлайди. Катта қайғуларга тасалли беради. Фақат шундай шоирларгина ҳурматга лойиқ, деб ўйлайман. Тўғри, “санъат ҳаётга таъсир кўрсатиш учун эмас, санъат учун” деган шиор остида ёки фақат ўзининг ички оламидаги ҳаракатларнигина тадқиқ этувчи шоирлар бор. Мен адабиётнинг халқ манфаатидан бошқа манфаати йўқ деб ҳисобловчилар сирасида тураман. Шоир ўз ичинигина тадқиқ қилиб шеър ёзса, доим муваффақиятли бўлмайди. Шоирнинг ичи жамият ҳаёти билан параллел келгандагина бу ўзини оқлайди. Шеър ҳаётдан орқада қолиши мумкин эмас. Агар шеър орқада қолса, умуман олдинга юриш бўлмаса керак, тахминимча.
Жадидлар адабиёти юрагимнинг тўрида яшайди. Улар битта халқ учун ёзиш ва миллат учун яшаш қандай бўлишини намуна қилиб қолдирганлар. Улку (идеал)ларига вафо қилмаслик ғайришоирликдан бошқа нарса эмас, деб ўйлайман.
Ҳозир модернчилар бор, улар шеъриятда ўзларини намоён этаётирлар. Мен биронта оқим, биронта йўналишга қарши эмасман. Модерн ё постмодернчилар дунёнинг ҳамма иқлимларида катта ишлар қилиб, жамият ҳаётида чуқур излар қолдираётир. Бундан кўз юмиш мумкин эмас. Фақат ҳамма гап шундаки, уларнинг қалбини ёндираётган нарса нима, чиндан ёндираётирми – шуниси аниқ бўлиши керак. Ўтган аср рус адабиётидаги оқимлар, футуризм Маяковскийни, имажинизм Есенинни, акмеизм Ахматовани жаҳон шеър хазинасига берганини унутиб бўладими? Сюрреализм, кубизм, дадаизм, натурализм буюк шахсларини бермадими? Мен ўзим реализм ва романтизмни яхши кўраман. Аммо модернистлар реалистларнинг ўн варақлик тасвирини битта таъсирчан жумлада ё битта метафорада бера олишлари менинг завқларимга жуда яқин. Фақат менга ҳар қандай шоир халқ дарди билан оғриши керакдай кўринади. Тўғри, мадҳ шоирлари ҳам бор, улар ҳаётдаги янги ўзгаришлардан завқланадилар ва мадҳия ва қасидалар битадилар. Аслида бу ҳам керак, лекин мадҳ ва қасида самимий бўлмоғи керак. XIII асрда яшаган Қатрон исмли шоир қасидалар устаси эди, бир дафъа ўша давр подшоҳи қасидалари туфайли, унга энг катта маош белгилаган экан, Қатрон эртасигиёқ йўқолиб қолибди. Амалдорлар уни кўп ахтарибдилар, фақат орадан бир неча йил ўтгандан кейингина топибдилар. Ундан кетиб қолиш сабабларини сўраганларида:
– Подшоҳим мени манфаат учун ёзган буни, деб ўйладилар, мен юртимиздаги катта ўзгаришларни шеър учун, ўзим учун мадҳ этганман. Менга алоҳида эҳтиром кўрсатиш бошқа шоирлар ичида мени уялтиради, – деган экан.
Ялтоқлик, мунофиқлик, мушрикликни адабиёт йўлидаги тўсиқлар деб биламан. Ялтоқлик, лаганбардорликнинг зарарлари кўпчиликка аён. Мунофиқлик эса сўзда турмаслик, омонатга хиёнат иллатларидир. Бизда бу фақат шахсий камчилик эмас, бизда, назаримда, мунофиқлик иллати кўп…
…Менинг оиламга келсак, хотиним Қутлибека Раҳимбоева шоира, қаердаки шеърий туркуми босилган бўлса, ўша газета ва журналнинг йиллик мукофотига сазовор бўлган, ҳатто русча таржимаси чиққанда, “Молодость” журнали ҳам шундай мукофот берган, “Шуҳрат” медали совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Ҳозир драматургия ва насрда ҳам фаол ижод қилиб келмоқда. Тўрт ўғлим ва бир қизим бор. Бири бевақт вафот этди. Иккинчиси Мирвосил кичиклигидан яхши ҳикоялар ёзиб келади, ҳикоялари “Гулхан”, “Ёш куч”, “Гулистон” журналларида, айримлари баёзларда, “Маърифат” ва бошқа болалар газеталарида босилган. Америка ёзувчиси Рекс Стаутнинг бир романини таржима қилди ва у “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилинди. Учинчи ўғлим Мираҳмад ва кенжа ўғлим Нажот тижорат йўлидан кетишди. Қизимиз Орзу – Камолиддин Беҳзод номидаги Тасвирий санъат ва дизайн институтини битириб “Жаннат-макон” журналида муҳаррир бўлиб ишламоқда.
Режаларим: ёшим 75 га қараб кетди. Ёзганларим сочилиб ётибди, уларни жамлаб нашрга тайёрлаётирман. Бу йил, Худо хоҳласа, “Кузги япроқлар” номли девоним ва Фаридиддин Аттор, Низомий Ганжавий, Жалолиддин Румий ва Абдураҳмон Жомийдан қилган таржималарим бир китоб ҳолида Ғафур Ғулом номидаги Нашриёт-матбаа Ижодий Уйида чиқарилади. Яна умрим давомида кўп мамлакатларда бўлганман: Россия, Озарбайжон, Молдова, Татаристон, Қибрис, Туркия, Македония ва Афғонистон… Ана шу сафарларим ҳақида “Йўллар ва эсдаликлар” номли сафарномамни ёзиб битказаётирман. Замондош устозлар, ўқитувчилар, сафдошлар ҳақида (Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода, Миркарим Осим, Озод Шарафиддинов, Маъруф Жалил, Рауф Парфи) хотираларим ҳам бир китоб бўлади.
Ундан ташқари “Дунё болалар адабиёти” деган антология ҳам тузганман ва ҳоказо… Худо берган умримни яшайверай-чи, балки, бир нарсаларга муяссар этар.
“Ёшлик” журнали, 2010 йил, 4 (233)-сон.