Модомики “Ёшлик” хонадонимизга ташриф буюрган экан, суҳбат аввалида бир гапни айтиб ўтсам, муҳтарам журналхонлар буни мақтанишга йўймаслар, деган умиддаман.
Сўз санъатининг меҳригиёсими ёки тақдир тақозосими, умр йўлдошим Венерахон ҳам филолог – узоқ йиллар мактабда адабиётдан дарс берган, ҳозир нафақада, оилада энг фаол китобхон. Унинг таъсирида бешта синг-лиси – барчаси филолог бўлиб етишди. Божаларимиздан бири машҳур адабиётшунос Бегали Қосимов, яна бири зукко билимдон тилшунос Маҳфузилло Раҳмонов. Қизим Шоира филология фанлари номзоди, олий ўқув юртида доцент. Уч ўғлим бошқа касб эгалари бўлса-да китобсеварликда ота-оналаридан қолишмайди. Шавкат Раҳмоннинг тўнғич қизи Нодирахон хонадонимизга келин бўлиб тушган, саккиз яшар набирамиз Насима ҳозирдан юрган йўлида шеър тўқийди… Устозу шогирдлар, ҳамкасблар ўз йўлига. Дўсту биродарларим, улфатларимнинг ҳам деярли барчаси адабиётга дахлдор одамлар. Табиийки, хонадонимиздаги давра суҳбатларининг бош мавзуси – Адабиёт. Мана, ярим асрдан ошибдики, деярли ҳар куни бизникида мажолис-ун нафоис.
Салкам етмиш йилдан бери даставвал адабиёт шайдоси бўлиб, адабиёт бўйича таълим олиб, сўнг филолог-адабиётшунос, мунаққид сифатида адабий давраларда юриб, адабиёт ҳақида бетиним ўй суриб, у-бу нарсалар битиб, талабаларга дарс бериб, сўз санъати инсоният яратган, аниқроғи, Аллоҳ бандаларига инъом этган ноёб неъмат, сирли-сеҳрли хилқат эканига такрор-такрор иқрор бўлдим. Ҳар гал чинакам санъат асарини ўқиганда, томоша қилганимда ҳайратдан ўзимда йўқ яйрайман, бир неча кун ўзимга келолмай юраман. Шу ёшимда ҳам болаликдан қолган бу одат мени тарк этгани йўқ. Шундай ноёб мўъжиза билан танишмай, бу дунёдан ўтиб кетиш одам зоти учун катта йўқотиш-ку, деб қўяман ўзимга ўзим. Кўнгилга шу хил туйғу солгани, сўз санъатига майл, меҳр уйғотгани, ризқимни шу соҳадан бергани учун Яратганга шукроналар айтаман. Инсон фаолиятидаги ҳеч қайси соҳа адабиётчалик сир-синоатга бой эмас, инсон ва унинг табиати, қисмати, қалби, руҳияти тўғрисидаги ҳақиқатни кашф этишда ҳеч бир соҳа сўз санъати билан бўйлаша олмайди, унинг ўрнини босолмайди.
Фандаги буюк ихтиро, кашфиётларни, чунончи, нисбийлик назариясини Эйнштейн бўлмаса, бошқа бир даҳо олим яратавериши мумкин. Санъат, адабиётдаги буюк кашфиётларнинг туғилиши эса ниҳоятда шахсий-индивидуал хусусиятга эга. “Герники”ни фақат Пикассо, “Улисс”ни фақат Жойс, “Ўткан кунлар”ни эса фақат Қодирийгина яратиши мумкин. Санъатнинг бошқа турларини асло камситмаган ҳолда, бадиий адабиётнинг имкониятлари беқиёсдир, десам муболаға бўлмас. Масалан, рангтасвир, архитектура, мусиқа, кино бажариши мумкин бўлган вазифаларни ёзувчи, шоир сўз санъати орқали адо этавериши мумкин. Санъат асари яратиш учун кўпдан-кўп ашё, асбоб-ускуналар керак. Электр энергияси бўлмаса, кино – ҳеч нарса. Бадиий ижод учун эса қалам билан қоғоз бўлса бас. Ҳатто улар бўлмаганида, оғзаки тарзда ҳам яратилаверади. Бадиий ижод ана шунақа ноёб хилқат… Уни ардоқламай бўладими ахир!
Боз устига, инсон фаолиятига оид соҳалар ичида сўз санъатичалик тутқич бермайдиган, қолип-қоидаларга тушмайдигани йўқ. Жаҳонда ўтган, бугун қалам тебратаётган ҳар бир чин ижодкор, улар қаламига мансуб ҳар бир чин асар ўзича бир дунё; янги асари билан ижодкор ҳар гал янгича йўл, усул, “қоидалар” кашф этади. Бунинг устига, ижодкор шахсидек сирли, сеҳрли ажабтовур зот бошқа соҳа одамларида топилмаса керак. Аллоҳ инсон зотига хос жамики кучли ва заиф, зиддиятли, мўъжизакор сифатларни мужассам этиш учун ёзувчилик истеъдодини, шоиру ёзувчиларни яратган бўлса ажаб эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Аллоҳ ўзининг мислсиз қудратини намоён этиш учун бу ёруғ оламни, коинот жавҳари саналмиш инсонни яратган. Қарангки, ёзувчи-санъаткор балки Аллоҳнинг шу яратувчилик сифатига тақлидан сўз орқали инсонни, тўғрироғи, инсон тимсолини яратишга журъат этади.
Абдулла Қодирийдек биргина мислсиз истеъдод соҳиби яратган бадиий кашфиётларни эслайлик. Юсуфбек ҳожи, Ўзбек ойим, Отабек, Кумуш, Зайнаб, Анвар, Раъно, Солиҳ махдум, Обид кетмон сингари тирик инсонларни – ўзбекнинг ранг-баранг табиатли фарзандлари сиймосини айни тирик, балки тириклардан тирикроқ одамлар каби гавдалантириш чиндан-да мўъжиза, ахир!
Адабиёт илми бадиий ижод табиати, ижодкор шахси, ижод психологияси бобида кўп ишлар қилди, қиляпти. Аммо улар мутлақо етарли эмас. Бу борада чин кашфиётларга кўра чалғишлар, ҳар томон оғишлар мўлроқ. Инсоният ҳали улкан истеъдодлар хизматини муносиб қадрлаш даражасига кўтарилгани йўқ. Биз ҳануз чинакам истеъдод соҳиблари билан бу соҳага даъвогар тамагир, ҳаваскор косибларнинг фарқига ета олганимизча йўқ.
Ўтган аср бошларида, кўп асрлик адабиётимиз туб янгиланиш йўлига кирган кезлари “Адабиёт надир?”, “Театр надир?” деган саволлар қатори “Танқид надир?” деган масала ҳам кўндаланг қўйилди. Шунда, тараққийпарвар ижод аҳли вакилларидан бири, ўзбек жадидларининг отаси Беҳбудий адабий танқид ҳақидаги мақоласида ҳаёт-мамот аҳамиятига молик саволга жавоб ахтариб “танқид сараламоқдир” деган оқилона жавоб топди. Дарҳақиқат, адабий танқиднинг бош вазифаси, асл функцияси адабий жараённи синчиклаб кузатиб, билимдонлик, нозик дид, фаросат, бундан ҳам муҳими, холислик билан ёндашиб, ундаги, яъни катта оқимдаги хас-хашаклар орасидан чинакам бадиий кашфиётларни, чин истеъдодларни топа билиш, кашф этиш, уларга одилона баҳо бериш, чин асарларнинг чин нафосати, асл моҳиятини очиб беришдан иборат экани ўша кезлардаёқ аён эди. Миллий танқидчилигимизнинг илк босқичида Вадуд Маҳмуд, Чўлпон, Абдулла Қодирий ва Ойбеклар айни шу йўлдан бордилар…
Афсус, минг афсус, тоталитар режим ҳамма жабҳани, жумладан, адабиётга раҳнамоликни қўлга олганидан кейин бу хайрли тамойил барбод бўлди, танқид майдонида қиёмат қўпди. Улкан миллий уйғониш туфайли қад ростлай бошлаган соғлом адабий жараёнда пайдо бўлган ҳар бир ёрқин истеъдод, чин бадиий кашфиёт дейишга арзигулик ҳар бир асар, Абдулла Қаҳҳор сўзлари билан айтганда, найза кўтариб қарши олинди; Чўлпон, Қодирий, Фитратлар қисмати, Чўлпон шеърияти, “Ўткан кунлар”, Фитрат драмалари, “Сароб”, “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Жалолиддин”, “Қўшчинор”, кейинроқ “Тобутдан товуш”, “Юлдузли тунлар” теварагида кечган машъум машмашалар, адабий жаҳолат, тўғридан-тўғри демагогиядан иборат кампаниялар яқин кечмишимизнинг энг кирлик – қора кунлари тарзида тарихда қолди.
Истиқлол йилларида кўп хайрли ишлар қатори бу жабҳадаги хатоликлар бартараф этилди, адолат тик-ланди. Танқидчиликда демагогияга йўл очадиган мус-табид мафкура, адабий сиёсатнинг илдизи қирқилди.
Афсуски, бугунги танқидчилигимизда ҳам “сараламоқ” бобидаги ожизлик, оқсоқлик бутунлай бартараф этилгани йўқ, у бошқача кўринишларда давом этяпти. Бир вақтлар Абдулла Қаҳҳордек талабчан адиб: “Адабиёт дарёси қуриб-қақшаб ётгандан кўра, лойқа бўлса ҳам тўлиб оққани маъқул, бўтана оқим ҳам охир-оқибат тинади-да ахир” деган эдилар. Ҳозир бизда шундай жараён кетяпти: Истиқлол берган эркинлик туфайли миллий адабиётимиз дарёси тўлиб-тошиб оқяпти, бу оқимда хас-хашаклар, кўпигу қуйқалар беҳисоб. Дидли китобхон ҳафсаласини пир қиладиган хашаки “ижод намуналари” билан баробар, гавҳарга арзигулик бадиий топилмалар ҳам йўқ эмас. Бугунги адабий жараённи синчиклаб кузатиб, астойдил сараланса, адабиётимизнинг ҳозирги куни ва эртасига умид уйғотадиган ҳаётбахш тамойилларни ўзида мужассам этган ижод намуналари ҳам мавжуд эканига амин бўламиз. Ҳамкасбларимга оғир ботса ҳам бир гапни дангал айтай: танқид адабий жараёндан ортда қоляпти. Сўраб, суриштиришлар шундан далолат бераётирки, кейинги ўн йил ичида, жаҳон адабиётини қўя турайлик, ўзимизда эълон этилган асарларни тўла-тўкис ўқиб, кузатиб борган бирорта ҳам мунаққидни тополмайсиз. Бир вақтлар шахсан ўзим адабиётимиздаги бирорта асарни ҳам эътибордан четда қолдирмай кузатиб, ўқиб борардим. Ҳозир ҳам имкон борича ҳаракат қиламан, аммо ҳаммасига улгуролмайман. Эҳтимол, шу ёшда мен учун бу ҳол узрлидир. Аммо ёшроқ мунаққидларни бу борада асло кечириб бўлмайди. Танқид майдонида турган, ўзини мунаққид сановчи азамат учун бу машаққатли юмуш мажбурийдир. Адабиёт дарёсида ғаввос каби сузмай, оқимдаги ҳамма нарсалардан яхши хабардор бўлмай туриб, уни саралаш асло мумкин эмас. Афсус, минг афсус, соҳилда туриб олиб оқим хусусида хаёлан, тахминан ҳукм чиқаришга уринишлар, нолишлар кўзга ташланаяпти. Бир вақтлар улуғ бир рус адиби афсус-надомат билан, яхши мунаққидларнинг эътиборсизлиги, ҳафсаласизлиги туфайли қанчадан-қанча ноёб истеъдодлар, бадиий кашфиётлар эл назаридан четда қолиб кетаётганини айтган эди.
Сир эмас, бугунги адабиётимизда жиддий жонланиш, кўтарилиш жараёни кетяпти, бу ҳол барча адабий авлод вакилларига хос, шу билан баробар, миллий адабиётимиз даргоҳига янги бир навқирон авлод шитоб билан кириб келаётгани қувонарли ҳол. Уларнинг минбарлардаги илк чиқишларини, матбуотдаги илк ҳикоя, шеърларини, илк тўпламларини ўқиб кўринг-а, уларни бундан 20-30 йил бурун адабиётда пайдо бўлган ёш ижодкорлар машқлари билан солиштирганда, бугунги навқирон авлоднинг бўйи бир неча баробар баланд эканига иқрор бўласиз. Шу йил апрель ойида Фарғона вилоятида ўтган адабиёт байрами кунлари ёш шоир ва носирларнинг чиқишлари кўплар қатори мени ҳам лол қолирди. Айниқса, Марғилондаги педагогика коллежида ўтган адабий анжуманда ёшлар ўқиган шеърлар… Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, Иқбол Мирзодек таниқли Халқ шоирлари қаторида туриб, минбардан шеър айтишнинг ўзи бўлмайди! Залда Халқ шоирларига қандай олқишлар ёғдирилган бўлса, ёшларнинг шеърлари ҳам ўшандай гулдурос қарсаклар билан қарши олинди. Яна бир ажиб ҳолат. Ёш шоир, шоираларнинг айримлари она тилида айтган шеърларини ўз таржимасида рус, инглиз, немис ва япон тилларида ўқиди! Таржима бўйича мутахассислар улар ҳақида илиқ гаплар айтди.
Қисқаси, 30-40 минутга мўлжалланган анжуман уч ярим соатга чўзилди. Бирорта одам ҳам зални тарк этмади. Тантанадан сўнг алоҳида-алоҳида ижодий гурунглар яна узоқ вақт давом этди. Шахсий суҳбатлар чоғи ёшлар орасида, шеърият билан баробар, ҳикоя, қисса, драма, ҳатто роман ёзганлари, адабий танқид билан қизиқадиганлари ҳам борлиги маълум бўлди.
Бундай манзарани бошқа вилоятларда ҳам кузатиш мумкин. Ёмон кўздан асрасин, яқин келажакда миллий адабиётимизда мавж ураётган янги тўлқин, албатта, ўз натижаларини беражак.
“Ёшлик” журнали, 2010 йил, 5 (234)-сон.