Фалсафа ва фалсафий фикр, ғоянинг қиммати ҳаётда билинади. У одамлар турмушини қандай ўзгартиролганига қараб баҳоланади. Фикру ғоя ҳаётнинг корига яраса, чигалликларга жавоб топа олса, жароҳатларга малҳам бўлолса, унинг қоғозда қолиб кетмагани шу. Бадиий сўз гоҳо жуда кўп нарсаларга қодир. Гоҳо ҳаётда ҳамма нарсалардан ҳам ожизроқ.
Сўзнинг кучидан умидсиз ўйларга толган чоғларида фарғоналик шоир Баҳодир Исо шундай ёзган экан:
Қишни баҳор қилмади шеъринг, Ағёрни ёр қилмади шеъринг, Ё йўқни бор қилмади шеъринг. Қўй, Баҳодир, энди шеър ёзма…У шеърдан кўп нарсалар кутади: шеър Оролга сув бўлишини, ерда буғдой бўлиб унишини, халқни ўстириши ва унинг қалбига илҳомлар солишини истайди. Лекин кўз ўнгида бу ишлар содир бўлавермаганда, умидсизлангандай, шеъринг шундай улуғ, олижаноб ишларни адо эта олмадику, энди бу беҳуда машғулотни ташласанг ҳам бўлади, деган аччиқроқ бир қарорга келади. Албатта, бу шеърнинг сўзи. Амалда эса шоир бу қарордан кейин ҳам қанчалаб чиройли, таъсирли, самимий шеърлар ёзди. Эллик ёшида «Яхшилар бор яхшиям…» деган нозанин бир китобини нашр қилди…
Суқроту Афлотун Арастулар неча минг йиллар оша ҳамон тирик. Уларнинг ғоялари инсоният жамиятлари тизимларида ҳамон ўсиш-ўзгаришларга хизмат қилади. Фикрнинг тириклиги ва ҳаракати одамларнинг тириклиги ва ҳаракатларига боғлиқ. Ҳар қандай гўзал ноёб гул уч кун сув ичмаса қурийди. Гулга оби ҳаёт, фикрга эса ҳаракат… Шеър ва ҳаётнинг ўзаро муносабат ва алоқалари, таъсирлари деганда Ғафур Ғуломнинг «Сен етим эмассан» ёки Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» шеърларини эслаш кифоя. Қанчадан- қанча етимларнинг бошларини силади, уларнинг қалбларига умидбахш ёлқинлар сочди, одампарварлик, миллатпарварлик, ғурур ва ҳаракатга чорлади бу каби шеърлар. Шеър инсон ва жами инсониятнинг метофорик хотираси. Хотира эса, доим тирик сабоқлар билан ишлайди.
Фарғонанинг Чимёнида Шоҳимардон этакларидан бошланиб, то Поп томонларгача узайиб, узана тушиб боргувчи ғаройиб баланд адирлар бор. Бир-бирларига уйғун чўзилиб борган икки адир оралаб бир сой узоқ шалдираб йўл босади. Уни Олтиариқ ва гоҳо Чимёнсой ҳам дейдилар. У икки адир ўртасидан оқиб бир-бирига уланиб кетган боғлар, экинзорлар, теракзорлар, тўқайзорларни ажиб бир нашъага ғарқ қилади. Теракзорлар ва боғзорлар оралаб қишлоқлар кетма-кет уланиб кетади. Чимёнга борган кезларим мен ҳазрат Ҳувайдонинг серфайз зиёратгоҳидан сой бўйлаб бир неча санаторийларнинг обод манзилларидан ўтиб то Хонқизгача сайр қилиб боришни яхши кўраман. Бу ерлар, бу содда меҳнаткаш одамлар, теракзорлар, боғлар, қўйларини ўтлатган чўпон-чўлиқ болалар, ер қазиб мармар ахтарган ўсмирлар ва мана бу ер юзидаги жаннат оралаб келаётган, суви Кавсар сувидан ҳам ширин ва ёқимли Чимёнсойни кўрмай, унинг мангу симфониясини эшитмай кетсам нима бўларди дейман? Нотамом ва нотугал ўтиш бўлмасмиди ўша? Булар-ку теграмни қуршаган фаровон муҳит… шамоллар бунда беҳад сарин… ҳаволар бунда ипакдан майин. Айниқса, тушдан сўнг бу адирларда ҳеч таърифга сиғмайдиган еллар ҳувиллаб эсиб туради. Тушдан кейин мен қўлтиғимга бир қанча китобларни қистириб сарбаланд адирларга кўтарилиб бораман ва ҳар қадамда тўхтайман, тўхташга мажбур бўламан: ҳар қадамда бир бошқа манзара, бир бошқа гўзаллик, тин олиб уларга тўймай қарайман, ҳар бир чизиғини ёдимда сақлаб қолишга жазм қиламан, лекин бу ёшда жазмим муяссар бўлгаймикин, хотирам унсунлари панд бермасмикин? Оёқларим остида сарвнинг нимтатир сариқ чечаклари гилам каби ёйилган сарғимтир майсаси, улар худди одамлардай шағалли заминга маҳкам ёпишган, гуллаш, яшаш, қуёш, ой, еру замин, мўъжизакор обу ҳаволар билан тиллашишга интилади. Майда қумтошлар оёқ тагида шиғирлайди. Адир худди оёғингиз остида шеър ўқиётгандай эшитилади. Менга бу товуш пором ёқади. Миям қаватларига қандайдир ором ва осудалик кириб боради. Беихтиёр Навоийнинг:
Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил Шулаъи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ, яшил —деган мўъжизий байти ёдимга тушади. Назаримда Навоий бу «қизил-сориғ-яшил»ни худди қўшиб ёзгандай туюлади. Бу баҳорнинг ранги, кўп ранглар қўшилган битта ранг. Кўнгил бу ажиб ранг ичида чўмилади, рангдан денгиз яратади ва ўзи ҳам баҳор ранги денгизига дўнади. Ҳозир Чимён манзаралари шундай қизил-сориғ-яшил ва мундай ўқиш учун олиб чиққан китобларимга боқсам, не ҳайратга чўмайки, Мақсуда ва Марҳабонинг китоблари ҳам айни шу қизил-сориғ-яшиллик ичра ял-ял ёнарди. Унга десам, Алишер ва Энахоннинг китоблари ҳам ҳазрат айтган рангга чулғанганди. Рассом бу рангларни аллақандай савқитабиий билан топган ва бу ранглар Фарғона рнглари билан тамомила уйқаш эди…
Яна ўша пастдаги боғ ва экинзор рўпарасида баланд адирда ўтирдим. Марҳабонинг «Дунёнинг бир қавати» деган китобини очдим… Ўлай агар, биз кўзи юмуқлардан эмасмиз. Аммо негадир худди кўзи юмуқлардай яшаймиз. Марҳабонинг шеърлари билан энди танишяпман, ҳолбуки, у аллақачон бир қанча қўшиқлар китобларини чиқариб, анжуман-издиҳомларда шеър ўқиб, сўз айтиб, шеърлари халқ орасида кенггина тарқалган, севиб куйланар, ёдланар, давраларда айтиларкан… Халқ ўзига яқин шеърнинг маънисига, мевасига ўзини танқидчи деб солланиб юрганлардан анча олдин тушуниб етибди, ёд олибди, турмуш маъракаларида ўзига маънавий бир таянч санабди. Унинг 2008—2009 йилларда чиққан «Дунёнинг бир қавати» ва «Шукур, шукур, минг шукур» деган китобларини мана шу Чимён адирларида тушдан кейинги эсган сарин шамол бағрида ўтириб ўқидим. 2010 йилнинг апрели, аммо ҳали савр кирмаганди. Баъзи сўзлар, жумлалар, етакчи мотивлар боқиб турган тўлин ойдек, оқиб турган айқин сойдек ёқади ва ҳузуру ҳаловат олиб киради кўнгилга. Чимён адирларининг энг баланд, энг шабада ғириллаб елган жойида, атрофимда боғларга бурканган қишлоқлар, фақат Марҳабонинг эмас, Мақсуда Эргашеванинг «Кўнгил кишилари», Баҳодир Исонинг «Яхшилар бор…», Энахон Сиддиқованинг «Ишқ ифори», Али Қамбарнинг «Оқаётган сабр», Исмоил Маҳмуднинг салмоқли маъноли ғазаллари, Алишер Ибодиновнинг «Соҳил яқин», Эрдавлат Одиловнинг «Киткон. Шодмон ўғри» романлари, Охунжон Ҳакимовнинг шеърлар сайланмаси, ибратли хотиралар китоби (ўттизинчи, қирқинчи, эллигинчи йилларнинг алам-аччиқ эсловлари тасаввурим бурчакларини машъал ёқиб ёритгандай бўлди). Аммо Тиловолди Жўраев, Алишер Ибодинов, Эрдавлат Одиловларнинг диққат-эътиборга лойиқ романлари, қиссалари, ҳикоялар туркумлари ҳақида алоҳида мавзу очиб таҳлил қилишни талаб қилади. Эрдавлатнинг трилогияси «Фарғона тонг отгунча»дан кейин ёзилган ва ўша проза йўлини давом эттираётган аҳамиятга сазовор ҳодисалардан… Бу ерда эса, ҳозир бир чимдим райҳондай шеърлар устида суҳбатлашайлик. Тоғ тизмалари, ўзбек қишлоқлари, боғотлар, қизилсориғяшил адирлар, фақат Фарғонада эсадиган ғир-ғир шамоллар қуршовида ўқиганим учунми, лаззатлар табиатнинг тароватига қўшилиб кетгани учунми, китоблардан бунчалик фароғат туйган эмасдим. Бўлмаса, худди шу кунларда, балки пича илгарироқ Семюэл Беккетнинг «Моллой» ва «Гўзал ва яна бошқа аёллар ҳақидаги орзулар» романлари, Эжен Ионесконинг «Каркидон», «Сочсиз қўшиқчи», «Холис қотил» пиесаларини ҳам ўқиб, илгари менга нотаниш бўлган сўз оламларига ғарқ кўмилиб юргандим. Беккет, онг оқими, абсурд адабиётлари қайда-ю Марҳабо ва Мақсуда қайда, жуда қизиқсиз-да сиз ҳам, дейсиз ҳойнаҳой…
Лекин у сўзларнинг олдида бу сўзларнинг қадри асло паст эмаслигини кўрдим ва сездим. Марҳабо ва Мақсуда, аввало, халқнинг жигарпораси бўлиб ёзишади, деб ўйладим. Уларнинг шеърларини ўқиганда, узоқ ўтмишдаги барча мунис, масъум, масъуд нарсалар кўз ўнгимда тирилгандай, тасаввуримда Нодира, Увайсий, Маҳзуналарни кўргандай, уларнинг ўз оғизларидан ўз турфа лаҳжаларида ғазал тинглагандай қувондим. Марҳабо қандай қилиб бунчалик равшан, ўта аниқ ва аниқлигида мусаффо сўзлар, жумлалар топади, нозик халқона қайтармалар қилади, сўзлар, қофиялар, ташбеҳлар ҳеч бир тўсиқсиз, ҳеч бир сохталиксиз тинглаётган кишининг кўнгил оламига оқиб киради. Бундай юксак маънодаги шеърий соддалик ва халқоналик Машраб, Ҳамза, Яссавий, Боқирғонийларнинг мулку фасонаси эди, энди бу фасонатарозлик Марҳабода қайта туғилибди ва ҳақиқий халқона шеърнинг сифати, фасоҳати, хосиятига айлана қўйибди. Бунда жунун аёлнинг ҳасби ҳоли, турмуш чигалликларини еча оладиган зийнатли ақли-фаросати, нозик таъби ва ўта мувозанатини топган нафис ҳиссиётлари билан туташиб, бир жон-бир тан бўлиб катта шеъриятнинг гўзал фариштаси дунёга келибди.
Бу шеърлар билан илк бора ошно тутинаётганда Чимён боғларида олмалар ва беҳилар чаман бўлиб гуллаганди. Қизилсориғяшил майсаларда ўтириб ҳов пастдаги боғларнинг кўк масарратига қарайман. Худди рўпарамда анча пастда бир парча кафтдек ер майдалаб чопилган, текис ариқчалар тортилган, у ерни кўҳна ўриклар, тутлар, зумрад буталар ўраб туради. Салгина чапроқда чоғроқ бир тепа, унда гуркираб очилган қизғалдоқлар еллар билан рақс тушиб тебранади ва атрофга ажиб шуълалар сочади. Чопилган сарғайиб турган ернинг қоқ ўртасида бир улкан олма дарахти шундай қийғос гуллаганки, улар орасидан шох-бутоқлар кўринмайди. Уч кунгача адирнинг худди мана шу ерига чиқиб, шу қўшиқдай гуллаётган улкан олма дарахтини томоша қилиб ўтирдим. Олмадан оқ шуълалар, лолалардан қизил шуълалар ёғиларди. Бу шуъладорлик бағирдор шуъладорлик эди, у нимаси биландир Энахон, Мақсуда, Марҳабо, Матлуба, Малика, Зуҳра, Баҳодир, Ғулом Фатҳиддин, Али Қамбар шеърларига туп-тус ўхшаб кетарди. Шунда мен фарғоналик ижодкор дўстларимнинг шеърият ва прозадаги изланишлари асл Фарғона табиатига нақадар уйғун ва мувозий эканлигини ҳис қилдим. Табиатдан жонузорлик, адаб сарришталари, андиша тилсимлари ёғилгандай уларнинг асарларида ҳам худди шу нарсалар аксланарди.
Табиат бағрида хаёл суриб бир сирни пайқадим. Марҳабо турмуш, инсонлар ҳаётидан бир бош мотивни ахтариб топса, сўнг уни тўхтатиб бўлмас экан. Шеърий илҳоми жўш уриб, сўзлар тушдан кейинги еллардай қуюлиб келаверар экан. Бош мотив Яссавийда, Ҳамзада, Машрабда шундай буюк илҳом манбаи эди. Бизнинг Мамаюсуф ҳам бош мотив топса, илҳоми парвозида тўхтамай баландлаб бораверарди. «Халқ бўл элим», деган мотивни кашф этдими, илҳоми селдай тўхтамасди. Марҳабонинг етакчи мотивларига қаранг: «Бировнинг боласи уйимда», «Қизим, қайнонанг — тилло», «Қуда бўлдик», «Навоийга қўшни бўлсам», «Биз куйдириб кетган йигитлар», «Ушабтуринг», «Қутиласан-а, қутиласан» ва ҳоказо. Марҳабо ўзи ҳаётда кашф этган мотивларни ўта нафис бир дид билан камолот чўққисига кўтаради, янги мазмунлар очади. Ҳар бир мисраси хотирага тўсиқ билмай жойлашади, эзгу ҳислар уйғотади.
Мақсуда Эргашевани ўқиб ўтириб эса, у нега китобини «Кўнгил кишилари» деб номлаганлигини англаб етгандай бўлдим. Фарғоналикларни шоиранинг шу сўзи орқали билгандай эдим. Фарғоналиклар каттаю кичик — ҳаммалари чин маънода кўнгил кишилари. Улар кўнгил измига, кўнгил амрига, кўнгил қарорига юрадилар, оламни худо ато этган кўнгил ойнасида кўрадилар, бу ойна ноёб андеша ҳиссиёти билан сайқалланган, ҳеч ким андешанинг отини фарғоналикчалик авайлаб, ҳоритмай минолмайди. Шу жонузорликка эътибор тортаман десам, ният қилсам, Мақсуданинг бир шеърини калтирмасдан ўтолмайман:
Юксалади забаржад боғлар Қўлтиғига қисиб гулларин Яратганга айтиб саловат Кўкка чўзар зумрад қўлларин. Кезиб юрар боди саболар Ўсмир каби қўшиқлар айтиб Улар билан гулранг лаҳзалар Ўтиб кетар, келмайди қайтиб. Мен айланиб шул боғ ичинда Бармоқларим тупроғ ичинда Туйғуларим япроғ ичинда Жисму жоним титроғ ичинда…Одам боққа кирса шунчалар титроққа тушади, одам тупроқни шунчалар теран ҳис қиладими, одам ҳаётдан боғга, боғдан ҳаёт ва умрнинг ўткинчилиги, лаҳзаларнинг такрорланмаслиги фалсафаси ичига шундай табиий ва гўзал бир тарзда ўтадими? Мақсуданинг шеърлари ҳаёт — боғ-тупроқ фалсафасига тўла ва бу шоирона фалсафа нақ гулларнинг япроқларига ёзилганга ўхшайди. Мақсуданинг шеърлари боғ фалсафасини ўзига хос талқин қилган шеъриятдир, катта, умуммиллий шеъриятнинг ярашиқли давоми.
Менинг гулзоримнинг шу туришида Жамолинг шуъласи бордир, билурман. Агар насиб этса, ҳар бир чечакнинг Ҳар бир япроғига бир шеър қилурман…Мақсуданинг шеърларини ўқиганда, бу чин ва ҳақ ваъда эканлиги ва шоира унинг уҳдасидан тамомила моҳира бир қаламкаш каби чиқишига ишонч ҳосил қиласиз. Ва нега бу ерда Баҳодир тўғрисида икки оғизгина сўзламай. Баҳодир ўсмирлигидаёқ ҳассос ва ўта ҳалол, самимий, эътиқоди мустаҳкам, виждон овозига қулоқ тутиб иш тутадиган ижодкор. У кулолликда нечоғли моҳир бўлганидек, шеърда ҳам заргар. Ҳеч кимга ўхшамаган фикрлар шеърларини тўлғин ва жозибали бир мақомга кўтарган. Фарғонанинг яна бир тимсоли бу — журналист, шоир, жамоатчи Омон Ҳошим. Унинг шоирликка даъвоси йўқ. Лекин шеърлари маънавият ва ҳур ахлоқнинг чашмасидай қайнайди. Унинг ҳаёти неча-нечалаб романларнинг мавзуси. Қанча-қанча қанча ярашмасларни яраштирган, қанча ризқи яримталарнинг ризқини бутун қилган, йиқилганларни турғизган, адашганларни тўғри йўлга олиб чиққан бу инсон ғамгузорлик, матонат ва шайдоликнинг тирик тимсолидир. У Фарғонага келбат бериб туради.
Ҳазратларимизни кўрмасак, йўқламасак, ҳасратларимиз ортади. Ҳазрат Ҳувайдо…
Ростми-ёлғонми, Ҳувайдо бир олма нави етиштирди. У буруннинг қонидан ҳам қизил, асалнинг болидан ҳам ширин, қуртламас, қаримас, ҳосил беришдан тўхтамас эди. Ҳувайдо ҳар кез шу қизил олма ғарқ пишганда бир этакка солиб баланд адир устига чиқар ва Марғилон, Риштон, Олтиариқ, Киткон, Водил томонларга қараб ирғитарди. Фарғонада шу олтин олма кўпайсин ва авлодларга насиб этсин дерди. Марҳабо, Мақсуда, Энахон, Матлуба, Зуҳра, Исмоил, Баҳодир, Ғулом, Тилаволди ва яна неча-нечалаб ижодкорлар бугун Фарғонада ҳазрат Ҳувайдо сочган олмалар каби ўз ижод боғини обод этишяпти. Уларнинг Мақсуда таъбири билан айтганда, оддий ўгитлари куйдай жаранглайди ва ўзига эътибор тортади. «Ўсган сари умр дарахти Олтинланиб боради ботин», дейди яна Мақсуда. Фарғона азалдан шуъла таратувчи макон саналади. Шунинг учун у ерлик одамларнинг ички гўзаллик касб этишга интилишлари ғоятда табиийдир.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 20-сонидан олинди.