Рустамжон Тожибоев. “Уч Хароботий” кимлар эди? (2010)

Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг бой ва ранг-баранг адабий меросида адабиётшунослигимизда шартли равишда “Уч хароботий”, деб номланиб келинаётган мусаддаси ҳам борлиги барчамизга яхши маълум.

Уч хароботий эрурмиз, сокини майхонамиз,
Хум бошидин чарх уриб, монанди бир парвонамиз,
Маст ўлубмиз, жўшиши майдин ажаб девонамиз,
Ҳолимиз дунё ғамидин фориғи кошонамиз,
Ёр бизнинг ёримиз, жонон бизнинг жононимиз,
Ушбу даврон бирла ўлсак, йўқ эрур армонимиз —

бандлари билан бошланувчи мазкур мусаддас мазмуни ва бадиий жиҳатдан юқори даражада бўлгани сабабли, 1958 йилда эълон қилинганидан буён кўплаб йирик адабиётшунослар эътиборини жалб этган ва юқори баҳо олган.

Атоқли шоир ва зукко адабиётшунос Мақсуд Шайхзода мазкур мусаддасни “Фурқат лирикасининг шоҳ асари, деб саналишга лойиқ”, дея таърифлайди. Унинг фикрича, “бу мусаддас ҳақиқий дўстликнинг ва ҳаёт, бахт, севги тантанасининг ўлмас таронасидир”.

Давр адабиётини пухта ўрганиб, улкан тадқиқотлар яратган адабиётшунос Ғулом Каримов ушбу мусаддасда Фурқат дунёқарашининг муҳим томонлари акс этиши билан бирга, унинг ижодий-эстетик позицияси ҳам ифода қилинганини таъкидлаган. Таниқли фурқатшунос Абдурашид Абдуғафуров бу асарни “фалсафий-сўфиёна йўналишга эга бўлиб, Фурқат лирикасининг бошқа намуналаридан ажралиб туради”, деб таърифлайди.

Академик Азиз Қаюмов мазкур мусаддаснинг шоир ижодида алоҳида ўрин тутишини таъкидлаб, “бу мусаддас Фурқат ва яна ўша доирадаги икки шоир иштирокида мушоира йўли билан ёзилган шеър бўлса керак”, деб тахмин қилади.

Устоз адабиётшуносларимизнинг бу машҳур мусаддас ҳақидаги фикрлари бизни изланишга чорлади. Айниқса, академик Азиз Қаюмовнинг мусаддас муаллифи масаласида билдирган фикрлари шеърнинг ёзилиш тарихини ва ундаги уч хароботийнинг кимлар эканини аниқлашга бўлган иштиёқни оширди.

Маълумки, Фурқат ижодининг дастлабки йилларида унинг Хўқанди латиф адабий муҳити вакиллари билан ижодий ҳамкорлиги самарали бўлган. Унинг кўплаб ғазал ва мухаммаслари шу ижодий ҳамкорлик натижасида яратилгани шубҳасиз. Бу ҳақда шоирнинг ўзи 1891 йилда ёзилган “Хўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг аҳволоти, ўзи ёзғони” номли асарида қуйидагиларни қайд этган: “Чун ёшим соати умр шабру рўзида йигирма тўрт шумориға етти. Ул вақт Хўқанд вилоятидаги фозил ва расо табъ кишилар бирла идтиҳод айлаб, аларнинг суҳбатидан кўб баҳралар топдим ва аср шуаролариким, чунончи, мавлоно Муҳйи ва мавлоно Муқимий ва мавлоно Завқий ва мавлоно Нисбатдурлар, ҳамиша мажлис бунёд айлаб, зодаи табъларимиздин мушоира қилур эрдук ва бир ғазалда татаббуъ кўргузиб, бир мазмун ҳар навъ ифода эрди. Гоҳо ҳамд гулшанидин гул узуб, гоҳо наът нахлистонидин самарчин бўлур эрдук ва баъзи вақт ишқ тавсифи ва ҳусн таърифида ғазал машқ айлаб ва гоҳи қадимий шуаролар девонларидан бир шўх ғазални топиб, анга ҳар қайсимиз алоҳида мухаммас боғлар эрдук”.

Фурқатнинг мазкур сўзларидан илҳомланиб, “Уч хароботий” мусаддасининг қаҳрамонларини билишга интилиш бизни изланишларга даъват қилди. Шунда мазкур мусаддасга вазни ва қофияланиши жиҳатидан яқин бўлган уч ғазал диққатимизни ўзига тортди. Улар қўқонлик олимлар — заҳматкаш адабиётшунос, зукко матншунос, мурҳум Аҳмаджон Мадаминов ва А.Турдиалиев томонидан нашрга тайёрланиб, чоп этилган қўқонлик бошқа бир машҳур шоир — Фурқатнинг дўсти, ҳамфикри, ҳаммаслаги атоқли шоир Убайдуллоҳ Завқийнинг “Ажаб замона” шеърлар тўпламидан ўрин олган. Бу ғазлларни қуйида келтиришни лозим топдик:

Биринчи ғазал

Бодаи васлинг қачон нўш этибон қонамиз?
Онгача ҳижронда бўлғайму бизи майхонамиз?
Шамъи оламсўз ҳуснингни кўруб, парвонаваш
Умрлардур оташи ишқинг аро ўртонамиз.
Бир мурувват кўргузуб, хуршиди оламтобдек,
Партави ҳуснинг билан қилғил мунаввар хонамиз.
Лутф этиб гар хотири маҳзунимиз шод этмасанг,
Биз ҳам этган ваъдаи рўзи аластдин тонамиз.
Отма кўнгул шишасиға санги бежо, синмасун,
Таъбимиз озода деб, Фарғонада махтонамиз.
“Руҳ”ни ғолиб айлағил “шоҳ” ҳам маҳалли кишту мот,
Ишқ базми сатранж ўйнағон уч донамиз.
Кўнглумиз айлаб паришон, ҳар тарафга тарқатиб,
Неча муддатдурки, ул новаки мужгон шонамиз.
Анбарин зулфингни боғлаб жонлара таъвиз учун,
Ёдинг ила кечалар гоҳо чўчуб уйғонамиз.
Завқий ила Фурқатий, кулбангга дўстинг келмаса,
Айлаб истиғно бизам мундоқ ёрдин тонамиз.

Иккинчи ғазал

Муддатедур, бодаи ишқинг ичиб мастонамиз,
Масти лояъқил бўлуб, эл ичра кўп афсонамиз.
Истама дур айламак шамъи жамолингдин бизи,
Раҳм қилким, жону дил қилған фидо парвонамиз.
Қолмади таннинг мадори, жавру озоринг чекиб,
Жона еттук, лутф қил, бўлсанг агар жононамиз.
Телба кўрсанг, эй пари, ҳар лаҳза тут маъзурким,
Биз жунун саҳросидин келгон ики девонамиз.
Холу абрў ёдида бўлдук қаронғу рўзгор,
Нур ила нетгай ёруқ этсанг келиб кошонамиз.
Ўзгалардин сонмаким, биз ошнолиғда ҳасан,
Иҳтироз этма, арода йўқ эрур бегонамиз.
Эй, малоҳат мулкининг султони, этма ноумид,
Қулларингнинг қуллари хайлида ўзни сонамиз.
Тушмаса гар арзимиз васлинг қулоғига қабул,
То тирикмиз, Завқий, Фурқат ҳажр ўтиға ёнамиз.

Учинчи ғазал

Ой жамолинг шамъиға ҳар кеча ўртаб ёнамиз.
Жон нисор этмоқда гўёким, пари, парвонамиз.
Неча кундур, айладинг базми висолингдин йироқ,
Эй пари, бўйла хаёлинг истаюб девонамиз.
Боғлаюб аҳли муҳаббат, санга бўлдук ошно,
Гарчи бўлса сарвқад жилвагаҳи бегонамиз.
Жоми ишқингдин муҳаббат бодасин ул дам ичиб,
Фориғ эл ташвишидин, то ушбу дам мастонамиз.
Мунча ғавғодин, рақиби рўсияҳ, недур мурод?
Табъи нозукдур, кўтармас фитнани жононамиз.
Хоҳи рад қилғил бизи, хоҳи қабул эт, шаҳриёр,
Даст “алиф-лом” хизматингда тургувчи мардонамиз.
Ой жамолингдин кўтар етти ҳижоб, тўққиз ниқоб,
Чун ҳарими васлинга маҳрам бўлолмай ёнамиз.
Қолмади тоқат тағофулдин, нигоро, ҳам чу тифл,
Ваъдаи ҳалвога токай талпиниб алдонамиз.
Аскарини Нисбатий, кам Завқию Фурқат деди,
Биз ҳам истиғно этиб мундоғ жавондин тонамиз.

Биринчи ғазал адабиёт аҳлига устоз адабиётшунос, марҳум Ғулом Каримовнинг олий ўқув юртлари талабалари учун ёзилган “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслиги орқали маълум эди. Тўғри, Ғулом Каримов асли 9 байтли бу ғазалнинг 6 байтини келтирган, холос. Адабиётшунос нима сабабдан бундай қилгани бизга маълум эмас. Ғазалнинг 2-, 3-, 4-байтлари тушириб қолдирилган. Натижада у олти байтли ғазал сифатида ўқувчилар диққатига ҳавола қилинган. Ғулом Каримов ёзишича, “Мазмунан характерли бўлган бу ғазал ўзининг умумий руҳи ва услуби билан Фурқатнинг машҳур “Уч хароботий” мусаддас-таржиъбандини эслатади. Бу ғазалда ҳам “Уч хароботий” мусаддас-таржиъбанддаги каби самимий муҳаббатга эга бўлган, лекин ёрнинг бевафолигидан алам ва изтироб чеккан “уч ошиқ” ҳақида фикр юритилади. Бу ғазалда ҳам истиғно билан ўз ёридан кечиб, фалсафий мулоҳазалар оламига отилган “нозик табиатли” ошиқлар образи гавдаланиб туради. Ғазал ғоявий йўналиши жиҳатидан “Уч хароботий” мусаддасидаги мазмунни давом эттириши билан бирга, қофия, вазн ва бадиий образлар системасида ҳам унга ўхшаб кетади”.

Иккинчи ғазал ҳам адабиёт аҳлларига маълум. Унинг матнини дастлаб таниқли адабиётшунос, марҳум Абдурашид Абдуғафуров ўзининг “Зокиржон Фурқат” рисоласида келтирган. Мазкур нашрда ушбу ғазал тўққиз байтли бўлиб, қуйидаги байт унда еттинчи бўлиб келган:

Айладук таклифи вайрона, Сулаймон деб сани,
Гарчи мўри ланг янглиғ қодири бир донамиз.

“Ажаб замона” китобида мазкур ғазалнинг саккиз байтли бўлиб келгани ноширларнинг бошқа қўлёзма баёзга асосланганларидан бўлса керак. Абдурашид Абдуғафуров мазкур ғазални “шу вазн ва қофияларда ҳамда етакчи руҳ жиҳатидан мусаддасга ҳамоҳанг”, дея таърифлайди. Муаллиф ғазални Фурқат қаламига мансуб деб ҳисоблайди ва юқорида келтирилган биринчи ғазални “Завқий ҳам бу мавзуда қалам тебратиб, Фурқат ғазалига ҳар жиҳатдан монанд назира яратади, у ҳам лутф билан Фурқат тахаллусини ўз ғазалида келтиради. Аммо Фурқат ғазалидан фарқли ўлароқ, Завқий назираси уч шахс номидан ёзилганки, бу уни юқорида сўз юритилган мусаддас (“Уч хароботий” — Р.Т.)га янада яқинлаштиради”.

Иккинчи ва учинчи ғазаллар 1990 йилда А.Мадаминов томонидан эълон қилинган эди. Бироқ улар Фурқат ижоди намуналари сифатида китобхонларга тақдим этилган.

Бизнингча, ушбу биринчи ва иккинчи ғазалларни Фурқат ва Завқийнинг, учинчи ғазални эса Нисбатий, Завқий ва Фурқатнинг ижодий ҳамкорлигида яратилган десак, янглишмаган бўламиз. Уларнинг шу тариқа яратилгани ғазаллар мақтаъларида яққол акс этиб турибди.

Мазкур ғазаллар академик Азиз Қаюмовнинг “Уч хароботий” мусаддаси муаллифи масаласидаги тахминларини қўллаб-қувватлайди. Нисбатий, Завқий ва Фурқат дастлаб мазкур ғазалларни битганлар, сўнгра шу ғазаллар вазни ва қофияси билан боғланувчи мазкур мусаддасни яратганлар. Мусаддасда ҳар уч шоирнинг 1883 — 1886 йиллардаги кайфиятлари, ҳаётга қарашлари ўз аксини топган. Ўша пайтларда, Фурқат ҳали Қўқонда яшаб юрганида бу шоирлар маънан жуда яқин бўлганлари айни ҳақиқат.

Ана энди асл мақсадимизга келдик. “Уч хароботий” мусаддаси Нисбатий, Завқий ва Фурқатнинг ижодий ҳамкорлиги меваси ўлароқ дунёга келган, дейиш мумкин. Шеърнинг лирик қаҳрамонлари — “уч хароботий”, “уч аламкаш”, “уч қаландар”, “уч биродар”, “уч мусофир”, “уч адойи”, “уч навойи”, “уч ғарибий”, “уч вафойи”, “уч балокаш”, “уч мукаддар” эса, бизнингча, ҳамшаҳар, ҳамфикр, ҳаммаслик шоирлар Нисбатий, Завқий ва Фурқатдирлар.

Рустамжон Тожибоев,

филология фанлари номзоди, доцент

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 21-сонидан олинди.