Алишер Навоий ҳазратларининг:
Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил,
Шуълаи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ, яшил —
мисралари билан бошланадиган ғазалини узоқ муддат мутолаа қилдим. 7 байт, 96 сўздан иборат ушбу ғазалда 5 тагина сўз изоҳ талабдир: хилъат — ҳашамли кийим, сарпо; самум — ҳалокатли иссиқ шамол, гармсел; тобадон — уйга ёруғ тушиши учун эшик тепасига қўйиладиган туйнук; хирқа — шайх ва дарвешларнинг уст кийими, жанда; шингарф — қизил бўёқ, қизил ранг;
Бироқ ғазалнинг туб моҳиятини англашга сўзларнинг луғавий маъносини билиш камлик қилар экан. Ғазални илк ўқиганимда кўз олдимга вақт-вақти билан осмонда пайдо бўладиган “Ҳасан-Ҳусан ўқ-ёйи” келган эди. Ҳозирда болалар бу ҳодисага унча ҳайратланмайдилар. Лекин биз уруш даври болалари “Ҳасан-Ҳусан ўқ-ёйи” пайдо бўлганида ундан кўзимизни узолмасдик. Қалбимизга қарияларнинг бу борадаги сўзлари қаттиқ ўрнашиб қолган эди: “Шу ранглардан ўтсанг, Худога етасан”. Рангларни санаймиз, 7 та — қизил, сариқ, яшил, зангори, кўк, оқ, қора. Қизил, сариғдан кейин зангори, сўнг яшил. Ҳаммасидан ҳам қарияларимизнинг 7 рақамига ихлосларидан ҳайратланганмиз — намозда 7 аъзонг ерга таянади: 2 оёқ учи, 2 тизза, 2 панжа ва 1 пешона. Буларнинг бариси зоҳирий аломатлар, лекин бу мўъжаз ҳайратнинг ботиний ундовлари не экан?
Филология фанлари доктори Ҳ.Болтабоев талқинидаги “Шарқ мумтоз поэтикаси” китобида келтирилган “Жавҳару-з-зот” асарида Фаридиддин Аттор: “Жонон — тавҳидида бирликдамиз. Кулл — умумият жавҳари, ягоналигимиз шаксиз. Тавҳидда ягоналик-бирликдан ўзга нарсани кўрмадим. Ваҳдат — ягоналикни ягоналикдан ягона деб танладим”, дея рақам этган. Мазкур асар изоҳида “жонон — илоҳий маҳбуб, яъни Оллоҳ”, деб кўрсатилган.
Демак, ғазал матлаъсидаги жонон — илоҳий маҳбуб хилъатидан тараладиган қизил, сориғ, яшил рангларга жавобан лирик қаҳрамон оҳидан қизил, сориғ, яшил ранглар чиқади. Хўш, нега энди ранглар — қизил, сориғ, яшил? Ва нега у:
Гулшан эттим ишқ саҳросин самуми оҳдин,
Ким эсар ул дашт аро ҳар ён қизил, сориғ, яшил —
дея, ишқ саҳросини ҳалокатли иссиқ шамол, қаттиқ гармсел оҳи ила гулшан — турфа рангли гулзорга айлантиради? Ва яна:
Шишадек кўнглумдадур гулзори ҳуснинг ёдидин,
Тобадоннинг аксидек алвон қизил, сориғ, яшил.
“Гулзори ҳуснинг ёдидин” — “тобадон”дан тушадиган ранглар: қизил, сориғ, яшил. Лирик қаҳрамоннинг хаёллари чексизлик комида, унинг кўзлари олдида даврон турфа рангларда: қизил, сориғ, яшил.
Оразу холинг била хиттинг хаёлидин эрур,
Кўзларимнинг оллида даврон қизил, сориғ, яшил.
Лирик қаҳрамон деганда кўп ҳолларда шеър муаллифи англашилганидан бу ўринда ҳам ҳиссиёт тизимини Алишер Навоий ҳазратларининг ўзларига боғласак ўринли кўринади. Шоирнинг камтарлиги олдида бош эгмай иложимиз йўқ:
Лаългун май тутқил олтин жом бирла сабзада,
Ким булардин яхши йўқ имкон қизил, сориғ, яшил.
Хўш, беимконлик нимада? Нега “бирранглик душвор”?
Фақр аро бирранглик душвор эрур беҳад, валек,
Хирқада тикмак эрур осон қизил, сориғ, яшил.
Нега Алишер Навоийдек тасаввуф илмининг зукко билимдони, “Лисонут-тайр”дек сўфийлик достонини битган, 700 дан ортиқ шайх ва сўфий тўғрисидаги маълумотларни жамлаб “Тазкиратул-авлиё”ни рақам этган шоирлар султони шингарфу (қизил бўёқ, қизил ранг) “зангор истама”, дейди:
Эй Навоий, олтину шингарфу зангор истама,
Бўлди назминг рангидин девон қизил, сориғ, яшил.
Битигимиз аввалида шариат ва тариқат илми олимларининг суҳбатлари, баҳслари тўғрисида сўз очган эдик. Тасаввуфда Оллоҳни билиш, англаш йўллари борасида турли қарашлар мавжуд. Агар Боязид Бастомий солик илоҳий маърифатни фақат ўзлигини буткул йўқотиб, фонийлик ҳолатида идрок эта олади деса, Жунайд Бағдодий, Нажмиддин Кубро сўфий фақат бухуд девона бўлса, унинг маърифати фақат ўзигагина татийди, ўзгаларни тарбиялай олмайди ва бақога етолмай, ярим йўлда қолади, дейдилар.
Нажмиддин Кубро ҳазратлари руҳоний кечинмалар, нозик “латоиф” ҳолатлар силсиласида инсон руҳи кўзга кўринмас, илғаб олиш мушкул бўлган — онг ва туйғу, руҳ ва жисм орасидаги илоҳий хислат, сўфий уни машаққату машқлар бардавомида бу латоифни турли ҳолатларнинг ўзгариши, ранглар ва шаклларнинг алмашиниши тарзида тасаввур қилади, деб уқтиради.
Адабиётшунос олим Нажмиддин Комилов “Нажмиддин Кубро” рисоласида ҳазрат таълимотини шундай шарҳлайди: “… ранглар сўфийнинг руҳий ҳолатлари, Оллоҳ томон сафаридаги даража-босқичларини билдириб туради. …Руҳнинг рангдан-рангга кўчиши ривожланишдан нишонадир. …Чунончи зангори ранг соликнинг тавба қилиб, тариқатга қадам қўйганида кўринади, бу ҳолатда у шариат доирасида бўлади, мантиқий-далилий билишдан ҳали қутулмаган, ҳали кўнглида дунёвий ҳаваслар майли ҳукмрондир. (“Эй Навоий, олтину шингарфу зангор истама”.) Бундан кейин тариқат бошланади, солик қалбида муҳаббат қўзғалади, у Оллоҳ ёди (“Шишадек кўнглумдадур гулзори ҳуснинг ёдидин”) билан яшайди ва бу сариқ рангга тўғри келади. Қизил ранг соликнинг руҳи вужуддан ажрала бошлагани, маърифатга яқинлашгани, маънавий моҳиятлар оламини англаганини маълум қилади. Аммо бу босқич ҳали ҳирс қутқусидан халос бўлмаган бир ҳолатдир. Сўнгра оқ ранг кўринадики, бу юракнинг покланишига ишорадир ва Ҳақиқатни англаш бошланади. Ҳақиқат оламидан хабардор бўлиб, тавҳид ҳолатини бошдан кечиради. Шундан кейин яшил ранг келади. Яшил ранг валийликдан нишона. У сирларнинг сирига, ғайбга ошноликни билдиради ва соликнинг асл моҳиятларига етишганини ҳам англатиши мумкин”.
Ва ниҳоят охирги ранг — қора ранг. Демак, мазкур ранглар соликнинг Оллоҳ томон ва Оллоҳ билан руҳий сафарини англатади. Ва ниҳоят, солик руҳи Оллоҳ ҳузурида пайдо бўлади. У қора рангдан қутулиб, рангсизлик ҳолатига киради. Зоти кулл даражасини эгаллаган солик якранглик ҳолатида мақсадга эришаркан.
Албатта, Алишер Навоий ҳазратлари етти ранг моҳиятини яхши билган, лекин юқорида лирик қаҳрамон шоир дедик, аммо шеър, Кайковус “Қобуснома”да: “Эй фарзанд, шеърни халқ учун ёзиш керак ва ўзи учун ёзмайди”, деганига эътибор этсак, ушбу байт жуда ўринлидир:
Фақр аро бирранглик душвор эрур беҳад, валек,
Хирқада тикмак эрур осон қизил, сориғ, яшил.
Алалхусус, қизил рангда соликнинг руҳи вужуддан ажралиб, маърифатга яқинлашгани, маънавий моҳиятлар оламини англагани билан бу босқичда ҳали ҳирс қутқусидан халос бўлмаган бир ҳолат бўлса, сариқ рангда солик қалбида муҳаббат қўзғалади ва яшил ранг валийликдан нишона экан.
Демак, ҳам дунёвий, ҳам илоҳий ишқнинг ранг-баранглигини тараннум этувчи ушбу ғазал Алишер Навоий ҳазратларининг валийлигидан далолат эмасми? Иншооллоҳ, ҳазратнинг ўлмас асарлари дунё адоғигача боқий қолғусидир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 6-сонидан олинди.