Бюрократик тўсиқлар деганда мен асосан қуйидагиларни назарда тутмоқдаман: ТВ ва радиоларни-ку қўяверинг… Эфирга чиқиш мақсадида таклиф этилсангиз ёки ўз ихтиёрингиз билан борсангиз, хизмат гувоҳномангизнинг ҳеч қандай амалий аҳамияти йўқ. Агар ёнингизда паспортингиз бўлмаса, сизни ҳеч ким киритмайди. Бундай ҳолатлар республика миқёсидаги, ҳатто айрим тармоқ газеталарига ҳам тегишлидир. Тўғри, сақланганни Яратганнинг ўзи сақлайди деганларидек, ҳар недан огоҳ ва ҳушёр бўлганимиз маъқул, албатта. Шу боис ҳам у жойларда шундай ички тартиб ўрнатилгандир, балки…
Худди бугунгидек ёдимда. Биз университетда таҳсил олган талабалик йилларимизда домлаларимиз журналистика назариясига оид маърузаларида ҳар гал, газета — бу халқ минбари, миллионлар минбари. Шу боис, у жойга ташриф буюрган қаламкашми, мухлис ёки аризачими фарқи йўқ, улар учун муҳарририят эшиги доимо очиқ бўлмоғи керак. Чунки ундан барча ҳам ғоявий, ҳам маънавий озуқа олишлари мумкин деб уқтиришарди.
Домламизнинг берган юқоридаги ўгитлари гарчанд бу соҳада қабул қилинган муайян қонун ёки қарор вазифасини ўтамаса-да, унинг гаплари мантиқан тўғри деб ўйлайман. Чунки газета қайси давлат ва жамиятга хизмат қилишидан қатъи назар, унинг манфаатини ифодалаш билан кенг жамоатчилик фикрлари хилма-хиллигини ёритган ҳолда ҳамиша халқчил бўлиб, ҳукумат билан халқ ўртасидаги одил ҳакам ва айни чоғда воситачи — кўприк вазифасини ўтаб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади.
Яқинда газеталардан бирида ЎзМУ магистранти Нигора Тўхтамуродованинг “Эҳтиёткорлик қимматга тушмасин” рукни остида чоп этилган “… Касб масъулияти” сарлавҳали мақоласини ўқиб, унда кўтарилган шу куннинг долзарб мавзуси биргина “Нуроний” газетасигагина эмас, балки республикамизда чоп этилаётган бошқа қатор нуфузли газеталарга ҳам тегишли деб ўйлайман. Бундай дейишимизга бирмунча асослар, керак бўлса далилий исботлар бор. Бошқа соҳалардаги каби қалам соҳибларининг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилувчи қонун ва ички меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар борки, улар сирасига “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ва “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни киритиш мумкин.
“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунда фикрлар хилма-хиллигини ёритишга алоҳида эътибор берилган. Унинг 3-моддасида: “Ҳар ким оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир”, дейилади. Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти қурилаётгани муносабати билан иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва эркинлаштирилишини таъминлаш, фаоллаштириш мақсадида оммавий ахборот воситаларида тсензура бекор қилинди.
Минг афсуслар бўлсинки, амалда турли бюрократик тўсиқ ва қатор муаммоларга дуч келинмоқда.
Бюрократик тўсиқлар деганда мен асосан қуйидагиларни назарда тутмоқдаман: ТВ ва радиоларни-ку қўяверинг… Эфирга чиқиш мақсадида таклиф этилсангиз ёки ўз ихтиёрингиз билан борсангиз, хизмат гувоҳномангизнинг ҳеч қандай амалий аҳамияти йўқ. Агар ёнингизда паспортингиз бўлмаса, сизни ҳеч ким киритмайди. Бундай ҳолатлар республика миқёсидаги, ҳатто айрим тармоқ газеталарига ҳам тегишлидир. Тўғри, сақланганни Яратганнинг ўзи сақлайди деганларидек, ҳар недан огоҳ ва ҳушёр бўлганимиз маъқул, албатта. Шу боис ҳам у жойларда шундай ички тартиб ўрнатилгандир, балки…
Лекин нима бўлганда ҳам, матбуот халқ, демакки, миллионлар минбари эканлигини ҳам унутмаслигимиз, томошабин, эшитувчи, газетахону муштарийларни бундай мўътабар даргоҳга келиб, у ёки бу юмушлари билан мурожаат этишларига қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоғи мақсадга мувофиқ деган фикрдамиз.
Инсон зоти ҳамма нарсага кўникма ҳосил қиларкан. Бунисига ҳам кўникдик, дейлик. Лекин ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва иқтисодий ислоҳотларни қай даражада амалга оширилаётгани хусусида газеталарга хабар ёхуд мақола, қўйингки турли жанрлардаги қўлёзмалар билан мурожаат этсангиз, антиқа тартиб ўрнатилганини гувоҳи бўласиз.
Одатда газетага келган хат-хабару мақолалар биринчи навбатда хатлар бўлимига келиб тушади ва бўлим ходимлари томонидан алоҳида иш юритиш дафтарида қайд этилганидан сўнг бош муҳаррирга, у таътил, хизмат сафарида ёхуд бетоб бўлиб қолса, бош муҳаррир ўринбосарига киритилади. Бош муҳаррир ёки унинг ўринбосари келган хат-хабарни кўриб уларнинг мазмун-мундарижасига қараб, имзоси қўйилган ҳолатда яна хатлар бўлимига қайтарилади ва ундан сўнг тегишли ижрога чиқарилади.
Ва уларнинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилар, бирорта хат-хабар эътибордан четда қолмасди. Агар келган хат-хабарлар бир хил йўналишда ёки мазмунда бўлса, штатсиз мухбирларни ранжитиб қўймаслик, фаоллигини сўндирмаслик учун хатларга шарҳ (обзор бериларди. Унда ҳар бир мақола муаллифининг исми ва шарифи алоҳида кўрсатиб ўтиларди. Мабодо муҳарририятга келган хат-хабар ёки мақола газетада босишга лозим топилмаса, унинг камчилик ва нуқсонлари кўрсатилгани ҳолда мақола муаллифига албатта жавоб хати юбориларди. Шу боисданми, газета саҳифаларида чоп этилган мақолаларнинг 60-70 фоизи ташқаридан жалб этилган штатсиз мухбирларники бўларди. Натижада кундалик даврий нашрларда эълон қилинган мақолалар мазмун-моҳияти, географик ўрни, техник безаги жиҳатидан ранг-баранг ҳамда ўқимишли бўлар, шу боис матбаа тарқатувчи дўконлардан газетхону мухлислар кети узилмасди.
Ҳозир-чи? Ҳозир бунинг мутлоқ акси десак ҳам муболаға қилмаган бўламиз. Аксарият газета саҳифаларида чоп этилаётган мақола ва хат-хабарлар (онда-сонда учрайдиган баъзи “ўгай” мухбирларни жойлардан ёзган шингил мақолаларини ҳисобга олмаганда) ўша газетанинг махсус мухбирлариники ёки чет эл матбуотидан кўчириб олинган узуқ-юлуқ расмий хабарлардан иборат бўлиб қолмоқда. Назаримизда бундай газеталар ўша ерда фаолият юритаётган қалам соҳибларининг монополиясига айланиб қолгандек туюлади. Айримлари ўзларининг турли хил кўнгилсизликлардан соқит қилиш мақсадида “муаллиф нуқтаи назари таҳририятникидан фарқ қилиши мумкин, мақолада келтирилган фактлар учун муаллиф жавобгар”, деган ажабтовур изоҳни ёзиб қўйишган. Улар бу билан масъулиятдан қочиб, газетхонлар олдидаги бурч ва вазифаларини унутиб қўйишганга ўхшайди.
Фикрим қуруқ бўлиб қолмаслиги учун уни республикамиздаги газеталардан бирига “Чимён” сиҳатгоҳи ёнидаги қир-адирлардан янги ер очиб, боғ-роғ барпо этишга киришган меҳнаткаш инсон ҳақида
“УМРБОҚИЙЛИККА ДАЪВАТ” сарлавҳали мақола берганим билан изоҳламоқчиман. Мақоланинг тақдири бўйича уч-тўрт марта телефонлашганимдан сўнг газетага киришга тўғри келди. Мақолани масъул котиб хонасидан бир амаллаб топдик. Йўқотиб юборишмаганларига шукрона айтиб мақолага кўз ташласам, асл нусхасининг учдан бири ҳам қолмабди. Бошқача айтганда “ети менга, суяги сенга” деганларидек, ўқувчига суяги қолиб, илиги олиб ташланибди. Мақолани газетага топширганимга олти ой ўтаётган бўлишига қарамай, ҳанузга қадар босилмаганига афсус қилиб, йиқилган курашга тўймас деганларидек, яна бошқа бир мақоламни топшириб чиқдим. Буниси қачон чиқади билмайман.
Бошқа бир газеталарнинг ташкилот, корхона, хўжалик ва муассасалар ҳақида ижобий мақола ҳамда табриклардан тушадиган моддий манфаатдорлик кетидан қуваётгани оқибатида МИЛЛИОНЛАР МИНБАРИДАН ПУЛ МИНБАРИГА айланиб қолаётгани кўзга ташланмоқда.
Бошқа касб-кордагилардан фарқли ўлароқ ҳамкасбларимнинг барча билиб-билмай қилган хурмача қилиқларини тушиниш мумкин, аммо айрим газета ходимларининг жойларга бориб ёритмоқчи бўлган мавзуси бўйича ашёвий далил тўплаш, репортаж ва интервюлар олишдан аввал таъмагирлик қилиш, ҳали ёзиб улгурмаган мақоласи учун “қалам учи” олишга уринишларини асло кечира олмайман. Чунки улар мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда тиниб-тинчимас, ҳалол ва покиза меҳнати билан бошқа соҳа ходимларидан тубдан ажралиб турмоғи лозим деб ўйлайман.
“Ҳуррият” газетасидан олинди.