Ўтган асрда романлари чет тилларга энг кўп таржима қилинган классикларимиз ичида Одил Ёқубов асарлари алоҳида ажралиб туради. Айниқса, “Улуғбек хазинаси” дунёнинг ўттизга яқин тилида босилгани адабиётимизнинг фахридир. Туркчага романлари энг кўп ўгирилган ва қайта-қайта нашр этилаётган ўзбек ёзувчиси ҳам Одил Ёқубовдир. Устоднинг саксон ёши қутланаётган бугунги кунларда бу яхши ишларни эсламоғимиз ўринли, албатта.
Ҳали асарлари туркчада чиқмаган бўлса ҳам, унинг улкан ижодкорлигини эшитган ва билганлар кўп эканлигига 1990 йил декабрида Туркияга биргаликда ижодий сафар қилганимизда, Истанбулдаги ҳаво майдонидаёқ мухлислар ва журналистларнинг камералари билан дўстона қаршилаганларида, Отатурк маданият саройида ўтган уч кунлик Туркистон миллий қурултойи кунлари Одил аканинг чиқишлари гуррос олқишланганида, турли учрашувларда гувоҳ бўлганман.
Одил Ёқубовнинг икки романи — “Улуғбек хазинаси” ва “Кўҳна дунё” Аҳсан Ботур таржимасида ART нашриёти томонидан 1993 йилда Истанбулда илк бор чоп қилинди. Бу романлар ношири ва муҳаррири Яшар Дурунинг сўзбошида ёзганидек, халқлар ўртасидаги энг мустаҳкам кўприк маданият, адабиёт кўпригидир. Шу давргача бирор ўзбек ёзувчисининг романи босилмаган Туркияда бу асарлар ўқувчига янгилик бўлди, албатта. Зотан, туркияликлар Ибн Сино, Беруний, Улуғбек, Али Қушчини яхши билишади ва севишади, бу улуғ шахслар номида улкан жомелар, тиб марказлари, майдонлар борлигидан, улар ҳақидаги тарихий ва илмий китобларнинг кўплигидан ҳам билса бўлади. Одил Ёқубовнинг романлари бу машҳур кишилар яшаган даврни, шонли ва фожиали муҳитни, жамиятдаги юксалишлару таназзулларни, турли табақалар ҳаёти ва ундаги драматик ҳодисаларни, буюкларимиз, аждодларимиз тақдирларини, туркистонликларнинг сиймоси ва ўзига хос характерларини жонлантириб бергани билан ўқувчилар меҳрини қозонди.
Таржимон Аҳсан Ботур бу асарлардан кейин Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, Ойбекнинг “Навоий”, Шукруллонинг “Кафансиз кўмилганлар”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романларини жуда қисқа даврда ўгириб, турк ўқувчисига туҳфа этди (бу асарлар таржимасини, нашрини ташкил этишда Яшар Дуру ва Бобохон Шариповнинг хизматларини ҳам таъкидлаб ўтиш ўринлидир). Ўзбек адабиётининг Туркияда танитилишидаги бу хизматлари учун таржимонга Навоий мукофоти берилгани (1994 й.) унинг ғайратига яна ғайрат қўшди. У Одил Ёқубовнинг “Адолат манзили”, Пиримқул Қодировнинг “Авлодлар довони”, Нурали Қобулнинг “Унутилган соҳиллар”, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” каби асарларини туркчага таржима қилиб, нашр эттирди.
Одил Ёқубовнинг 1996 йилда нашр бўлган “Адолат манзили” романини таржимон у ҳали ўзбекчада китоб ҳолида босилмасдан олдин, қўлёзмасидан ўгириб, 1994 йилда Истанбулда, “Ўтукан” нашриётида чоп эттирди. Роман мухлислар томонидан яхши кутиб олинди. 2004 йилда “Саланга” нашриётида қайта босилди.
А. Ботур ўн йил аввал ўз таржимасида босилиб чиққан “Улуғбек хазинаси” ва “Кўҳна дунё” романларини ўзи бошқараётган “Саланга” нашриётида “Одил Ёқубовнинг тўла асарлари” сериясида 2003 йилда қайтадан чоп қилдириб, ўзбек ёзувчисининг Туркияда танилишида яна бир муҳим хизматни бажарди. Китоблар муқоваси ортида ёзувчи расми ва у ҳақдаги таржимон сўзи берилган. Бизнингча, А. Ботурнинг қуйидаги жумлалари эътиборга лойиқдир: “Одил Ёқубов замонамизда нафақат Ўзбекистон ва Ўрта Осиёдаги бошқа туркий давлатларда, балки бутун туркий дунёда тенги йўқ, рақибсиз бир уста ёзувчидир. Унинг ижоди ўзига хос мактаб, саноқли кишиларгина чиқа оладиган чўққидир. Адибнинг энг кўп таржима қилинган ва дунёга кенг тарқалган асари ҳисобланган, ҳатто Чингиз Айтматов ҳам ёстиғининг ёнига қўйиб, севиб ўқийдиган “Улуғбек хазинаси” романи ва ундан кейинги муҳим асари “Кўҳна дунё”дир. Китобни ўқиркансиз, бу сўзларимнинг муболаға эмаслигига амин бўласиз”.
Ҳақиқатан ҳам, бу сўзларда жон бор. Таржимоннинг ёзувчимиз ижодига жуда катта ҳурмат билан қарашини юқоридаги сўзларидан, айниқса, адиб романлари таржимасига жиддий киришганидан, билим ва зукколик билан ёндашганидан ҳам билса бўлади.
Таржималар савияси ҳақида фикр юритиш учун муаллиф матни, қаҳрамонлар нутқи, айрим миллий урф-одатлар, тилга оид хусусиятлар туркчада қандай акс этган, деган саволга жавоб бериш керак бўлади. Биз “Адолат манзили” таржимасига оид мисоллар билан чекланмоқчимиз. Романдаги барча ўзига хосликлар таржимада ҳам деярли тўла акс этган дейишимиз мумкин. Таржимон кўп йиллар юртимизда яшагани, турмушимиз билан анчагина таниш бўлгани, ўзбек ва рус тилларини шу ерда ўргангани учун қўпол хатолар кўзга ташланмайди. Маълумки, яқин тиллардан ўгиришнинг ўзига хос нозикликлари бор, бу, айниқса, туркий тилларда қўлланиладиган ўзи бир хил, аммо англами турлича сўзларда кўринади. Масалан, бобо сўзи туркларда биздагидай бува эмас, ота, дада, ада маъносида ишлатилади, бувани улар дада дейишади (аммо баъзи шеваларда, масалан Қибрисда буба шакли ҳам учрайди). Таржимон бундайин инжаликларни билгани унинг ишида кўриниб турибди. Романда Маржоной онасидан “Ассалом, моможон. Эсонмисиз, омонмисиз, ветеран бобомлар…” дея сўрайди. Онаси “Бобонг-да омон…” дейди. Таржимон асар воқеалари Ясси тарафларда бўлаётганини, персонаж нутқида у ернинг шеваси сақланишини, бу ўринда бобо сўзи ота англамида эканлигини яхши илғаган: «Селам, мамаcан! Ийи мисиниз, мамаcан? Гази бабамлар да…» Бироқ шу ўринда она маъносида қўлланилган момо сўзининг таржимада «мама» шаклида берилиши, бизнингча, ўзини оқламайди, чунки мама сўзи «Туркча сўзлик»да таъкидланганидек, фақат чақалоқ овқати англамида ишлатилади. Онажоним маъносидаги аннеcиг`им сўзи қўлланилса, матн янада очиларди.
Ўзбекларда кичикларга сенлаб, катталар ва ҳурматли кишиларга сизлаб мурожаат қилинади. Бу туркларга ҳам хос. Бироқ кундалик турмушда, омма орасидаги муомалада ота-бола ҳам, кўчадаги танишу нотанишлар ҳам, ёшидан, мансабидан қатъи назар, бир-бирига сенлаб гапиради (афсуски, бундан хабарсиз баъзи ҳаваскор таржимонлар айрим турк филмларининг таржималарида бунга терс ўлароқ иш тутишмоқда, филм қаҳрамонлари ўзбеклардай сизсираб сўзлашгани учун туркларнинг ана шу ўзига хос одати йўққа чиқарилмоқда). А. Ботурнинг бу каби нозик фарқларни яхши билиши таржимада кўриниб турибди. Романдаги автор тексти каби персонажлар нутқи ҳам жуда жонли таржима қилинган. “Шарановский ногаҳон миясида ярқ этган бу фикрдан кўнгли сув ичгандай ёришиб, ўрнидан туриб кетди-ю, Галянинг елкасига шалоладай қуйилган сочларини тўзғитиб, эркалади:
— Жа ширин забон бўп кетдинг-да, сен пучуқ! Таслим қилдинг яхши гап билан. Бор, айт қаҳрамонингга! Ҳозир чиқади де мени!” (“Адолат манзили”, 101 б.)
Туркчаси бундай:
“S`aranavski, birden aklina gelen bu du`s`u`nceyle hayli rahatlanmis bir s`ekilde yerinden kalkip, gileryuz bir cegreyle Galya`nin omuzlarina yayilan saclarini so`yle bir oksayip:
Асар қўлёзмадан таржима қилингани (ёки таржимоннинг маълум сабабларга кўра романнинг ўзбекча нашрини кўрмагани) учунми, асл матн ва ўгирма қиёсланганда, ўртадаги бир фарқ яққол кўзга ташланади. Романнинг ўзбекча нашри ўн олти боб, туркчаси эса ўн тўрт боб. Таржимон асарнинг келаси нашрида бу етишмовчиликни тузатади деб умид қиламиз.
Шуни ҳам айтишимиз жоизки, А.Ботур эски усмонличани, арабчани, ўзбекчани яхши билади, рус тилини ҳам ўзлаштирди; кейинги ўн йил ичида русчадан атоқли турколог Лев Гумилёвнинг “Эски турклар”, “Хунлар”, “Этногенез”, “Эски руслар ва Буюк Бўзқир халқлари” каби ўндан ортиқ тарихий китобини таржима қилиб, ўзи бошқараётган “Саланга” нашриётида чоп этди.
Б. Н. Граковнинг “Искитлар”, С.Г. Кляшторний ва Т.И. Султоновнинг “Туркнинг уч минг йили”, М. Закиевнинг “Турклар ва татарларнинг шажараси” тарихий китобларини ҳам русчадан ўгириб, ўқувчиларга туҳфа этди. Бу асарларнинг баъзилари 4-5 мартадан қайта босилди. Унинг ўзбек тилидан ўгирган романлари ўзбеклар ва туркларнинг бир-бирларини танишларига, адабий ва маданий алоқаларимизнинг мустаҳкамланишига қандай хизмат қилса, рус тилидан ўгирган тарихий китоблари ҳам Туркия ва Русия ўртасидаги, бу минтақада яшаётган туркий халқларнинг қардошлик алоқаларида муҳим кўприк бўлиши шубҳасиздир. (Ора-орада у араб тилидан ҳам таржима қилиб туради, А. Сусанинг “Тарихда араблар ва яҳудийлар”, Масъудийнинг “Олтин бўзқирлар” асарларининг таржималари бунинг далилидир).
Шунчалар кенг кўламли таржима иши билан банд бўлган Аҳсан Ботур ўзбекларнинг атоқли ёзувчиси Одил Ёқубов ижодига бир мактаб деб қарагани учун унинг барча асарларини туркчага таржима қилишга ва нашр этишга бел боғлаган. Ҳозирда у адибнинг қатор қиссалари ва ҳикоялари таржимасини ниҳоясига етказди ва “Эр бошига иш тушса” романи устида ишни давом эттирмоқда. Биз бир мухлис сифатида унга муваффақият тилаймиз. Шундайин жаҳоншумул романлар битган, ўзбекларни ва Ўзбекистонни юксак асарлари билан дунёга танитаётган улуғ инсон, устоз ёзувчимиз Одил Ёқубовни саксон ёши билан қутлаймиз.
“Ҳуррият” газетасидан олинди.