Давлатмамед Озодий (1700-1760)

Давлатмамед Озодий (Döwletmämmet Azady) — туркман шоири ва маърифатпарвари. Маҳтумқулининг отаси. Туркман мумтоз адабиётининг йирик вакилларидан бири. Аввал эски мактабда, сўнгра Хива мадрасасида ўқиган, араб, форс тилларини ўрганган, кейинчалик шу мадрасада мударрислик қилган.
У халқ оғзаки ижодини, Шарқ адабиётлари улуғ намояндалари асарларини чуқур ўрганган, улар таъсирида қасида, рубоий, ғазаллар ёзган.
6000 мисрали «Ваъзи Озод» номли йирик илмий рисола-достони (1753—54) Озодий ижодида муҳим ўрин тутади. Асар маснавий усулда ёзилган бўлиб, 4 бобдан иборат. 1-қисмида мамлакатда тартиб ўрнатиш, 2-қисмида қалъа ва саройлар қуриш, 3-қисмида жамиятда фан ва маорифнинг ўрни, 4-қисмида камбағаллар ва дарвешлар тўғрисида фикр юритилган. Асарда туркман кабилаларини бирлаштириш, солиқларни камайтириш, каналлар ўтказиш, йўл ва кўприклар қуриш каби масалалар акс этган.

КОНИ БОР

Ғофил одам, кел, насиҳат хони* бор,
Хон ичинда турли неъмат кони бор.

Хон ичиндан неъмат еган одамнинг,
Ҳеч гумонсиз кўнглида иймони бор.

Мурда улдирким, насиҳат тингламас,
Зоҳиран гарчи ичинда жони бор.

Зикри ҳақдан ғофил бўлган одамнинг,
Ўтса оламдан анинг на сони бор?

Ҳақ азалда кимсани қилса саид,
Бу насиҳат мушкидан дармони бор.

Фоний ичра тутмаган Ҳақ амрини,
Ҳашрда сонсиз ҳазор армони бор.

Тош кўнгилни сол насиҳат обига,
Бўлса тавфиқ юмшаса имкони бор.

Вой агар тавфиқи Ҳақ, ёр бўлмаса,
Найласин ул панд деган ёрони бор.

Ҳеч ўтгайми урмоқ ила тошга ўқ,
Гарчи ким қўлда пўлат пайкони бор.

Золимнинг кўнгли эрур тошдан қаттиқ,
Носиҳнинг гар илкида суҳони* бор.

Ҳақ ишин осон этар ул банданинг,
Дунё-охир ҳар киминг эҳсони бор.

Тирлик этган зикри Ҳақ бирла (дуоим) давом,
Рўзи маҳшар хуш кечар даврони бор.

Сўз била танбеҳ қилур бу мискин Озод,
Ғофир отлиғ ҳар кимнинг субҳони бор.
_____________
* Хон – дастурхон.
* Суҳон – эгов, арра.

ФАРЁДИМ

Ҳамду сано собит сенга,
Ё раб, эшит фарёдими;
Раҳм айлабон бу осийга,
Ё раб, эшит фарёдими.

Бўлсин дуруди бешумор,
Ҳақ дўстига сад*-минг ҳазор,
Ҳам оли асҳоб чаҳор ёр,
Ё раб, эшит фарёдими.

Ҳарчанди бадкор ўлмишам,
Ошуфта афкор ўлмишам,
Афвидан уммид қилмишам,
Ё раб, эшит фарёдими.

Лутф айлабон тутгил қўлим,
Хато сўйлар ҳар он тилим,
Ўзинг сари бошла йўлим,
Ё раб, эшит фарёдими.

Баҳри карамингни бахш қил,
Кўнглимга имонни нақш қил,
Ҳам бу ёмонни яхши қил,
Ё раб, эшит фарёдими.

Кечди абас вақти фато*,
Вой ҳасрат-о, вой ҳасрат-о,
Мендан хато, сендан ато,
Ё раб, эшит фарёдими.
___________
* Сад – юз.
* Вақти фато – йигит вақти.

Туркман тилидан Баҳодир Карим таржимаси