Миршакар (1912-1993)

Миршакар (тахаллуси; асл исм-шарифи Миршакаров Мирсаид) (1912.23.4, Тожикистон, Шуғнон тумани — 1993.31.8, Душанба) — тожик шоири, драматург. Тожикистон халқ шоири (1962).
Тожик адабиётида шеъриятнинг эпик жанрларини ривожлантирган. «Зафар байроғи» (1934) достонида Вахшдаги қурилишлар акс этган. Халқ афсонаси асосида яратилган «Олтин қишлоқ» (1942) достони тожик шеъриятининг энг яхши намунасидан бири ҳисобланади.
«Нотинч Панж» (1949), «Муҳаббат ва бурч» (1962) ва бошқа достонларида тожик халқи ҳаётидаги тарихий воқеалар ифодаланган. М. «Олтин қишлоқ» (1949), «Усмонов фожиаси» (1957) ва бошқа драмалар, «Илҳом» шеърий тўплами (1967), «Ёшлик айёми» (1972) китоби ва бошқа асарлар муаллифи.
Миршакар тожик болалар адабиётининг асосчиларидан. «Ишқ устози» (1945), «Менинг шаҳрим» (1963) пьесалари кенг оммалашган. «Биз Помирданмиз», «Қобил киму, ноқобил ким?», «Ҳаммавақт аъло ўқингиз», «Ўрмонда», «Кучукча», «Кулгили маймун» ва бошқа китобларига кирган турли жанрдаги шеър, достон ва қиссаларида болалар психологияси усталик билан очилган.
«Олтин қишлоқ» (1948), «Биз Помирданмиз» (1952), «Тоғ қизининг ишқи» (1968) китоблари ўзбек тилида нашр қилинган.

ИЗЛАНИШДА КЕЧИРДИМ ҲАЁТ

«Йўқотмаган нарсани излама ҳаргиз» —
Бу сўз бегонадир, билсанг мен учун.
Менга одат бўлган туғилганимдан
Излаб, йўқотмасдан топаман ҳар кун.

Бу кўҳна дунёнинг меъморидирман,
Тоғларни қазидим, айладим ижод.
Бошимга кўтариб табиатни ман
Сайёралар аро гоҳо сурдим от.

Кўзимга тўтиё бўлар жаҳонда
Дашту саҳроларнинг тоза тупроғи.
Ҳеч нарса йўқотдим демасман, бироқ
Туну кун изламоқ фикрим чироғи!

Йўқотмаган нарсани топмоқ
Бу гарчи оғирдир шарафли йўлда,
Ҳаёт денгизига шўнғимоқ даркор
То мақсад гавҳари тушгунча қўлга!

Йўлимни ёритар шам каби ақлим,
Орзую изланиш бағишлар қанот!
Елкамга юкланган ҳаёт ташвиши,
Кўнглим – тўқ, умидвор, қонимда сабот.

Ҳеч кимса ўтмаган нотекис йўллар,
Юксак чўққилардан кечмоғим даркор.
Дарёлар, ғазабга минган булутлар —
Мени кутмоқдадир, улар интизор.

Лек ёлғиз эмасман,
Менинг йўлдошим
Орзую изланиш бормоқда бирга,
Иккиланмай шундоқ парчалагайман,
Қатағонлар солиб тоғу адирга.

Мен ҳеч нарса йўқотмадим, лек
«Билсанг — умр отилган ўқдир.»
Изланмасдан ҳамда бемақсад
Яшамоқдан ёмони йўқдир.

* * *

Мен инсонман,
Менинг фахрим,
Инсонлигим,
Жаҳонга ақлу идрокман,
Кўзин нуриман, чароқман.
Жаҳонни мен жаҳон этдим,
Йўқса, менинг вужудимсиз
Бўлмас эди на бир рақсу на бир қўшиқ.
Ҳувиллаган, бўм-бўш дала эди замин,
На унинг кўксида бор эди олов,
На эртаги куннинг қуёши…
Жаҳон нотинч,
Чалинади ҳар дам хатар бурғуси,
Ёрдамга муҳтождир.
Мен дунёга қўриқчиман,
Уни қўлдан бермагайман.
Тинчлик учун курашаман
Ва ғалаба қилажакман жанг-жадалда,
Янги дунё яратарман, фазоларни титратарман,
Тўп ўқи биланмас, ТИНЧЛИК ва БАХТ қўшиғи билан.

Олимжон Бўриев таржимаси

УМР

Бу дунёда умрдан азиз дам йўқдир,
Умр гашти, шавқи-ла асти ғам йўқдир.

Умринг адо бўлса ҳам муҳаббат билан,
Қайғурма ҳеч, севгидек бир ҳамдам йўқдир.

Эй, яшашга шошилган инсон, билгилки,
Шошилганга ортиқ ҳеч бир малҳам йўқдир.

Умрингни азиз билгин, ғаниматдир ул,
Аввал-азал умрга ортиқ дам йўқдир.

Хаёл сурма беҳуда, хом сут эмган зот,
Билмаганга, билгилким, ҳеч карам йўқдир.

Юрак, осойишта яшашни ўрган,
Билганга ундан ҳеч хотири жам йўқдир.

ИШҚ

Ишқингдан ўзга ҳунар на ҳожат,
Васлингдан ўзга назар ва ҳожат.

Яшаш на даркордир, ишқинг бўлмаса,
Сендан ўзга бахту самар, на ҳожат.

Ўртанайин ишқинг шарорасида,
Бу ўтдан ўзга шарар на ҳожат.

Доимо яшайман хаёлинг билан,
Ўзга хаёлу кадар на ҳожат.

Мен, аслида, дилафгори ишқман,
Доғи дилимга дафтар на ҳожат.

Сийнамда ёнур висол шавқи,
Юз очма, у ҳам ёнар, на ҳожат.

Хилватда хаёли суҳбатинг, бас,
Мулоқотга яна қамар на ҳожат.

ЛАФЗ

Маъни-ла фузун дунёда бу лафз,
Ширин-шакару бир бода бу лафз.

Фаҳму сухану рамзда, бешак,
Тунни ёритур зиёда бу лафз.

Дил сўзларини элу юрт ичра
Изҳор этадир закода бу лафз.

Сўз санъатидан кўнгул кўнгулни
Равшан этадир ибода бу лафз.

Истар бу кўнгул чарақласа то
Тонг юлдузидек самода бу лафз.

Лафз мактабида ҳамиша толиб,
Боқий экан у, вафода бу лафз.

БИР НИГОҲ

Саҳар мардон шошаман, йўл бошида ишим бор,
Қуёшдан пеш, ойдан пеш, дил овлар бир қушим бор,
Ўрилган қора сочи, бошларида гулчамбар,
Маҳфиёна нигоҳи ҳуш ўғриси мушк-анбар,
Эй кўнгул, гувоҳимсан,
Эй дийдам, паноҳимсан.

Қоматига, наздимда, сарв, санобар ҳайрон,
Ўлтирса хиёбонда, очилади гул-райҳон.
Хандони лабин кўриб рашкда лаъли Бадахшон,
Гул чеҳраси олдида бамисоли бир хазон.
Эй, кўнгул, гувоҳимсан,
Эй, дийдам, паноҳимсан.

Мен учун бу тонготар азизу муҳаррамдир,
Мен учун бу хиёбон қимматли, мукаррамдир,
Мен учун бу қадамгоҳ муқаддас, қибла ҳамдир,
Оҳунинг бир нигоҳи, оҳ, дилимга маҳрамдир.
Эй, кўнгул, гувоҳимсан,
Эй, дийдам, паноҳимсан.

Тилак Жўра таржимаси