Раънои Зоирдухт (1961)

Раънои Зоирдухт 1961 йили Истаравшан шаҳрида туғилган. «Гули толе», «Духтари субҳ», «Валодати эҳсос» номли шеърий китоблари чоп этилган.

НЕ УЧУН РАНЖИБ КЕТУРСАН…

Не учун ранжиб кетурсан,
айт, мани бедилдан?
Бир сўник шамдек айирдинг
борлигим маҳфилдан.
Мисли маст каклик эдим,
домингга тушдим, нетайин,
Зор ўлиб бир дон учун
манам илиндим тилдан.
Сен нечукдир васли ҳусним
шукрин этмай ҳар нафас,
Юз бурарсан, дил узолмам
ёри ноқобилдан.
Ўй-хаёлим, жоним ила
боғланиб қолдим сенга,
Қўл чўзиб, қутқазгил энди
ташвишу мушкилдан.
Дилгинам дарёга монанд
жўш урар, исён қилар,
Бехабар, урдимми туғён,
ман сани ғофилдан?
Гавҳари якто ўзимман,
боқмиш эл ҳайрат ила,
Эътибор дунёмга йўқдир,
ваҳ, сани хушдилдан.

Жамшид таржимаси