Аминжон Шукуҳий (1933-1979)

Аминжон Шукуҳий 1933 йил 10 июнда Хўжанд ноҳиясининг Рўмон қишлоғида туғилган. Муаллимлар тайёрлаш курсини тамомлагач бир муддат ўқитувчилик қилган. 1947-1952 йилларда «Ҳақиқати Ленинобод» газетасида бўлим бошлиғи, масъул котиб, муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган. 1955 йилда Олий партия Мактабининг журналистика мактабини тамомлагач, «Совет Тожикистони» газетасининг муҳаррири этиб тайинланган. 1961-1967 йилларда Тожикистон ёзувчилар Иттифоқида котиб, раис ўринбосари вазифаларида, сўнгра умрининг охиригача телевизион ва радио Қўмитасининг раиси вазифасида меҳнат қилган.
Аминжон Шукуҳий аввал болалар шоири сифатида танилган. Кейинчалик ҳикоя, қисса, драмалар ёзган. «Ватани сулҳ», «Рўзҳои мо», «Садои дил» шеърий тўпламлари, «Кўчабоғи ишқ» достони, «Чормағз» тўртликлар ва рубоийлари унга шуҳрат олиб келган. «Шаҳло ва Шифо», «Имзои шахсий» қиссалари, «Печутоби роҳҳо», «Садафи сиёҳ» романларини ёзган. Унинг асарлари Душанбе ва Хўжанд театрларида саҳналаштирилган.
Абу Абдуллоҳ Рўдакий номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. 1947 йилда Тожикистон ёзувчилар Иттифоқига қабул қилинган. 1979 йилда оламдан ўтган. 1994 йилда (ўлимидан сўнг) Тожикистон халқ Шоири фахрий унвони билан тақдирланган.

ВАТАН МЕҲРИ

Ватаним меҳрини ўйласам мудом,
Янги жило бирла сўз олар илҳом.
Агар фидо этгин, деса, умрингни сен ҳам,
Бағишлардим унга жонимни тамом.

Агар келса ярқираб ой бошимга
Ҳам айланса Зуҳро суҳбатдошимга,
Ватанимга келтирмасам агар бахт,
Чақирмайман мен уларни қошимга.

Ватан мен-чун на бир қишлоқ, на хонам,
Сўзим на бир шеъру на бир фасонам.
Ватан эрур азиз халқим юраги,
Сўзим эрур лафзи оташ жононам.

Ватанни мен жондан ортиқ жон дедим,
Жону жононадек жонажон дедим.
Агар ёмғир ёғса, билгилки, мен ҳам
Унинг каби кўзлари гирён дедим.

Вақту бевақт йўлга чиқсам мен агар,
Яхши-ёмон дуч келади муқаррар.
Қўрқмадим ҳеч, чўчимади дилим ҳам,
Чунки Ватан меҳри эди ҳамсафар.

Ватан меҳри эрур қалбим-хаёлим,
Саодати эрур бахту иқболим,
Гар шоирим айтгин деса дил сўзинг,
Ватан дейман, дил сўзиму камолим.

РУБОИЙЛАР

Суҳбат соҳибидан май ичмоқ кутсанг,
Арзир ой юзлининг соғарин тутсанг.
Жаҳонда не бор яна лаззатлироқ,
Ўзинг қазган ариқчадан сув ютсанг.

* * *

Тунда келиб, ўлтириб, тунда жилсанг,
Борди-келди эрур тириклик, билсанг.
Гар бир куни биров беркитса эшик,
Бошқалари очар эшикни, келсанг.

* * *

Вайсақидан ҳар бир киши қилар ор,
Боши эгик шохга қара, ҳосилдор.
Хиёнаткор садоқатнинг хислатин
Тилдан қўймас, мақтайди бисёр.

* * *

Гарчи сен юлдуздай мендан йироқсан,
Тунлари тикилсам олис чироқсан.
Жигарим ишқингда лахта-лахта қон,
Дилим пора, алқисса, сен фироқсан.

* * *

Нигоҳингга қараб қоламан такрор,
Сени кўрган чоқда ёнаман такрор.
Севги китобини қайта очибмен,
Ундан ишқ сабоғин оламан такрор.

* * *

Баҳор булутидан томчилар дона,
Майин сабзаларга инар дурдона,
Сен келсанг, лутфу малоҳат гавҳарин
Нақш айлар юзига бу соҳиб хона.

* * *

Эзгу кунларга мен бўлиб умидвор,
Ойдин кечаларни ўтказдим ҳушёр.
Сен уйқуда, мен эса сени ўйлаб,
Уйқусизлик этагин тутдим, бедор.

* * *

Боққанимда қора кўзингга, дилдор,
Меҳринг нигоҳидан топдим эътибор.
Нақш оларди, яшнар эди ғунчадек,
Бўсаталаб, бўсабахш лабларинг, ёр.

* * *

Гулим, сени букун тушимда кўрдим,
Ёшли кўзим олди — қошимда кўрдим.
Кўз очиб кўрдиму ёшли кўзимни,
Ўрнингда-чи, ойни бошимда кўрдим.

* * *

Олимларнинг истак, сўзи ҳикматли,
Ҳикматлари дуру гавҳардек қимматли.
Умри ўтиб, ундан ҳикмат яралмас,
Ҳикматни яратади ким покдил, ким ҳимматли.

* * *

Шер кетиб, қолгандек тулки ўрмонда,
Нола кетиб, оҳ, қолди бу жисму жонда,
Раҳм айлагин, тентирар ишқ карвони
Кимсасиз йўл, ул дашту биёбонда.

Тилак Жўра таржимаси